Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:18

Асакалик тадбиркорнинг милиция бўлимида калтаклангани юзасидан жиноят иши қўзғатилди


Тадбиркорнинг ЙҲХ ходимлари томонидан шикаст етказилган "Малибу" машинаси/
Тадбиркорнинг ЙҲХ ходимлари томонидан шикаст етказилган "Малибу" машинаси/

Андижон вилоят, Асака туман прокуратураси тадбиркор Ойбек Ҳусановнинг Асака шаҳар ички ишлар бўлимида 11 июль куни калтаклангани ва унга бир қанча тан жароҳатлари етказилгани ҳолати юзасидан Ўзбекистон Жиноят кодексининг 105-моддаси (Қасддан баданга оғир шикаст етказиш), биринчи қисми билан жиноят иши қўзғатди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Озодликка билдирди.

Озодлик олган маълумотга кўра, жабрланувчи Ойбек Ҳусанов қайта суд-тиббий экспертизасидан ўтказилган.

Асака шаҳар ички ишлар бўлими ва йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимлари устидан хизмат текшируви бошланган.

Озодлик 31 июль куни асакалик тадбиркор, 39 яшар Ойбек Ҳусанов йўл ҳаракати хавфсизлиги иснпекторлари ва Асака шаҳар ички ишлар бўлими ходимлари томонидан ваҳшийларча калтаклангани ҳақида хабар берган эди.

Милиция томонидан калтакланган ҳайдовчи иши юзасидан прокуратура тергов бошлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:06:54 0:00

Ойбек Ҳусанов бу калтакланиш натижасида унинг тўртта қовурғаси синганлиги, қайноқ асфальтда 350 метр масофага оёқяланг олиб боришгани оқибатида оёғи куйиб, панжаларини шиша кесиб юборганини айтган эди.

Ойбек Ҳусановнинг 2 август куни Озодликка айтишича, мақола нашр қилинган куннинг эртасига Асака шаҳри прокурори ўринбосари ундан бўлган воқеа ҳақида батафсил маълумот ёздириб олган. Бундан ташқари Ойбек қайта тиббий экспертизадан ўтказилган:

- Аввал Шаҳрихондаги "Тонг ташхис" хусусий клиникаси чап томонимдаги 4 та қовурғам сингани ҳақида хулоса берган эди. Бугун яна экспертизага олиб бориб, МРТга солиб қайтадан текшришди. Ўнг томонимда яна 2та қовурғам синганлиги аниқланди, дейди тадбиркор.

Ойбек Ҳусанов бу ишни текшираётган Андижон вилоят ва Асака тумани прокуратураси ходимлари хушмуомала эканлигини қўшимча қилди.

Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 105-моддасининг биринчи қисмига кўра, бу модда билан айбланган шахсларнинг айбдорлиги тасдиқланса, улар уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.

Ойбек Ҳусанов 31 июль куни Озодлик билан суҳбатда унинг Асака шаҳар ички ишлар бўлимида аёвсиз калтаклангани ҳақида, жумладан, шундай деган эди:

- Дежуркадан уч метр ҳам ўтган эдикки, битта мелиса қорнимга солди. Биттаси эса, кўкрак қафасимга қарсилллатиб тепди, биттаси калламга солди. Сал ҳушимни йўқотдим. Кейин судраб тепага иккинчи қаватга чиқаришди-да, залда ўртага олиб уришни бошлашди. ГАИ ва мелиса ходимлари аралаш уриб, тепа бошлади. Энди қўяверасиз, иккитаси елкамдан ушлаб турибди, биттаси тепяпти, униси ушлаб турибди, буниси тепяпти. Қорнимга, кўкрак қафасимга роса тепишди. Кейин ўзимдан кетиб қолибман, бир пайт яна ўзимга келиб, кўзимни очсам, Сардор Топларов деган мелиса гуп-гуп этиб юрагимга муштлаб уряпти экан. Сен ҳозир шу ерда ўласан, деб "наглий" айтяпти. Кейин ўзимдан яна кетиб чўзилиб қолгандим, дубинкалар билан оёғимни тагига уришди. Дод деяпман, кошки булар қулоқ солишса. Ваҳший мелисалар бундан ҳам қониқмади шекилли, тўрттаси оёқ қўлимда кўтариб олиб, плитка полга уч марта ташлади. Қўлим наручникда бўлгани учун, қўлларим кесилиб кетди. Ҳамма жойим қонга беланди, Милисалар уришаётганда ҳаммаҳаллам, терговчилар бошлиғи Шерзод Мамажонов ҳам ўтиб қолди. Ҳой ака, булар мени ўлдириб қўяди, десам, индамай ўтиб кетди, деган эди тадбиркор.

Милиция зўравонлиги

Ўзбекистонда милиция ходимларининг зўравонлиги ҳақида Озодлик илгари ҳам хабар берган.

Жумладан, Озодликнинг 4 июль куни эълон қилган "Каттақўрғон милиция бўлимига олиб келинган аëллар қип-яланғоч қилиб таҳқирланди" мақоласидан сўнг, 5 июль куни Ўзбекистон Бош прокуратураси ўз сайтида Каттақўрғон шаҳар ИИБ тезкор вакили Санъат Умаров ушлангани ва унинг устидан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида расмий баëнот эълон қилган эди.

Самарқанд шаҳар суди 6 июлда Каттақўрғон шаҳар ИИБ жиноят қидирув бўлими тезкор вакили Санъат Умаровга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чорасиқўлланилиши ҳақида ажрим чиқарди.

Ўзбекистон Бош прокуратурасининг 19 июль куни хабар беришича¸ Жиззах вилоят, Янгиобод туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Илҳом Сулаймонов устидан Ўзбекистон ЖКнинг 206-моддаси(Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

7 июль куни ҳокимлик томонидан ғалла ўримидаги комбайнга бириктирилган деҳқон бозори паттачиси Сардор Қурбонбоевнинг бурнини уриб синдиргани ҳақида Озодлик 18 июль куни хабар берган эди.

Қарши туманидаги бир неча фермернинг туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Жаҳонгир Ражабов томонидан мунтазам калтакланиб келгани ҳақида, уларнинг айтганларига таяниб, Озодлик хабар қилганидан сўнг, ИИБ бошлиғи ишдан четлатилган ва вилоят прокуратураси бу ҳолат юзасидан текшириш бошлаган эди.

Ҳуқуқ-тартибот идораларидан бири мулозимининг Озодликка айтишича, Қарши туман Ички ишлар бўлими собиқ бошлиғи Жаҳонгир Ражабов устидан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 206-моддаси(ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) билан жиноят иши қўзғатилган.

XS
SM
MD
LG