Ўзбекистон хабарлари
БМТ Бош Ассамблеяси Оролбўйи минтақаси бўйича махсус резолюция қабул қилди
БМТ Бош Ассамблеясининг 2021 йилнинг 18 май куни бўлиб ўтган ялпи мажлисида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев таклифига биноан Оролбўйи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар ҳудуди деб эълон қилиш тўғрисидаги махсус резолюция бир овоздан қабул қилинган.
ТИВ ахборот хизмати маълумотига кўра, мазкур резолюцияга дунёнинг турли минтақаларидаги 60 га яқин давлат ҳаммуаллиф сифатида иштирок этган.
БМТ Бош Ассамблеяси қабул қилган резолюция Оролбўйи минтақасидаги экологик, ижтимоий, иқтисодий ва демографик вазиятни яхшилашга қаратилган минтақавий тадбирлар ва ташаббусларни қўллаб-қувватлашини эълон қилади, минтақа табиатини тиклаш ва яхшилаш, табиий ресурсларни сақлаш ва аҳоли ҳаёт сифатини ошириш манфаатлари йўлидаги илмий-тадқиқот маслаҳатлашув фаолиятини бундан буён ҳам рағбатлантиради, Орол денгизи инқирози оқибатларини бартараф этиш ва Оролбўйи минтақасидаги экологик вазиятни барқарорлаштириш бўйича қўшма чора-тадбирларни амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни фаоллаштириш муҳимлигини таъкидлайди ҳамда барча манфаатдор томонларни қўшма фанлараро тадқиқотлар ўтказишга, экологик тоза технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий этишга, инклюзив ва экологик барқарор иқтисодий ўсишга ҳамда энергия ва сувни тежовчи технологияларни қўллашга туртки беришга чақиради.
БМТ Бош Ассамблеяси махсус резолюциясининг қабул қилиниши юқори технологик инновациялар, экологик тоза, энергия ва сувни тежовчи технологияларни ишлаб чиқиш ва жорий қилишга инвестицияларни жалб қилиш, “яшил иқтисодиёт” тамойилларини мажмуавий қўллаш, чўллашув ва экологик миграция жараёнларининг олдини олиш, экотуризмни ривожлантириш ва бошқа чора-тадбирларни амалга ошириш учун зарур шарт-шароитларни ва рағбатлантирувчи омилларни шакллантириш йўлидаги саъй-ҳаракатларни бирлаштиришга қаратилгани айтилмоқда.
Ҳужжат минтақавий устуворлик, интеграция ва барқарор ривожланишни қўллаб-қувватлаш бўйича БМТ тизимидаги ихтисослашган агентликлар, жамғармалар ва дастурларнинг амалий ҳаракатларини ҳамда лойиҳаларини умумлаштириш ва улар ўртасидаги мувофиқлашувни таъминлашга ҳам хизмат қилади.
Кун янгиликлари
Тошкентликларга ҳаво ифлослиги сабаб ниқоб тақиш тавсия этилди
Учинчи ноябрга ўтар кечаси Тошкент шаҳри ҳавосида заҳарли заррачалар миқдори 780 мкг/м3 даражагача ошган.
QAir платформаси хавфли даражада юқори ифлосланиш cабаб аҳолига кўчага ниқобсиз чиқмасликни тавсия қилган.
Kun.uz нашрининг ёзишича, ифлосланишнинг асосий сабаби бўлмиш PM2,5 заррачаси ЖССТ тасдиқлаган меъёрдан 93,2 баробардан ортиб кетган.
Халқаро IQAir кўрсаткичлари Ўзбекистон пойтахтида ҳаво сифати “ўта ёмон” бўлганини қайд этган.
Шаҳардаги 32 та станция ҳавода заҳарли заррачалар меъёрдан бир неча баробар ошганини кўрсатган.
Ҳаво сифати ифлосланиш ҳолати ва манбаси ҳақида на Экология вазирлиги, на “Ўзгидромет” хизмати маълумот берган.
Ўзбекистон пойтахти куз-қиш мавсумида дунё шаҳарлари орасида ҳавонинг ифлосланиш даражаси бўйича бир неча марта биринчи ўринда қайд этилган.
Жаҳон банки ҳисоботига қараганда, Тошкентда PM2,5 майда заррали чанглар таъсири оқибатида йилига ўртача 3042 киши бевақт вафот этади.
ЎзЛиДеП фермерларга нисбатан зўравонликни қоралади
Ўзбекистон Либерал-демократик партияси Сирдарё вилояти Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Уралованинг пахта терими режасини бажармаган фермерларни ҳақорат қилгани ҳақидаги хабарга муносабат билдирди.
“Сўнгги пайтларда ижтимоий тармоқларда ҳудудларда айрим мансабдор шахслар томонидан тадбиркорлар, хусусан, фермерларнинг фаолиятига аралашуви, уларга зўравонлик ишлатилиши ва мол-мулкларини тасарруф қилишга тўсқинлик қилиш ҳолатлари учрамоқда”, дейилган баёнотда.
Таъкидланишича, либерал-демократик партия бу каби ҳолатларнинг такрорланаётганидан хавотирда.
“Инсон шаъни ва қадр-қиммати дахлсизлиги, ҳеч нарса уларни камситиш учун асос бўлиши мумкин эмаслиги”ни урғулаган ЎзЛиДеП Бош прокуратурани ҳудудларда фермерлар фаолиятига ноқонуний аралашув, уларга зўравонлик қилиш, мол-мулкини эркин тасарруф этишга тўсқинлик қилиш ҳолатлари юзасидан қатъий назорат ўрнатишга чақирган.
Kun.uz нашри 1 ноябрь куни Боёвут тумани ҳокими Дилфуза Ураловага тегишли экани айтилган аудиоёзувни эълон қилган.
Аудиоёзувдан англашилишича, йиғилиш жараёнида Уралова тумандаги “Абдумандат ота фарзандлари” фермер хўжалиги раисини “падарингга лаънат, эшак” дея ҳақорат қилган. Бунга жавобан фермер ҳокимдан ҳурматини сақлашни сўраган. Уралова эса ҳақоратга ҳам қониқмай ИИБга фермерни қамашни буюрган.
Сирдарё вилояти ҳокимлиги Дилфуза Ураловага нисбатан тегишли тартибда интизомий жазо чораларини кўриш учун вилоят раҳбарига тақдимнома киритилганини маълум қилган.
Ўзбекистон рус тили мавқеини оширишга оид шартномага қўшилди
Ўзбекистон Рус тили бўйича халқаро ташкилотни таъсис этиш тўғрисидаги шартномага қўшилди. Бунга доир қонун мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев томонидан имзоланган.
Рус тили бўйича халқаро ташкилотни тузиш таклифи 2022 йил октябрь ойида Остонада ўтказилган МДҲ давлатлари раҳбарлари саммитида Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан билдирилганди. Мазкур таклифга асосан 2023 йил 13 октябрь куни МДҲ давлатлари раҳбарларининг Бишкек саммитида ташкилотни тузиш ҳақида шартнома имзоланган.
МДҲ ҳомийлигидаги ташкилот рус тилида сифатли таълимни қўллаб-қувватлаш, “Рус тили ва адабиёти” ҳамда “Рус тили чет тили сифатида” йўналишлари бўйича педагог ва илмий кадрлар тайёрлашга кўмаклашиши айтилган.
Таҳлилчиларга кўра, рус тилини жаҳон миқёсида кенг тарғиб-ташвиқ этиш Россия президенти Владимир Путин олиб бораётган империячилик сиёсатининг таркибий қисмига айланган. Янги ташкилот ҳам Кремлнинг ушбу сиёсатига хизмат қилиши борасида хавотирлар мавжуд.
Рус тили бўйича халқаро ташкилот таъсис этиш тўғрисидаги шартномани ҳозирга қадар Россия, Беларусь, Қирғизистон, Қозоғистон, Тожикистон, Туркманистон ва Озарбойжон ратификация қилган.
Ушбу битимни ратификация қилишга доир қонун ҳужжати Ўзбекистонда фавқулодда тезкорлик билан қабул қилинди. Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ушбу ҳужжатни 2024 йил 18 октябрида қабул қилган бўлса, Сенат 24 октябрь куни маъқуллаган. Мамлакат президенти эса 31 октябрь куни унга имзо чеккан.
Маълумот ўрнида, жорий йил 8 октябрь куни Москвада бўлиб ўтган МДҲ давлат раҳбарлари учрашувида Путин МДҲнинг барча давлатлари Халқаро рус тили ташкилотини ташкил этиш тўғрисидаги шартномани тез орада ратификация қилишини кутаётганини айтганди.
Қўлдан-қўлга ўтган “Чорсу” меҳмонхонаси бузиладиган бўлди
Бир пайтлар Тошкент шаҳрининг рамзларидан бўлган “Чорсу” меҳмонхонаси бузилиб, ўрнида 29 қаватли янги меҳмонхона қурилади.
Gazeta.uz нашри хабарига кўра, Тошкентда 2 ноябрь куни Чорсу майдонини реконструкция қилиш лойиҳаси тақдим этилган.
Германиянинг Tchoban Voss Architekten компанияси ишлаб чиққан 170 млн долларлик лойиҳа доирасида Чорсу майдонида янги меҳмонхона, бизнес-марказ ва тураржой бинолари барпо этилади.
Қурилиш ишларини 2025 йилда бошлаб, 2029 йилда якунлаш режалаштирилган.
Қайд этилишича, ўзбекистонлик ва хорижий сармоядорлар консорциуми томонидан амалга ошириладиган лойиҳа якунида Тошкент шаҳри фондига қарийб 113 минг квадрат метр тураржой ва тижорат кўчмас мулклари қўшилади.
“Чорсу” меҳмонхонаси 1982 йилда меъмор Владимир Спивак лойиҳаси бўйича қурилган ва дастлаб “Москва” деб номланган эди. Иншоот салкам чорак асрдан бери қаровсиз ҳолда ётибди.
Озодлик 2020 йилда “Чорсу” меҳмонхонаси қароргоҳи БААда бўлган Ittihad International Investment LLC инвестициявий ширкатига 16 миллиард 900 миллион 1 сўмга сотилгани ҳақида хабар қилганди.
Аукцион шартига кўра, “Чорсу”ни сотиб олган сармоядор 2 йил мобайнида ҳукумат кафолатларисиз камида 25 млн АҚШ долларга тенг эквивалентда инвестиция киритиши, уч юлдузли меҳмонхона хизматини ташкил этиши ҳамда 150 та янги иш ўрни яратиши лозим эди.
Бунга қадар меҳмонхона корейс ва турк сармоядорларига ҳам сотилгани маълум.
Хабарларга кўра, жорий йил октябрь ойида техник экспертиза мутахассислари бино темир-бетон конструкциялари жиддий деформацияга учраган ва иншоотни реконструкция қилиш мумкин эмас дея хулоса берган.
Сурхондарёда юқори қаватдан қулаган ўқувчи қиз нобуд бўлди
Сурхондарё вилояти Денов тумани Буюк келажак МФЙ ҳудудидаги 16 қаватли тураржойда яшовчи қиз юқори қаватдан тушиб кетиб ҳалок бўлди, дея хабар қилди ўтган ҳафта якунида “Севимли” телеканалининг “Замон” информацион дастури.
Ўн етти ёшли қиз 6-қаватдан қулаб, воқеа жойида ҳалок бўлгани маълум қилингани ҳолда, ўлимга доир бошқа тафсилотлар очиқланмаган.
Маҳалла раисига кўра, марҳума оиланинг тўнғич фарзанди бўлган, мактабда ҳам аъло баҳоларга ўқиган. Қизнинг оиласида муқаддам жанжал-тўполон кузатилмаган.
Воқеа юзасидан дастлабки суриштирув олиб борилаётгани айтилмоқда.
Сўнгги йилларда кўп қаватли уйдан тушиб кетиш оқибатида ўнлаб ўлим ҳолати қайд этилган.
Жорий йил 4 август куни Тошкент шаҳри Сергели туманида истиқомат қилувчи 15 ёшли Х.С. 5-қават деразасидан эҳтиётсизлик оқибатида тушиб кетиб вафот этган.
2023 йил 18 ноябрь куни Тошкент шаҳри Юнусобод туманида 32 ёшли эркак тураржой биносининг 15-қаватидан сакраб вафот этган. Бош прокуратурага кўра, эркак 2020 йилдан буён руҳий касалликлар шифохонасида шизофрения ташхиси билан рўйхатда турган.
2023 йил 12 июнь куни Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳрида 27 ёшли аёл оиласи билан яшаган уйи 4-қаватидан қулаб вафот этган.
2022 йил 9 июнь куни Самарқанд шаҳри “Қорасув” масканидаги 81-уйда ҳам ана шундай бахтсиз ҳодиса рўй берган. Қаровсиз қолдирилган 1,5 яшар қизча 10-қаватдан тушиб кетиб воқеа жойида нобуд бўлган.
Мирзиёев: Эл-юртимиз янги парламентдан кўп нарса кутмоқда
Ўзбекистонда 27 октябрь куни бўлиб ўтган депутатлар сайлови натижасида ҳуқуқ ва ваколатлари сезиларли даражада кучайган янги вакиллик органлари тизими ҳам шаклланди. Бу мулоҳаза 1 ноябрь куни Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев томонидан Навоий вилоятини ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш вазифалари юзасидан ўтказилган йиғилишда айтилди.
Президент матбуот котиби Шерзод Асадов қайдича, йиғилишда Мирзиёев Ўзбекистон халқига “сайловларда юксак сиёсий маданият ва фаоллик кўрсатиб, фуқаролик бурчини масъулият билан адо этгани учун самимий миннатдорлик” билдирган ҳамда депутатликка сайланганларни табриклаган.
“Биз барча бўғиндаги депутатларимиз тимсолида зиммасидаги масъулиятни чуқур англайдиган, Янги Ўзбекистонни барпо этиш, халқимизнинг эркин ва фаровон ҳаётини таъминлаш йўлида ўзини аямасдан тинимсиз ҳаракат қиладиган, бор билим ва тажрибасини Ватан равнақи учун сафарбар этадиган фидойи инсонларни тасаввур қиламиз”, деган Ўзбекистон президенти.
Мирзиёевга кўра, Ўзбекистон халқи депутатларнинг янги ғоя ва ташаббусига “катта умид ва ишонч билан қарамоқда”.
“Эл-юртимиз янги парламент ва маҳаллий кенгашлар аъзоларидан кўп нарсани кутмоқда”, деган Шавкат Мирзиёев.
Ўзбекистон президенти аввалроқ парламент сайловида "кучли рақобат" бўлишини башорат қилган бўлса-да, якшанба куни бўлиб ўтган сайловда сўнгги 15 йил давомида кўрилгани каби бир хил ҳукуматпараст сиёсий фракциялар қатнашди, ҳатто рўйхатга олиниши ҳам мунтазам равишда рад этиб келинаётган мухолифатчи сиёсий партиялар эса сайловда иштирок эта олгани йўқ.
Таҳлилчилар “чўнтак партиялар кураши” деб таъриф берган парламент сайлови натижаларига кўра, МСК қайдича, ЎзЛиДеП 64 та, “Миллий тикланиш” 29 та, “Адолат” 21 та, ХДП 20 та, Экопартия эса 16 та депутатлик ўрнига эга бўлган.
МСК: Парламент таркиби қарийб 60 фоизга янгиланди
Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси ўтган ҳафта ўтказилган сайловда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати этиб сайланган 150 нафар шахс рўйхатга олинганини маълум қилди.
МСК қайдича, ягона сайлов округи бўйича парламент қуйи палатасига Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан – 26 нафар, “Миллий тикланиш” демократик партиясидан – 14 нафар, Халқ демократик партиясидан – 13 нафар, “Адолат” социал-демократик партиясидан – 12 ва Экологик партиядан эса 10 нафар депутат сайланган.
Бир мандатли сайлов округлари бўйича ажратилган 75 та ўрин ҳам деярли шу тартибда тақсимланган: ЎзЛиДеП – 38 нафар, “Миллий тикланиш” – 15 нафар, “Адолат” – 9 нафар, ХДП – 7 нафар ва Экопартия – 6 нафар депутат.
Умумий ҳисобда партиялар Қонунчилик палатасида қуйидагича ўринга эга чиқди: ЎзЛиДеП – 64 депутат (42,7%), “Миллий тикланиш” – 29 депутат (19,3%), “Адолат” – 21 депутат (14%), ХДП – 20 депутат (13,3%) ва Экопартия – 16 депутат (10,7%).
“Сайлов натижаларига кўра, парламент қуйи палатаси таркиби қарийб 60 фоизга янгиланди”, дейилган расмий ахборотда.
Қайд этилишича, депутатларнинг 30 фоизи иқтисодчи, 22 фоизи ҳуқуқшунос, 18,7 фоизи педагог, 12 фоизи муҳандис, 9,3 фоизи тиббиёт соҳаси вакиллари, 8 фоизи эса маданият намояндаси, тадбиркор ва фермерлардир.
Қонунчилик палатаси янги таркибининг 38 фоизини аёллар ташкил этган.
МСК ёйинлаган маълумотларга қараганда, 27 октябрь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва маҳаллий кенгашларга сайловда жами 15 миллион 27 минг 529 нафар сайловчи овоз бериб, давомат 74,72 фоизни ташкил этган.
“Panorama Airways иши”да жабрланганлар 2500 дан ортди
Panorama Airways ва Gulbakhor Airways ширкатлари мансабдорларига оид жиноят иши судда кўрила бошлаган. Бу ҳақда Тошкент шаҳри суди раиси Эркин Хожақулов маълум қилди.
Kun.uz нашрининг суд раисига иқтибосан ёзишича, ушбу жиноят иши доирасида жабрланувчилар сони 2558 нафарни, етказилган зарар миқдори эса 25 млрд сўмни ташкил этмоқда.
Пойтахт суди раиси икки ширкатнинг фирибгарлиги ҳақида гапираркан, “аҳолининг билимсизлиги”дан ҳам баҳс этган.
“Аммо телевидение ёки ижтимоий тармоқларда бу каби жиноий ишлар ҳақида хабар бериб, аҳолини огоҳликка чақирcак-да, барибир алданиб қолиш ҳолатлари учрамоқда. Бу каби ҳолатлар анчагина кўпайган. Сабаб аҳолининг билимсизлиги ва огоҳликка эътибор бермаслиги”, деган Эркин Хожақулов.
Panorama Airways ва Gulbakhor Airways фирмалари сайёҳлик хизмати кўрсатгани, хусусан, Умра сафарини ташкил этиш билан шуғуллангани маълум.
Ўзбекистонлик минглаб зиёратчи Умра сафаридан қайта олмай Саудия Арабистонида қолиб кетгани ортидан жорий йил февралида Бош прокуратура мамлакат Жиноят кодексининг 168- (фирибгарлик) ва 192−11-моддалари (нодавлат тижорат ташкилотида ёки бошқа нодавлат ташкилотида мансабдор шахслар томонидан ўз ваколатларини суиистеъмол қилиш) билан жиноят иши очган ҳамда Panorama Airways раҳбарини қамоққа олган эди.
Ўшанда Ўзбекистон Туризм қўмитаси зиёратчиларнинг вақтида қайтолмагани учун масъулиятни Умра зиёратини ташкил этиш тартибини бузган хусусий компанияларга юклаган эди. Озодлик манбалари эса бу можаронинг “комплекс сабаблари борлиги”ни айтганди.
Тошкентда иссиқлик энергияси яна қимматлади
Ўзбекистон пойтахтида 31 октябрдан эътиборан аҳоли ва юридик шахслар учун иссиқлик таъминоти ва иссиқ сув хизматлари тарифлари 15 фоизга оширилди.
Тошкент шаҳри ҳокими Шавкат Умрзоқов имзолаган қарорда нарх оширилишига Халқ депутатлари Тошкент шаҳри кенгашининг 2024 йил 12 сентябридаги қарори ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг 2024 йил 29 июлидаги хулосаси асос сифатида кўрсатилган.
Ушбу ҳужжатга кўра, аҳоли учун иситиш ва иссиқ сувнинг янги чакана тарифи Гкал учун 105 минг 754 сўмдан 121 минг 617 сўмга, юридик шахслар учун эса 212 минг 606 сўмдан 244 минг 497 сўмга оширилди.
Бюджет ташкилотлари учун тариф ўзгармади – 1 Гкал учун 801 минг 963 сўм қолдирилди.
Пойтахтда марказлашган иссиқлик таъминоти хизмати кўрсатувчи “Veolia Energy Tashkent” МЧЖга кўра, шаҳар аҳолиси асосий тарифнинг 14 фоизини тўлайди, қолган қисми эса шаҳар бюджетидан субсидия сифатида қопланади.
2025-2027 йиллар учун Бюджетнома лойиҳасида аҳолига пасайтирилган нархларда иссиқлик етказиб беришдаги зарарни қоплаш учун ғазнадан 4,2 триллион сўм субсидия ажратилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Тошкент шаҳрида иссиқлик таъминоти нархи 2024 йилнинг 2 апрелида ҳам 15 фоизга оширилганди.
Ҳаво ҳарорати пасайганига қарамай, Ўзбекистон пойтахтида ҳали марказлашган иситиш тизими ишга туширилганича йўқ. Фаоллар ижтимоий объектлар ва кўп қаватли уйларни тезроқ иситиш кераклиги ҳақида ёзмоқда.
Тошкентда ёнғиндан, Бухорода портлашдан фуқаролар нобуд бўлди
Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги кўп қаватли уй хонадонда рўй берган ёнғинда 1950 йилда туғилган фуқаро ҳалок бўлди.
Пойтахт Фавқулодда вазиятлар бошқармаси матбуот хизмати ахборотига кўра, 31 октябрь куни соат 02:13 да Чинобод МФЙ Сағбон 30-берк кўчасида жойлашган хонадонда ёнғин келиб чиққан.
Ёнғин-қутқарув экипажи зудлик билан воқеа жойига етиб бориб, ёнғинни қисқа вақт ичида бартараф этган.
Ҳодиса оқибатида хонадоннинг тахминан 10 метр квадрат майдони ёниб зарарланган.
Хонадон вакиллари ёнғин оқибатида ҳалок бўлган 74 ёшли фуқаро инсульт хасталиги сабаб охирги йилларида тўшакка михланганини айтган. У ётоқ жойида тамаки чеккани сабаб ёнғин келиб чиққани тахмин қилинмоқда.
Xabar.uz нашрининг ёзишича, 29 октябрь куни соат 23:35 да Бухоро шаҳри Намозгоҳ маҳалласида жойлашган янги кўп қаватли уйда рўй берган портлашда ҳам инсоний талафот берилган.
6/3А-уйда газ ва ҳаво аралашмасининг чақнаши оқибатида келиб чиққан портлашда 14-хонадонда яшовчи фуқаро вафот этган, яна беш киши жароҳатланган.
Ҳодиса ортидан текширувда тўлиқ фойдаланишга топширилмаган кўп қаватли уйда бир неча оила яшаб келаётгани аниқланган.
Теҳрон ва Тошкент ўзаро савдо ҳажмини 10 баробар оширмоқчи
Эрон ва Ўзбекистон имтиёзли савдо бўйича дастлабки келишувга эришди, дея хабар қилди Mehr агентлиги.
Ўзбекистон Инвестициялар, саноат ва савдо вазири Лазиз Қудратовнинг Теҳронга ташрифи чоғида эришилган битим доирасида томонлар ўзаро товар айирбошлаш ҳажмини 10 баробарга оширишни, яъни 500 миллион доллардан 5 миллиард долларга етказишни кўзламоқда.
Қайд этилишича, Теҳрон ва Тошкент Эрондан экспорт қилинадиган поезд вагонлари, электр энергияси ишлаб чиқариш турбиналари, пўлат ва нефть-кимё маҳсулотлари учун савдо тарифларини пасайтириш борасида умумий тўхтамга келган.
Таҳлилчиларга кўра, Эрон Ғарб бозорларига киришни чекловчи санкциялар сабабли минтақа давлатлар билан олди-сотди ҳажмини оширишга уринмоқда.
Теҳрон Россия бошчилигидаги Евросиё иқтисодий иттифоқи, шунингдек, Покистон ва Индонезия билан имтиёзли савдо шартномаларини имзолашга муваффақ бўлган.
Форс давлати тарихан яқин саналган Марказий Осиё мамлакатлари билан ҳам иқтисодий ҳамкорликни жонлаштиришга интиляпти.
Озодлик аввалроқ Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 17 июль куни Эроннинг янги сайланган президенти Масъуд Пезешкиён билан телефон орқали сўзлашгани, мулоқот давомида энергетика, кимё саноати, қишлоқ хўжалиги, озиқ-овқат каби тармоқларда кооперация лойиҳаларини илгари суриш муҳимлиги қайд этилгани ҳақида хабар қилган эди.
Жорий йил апрель ойида Олий Мажлис Сенатида ўтказилган ҳисобот мажлисида Эрон билан биргаликда умумий қиймати 362 миллион долларлик 46 та инвестициявий ва савдо битими амалга оширилаётгани айтилган.
Ўзбекистонга 9 ой ичида хориждан 11 млн доллардан зиёд пул ўтказилди
Жорий йилнинг январь-сентябрь ойларида Ўзбекистонга хорижий ўлкалардан ўтказилган пул миқдори 11 миллиард 262 миллион долларни ташкил этган, бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 35 фоизга кўпдир. Бу ҳақда Марказий банк раиси Мамаризо Нурмуродов 31 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида маълум қилган.
МБ раисига кўра, трансчегаравий пул ўтказмаларининг 35 фоизга ошгани Ўзбекистонда “аҳоли даромади ошишининг асосий омилларидан бири” бўлган, шунингдек, бу ҳолат “ички валюта бозорига ҳам таъсир қилиб, мувозанатни таъминлаган”.
Қайд этилишича, уч чорак ичида Ўзбекистонга энг кўп маблағ Россиядан (8,75 миллиард доллар) келган. Пул ўтказмалари бўйича иккинчи ўринда Қозоғистон (625 миллион доллар), учинчи ўринда эса Жанубий Корея (420 миллион доллар) турибди.
Шунингдек, бу давр мобайнида мамлакатга АҚШдан 415 миллион доллар, Туркиядан 291 миллион доллар, Буюк Британиядан 93 миллион доллар, Польшадан эса 48 миллион доллар пул ўтказилган.
Мамаризо Нурмуродов матбуот анжумани чоғида ўтган йил билан қиёслаганда Польшадан пул ўтказмалари 97 фоизга, Жанубий Кореядан – 76 фоизга, Буюк Британиядан – 67 фоизга, Бирлашган Араб Амирликларидан – 66 фоизга, Россиядан эса 35 фоизга ошганига эътибор қаратган.
Ўзбекистон Қирғизистондан олти миллиард куб метр сув олди
Жорий йил бошидан буён Ўзбекистон Қирғизистондан олти миллиард куб метр сув олган. Бу ҳақда Қирғизистон Сув ресурслари, қишлоқ хўжалиги ва қайта ишлаш саноати вазири ўринбосари Алмазбек Сокеев парламент йиғилишида гапирган.
Қайд этилишича, сув Ўзбекистонга Норин, Сўх, Оқбура дарёлари ва мелиоратив каналлар орқали кирган.
Қирғизистон Қозоғистонга ҳам 558 миллион куб метр етказиб берган.
Вазир ўринбосарига кўра, Қирғизистонда йиғиладиган 47 миллиард куб метр сувдан 12 миллиарди мамлакатнинг ички эҳтиёжига сарфланса, қолган қисми қўшни давлатларга кетади.
Марказий Осиё дарёлар ҳавзаларидан сув олиш давлатлараро келишув орқали тартибга солинади.
Аввалроқ “Чегарасиз дарёлар” халқаро жамоатчилик фонди етакчи эксперти Евгений Симонов Озодликка минтақанинг энг йирик сув артерияси бўлмиш Сирдарё ресурслари бебилиска сарфланаётгани ҳақида айтиб берган эди.
Фирибгарликда айбланган мулозима жазодан озод қилинди
Фирибгарлик жиноятини содир этгани айтилган Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи Мерей Омонбоеванинг иши судда кўриб чиқилди.
Kun.uz нашрининг суд ҳукмига таянган ҳолда ёзишича, Омонбоева Навоий шаҳри ҳокими Дилмурод Эргашев номидан фойдаланиб, “Sarmish 9999” ва “Bright industry buildings the future” МЧЖ раҳбари Меҳрож Раҳматовнинг 136 миллион сўм ва 23 минг доллар миқдоридаги пулини қўлга киритган ҳамда ўз эҳтиёжи учун сарфлаб юборган.
Савдо-саноат палатаси мулозимаси Ўзбекистон Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми “а” бандида (жуда кўп миқдорда фирибгарлик) назарда тутилган жиноятни содир этишда айбдор деб топилган.
Қайд этилишича, судья судланувчи аёл киши экани, муқаддам судланмагани, ижтимоий фойдали меҳнат билан шуғулланаётгани, “Маҳалла ифтихори” кўкрак нишони ҳамда Зулфия номидаги давлат мукофоти билан тақдирлангани, етказилган зарар қоплангани каби важларни инобатга олиб, уни мамлакат Жиноят кодексининг 70-моддасига (шахснинг ижтимоий хавфлилик хусусиятини йўқотиши муносабати билан уни жазодан озод қилиш) асосан жазодан озод қилишни лозим топган.
Маълумот ўрнида, 27 ёшли Мерей Омонбоева 2024 йил 6 март куни Савдо-саноат палатаси Навоий вилояти бошқармаси бошлиғи лавозимига тайинланган. Унга қадар у Навоий шаҳри Зарафшон МФЙда ҳоким ёрдамчиси вазифасида ишлаган.
2021 йил август ойида президент Шавкат Мирзиёевнинг Навоий вилоятига ташрифи доирасида ўтказилган тадбирда Омонбоева сўзга чиқиб, президентдан “дух” олганини айтган ва унга автомобиль ҳадя қилинган эди:
Кейинги ўқув йилидан “дарслик пули” қайта тикланади
Ўзбекистонда 2025/2026 ўқув йилидан эътиборан мактаб дарсликлари ва машқ дафтарлари тўплами ижараси учун тўловлар қайта жорий этилмоқда.
Янги бюджет лойиҳасига кўра, 2024 йилда бир ўқувчи учун битта дарслик ва иш дафтарларининг ўртача нархи 450-500 минг сўмни ташкил этган.
Ҳукумат битта дарслик тўплами учун 80 минг сўм, яъни умумий нархнинг қарийб 18 фоизи миқдорида тўлов жорий этишни таклиф қилмоқда.
“Дарсликлар ва машқ дафтарларининг тўлиқ давлат бюджети ҳисобидан чоп этилиши ота-оналар масъулияти пасайиб кетиши ва дарсликларга нисбатан эътиборсиз муносабатда бўлиш ҳолатларини келтириб чиқармоқда”, дейилган бюджет лойиҳасида.
Gazeta.uz хабарига кўра, Мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Темуржон Комилов 29 октябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган матбуот анжуманида ижара тўлови киритилиши бюджет юкламасини тахминан 376 миллиард сўмга камайтиришини айтган.
Жорий йилда дарсликлар учун 1,5 триллион сўм, келаси йили эса 1,3 триллион сўм сарфланиши кутилмоқда.
2022 йилда Таълим вазирлиги “жаҳон бозорида қоғоз нархи ошгани” важидан дарсликлар ижара ҳақини кескин оширганди. Ўшанда жамоатчиликнинг кучли эътирози ортидан “дарслик пули” бекор қилинган.
Ҳозир ҳам фаоллар дарсликлар учун ижара тўлови тикланишини Конституцияга зид чора, дея танқид қилишмоқда.