Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 14:16

Янгиободлик фермер: ИИБ бошлиғи уриб, бурнимни синдирди


Суратнинг мақоладаги воқеага алоқаси йўқ
Суратнинг мақоладаги воқеага алоқаси йўқ

Жиззах вилоят, Янгиобод туман Ички ишлар бўлими бошлиғи Илҳом Сулаймонов 7 июль куни ҳокимлик томонидан ғалла ўримидаги комбайнга бириктирилган деҳқон бозори паттачиси Сардор Қурбонбоевнинг бурнини уриб синдирганини жабрланувчининг ўзи Озодликка айтди.

Бурнида жарроҳлик амалиёти ўтказилган Сардор Қурбонбоев вилоят прокуратураси ва Давлат хавфсизлик хизматига шикоят қилган ва 17 июль куни вилоят прокуратурасида бу воқеа ҳақида тўлиқ кўрсатма берган.

Деҳқон бозори паттачиси ҳамда айни пайтда "Сардор Амирбек" фермер хўжалиги раҳбари Сардор Қурбонбоевнинг айтишича, ғалла ўраётган комбайн бузилиб, тўхтаб қолган пайтда, туман ҳокими ва прокурори билан бирга маст ҳолда келган милиция бошлиғи комбайн тўхтаб тургани учун фермернинг бурнига зарба берган.

Воқега гувоҳ бўлган шахслар ҳам шундай воқеа бўлганини Озодликка тасдиқлади.

Туман ИИБ бошлиғи Озодлик саволларига жавоб беришдан ўзини олиб қочмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси бу иш назоратга олинганини билдирди.

"Комбайн бузилгани учун калтак едик"

Янгиобод туманидаги "Пасткичақир булоғи" фермер хўжалигидаги ғалла ўримига бириктирилган туман деҳқон бозорининг паттачиси, фермер Сардор Қурбонбоев 7 июль куни туман ички ишлар бошлиғи Илҳом Сулаймонов томонидан калтаклангани ҳақида Озодликка шундай деди:

"7 июль куни мен ҳокимлик томонидан "Пасткичақир булоғи" фермер хўжалигида ғалла ўраётган комбайнга бириктирилдим. Ишхонамиздан навбатма-навбат шундай вакил бўлиб борамиз. Ўша куни менинг навбатим эди, борсам комбайн бузилиб қолган экан. Комбайнчи запчасть олиб келди, у тўғри келмади, яна запчастга кетди. Соат 12ларга яқин милиция бошлиғи билан прокурор келди. Бир соат ичида комбайнни юргизинглар деб пўписа қилиб кетди", дейди фермер.

Сардор Қурбонбоевнинг айтишича, улар кетиб, икки соатдан кейин ҳоким билан бирга келишган:

"Прокурор машинадан тушмади, ҳоким билан милиция бошлиғи келди. Аввал ҳоким савол-жавоб қилиб, ҳақорат қилди. Кейин орқасидан милиция бошлиғи Илҳом Сулаймонов ўша ердаги ўзининг Музаффар деган ходимини бир-икки тепди. Кейин ўша ердаги қишлоқ хўжалиги бўлими ходими Ўткир Омоновни сен ифлос нега қарамаяпсан, деб бир шапалоқ урди-да, ортига бир - икки тепди. Кейин мени олдимга келди-да, мен сени огоҳлантириб кетган эдимку, нега к..т бозоркомингни чақирмадинг, деб қўққисдан бурнимга бир мушт урди. Оғриқнинг зарбидан бурнимни ушлаб ёнбош бўлиб қолгандим, яна ортимга икки марта тепди. Бурнимдан шариллаб қон оқиб кетганини кўрганидан сўнг, тўхтади. Кейин, чақир бозоркомингни, аҳволингни кўриб қўйсин, деди-да, комбайн томонга қараб кетди. Милиция бошлиғи маст эди, оғзидан ароқнинг ҳиди бурқсиб турарди", дейди Сардор Қурбонбоев.

"Милицияда инсонийлик қолмабди"

Исми сир қолишини истаган воқеа гувоҳларидан бирининг айтишича, бу ҳолатни ҳоким ҳам, мошинадаги прокурор ҳам жимгина кузатиб турган:

"Комбайн бузилиб қолган бўлса, бизнинг айбимиз нима? Милиция бошлиғи Илҳом Сулаймонов маст ҳолда ҳаммани ҳақорат қилиб уриб чиқди. Сардорнинг бурнини синдириб юборди. Яна қонига беланиб ётган болани катта далага ташлаб, ҳоким билан машинга ўтириб, кетиб юборди. Кейин Сардорнинг дадасини телефон қилиб чақирдик, у бир соатдан кейин етиб келиб? ўғлини касалхонага олиб кетди. Агар кўп қон кетиб, Сардор ўша ерда ўлиб қолса нима бўларди? Буларда инсонийликдан заррача ҳам қолмабди", дейди воқеага ўзи гувоҳ бўлганлардан бири.

"Экспертиза хулосалари бор"

Сардор Қурбонбоевнинг айтишича, у аввал туман касалхонасига мурожаат қилган:

"У ерда биринчи тиббий ёрдам кўрсатишди, врач милицияга телефон қилиб, хабар берди. Кейинн ЛОР духтури йўқлиги учун, Янгиер шаҳри касалхонасига йўлланма берди. У ерда рентген қилиб, синган деган хулоса берди. Суд-тиббий экспертизаси қилинди. Бурнимни операция қилишди", деди фермер.

Сардор Қурбонбоев милиция бошлиғи томонидан калтаклангани ҳақида вилоят прокуратурасига, Давлат хавфсизлик хизматига, Ички ишлар вазирлигига шикоят қилган.

Сардор Қурбонбоев 17 июль куни Жиззах вилояти прокуратурасига чақиртирилган ва кўрсатма берган.

17 июль куни экспериза хулоасалари ҳам вилоят прокуратурасига тақдим этилган.

"Милиция бошлиғи Озодликдан қочмоқда"

Озодлик 17 июль куни Янгиобод тумани ички ишлар бўлими бошлиғи Илҳом Сулаймонов билан боғланишга ҳаракат қилди. Бўлим навбатчи инспектори телефон орқали маълумот беролмаслигини айтар экан, бошлиғи фермернинг бурнини уриб синдиргани ҳақидаги иддаоларни унга етказишини айтиб, Озодлик телефон рақамларини ёзиб олди.

Бироқ, 17 июлда ҳам, 18 июлда ҳам Янгиобод тумани ички ишлар бўлимидан Озодликка қўнғироқ бўлмади.

Озодлик 18 июль куни Янгиобод тумани ҳокими Икром Матиев билан боғланиб, бўлган воқеага муносабат сўради.

Озодликнинг саволини эшитган ҳоким узоқ ўйланиб турди-да, "бизда Сардор Қурбонбоев деган фермер йўқ, бундай воқеа эса бўлмаган", деган қисқа жавоб берди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси, Озодлик сўровига жавобан, бу иш назоратга олинганини билдирди.

XS
SM
MD
LG