Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:16

Бойсундаги газ конида портлаш. Нима маълум?


Бойсун туманидаги "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конига қарашли 604-сон қудуқда содир бўлган портлаш оқибатида тарқалаётган заҳарли газ аҳоли соғлиғига хавф солмоқда.
Бойсун туманидаги "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конига қарашли 604-сон қудуқда содир бўлган портлаш оқибатида тарқалаётган заҳарли газ аҳоли соғлиғига хавф солмоқда.

Ўзбек энергетиклари ва фавқулодда хизматлари мамлакат жанубидаги йирик газ конида юз берган портлаш ва ёнғин оқибатларини бартараф этишга уринмоқда.

Сурхондарё вилоятининг Бойсун туманидаги “Кўлқамиш” МФЙ ҳудида жойлашган "Мустақилликнинг 25 йиллиги" конига қарашли 604-сон қудуғида 1 сентябрь куни соат 15:17 да портлаш содир бўлган.

Ўзбекистон ФВВ берган маълумотга кўра, қудуқда бурғулаш ишлари олиб бориш вақтида технологик жараённинг бузилиши натижасида олтингугурт, яъни водород сулфид гази чиқиши кузатилган.

Аҳоли хавфсизлигини таъминлаш мақсадида кон яқинида яшовчи фуқаролар хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган.

Қудуқдан ҳали ҳам заҳарли газ чиқишда давом этмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:22 0:00

Фуқаролар орасида тан-жароҳати олиш ва ҳалок бўлиш ҳолатлари қайд этилмаган. Вазият тўлиқ назорат остида, дейилади расмий хабарда.

Аммо ижтимоий тармоқларда Enter Engineering ширкатининг тўрт нафар ишчиси ҳодиса жойида ҳалок бўлгани ҳақида тасдиланмаган маълумотлар пайдо бўлди.

Enter Engineering ширкатининг вахта шаҳарчасидаги барча ишчилар дарҳол эвакуация қилинган. Иш уч кунга тўхтатилган.

Шунингдек, ҳодиса бўлган жой яқинидаги Бойсун туманининг Кофрун қишлоғидаги аҳоли туни билан автобусларда Бойсун марказидаги “Алпомиш” стадионига, мактаблар спорт залларига, янги қурилган уйларга, касалхоналарга кўчирилган.

Воқеа содир бўлган жойдан олинган ва ижтимоий тармоқларда ёйинланган видеоларда авария содир бўлган жойдан ҳиди палағда тухумни эслатувчи заҳарли газ, водород сулфид чиқаётгани ва ҳавонинг заҳарланиш даражаси 13,9 мг/метр кубга етганлигини кўриш мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг санитария меъёрларига кўра водород сульфат 2 синфли хавфли модда бўлиб, унинг ҳавода рухсат этилган меъёри 0.008 мг/м³ дир.

Суриштирувга жавоб: Газсизлик ва сассизлик
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:13 0:00

Расмий маълумотларга кўра, водород сулфид гази энг аввало инсоннинг нерв тизимига таъсир қилиб, кучли бош оғриғи, қалтираш келтириб чиқаради ва комага тушириш мумкин. Ҳавода водород сулфид концентрацияси 6мг/метр кубдан ошса бош оғриғи, айланиши ва кўнгил айниши бошланади.

"Ҳаво жуда бузилган. Сассиқ тухумнинг ҳиди келяпти. Нафас олиб бўлмайди. Уйда қамалиб ўтирибмиз", дейди бойсунликлардан бири.

Кофрун қишлоғида истиқомат қилувчи Қурбонбобо Сафаровнинг айтишича, беш минг кишилик қишлоқ аҳли туни билан эвакуация қилинган:

"Туш пайти эди, кучли портлаш овози эшитилди, қўрқиб кетдик. Бироздан сўнг сассиқ ҳид босиб кетди. Уйларга кириб кетдик. кечаси хабар бўлди, эвакуация. Кечаси соат иккида бола-чақа билан 55-мактабга бориб ётдик. Невараларим, аёлларни ҳаммасини Термизга жўнатиб юбордим. Ҳозир ўзим қишлоққа келиб молларга ўт сув бериб кетяпман. Бу ёмон газ экан, нафасни қисади".

Кофрун қишлоғи аҳолиси кўчирилган, қишлоқ бўм-бўш
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:42 0:00

Ҳодиса жойига Бош вазир ўринбосари Очил Раматов, фавқулодда вазиятлар вазири А.Қўлдошев, энергетика вазири Ж.Мирзамаҳмудов, Сурхондарё вилояти ҳокими У.Қосимов ҳамда «Ўзбекнефтгаз» АЖ бошқарув раиси Б.Сидиқов етиб борган.

Расмий хабарда тезкор штаб ташкил қилингани ва техноген офат асоратларини бартараф этиш бўйича зарур чоралар кўрилаётгани таъкидланади.

Озодликка келган видеоларда ишчилар махсус кийимлар кийиб ва кислород баллонлари таққан ҳолда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш учун кетаётганини кўриш мумкин.

Кофрун қишлоғи айни пайтда ҳувиллаб қолган. Оиладан бирор киши қишлоққа келиб, уй ҳайвонларининг суви ва ем-хашагини бериб кетмоқда.

"Жуда хавфли вазият бўлди. Қишлоқда ҳеч ким қолмади. Ҳаммага жон ширинда, ташлаб кетди. Ҳозир ҳам сассиқ ҳид бор, чидаш қийин", дейди бойсунликлардан бири.

Тасдиқланган заҳираси бўйича минтақадаги энг йирик (109 миллиард кубметр) ҳисобланган айнан ана шу “Мустақилликнинг 25 йиллиги” газ кони муқаддам Озодлик суриштируви марказида бўлган.

Йирик газ захираларига эга Ўзбекистон ўтган йили расман газ экспортчисидан газ импортчисига айланди.

Газпром раҳбари Алексей Миллер ўтган ҳафта берган маълумотга кўра, Ўзбекистонга газ етказиб бериш қишдаги максимал даражада, кунига 9 млн.куб ҳажмида амалга оширилмоқда.

Аммо Ўзбекистон расмийлари берган статистикасига кўра, 7 ойда 983,7 млн.долларлик газ импорт қилинган.

Иқтисодчи Отабек Бакировнинг ёзишича, “бу ўртамчилар қўшиб шиширилган 220 долларлик нархда ҳам бу 4,5 млрд.куб газ ёки кунига 21 млн.куб газ импорт қилинаётганини англатади”.

Газпром томонига кўра, Ўзбекистонга газ етказиб бериш ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 2 баробарга ошган, ўзбек томони берган рақамлар эса газ импорти деярли 5 баробар ошганини кўрсатмоқда.

Ўзбек расмийлари ҳозиргача икки томон статистикасидаги тафовут юзасидан бирон изоҳ бергани йўқ.

Отабек Бакировнинг фикрича, Россия газининг бир қисми Хитойга реэкспорт қилинаётган бўлиши мумкин.

Форум

XS
SM
MD
LG