Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:12

Ўзбек фаоллари Георгий лентасини тарғиб қилган "вазир" истеъфосини талаб қилмоқда


Украинада Георгий лентаси Россия агрессияси рамзи саналади.
Украинада Георгий лентаси Россия агрессияси рамзи саналади.

Facebookда Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаевники эканига ишонилаëтган аккаунтда эълон қилинган шарҳ муаллифи бир гуруҳ зиëлиларнинг Георгий лентасининг Ўзбекистонда кенг урфга айланаëтганига қарши билдирган фикрларини “аҳмоқона” деб атади.

Ўз шарҳида зиëлиларни “миллий низо қўзғаш”да айблаб¸ уларни жавобгарликка тортиш билан пўписа қилган “давлат хизматчиси”¸ Георгий лентасини "Иккинчи жаҳон урушидаги ғалаба рамзи", дея тақдим этди.

Бу шарҳ ва пўписаларга жавоб қайтараëтган ўзбекистонлик фаоллар эса¸ Азим Ахмедхаджаев деган юзерни чиндан ҳам вазир эканини айтиб¸ унинг ўзини Ўзбекистон қонунчилигини бузганликда айбламоқда ва истеъфосини талаб қилмоқда.

***

Азим Ахмедхаджаев: Боболаримиз жасорати учун олган медаллар Георгий лентаси билан қопланган!

Ўзбекистон Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Азим Ахмедхаджаев Исраиловичники (расмий ëзилиши олинди – таҳр.) экани ишонилаëтган Facebook аккаунтидан 10 май куни Тошкент вақти билан 9:40 да чоп этилган шарҳ тарихчи ва блоггерларнинг кескин эътирозига сабаб бўлди.

Вазирники экани айтилаëтган рус тилида ëзилган бу фикрлар¸ тарихчи олим Анвар Назирнинг Кун.уз нашрида чоп этилган “9 май. Ҳақиқат ва уйдирмалар” деб номланган мақоласи атрофида бошланган дискуссияга ëзилган муносабатдир.

Вазирники экани айтилаëтган шарҳ.
Вазирники экани айтилаëтган шарҳ.

“Тушунмовчилик ва жанжал туғдириши мумкин бу ахмоқона мавзуни муҳокама қилишда маъни кўрмаяпман. Республикамизнинг исталган минтақасидаги исталган уруш ветеранидан сўранг¸ у сизга бу лентанинг (Георгий лентаси ҳақида гап кетаяпти – таҳр.) Иккинчи жаҳон уруши ва ғалаба билан боғлиқ эканини айтади. Боболаримиз¸ жасорати ва бугун ҳаммангиз тинч яшашингиз учун қозонган медаллар ҳам Георгий лентаси билан қопланган! Хўш¸ бугун сиз уларга қон эвазига қозонилган бу медалларни қайта қоплаш ë улардан бутунлай воз кечишни таклиф қиласизми? Ўзингизни шарманда қилманг ва фойдалироқ ишлар билан шуғулланинг¸ ўз тарихи¸ анъаналари ва бизга бу ҳаëт ва эркинликни берган кексаларни ҳурмат қиладиган республика имижини яратиш устида ишланг. Ҳеч кимга керак бўлмаган¸ аниқ ҳақиқати йўқ¸ нима бўлишидан қатъий назар¸ Ғалаба билан боғланган лента тарихини муҳокама қилмасдан.” (Матн русчадан таржима қилинди)

Бу ëзувлар вазир Ахмеджановга оидми?

Озодлик бу саволга аниқ жавоб олиш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ва вазир қабулхонаси билан 11 май куни бир неча бор боғланди.

Вазирлик расмийси бу акаунтнинг Азим Ахмедхаджаевнинг шахсий саҳифаси эканини билвосита тасдиқлади.
Вазирлик расмийси бу акаунтнинг Азим Ахмедхаджаевнинг шахсий саҳифаси эканини билвосита тасдиқлади.

Айни пайтда¸ вазирликнинг ўзини таништирмаган расмийси¸ Facebookда 4000 га яқин фойдаланувчиси бор “Ўзбекистон. Дунë сиëсати. Антипропаганда” деб номланган жамоатчилик гуруҳи маъмури Nailya Rahman шарҳига жавоб ëзилган Azim Akhmedkhadjaev аккаунти вазирнинг шахсий сайти эканини тасдиқлади. Аккаунтга сурати қўйилган шахс¸ бу мулозимга кўра¸ вазирнинг ота томонидан бобосидир.

Озодлик бу мавзуда суҳбатлашган ўзбекистонлик фаоллар таъкидича¸ изоҳлар шахсан вазирнинг ўзи томонидан ëзилганини уларнинг давоми ҳам билвосита тасдиқланган.

11 майга келиб Azim Akhmedkhadjaev саҳифасидан​ ўчирилган бу шарҳларда:

Facebookдаги бу таҳдид муаллифи ўзининг давлат хизматчиси эканини алоҳида таъкидлайди.
Facebookдаги бу таҳдид муаллифи ўзининг давлат хизматчиси эканини алоҳида таъкидлайди.

“Мен давлат хизматчиси сифатида расман айтаман¸ сиз низо тарқатиш¸ хусусан¸ миллий низо тарқатиш билан шуғулланаяпсиз. Бу қонунчиликнинг бузилиши ва жиноий жавобгарлик билан жазоланади. Айниқса¸ сизнинг Собир Раҳимов ҳақидаги постингиз. Мен сизни бунинг учун жавоб беришга чақираман¸ бу тортишувни бас қилинг!” дейилади.

Ахборот технологиялари вазирлиги расмийлари, агар эътироз билдирилаётган шарҳлар муаллифи вазир Азим Аҳмедхаджаев бўлмаса, бу ҳақда Озодликка билдиришларини ваъда қилди. Бироқ кун давомида Озодликка ҳеч қандай раддия келмади.

Вазирники деб тушунилаётган шарҳ нега тарихчи ва блоггерларни жунбушга солди?

Тарихчи олим Анвар Назир¸ ўз шарҳи билан Ўзбекистон давлати ва ҳукуматини тамсил қилаëтган вазир нафақат тарихни билмаслигини¸ балки Ўзбекистон қонунчилигини ҳам бузганлигини айтади.

- Биринчидан¸ Георгий лентаси ҳақида юзлаб марта айтилди. Мавзу – Иккинчи жаҳон уруши эмас. Иккинчи жаҳон урушига империалистик¸ шовинистик ва урушга умуман алоқаси бўлмаган мавзуларни ëпиштириб¸ тарихий мавзуга сиëсий¸ геополитик тус бериб¸низо келтириб чиқарадиган¸ жамиятни парчалайдиган мавзуга олиб келаяпти бу каби чиқишлар. Бу лента Иккинчи жаҳон урушидаги жасорати учун тақдирланган ота-боболаримизга эмас¸ чор Россияси пайтида ота-боболаримизни қиличдан ўтказган рус аскарларига берилган. Георгий лентаси СССР пайтида тақиқланган ва у Иккинчи жаҳон уруши даврида мутлақ ишлатилмаган.

Иккинчидан¸ нега байрамларда Ўзбекистон байроғи камситилади? Биз шуни кўраяпмиз. Қонун бўйича¸ Маъмурий кодекс бўйича, миллий байрамларда фақат Ўзбекистон миллий байроғи ишлатилиши керак (Бу йилги 9 май тадбирларида Ўзбекистон байроғи қатори СССР байроқлари ҳам кўтарилди – таҳр.). Георгий лентасини 2005 йили чет эл президенти – Владимир Путин қабул қилган. Нимага мустақил Ўзбекистон унга бўйсуниши керак – бунга қонуний асос борми? -деди тарихчи 11 май куни Озодлик билан суҳбатда.

Ўзбекистонда Путиннинг пропагандасини ёйса бўлаверадими?

Ўзбекистонлик вазирники деб тушунилаëтган юқорида иқтибос келтирилган шарҳи¸ унга эътироз билдираëтган зиëлилар фикрича¸ Путиннинг постсовет ҳудудида кучайиб бораëтган империячилик пропагандасига хизмат қилишдир.

Ўзбекистонлик блоггер Жонузоқ Халил Георгий лентасини эски ва янгиимпериячилик рамзи эканини яна бир бор эслатади.

- Георгий лентаси сиëсат билан қоришиб¸ империянинг бир детали бўлиб қолди. Афсуски¸ биз 26 йил давомида миллий мафкура ярата олмадик. Ана шу бўшлиққа бугун Георгий лентаси каби рамзлар кириб келмоқда. Вазир бу гапларни тарихни билмагани учун ëзган деб ўйлайман. Билса¸ буни ëзмасди¸ деди тошкентлик бу блоггер.

Азим Ахмедхаджаевга оид эканига ишонилаëтган низоли шарҳ ижтимоий тармоқларда тарқаши ортидан¸ "Ўзбекистон давлатини тамсил қилувчи вазирни Россия пропагандасини тарғиб қилиш ва Ўзбекистон қонунчилигига зид ҳаракат қилганликда" айблаëтган бир гуруҳ фаоллар унинг истеъфосини талаб қилишга киришди.

Вазир истеъфосини талаб қилаëтганлар ташаббуси.
Вазир истеъфосини талаб қилаëтганлар ташаббуси.

Хусусан¸ Facebookда “Поклонника Георгиевской ленты министра - в отставку! Жўржий лента мухлиси ҳукумат вазири - истеъфога!” деган ташаббуслар бошланганини кўриш мумкин.

Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси расмий тадбирда Георгий лентаси тақди

Ижтимоий тармоқда тарқалиб¸ эътирозларга сабаб бўлаëтган айни мазмундаги яна бир воқеа Анқарада қайд этилди.

Facebookда ëйинланган сурат ва шарҳда айтилишча¸ Ўзбекистон Республикасининг Туркиядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Алишер Аъзамхўжаев¸ 9 май куни ўтказилган расмий тадбирда кўксига Георгий лентаси таққан ҳолда иштирок этган.

"9 May kuni Ankarada MDH davlatlari elchilari ishtirokida bo'lib o'tgan "G'alaba kuni" tadbirida har bir mehmonga eshikdan kirishda Georgiy lentasi tarqatildi, elchilarga ham. Qozog'iston va Turkmaniston elchilari Georgiy lentasini taqishmadi, qolganlar esa ko'kragiga taqib olishdi"¸ деб ëзди Facebook фойдаланувчиларидан бири.

Facebookда тарқаган бу суратда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев(ўнгдан учинчи)нинг Георгий лентаси тақиб¸ суратга тушгани кўрилади.
Facebookда тарқаган бу суратда Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчиси Алишер Аъзамхўжаев(ўнгдан учинчи)нинг Георгий лентаси тақиб¸ суратга тушгани кўрилади.

Россия зиëлилари Георгий лентасини "путинизм свастикаси", деб атамоқда

Россия империясининг энг ëрқин рамзи - Георгий лентасининг постсовет ҳудудларига ғалаба рамзи деган янги ниқоб билан кириб бораëтгани россиялик мустақил тарихчи ва жамиятшунослар томонидан “неоимпериализм” уриниши дея баҳоланмоқда.

Хусусан¸ таниқли журналист Александр Невзоров ва жамиятшунос Игорь Эйдман каби таҳлилчилар¸ Георгий лентасининг 1945 йилги ғалабага мутлақ алоқаси йўқлигини таъкидлаб келмоқда.

"Георгий лентаси деб аталаëтган нарса – путинизм свастикасидир. Улуғ ватан урушига унинг ҳеч қандай алоқаси йўқ.Бу лента давлат бюджетини ўмараëтган Путин пиарчиларининг навбатдаги ихтиросидир.Бугунга келиб эса¸ бу лента Россиянинг Украинага қарши агрессияси¸ Қрим аннексияси ¸ Суриядаги интервенция ва агрессив нафрат¸ худбинларча ман-манлик ва очиқча сурбетликни тарғиб этаëтган милитаристик пропаганда символига айланди¸ деб ëзди таниқли сиëсатшунос ва жамиятшунос Игорь Эйдман.

Георгий лентаси тарихи (яна бир бор)

Георгий лентаси тарихи аввалига насронийларнинг Салиб юриши¸ 1769 йилдан бошлаб эса¸ Россия империясининг ўзга юртларда қилган босқинчилик урушларида катта хизмат кўрсатган рус аскарларига бериб келинган энг олий ҳарбий орденлар тўғноғичига ўралган лентадир.

Ўзбек тарихчилари¸ бугунги Ўзбекистон ҳудудининг чор Россияси томонидан истило қилинишида маҳаллий халқ ва унинг ўз ватани учун курашган аскарларини қирғин қилганларнинг император томонидан айнан Георгий лентаси билан тақдирланганини айтадилар.

Бу лента 1917 йилдан то СССР қулаганига қадар большевик ва коммунистлар томонидан тақиқланган ва Иккинчи жаҳон уруши даврида ҳеч кимга Георгий лентаси берилмаган.

2005 йилга келиб¸ РИА Новости агентлиги ташаббуси билан бошланган акциялардан сўнг¸ 2008 йили Россия ҳукумати унга “Улуғ ватан урушида қозонилган ғалаба” рамзи деган янги маъно юклаб¸ постсовет ҳудудида уни кенг тарғиб қилишга киришди.

Шундан бери Собиқ СССР¸ хусусан¸ Ўзбекистон ҳудудида жамоатчиликка Георгий лентаси тарқатиш билан Россиянинг Ўзбекистондаги элчихонасининг таркибий қисми бўлган Россотрудничество маркази шуғулланади¸ бу акциялар учун Россия бюджетидан маблағ ажратилади.

XS
SM
MD
LG