Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:28

Тошкентликлар бозор-ўчар қилиш учун Қозоғистонга қатнаяпти


Кейинги пайтларда Тошкент ва унинг атрофида яшовчи аҳоли орасида кундалик ҳаражатлар учун Қозоғистон бозорларига бораётганлар кўпаяпти. Ўзбек-қозоқ чегарасидаги Ғишткўприк пости ёнидаги Қозоғистонга қарашли бозордаги нарх-наво Ўзбекистондагига нисбатан 30-40 фоизга арзонлиги айрим тошкентликлар учун қўл келмоқда. Тошкентликлар товар олиб келишга қўйилган 10 долларлик чеклов ва чегарадаги муаммолар Мирзиёевнинг Қозоғистонга ташрифи натижасида барҳам топишидан умидвор бўлмоқда.

Бозор қилиш учун Ташморедан Черняевкага

Тошкент вилоятида яшовчи 30 яшар Лайло уч боласини боқиш мақсадида Қозоғистонга ўтиб, бозор-ўчар қилиб келишга мажбурлигини айтади:

“Ташмореда яшаймиз. 3 болам бор. Боғчада ишлайман. Ойлигим кам. Шунинг учун ҳар ой ҳаражатларни "Черняевка”дан қилиб келаман. 5-6 доллар арзон тушади. Бу ҳам пулда. Ҳар ой қатнаганим учун паспортда муҳр кўпайиб кетган. Шунинг учун Янги йилда чегарадан қайтариб юборишди. Лекин кейин боргандим, яна ўтказиб юборишди. Бир борганимда 10 доллардан кўп олибсан, деб конфетларимни олиб қолди. Лекин шунга қарамай болаларимга арзонроқ нарса олай деб, ҳар ойда бир марта бориб келишга мажбурман”, дейди Лайло Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Лайло Мирзиёевнинг Қозоғистонга расмий сафари натижасида ўзбек-қозоқ чегарасидан ўтиш ўзи сингарилар учун осонлаштирилиши ва айни пайтда 10 долларлик чеклов олиб ташланишига умид қилади.

"Ўлчанг: Фақат бир килодан"

Тошкентлик Гулнора опа ҳам ўзбек-қозоқ чегарасидан ўтиб, Қозоғистон бозоридан савдо қилиб келаётганлардан биридир. Гулнора опанинг Озодлик билан суҳбатда айтишича, яқинда эри билан Қозоғистонга ўтиб, кундалик ҳаражатлар учун савдо қилиб келган:

- Биз хўжайиним иккаламиз машинада икки марта ўтдик. Ҳар биримиз 5 килолик битта баклажкада биттадан ёғ олдик, 1 килодан конфет, 1 килодан кир ювадиган порошок. 1 та зубной паста, 1 та 1 килолик маргарин, 1 та шампун. Ҳаммасидан битта-битттадан олдик. Ҳамма ўша ёққа боради.У ёқдан ҳамма нарса олишади. Ҳатто макарон, сариёғ олишади. Рўзғорга керак ҳамма нарсани у ердан сотиб олиш мумкин,- дейди Гулнора опа.

Суҳбатдошимизга кўра, ушбу бозор ўзбек-қозоқ чегарасидаги Ғишткўприк постидан Қозоғистонга ўтган жойда, чегара пости ёнида жойлашган:

- Шундоқ чегарадан ўтсангиз, Қозоғистон томондан чиқасиз, сразу ўнгда кичкина кўча, қинғир-қийшиқ, лой, даже йўл ҳам йўқ, ботқоқ кўча. Ўша кўчада савдо расталари жойлашган. Кичкина-кичкина будкалар қўйиб қўйишган қозоқлар. Бир хиллар вагон олиб келиб қўйган. Ўша вагонга прилавкалар қилиб, сотишаяпти, - дейди тошкентлик аёл.

"Қозоқларда арзон"

Қозоғистондаги ушбу бозор нархлари Ўзбекистонга нисбатан арзонлиги боис айрим тошкентликлар ҳаражатни ўша ердан қилишни маъқул кўраяпти.

- У ёқда ҳамма нарса бизга нисбатан 30-40 фоиз арзон. Масалан, зубной паста бизда 10 минг сўм бўлса, у ерда 6-7 мингга тушади.1 кило конфетдан тахминан 1 доллар пул қолади, - дейди Гулнора опа.

Озодлик Ғишткўприк чегара постидаги божхоначилардан бири билан суҳбатлашганида, у кунига ўнлаб одам айнан Қозоғистондан савдо қилиб қайтиш учун чегарадан ўтишини айтди. Бироқ уларнинг аниқ сони ҳисобланмаганини ҳам қўшимча қилди.

10 долларлик чеклов

Суҳбатдош Гулнора опанинг айтишича, Қозоғистондан савдо қилиб келаётганларни қийнайдиган битта муаммо борки, бу Ўзбекистон чегарачилари умумий қиймати 10 доллардан зиёд товарни чеклашидир.

- У ерда ёзиб қўйишган: Бир ўтганда 10 долларга нарса олиб келинглар деб. 10 долларни давлат нархида ҳисоблайди. Биз борган пайтимизда 3 минг сўм атрофида эди. 30 минг сўм бўларди 10 доллар. 30 мингга 1 кило конфет беради. Одамлар ҳеч бўлмаса, 20 долларлик нарса олиб келишга ҳаракат қилади,- дейди тошкентлик аёл.

Гулнора опа ўзбек чегарачилари 10 доллардан зиёд нарса олганларни қайтариб юбориши ёки товарини мусодара қилишини айтди:

- Обратка деган сўзи бор, қайтариб юборади ёки нарсангизни олиб қўйишади. Баъзи хотинлар йиғлаб, ўзини касалга солиб, ҳушидан кетиб қолгандай қилишади. Баъзи пайтлари раҳми келгандан ўтказиб юборишади. Яна баъзи пайтлари паспортида кўп печать бўлса, киргизмайди, умуман у ёққа ўтказмайди,- дейди Гулнора опа.

"Бошқа бормайман"

Тошкентнинг Чилонзор туманида яшовчи Ҳолида опа чегара яқинидаги қозоқ бозорига борганида, ўзбек божхоначилари товарларини олиб қўйганидан сўнг бошқа бормагани ҳақида гапирди:

"Мен 4 марта боргандим. Охирги борганимда 10 доллардан кўп нарса олибсан деб, нарсаларимнинг ярмини олиб қолди. Шундан кейин умуман бормадим дейди", Ҳолида опа.

Ўзбекистонда белгиланган тартибга кўра, чегарадош давлатлар - Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Афғонистон ва Туркманистондан 10 доллардан зиёд нархда товар олиб келинса, бож тўлови жорий қилинган.

1996 йилнинг 10 сентябрида қайдга олинган ва 2010 йилнинг 4 январида ўзгартиш киритилган “Жисмоний шахслар томонидан Ўзбекистон Республикаси ҳудудига товарларни божсиз олиб кириш” ҳужжатига кўра, Ўзбекистон билан бевосита чегарадош бўлмаган давлатлардан 1000 долларгача бож тўловисиз товар олиб кириш мумкин.

XS
SM
MD
LG