Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:39

Хитой товарларини “Ўзбекистонга олиб киришнинг коррупциявий схема”сини яратган қирғиз божгирлар қўлга олинди


Қирғизистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси Хитойдан ноқонуний товарлар олиб ўтишнинг “коррупцивий схемаси”ни яратганликда гумонланган юқори лавозимдаги олти божхона ходими қўлга олинганини билдирди.

Расмий баёнотда айтилишича, улар Хитой товарларини ўзлари яратган схема асосида Қирғизистондан Ўзбекистонга олиб ўтилишига воситачи бўлган. Аслида эса, Хитой маҳсулоти Қирғизистонда қолган. Ўзбекистонга эса соҳта ҳужжатлар билан бўш юк машиналари жўнатилган.

Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси божхона хизматининг олти нафар юқори лавозимли ходими ва хусусий компаниянинг уч вакили 18 март куни қўлга олинганини маълум қилди.

"Айрим компаниялар Божхона хизмати ходимларининг кўмагидан фойдаланиб, Хитойдан Қирғизистон орқали Ўзбекистонга транзит билан товар юборган. Бироқ товарлар Қирғизистон ҳудудига божхона расмийлаштирувисиз туширилган, бўш автомашиналар сохта божхона декларацияси ва божхона муҳрлари билан Ўзбекистон юборилган”, — дейилади хабарда.

Қамчибек Ташиев.
Қамчибек Ташиев.

Махсус хизмат раҳбари Қамчибек Ташиев ҳибсга олинганлар орасида бош прокурорнинг Қурмонқул Зулушевнинг қайниси борлигини тасдиқлади. Бош прокуратура ҳозирча бу масала юзасидан изоҳ бермади.

“Хитойдан Ўзбекистонга товарлар олиб ўтишда йирик коррупцион схема ишлаб келган. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, бюджетга 1 миллиард сом (қарийб 11,5 миллион АҚШ доллари) атрофида зарар етказилган. Тўғри, қўлга олинганлар орасида Зулушевнинг қайнукаси ҳам бор. Ҳозир у бошқа маҳбуслар билан бирга кўрсатма бермоқда. Бош прокурорнинг бу ишга алоқаси йўқ”, - деган Қамчибек Ташиев интернетда эълон қилинган видеолардан бирида.

Бош прокурор Зулушевнинг ўзи ва у раҳбарлик қилаётган орган ҳозирча бу борада ҳеч қандай изоҳ бермади.

Болот Темиров суд залида.
Болот Темиров суд залида.

Қирғизистондан мажбуран чиқариб юборилган ва ҳозирда Россияда истиқомат қилаётган тадқиқотчи журналист Бўлўт Темиров бу воқеани Ташиев тақдим этаётгани каби “коррупцияга қарши кураш” натижаси деб ҳисобламайди. Унга кўра, қўлга олишлар махсус хизмат ва бош прокуратура раҳбарларининг ўзаро шахсий зиддиятлари натижасидир:

"Ўтган йили биз МХДҚ раиси Қамчибек Ташиевнинг оиласи алоқадор бўлган коррупцион схемани фош қилганимизда, Ташиев бунга нисбатан ҳеч қандай иш қўзғатмаган, тергов ҳам ўтказмаган. Шу боис, бу ҳодисани коррупцияга қарши ҳақиқий кураш эмас, ҳокимиятдагилар ўртасидаги қарама-қаршилик деб ўйлайман",- дейди Бўлўт Темиров.

Журналист ўтган йил бошида YouTube'даги Темиров LIVE деб номланган каналида “Икки кунда 37 млн. сўмни қандай топиш мумкин? Садир Жапаров ва Ташиев схемаси” деб номланган журналистик суриштирувни эълон қилган.

Шундан сўнг Бишкек милицияси унга нисбатан Жиноят кодексининг “Гиёҳвандлик воситалари, психотроп воситалар ва уларнинг аналогларини қонунга хилоф равишда тайёрлаш” моддаси бўйича жиноят иши қўзғатди. Кейинроқ унга нисбатан Жиноят кодексининг “Ҳужжатларни қалбакилаштириш” ва “Давлат чегарасини ноқонуний кесиб ўтиш” моддалари бўйича яна иккита жиноят иши қўзғатилган. Ушбу ҳолатлар асосида олиб борилган суд жараёнлари натижасида Темиров ўтган йилнинг ноябрь ойи охирида Қирғизистондан чиқариб юборилган.

Эркайим Мамбеталиева.
Эркайим Мамбеталиева.

Коррупция ва сиёсий масалалар бўйича таҳлилчи Эркайим Мамбеталиева ҳибсга олишлар билан божхонадаги коррупцияни бартараф этиб бўлмайди, деб ҳисоблайди:

"Қамоққа олиш билан коррупцияга қарши кураш боряпти, дейиш мумкин эмас. Масалан, декларация. Умуман олганда, декларация коррупцияга қарши курашнинг бир усули. Биз декларацияларга расмий муносабатда бўламиз. Барча нарса очиқ кўрсатилмаган, яширилган декларация реал вазиятни кўрсатмайди. Лекин давлат хизмати тўғрисидаги қонун,коррупцияга қарши қонун бузиляпти дейдиган одам йўқ. Ҳокимият ва ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан ҳеч қандай назорат сезилмайди. Бу билан бизда порахўрликни олдини олиш бўйича чоралар йўқ деб ҳам бўлмайди. Давлат божхона хизматидаги коррупцияга барҳам бериш мақсадида 2014 йилдан буён Хавфсизлик Кенгаши қошида “Коррупция хатарларининг олдини олиш” тўлиқ таҳлили ўтказилиб келинмоқда. Шулар натижасида берилган таклифлар қаерда, деган савол туғилади. Майли, бугун беш кишини ҳибсга олишди, эртага уларнинг ўрнига бошқалар келади ва улар схемани давом эттираверади",-дейди Мамбеталиева.

Халқаро Республика институти (IRI)нинг 2020 йилдаги сўровномаси Давлат божхона хизмати энг коррупциялашган органлар қаторидан жой олганини кўрсатди. Мамлакат ҳудудларида ўтказилган сўровда қатнашган 1,5 минг кишининг ярми божхонани коррупциялашган соҳа деб таърифлаган.

Шу билан бир қаторда, Божхона хизмати раҳбарияти муассасада коррупция камайганини иддао қилиб келади:

Самат Исабеков.
Самат Исабеков.

"Биз коррупцияни умуман камайтира олмаган бўлсак-да, қўлимиздан келганича ҳаракат қилдик ва имкон қадар камайтиришга муваффақ бўлдик. Узоқ йиллик коррупцион схемалар шароитига тушиб қолган коррупционерлар камайди. 2022 йилда 11 та ҳолат бўйича 2 та иш ИИВга, 7 та иш Бош прокуратурага, 7 та ҳолат Жиноят қидирув бошқармасига топширилди”, — деб билдирди Божхона қўмитаси раиси Самат Исабеков 9 март куни Facebook'даги саҳифаси орқали “Азаттиқ”нинг саволига жавоб берар экан.

Божхонадаги коррупцион схемалар билан боғлиқ можаро 2018 йилдан буён омма эътиборида. Бу борада Озодлик радиосининг қирғиз хизмати - Азаттиқ радиоси, “Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни тергов қилиш” лойиҳаси (OCCRP) ҳамда “Клооп” нашри ҳамкорлигида бу мавзуда журналистик суриштирувини эълон қилган.


Шу ой бошида “Марказий Осиёда ноқонуний юк ташиш империясини яратгани” айтилаётган ва божхонадаги коррупцияга оид журналистик суриштирувда номи тилга олинган тадбиркор Ҳабибулла Абдуқодирга алоқадор компаниялар Бишкекда йирик меҳмонхона ва масжид қуриши маълум бўлди.

Қурилиш бошланиши муносабати билан Ҳабибулла Абдуқодир ва президент Садир Жапаровнинг ёнма-ён юргани жамиятда турли баҳсларга сабаб бўлди.

Президент Жапаров Абдуқодир ҳақида фикр билдирар экан, уни “мамлакатга сармоя киритган инвестор” деб атади.

Форум

XS
SM
MD
LG