Линклар

Шошилинч хабар
20 ноябр 2024, Тошкент вақти: 15:46

Журналист Бобомурод Абдуллаев иши доирасида 3 киши қўлга олинди


Ровшан Солаев ва Шавкат Оллоëров
Ровшан Солаев ва Шавкат Оллоëров

“Ҳокимиятни фитна йўли билан босиб олиш” ва “Ўзбекистонда инқилоб” қилишни режалаштирганликда гумон қилинаётган 44 яшар журналист Бобомурод Абдуллаевнинг иши юзасидан кейинги 10 кун ичида ўнга яқин киши гувоҳ сифатида сўроқ қилинган ва 3 киши қўлга олинган. 27 сентябрь куни йўқолганидан уч кун ўтиб, Абдуллаевнинг дараги, МХХ ҳибсхонасидан чиққан эди. Жиноят ишлари бўйича Юнусобод туман суди журналистни эҳтиëт чораси сифатида ҳибсда ушлаш ҳақида 1 октябрь куни ажрим чиқарган​.​

Озодликка маълум бўлишича, 9 октябрь куни Ўзбекистон Фанлар академиясининг Қўлëзмалар институти тадқиқодчиси 27 яшар Акром Маликов Бобомурод Абдуллаев билан юзлаштириш учун МХХнинг Гвардейский тергов ҳибсхонасига олиб келинган.

Акром Маликов
Акром Маликов

Маълум бўлишича, Акром Маликов 2016 йилнинг 22 июлида қўлга олинган. Бу ҳақда Озодликка унинг яқинлари айтди.

Уларнинг айтишича, Тошкент вилоят, Пскент туманилик Акром Маликов бундан 1 йил муқаддам қора маска кийган МХХ тезкор гуруҳи тарафидан олиб кетилган ва яқинларига бу ҳақда жим юриш буюрилган. Яқинларига Акром Маликовнинг айнан нимада айблангани шу кунгача айтилмаган.

Маликовни яқиндан билган шарқшунос олимнинг айтишича, Маликов Абдуллоҳ Нусрат тахаллуси остида Интернетда эълон қилган мақолалари ортидан қамоққа олинган. Бу мақолаларда муаллиф Ўзбекистондаги бошқарув усулини ва раҳбарларни танқид остига олади.

Бир йил мобайнида Маликов ҳибсга олинганини яшириб келган яқинлари Бобомуроднинг зиммасига юкланаётган айбловга оид хабарларни эшитгач, сукутни бузишга қарор қилишди.

- Акром ана чиқади, мана чиқади, деб алдаб келишди. Энди Акромнинг зиммасига оғир айблар қўйилар экан, биз жим тура олмаймиз, деди Маликовнинг яқинларидан бири.

Гулноранининг боғбони?

1 октябрь кунги суд ажримида¸ Бобомурод Абдуллаевнинг Усмон Ҳақназаров тахаллуси билан ëзган мақолалари учун маълумотларни “қўриқланадиган давлат амалдорлари”га яқин бўлган Равшанбек Сoлаев ва Шавкатжон Оллоëровлардан олгани айтилган..

Инсон ҳуқуқлари фаоли Суръат Икромовга кўра¸ бу икки фуқаро 28 сентябрь куни МХХ тезкор гуруҳи тарафидан қўлга олинган.

- Бобомуродни 27 сентябрда ўғирлаб кетишган бўлса¸ орадан бир кун ўтиб¸ МХХ ходимлари Сoлаев ва Оллоëровнинг уйига қора маскада бостириб кириб¸ уларни ҳам олиб кетган. Бу иккала хоразмлик йигитнинг яқинларига кўра¸ шундан бери уларнинг тақдирига оид бирор маълумот берилмаган. Улар ҳам МХХ ҳибсхонасида тергов қилинмоқда. Бу иш бўйича яна қанча одамнинг ҳисбга олинганини ҳозирча аниқлашнинг имкони йўқ¸- деди Икромов.

Равшанбек Сoлаев ва Шавкатжон Оллоëровларни яқиндан таниганлар билан суҳбат асносида Озодлик мухбири уларнинг Ўзбекистондаги муваффақиятли тадбиркор бўлишганини аниқлади.

Равшанбек Солаев
Равшанбек Солаев

Бобомурод Абдуллаевга маълумот бериб турганликда айбланган Равшанбек Солаев Ўзбекистон шоу-бизнеси ва бошқарув элитаси ичида анча таъсирли шахс бўлган. Уни яқиндан таниган ва исми аталмаслиги шарти билан гапирган эстрада хонандасига кўра, Солаев кўплаб қўшиқчиларни қўллаб-қувватлаган.

Асли касби агроном бўлган Солаев бир муддат ҳозир ҳибсдаги Гулнора Каримованинг уйларида ландшафт дизайни билан шуғулланган. Солаевнинг Тошкентда ва чет элда бир нечта дўконлари бор.

Солаевни яқиндан таниганлар уни дунëвий демократик жамият қуриш тарафдори бўлган тадбиркор сифатида таърифлашди. Озодлик тасарруфидаги фотосуратларда Солаев ўзбекистонлик маданият ва санъат арбоблари ҳамда мулозимлар билан ëнма-ëн турганини кўрамиз.

Солаевнинг яқинларига кўра, у Ўзбекистон Жиноят кодексининг 162-моддаси яъни “давлат сирларини ошкор қилиш” да гумонланмоқда. Айни пайтда бу айблов акс этган ҳужжат Озодликда йўқ.

Жиноят ишлари бўйича Юнусобод судининг 1 октябрь кунги ажримида Солаевнинг "ҳокимиятни ноқонуний йўл билан босиб олишда ишлатилишини билганлари ҳолда Бобомурод Абдуллаев учун, унинг топшириғи билан материаллар тўплагани ва унга етказиб тургани” айтилади.

Солаевнинг яқинлари эса, айбловнининг абсурд экани ва оддий тадбиркорнинг давлат сирларига дахли йўқлигини айтишди. Яқинларининг ишонишича, Солаевнинг Бобомурод билан бир қишлоқдан эканлиги унинг қамалишига сабаб бўлган.

Мулозимларнинг ресторандаги ошкоралиги

Бобомурод-Ҳақназаров иши бўйича қўлга олинган учинчи фигурант Тошкент ва Тошкент вилоятидаги қиммат ресторанлар эгаси Шавкатжон Оллоëровдир. Уни яқиндан билган мулозимга кўра, Хоразмдаги турк лицейини битказган Оллоëров Тошкентда услубан янги бўлган ресторанлар тизимини яратиб, бизнес-муваффақиятга эришган.

- Pelete¸ "Павлин-мавлин"¸ "Ҳазрати Али бува" ресторанлари Оллоëровга оид. Бу ресторанларда шоу-бизнес вакиллари билан биргаликда юқори мартабали мулозимлар овқатланган¸ дейди Оллоëровни яқиндан билган мулозим. Унга кўра, ресторанлар эгаси бўлган Оллоëров ҳам давлат сирларига дахлдор бўлмаган:

- Давлат сирига дахлдорлик деган ҳолат бор. Агар органда ëки ҳокимликда ишласангиз сизга баъзи ҳужжатларга доступ берилади. Ўша пайтда бу мулозимлар давлат сирини ошкор қилмаслик ҳақдаги мажбуриятни олишади. Агар улар бу галарни ресторанда валақалаб айтиб қўйган бўлса¸ эътироз ресторан эгаси Оллоëровга эмас, ўша сирни тарқатган мулозимга бўлиши керак, дейди суҳбатдош.

1 октябрь кунги суд ажримида Оллоёров "қўриқланадиган шахслар, йирик ишбилармонлар ва Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот идоралари раҳбариятига кириш имконига эга бўлган" шахслиги айтилган.

Оллоёровни яқиндан билган мулозим бу айбловни янглиш деб атади. Унга кўра ҳуқуқ-тартибот идораларининг раҳбар таркиби Шавкат Оллоёров ишлайдиган ресторанга келиб турган.

10 га яқин киши гувоҳ сифатида чақиртирилди

Мақолани ëзиш асносида ўнга яқин гувоҳ Бобомурод Абдуллаевнинг иши бўйича гувоҳ ўлароқ сўроқ қилиниб, қўйиб юборилгани маълум бўлди. (Уларнинг исмлари Озодликда мавжуд)

Улар ҳам Бобомурод Абдуллаев-Усмон Ҳақназаровга маълумот етказиб бериш борасида сўроққа тутилган.

Журналист Бобомурод Абдуллаев иши доирасида 3 киши қўлга олинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:50 0:00

Бобомурод Абдуллаевнинг онасига ўғли билан учрашишга рухсат берилмади

Озодлик МХХ ертўласида қолаëтган журналист Бобомурод Абдуллаевнинг хотини Катя Балхибоева билан, унинг телефони кун давомида ўчиқ бўлгани учун, боғлана олмади. Лекин жума, 6 октябрь куни Хоразмдан Тошкентга келган Бобомуоднинг онасига ўғли билан учрашишга рухсат берилмаган.

Ўтган ҳафта Катя Балхибоева МХХ терговчиси подполковник Нодир Тўрақулов тарафидан “матбуотга гапирмаслик” ҳақида “тавсия” олганлигини ҳуқуқ ҳимоячиларига айтган эди.

Ўзбекистон Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов Бобомурод Абдуллаев ушланганидан буён унинг аҳволи ҳақида бирор маълумот йўқлигини билдирди:

- Буни билишнинг йўли маҳбуснинг олдига мустақил адвокатни қўйишдир. Лекин булар Бобомуроднинг яқинларига мустақил адвокат ëллашига босим орқали йўл бермаяпти. Ишни олиши мумкин адвокатларга лицензиянгдан ажрайсан¸ деб таҳдид қилашаяпти. Давлат томонидан тайинланган адвокатнинг ҳеч иш қилмаслиги ҳаммага маълум. Шунинг учун тергов қандай бораëтгани¸ Бобомуроднинг ҳозирги аҳволи ҳақида умуман маълумот йўқ¸- деган эди Икромов ўтган ҳафтада.

Ҳуқуқ фаоли¸ Абдуллаев ишининг бу қадар ëпиқлиги Ўзбекистон қонунчилиги ҳамда халқаро стандартларга мутлақ зидлигини таъкидлайди:

- Бу "159 лар" билан доим шунақа бўлиб келган. Аммо Бобомурод Абдуллаев иши шов-шув бўлгани¸ унга эътибор кучлилигидан келиб чиқиб¸ МХХ терговда унинг оиласи ëллаган адвокат қатнашишига рухсат берса керак¸ деб ўйлагандим. Аммо бундай бўлмади. Терговнинг бу қадар ëпиқ¸ адвокатсиз ўтказилиши Ўзбекистон Жиноят-процессуал кодексига мутлақ зиддир¸ деган эди ҳуқуқ фаоли ўтган ҳафтада.

XS
SM
MD
LG