Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:45

"Авакян+4" қўмитаси: Армани фермер Авакян ва адвокат Қобилов ишини қайта кўринг!


ИШИДга алоқадорликда айбланган Арамаис Авакян
ИШИДга алоқадорликда айбланган Арамаис Авакян

Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаоллари ва хориждаги инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ташкилотлари вакилларидан иборат "Авакян+4" қўмитаси Ўзбекистонда ИШИДга алоқадорликда айбланиб, 7 йилга қамалган армани насроний Арамаис Авакян ва унинг адвокати Одил Қобилов устидан чиқарилган ҳукм қайта кўрилишини талаб қилмоқда. 26 май куни ЕХҲТ ҳам айни мазмундаги баёнот билан Ўзбекистон ҳукуматига юзланган эди. Ўзбекистонлик ҳуқуқ фаолларидан олинган маълумотларга кўра, шу кунда маҳкумларнинг ҳолидан хабар олиш имконсиз қолмоқда.

Қўмита 5 июнь куни Ўзбекистондаги ҳуқуқ-тартибот идоралари, президент Ислом Каримов ва халқаро ташкилотларга юзланиб, баёнот эълон қилди.

Унда жиззахлик фермер, армани насроний Арамаис Авакян ва у билан бирга озодликдан маҳрум қилинган 4 фуқаро, шунингдек, Авакян ҳуқуқларини ҳимоя қилган адвокат Одил Қобиловга нисбатан чиқарилган суд ҳукмини қайта кўриш талаб қилинган.

Шу йилнинг 19 мартида Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича суди Ўзбекистон Жиноят кодексининг қўпорувчилик, ўғрилик, диний экстремистик ташкилотлар тузиш каби моддалари билан айбланган армани насронийга 7 йил, қолган тўрт кишига 5 йилдан 12 йилгача қамоқ жазосини берган.

4 майда эса Авакяннинг адвокати, 33 ёшли Одил Қобилов порахўрлик ва товламачилик айби билан 7 йилга озодликдан маҳрум этилгани маълум бўлди. Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ва халқаро ташкилотлар адвокатнинг қамоққа ташланишини унинг касбий фаолияти билан боғламоқда.

"Авакаян+4" қўмитаси баёнотида, шунингдек, жорий йилнинг 26 май куни Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти доимий кенгаши томонидан қабул қилинган 1101-сонли баёнот тилга олинган.

Ушбу баёнотда Европа Иттифоқи Авакян ва у билан бирга озодликдан маҳрум қилинган 4 фуқаро, шунингдек, Авакян ҳуқуқларини ҳимоя қилган Одил Қобилов тақдиридан хавотир билдирган.

"ЕИ Ўзбекистонда май ойи бошида адвокат Одил Қобиловнинг қамоққа маҳкум қилинишидан хавотир билдиради. 7 йилга озодликдан маҳрум қилинган жаноб Қобилов мижози Арамаис Авакянни ҳимоя қилгани боис, таъқиб нишонига айланган кўринади. Ўз мижозларини ҳимоя қилаётган адвокатларнинг қонуний фаолияти учун таъқиб қилиш қонун устиворлиги ва адолатга бўлган ишончга путур етказади... ЕИ Ўзбекистонни ҳар икки ишни қайта кўриш ҳамда ЕХҲТ ва халқаро стандартлар доирасида қонуний ҳаракат қилишга чақиради", дейилади баёнотда.

"Авакян+4" қўмитаси шу йилнинг февраль ойида тузилган. Унинг таркибида Ўзбекистон мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов, Ўзбекистон Инсон ҳуқуқлари альянси раҳбари Елена Урлаева, Арманистондаги Ҳуқуқ ва эркинликлар маркази раиси Вардан Арутюнян, Арманистондаги Журналистлар ва инсон ҳуқуқлари ташкилоти етакчиси Жанна Алексанян, Германиядаги Инсон ҳуқуқлари форуми етакчиси Умида Ниёзова, Россиядаги "Мемориал" инсон ҳуқуқлари маркази раҳбари Виталий Понамарев, Қозоғистондаги Инсон ҳуқуқлари ва қонун устиворлиги бўйича халқаро бюро етакчиси Роза Ақилбековалар бор.

Миллати арман бўлган Авакян насроний бўлишига қарамасдан ИШИДга алоқадорликда айблангани Арманистон ҳукуматини эътиборсиз қолдирмаган. Арманистон Омбудсмани ўзбекистонлик ҳамкасбига Авакяннинг тақдири борасида ташвиш билдириб, хат йўллаган.

2015 йилнинг сентябрида Жиззахда ҳибсга олинган балиқчи фермер Авакянни озод қилиш чақириғи билан онлайн-петиция ҳам ташкил этилган.

Хотини ва онаси ҳамда Авакян билан судланган яна бир фуқаро - Фурқат Жўраевнинг яқинлари апрель ойи охирида АҚШнинг Тошкентдаги элчихонасида қабул қилинган.

Арамаиснинг онаси Флора Авакян элчихонада бўлиб ўтган учрашув чоғида уни, келини Ширин ҳамда Фурқат Жўраевнинг онасини АҚШ элчиси Памела Спратлен ҳамда Ўзбекистонга сафар қилган АҚШ Давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ёрдамчиси ўринбосари Даниел Розенблюмлар қабул қилганини Озодликка айтган эди.

Фермернинг яқинлари ва у билан бирга айбланиб, 12 йилга қамалган Фурқат Жўраевнинг онаси Маҳтума Жўраева судланганларни ҳибсга олиш ва айбловни бўйнига қўйиш учун тергов изоляторида қийноқлар қўлланганини иддао қиладилар.

XS
SM
MD
LG