Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:09

COVID-19: Болаларни даволаш учун махсус протокол ҳозирланмоқда — Тошкент яна пандемия ўчоғига айланди


Расмийларга кўра, Ўзбекистонда сўнгги кунларда қайд этилган коронавирус беморларининг 25 фоизини болалар ташкил қилмоқда. Иллюстратив сурат
Расмийларга кўра, Ўзбекистонда сўнгги кунларда қайд этилган коронавирус беморларининг 25 фоизини болалар ташкил қилмоқда. Иллюстратив сурат

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (СЭОЖСХ) Тошкент шаҳар бўлимидан олинган маълумотга кўра, болаларни коронавируснинг янги штаммидан даволаш бўйича протокол ҳозирланмоқда.

Шаҳардаги қатор оилавий поликлиникалар кейинги кунларда коронавирусга чалинаётган беморлар сони ортиб бораётгани, улар орасида болалар ҳам кўпайганини айтмоқда.

Бундан ташқари, Озодлик суҳбатлашган врачлар бу сафар касалликнинг аввалгисидан бироз фарқли клиник белгилари кузатилаётганини қайд этди. Пойтахтлик шифокорлар коронавируснинг янги штамми кенг тарқалмоқда, деган хавотирда.

Аммо шаҳар СЭОЖСХ раҳбарияти янги штамм тарқалаётганига оид хавотирларни рад этди. Озодлик суҳбатлашган масъул шаҳарда коронавирус кўпаяётгани, шунингдек, болалар орасида ҳам “қоришиқ инфекцияга чалиниш” ҳолатлари мавжудлигини тан олди.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Атабековга кўра, шу кунда Ўзбекистонда қайд этилаётган коронавирус беморларининг 25 фоизини болалар ташкил қилмоқда. Расмий айни шу ҳолатни “Британча штамм” тарқалаётганидан далолат сифатида қайд этди.


Тошкент шаҳрининг Бектемир, Сергели, Учтепа, Олмазор, Чилонзор туманларидаги қатор оилавий поликлиникалар шифокорлар, март ойининг иккинчи ўн кунлигидан бошлаб пойтахтда яна коронавирусга чалиниш ҳоллари орта бошлаганини айтмоқдалар.

Шифокорларга кўра, бу галги хасталарда касалликнинг клиник белгилари бироз фарқли кечаётгани кузатилмоқда.

Жумладан, Сергели туманида 30 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган ОП шифокорига кўра, ҳозир қайд этилаётган янги хасталарда ҳид ва таъм билмаслик белгилари кам учрамоқда.

“Ҳозирги беморларда томоқ оғриқ, бош оғриқ, иситма кучли. Кейин таъм ва ҳид билиш йўқолмаяпти, дейишяпти. Ўтган йил роса ковид кучайган пайтда беморларнинг кўпида иситма кузатилмаган, лекин кучли қорин оғриқ, ич кетишлар бўлганди. Бу йил бу аломатдан шикоят қилётганлар ҳам кам. Шунинг учун, одамларда янги штамм, деган хавотир бор. Аммо, биз буни айтолмаймиз, буни лаборатория текшириши керак. Улар жавобини айтиши керак”, деди исми очиқланмаслигини сўраган шифокор.

Шифокорнинг сўзларига кўра, у ишлаётган поликлиника коронавирус беморларини ўтган йили қўлланилган даволаш протоколи ва тартиби асосида даволамоқда, оғир беморлар шифохонага йўлланмоқда.

Бектемир туманидаги ОП шифокори ҳам беморлар сони ортаётгани, янги хасталарда касалликнинг клиник белгилари ўзгаргани кузатилаётганини қайд этди:

“Бош оғриқдан шикоят кучайган, томоқда кучли оғриқ. Таъм ва ҳид билмаслик ҳам бор, лекин ўтган йилгидақа эмас. Мен шахсан буни янги штамм, деб гумон қиляпман. ПЦР-тест фақат коронавирусни аниқлаб беради, уни яна диагностика қилиб штаммини аниқлаш керак. Бизда ҳали унақа ҳали янги штаммга лаборатор диагностика текшируви бошланмади, буни тезроқ бошлаш керак. Чунки, бизга айтишмадиям ҳали. Беморларни эски тартибда даволаяпмиз. Иссиғи чиққанларни Зангиотадаги касалхонага жўнатяпмиз”.

Сўнгги кунларда Ўзбекистон, айниқса Тошкент шаҳрида коронавирусга чалиниш ҳоллари яна орта бошлаган. 29 март куни Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 146 нафарга кўпайди (жами 82 минг 682), бунинг 115 нафари Тошкентда.

Шифокорлар, мактаб ва жамоат жойлари карантинга ёпилмаса, апрель ўрталари ёки охирларига бориб, касаллик янада кенг тарқалиб кетишидан ҳам хавотирда.

Шифокорлар, янги штамм қўшни Қозоғистон ва Россияда аниқлангани, агар Ўзбекистонда ҳам оммавий ёйила бошласа, биринчи галда болаларга юқишига қарши махсус чора-тадбирлар ишлаб чиқилиши зарурлигини таъкидлмоқда.

“Тошкентда аҳоли жуда кўп, қайд этилганидан бир неча баробарга кўп. Вилоятлар ва чет эл билан келди-кетди кўп. Шунинг учун, яна коронавирус ўчоғи бўлиб қолди Тошкент. Мактаблар ишлаяпти, бозорлар очиқ. Транспорт тўла, ниқоб бирда бор, йўқда йўқ. Агар янги штамм келиб қолса, бир ойга қолмай, яна ўтган йилги аҳволга қайтиб қолишимиз мумкин. Болалар учун хавфли, шунинг учун, болаларни карантинга олиш, улар билан бирламчи контактда бўлган бошқа болаларни чеклаш - бунинг алоҳида тартиби йўқ бизда. Масалан, тезкор даволаш гуруҳларига педиатрларни қўшиш керак. Буни тезроқ ишлаб чиқиш керак”, деди Олмазор туманида 23 минг аҳолига хизмат кўрсатадиган ОП бош шифокори.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати (СЭОЖСХ) Тошкент шаҳар бўлимидан олинган маълумотга кўра, болаларни коронавируснинг янги штаммидан даволаш бўйича протокол ҳозирланмоқда.

Хизматнинг ўзини таништирмаган вакилидан олинган маълумотга кўра, келгусида болалар махсус “8-протокол” билан даволанади:

“8-протокол ишлаб чиқиляпти ҳозир. Ўша асосида болалар даволанади. Албатта болаларни даволашда ўзига хос фарқлар бор, айрим препаратларда. Кейин ҳар битта организмга ўзига хос ёндашилади, беморни даволашда. Ҳозирча, шаҳарда эски COVID-19 касаллиги чиқяпти. Биттагина болада “Британча штамм” аниқланди. Дубайдан қайтган 14 ёшгача болада, шаҳарда бошқа болаларда янги штамм чиқмади”.

Бу ходим, кейинги пайтларда болаларда мавсумий ичкетар касаллиги билан коронавирусга бирдан чалиниш ҳоллари учраётганини қайд этди:

“Микс инфекция” дейилади. Мавсумий диарея билан ковидга бир пайтда чалиниш. Зангиотада коронавирус беморларига очилган касалхонада болаларга битта алоҳида бўлим очилган. Педиатрлар болаларни даволаяпти ҳозир”.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизмати бошлиғи ўринбосари Нурмат Атабеков, 23 март кунги чиқишида ҳозир касалланаётган беморларнинг 25 фоизгача бўлган қисми болалар эканини маълум қилганди:

“Агар ўтган давр мобайнидаги статистик маълумотларга аҳамият берадиган бўлсак, умумий касалланганларнинг 2-5, баъзан 5-7 фоиз болаларга тўғри келган. Ҳозирга келиб эса, бу кўрсаткич 25 фоизгачани ташкил этмоқда. Албатта ушбу рақамларга асосланиб, республикамизда касалланганлар, айниқса улар орасида болаларнинг кўплигини инобатга олиб, янги ҳолатлар “Британча” штамм билан боғлиқ дейишимиз мумкин”.

Мулозим янги касалланиш ҳолатларида коронавируснинг қандай штамми аниқланганидан қатъи назар, ташхис, даволаш ва профилактика чоралари бирхил қолишини билдирган.

Аммо коронавируснинг COVID-19, “Британча”, “Бразилияча”, “Жанубий Африкача” ёки мутация натижасида юзага келган бошқа янги штаммларини қайд этаётган Европа давлатлари профилактика чораларини ўзгартирди.

Мисол учун Чехия ва яна бир неча Европа давлатларида оддий матодан тикилган ниқоблар ўрнига респиратор ниқоблар мажбурий жорий қилинди. Чехияда ташкилотлар ишчиларига антиген негатив тестсиз ишхонага кириши тақиқланди.

Коронавируснинг янги тури тўғрисида илк хабарлар декабрда тарқалган. Бу тур Буюк Британияда аниқланди, кейинчалик мутацияга учраган вирус бошқа мамлакатларга тарқала бошлади.

“Британча штамм” юқумлироқ бўлгани учун тезроқ тарқалади ва шу билан касалланганлар ва шифокор ёрдамига муҳтож бўлганлар сонини кўпайтиради. Бу штаммнинг хавотирли тарафи, у болалар орасида нисбатан тез ёйилади ва кузатувларга кўра, болаларда аввалги турига нисбатан оғирроқ кечади.

Ушбу штамм классик турдаги коронавирусдан клиник белгилари билан фарқ қилади: йўтал, томоқ оғриғи, кучли чарчоқ, юқори иситма ва мушакларда оғриқ кўпроқ кузатилади. Ҳид ва таъмнинг йўқолиши эса, аксинча, деярли кузатилмайди. Иккала вариантга ҳам бош оғриғи ва овқат ҳазм қилиш билан боғлиқ муаммолар хос.

“Британча штамм” нафақат Ўзбекистон, балки дунё аҳолиси орасида қанчалик тарқалганлиги ҳамон номаълумлигича қолмоқда, чунки Ковид-19 билан касалланган барча беморларда ҳам қўшимча таҳлиллар ўтказилмайди.

Ўзбекистонда қўшимча таҳлиллар ҳозирча фақат Инновацион ривожланиш вазирлигида ўтказилмоқда. Расмий баёнотга кўра, вазирликнинг коронавирус штаммини аниқлайдиган қўшимча таҳлиллари 5 кунга чўзилади.

XS
SM
MD
LG