Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:48

Бухоролик тадбиркорларнинг прокурор ва ҳоким билан учрашуви норозилик акциясига айланди (ВИДЕО)


10 декабрь куни Бухоро вилояти прокуратураси биноси олдига тўпланган тадбиркорлар.
10 декабрь куни Бухоро вилояти прокуратураси биноси олдига тўпланган тадбиркорлар.

10 декабрь тонгда 100 нафарга яқин тадбиркор, қарийб икки йилдан бери давом этаëтган алдов ва ëлғонларга чек қўйишни сўраб, Бухоро вилоят прокурори олдига борди.

Арзчиларнинг Озодликка айтишича¸ 2017 йил бошида шаҳар марказидаги “Дилкушо” бозори бузилиши бошланганида ҳокимият вакиллари томонидан берилган ваъдаларнинг бирортаси бажарилмагани тадбиркорлар тоқатини тоқ қилган.

Тадбиркорлар прокуратура тизимидан бу жараëнда маҳаллий ҳокимлар томонидан давом этаëтган қонунсизликка барҳам беришни сўрамоқда.

“Дилкушо” бозоридан қувилган 100 га яқин бухоролик тадбиркор вилоят прокурорига арзга борди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:19 0:00

Прокурор ҳузуридаги йиғин

Ўтган йил бошида Бухоро марказидаги “Дилкушо” бозори маҳаллий ҳокимият қарори билан бузилганидан бери ишсиз ва киримсиз қолган 600 дан ошиқ тадбиркордан 100 нафарга яқини 10 декабрь куни Бухоро вилоят прокуратураси биносида вилоят прокурори Баҳриддин Валиев ва шаҳар ҳокими Карим Камолов билан учрашди.

Бухоролик тадбиркорлар вакиллари Ўзбекистон Бош прокуратурасининг тадбиркорлик субъектлари ҳимоясини таъминлашга масъул мулозимларига арз қилиб борганидан сўнг¸ ўтган ҳафта Бош прокуратура вакили Ëқубжон Ўктамов Бухорога келиб¸ маҳаллий мулозимлар билан вазиятни муҳокама қилиб кетган.

Душанба¸ 10 декабрь куни 100 га яқин тадбиркор вилоят прокуроридан бу муҳокамалар сўнггида ўз муаммоларига қандай ечим топилганини аниқлаб олиш учун келган.

“Биз¸ асосан аëллар қарийб икки йилдан бери 600 дан ошиқ тадбиркорнинг ҳокимлик расмийлари томонидан алдаб келинганини айтдик. Бозор бузилиши олдидан бизга қуриладиган янги супермаркетдаги дўконларнинг 50 фоиз арзонга ўзимизга сотилишини ваъда қилдилар. Кейин¸ янги бозордан жойни арендага берамиз дедилар. Кейин¸ бу ерда кўп қаватли дом қурилади¸ бошқа жойдан берамиз¸ дедилар. Икки йил бўлаяпти¸ ëш болани алдагандек алдаб келишаëтганидан ҳамманинг тоқати тоқ бўлди”¸ деди бу мажлисда бевосита қатнашган тадбиркорлардан бири шахси очиқланмаслигини сўраб.

Бухоро вилоят прокуратураси биносида ўтказилган мажлиснинг Озодликка юборилган аудиоëзувидан¸ арзчиларнинг кескин оҳангда¸ баъзан йиғлаб гапиргани эшитилади.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 1:04:38 0:00
Бевосита линк

Гапирганлар “Дилкушо” бозори бузилишининг аввал бошданоқ президент қарорларига зид тарзда бошлангани¸ бу ерда дўкони бўлган 610 дан ошиқ тадбиркорнинг ҳаëти икки йилдан бери остин-устун бўлиб¸ бир неча тадбиркорнинг бедодликка чидолмай¸ "ўлиб кетгани"ни айтади.

Ечимсиз тарқаган йиғин

Бухороликлар орасида “Критий бозор” номи билан танилган “Дилкушо” бозори бузилгунга қадар бу ерда дўкони бўлган тадбиркорлар 10 декабрь куни прокурор ва ҳокимдан бозор ҳудудида қурилаëтган уч қаватли янги савдо комплексидан ўзларига имтиëзли нархда дўкон берилишини талаб қилган.

Озодликка юборилган аудиоëзувда вилоят прокурори Баҳриддин Валиев қайта-қайта ўзининг халқ тарафида эканини айтиб¸ тўпланганлар талабини расмий протоколга киритишни сўрайди.

Аммо шаҳар ҳокими Карим Камолов¸ янги бозорнинг номи сир қолаëтган инвестори ундаги дўконларни сотиб бўлганини айтиши ортидан бошланган эътирозлар ортидан йиғин бирор аниқ ечим ва тўхтамга келмай туриб тарқайди.

"Икки йилдан бери айни гапни эшитавериб чарчадик¸ шунга бу мажлисдан фойда йўқлигини тушуниб¸ норозилик тариқасида уни бирма-бир ташлаб чиқиб кетдик. Вилоят прокурори хоҳлаган тақдирда ҳам вилоят ҳокимига қарши иш қилолмайди. Энди адолат сўраб яна Бош прокуратура ва президент девонига боришимизга тўғри келади"¸ дейди ўтган ҳафта президент девонидан аниқ бир ечимсиз қайтган бухоролик тадбиркорлардан бири.

Бухоролик тадбиркорлар¸ “Дилкушо” ҳудудидаги дўкондорларни қақшатаëтган Бухоро вилояти ҳокими Ўктам Барноевнинг ўзи экани¸ ҳоким улардан тортиб олинган ҳудудни ўз укасига олиб берганини иддао қилмоқда.

Айни шундай иддаони улар Кун.уз нашрига ҳам билдирган¸ аммо ҳозирча бу маълумотнинг ҳуқуқ тизимлари томонидан текширилаëтганига оид бирор аломат йўқ.

Озодлик учрашув якунига оид маълумот олиш мақсадида Бухоро шаҳар ҳокими ва унинг ўринбосарлари¸ Бухоро вилоят прокуратураси ва Бош прокуратура мулозимларига мурожаат қилди.

Аммо улардан 10 декабрь кунги йиғин бўйича бирор изоҳ олишга ҳозирча муваффақ бўла олмади.

XS
SM
MD
LG