Маориф¸ илм-фан ва маданият бўйича БМТ бошқармаси – ЮНЕСКО вакиллари 25 январь куни Бухорога бориб қадимий обидаларнинг сақланиши борасида ҳавотирга сабаб бўлган масалани маҳаллий мулозимлар билан муҳокама қилди.
ЮНЕСКО вакиллари Бухорога шаҳардаги тарихий обидаларга шикаст етгани учун келган.
Бундан олдин Ўзбекистон маданият вазири Бахтиёр Сайфуллаев Ўзбекистон бўйича 259 та объект жиддий тарзда шикастлангани ҳақида маҳаллий матбуотга билдирган эди. Шикастланган бинолар ичида Бухоро обидалари ҳам бор. Бухорода хом ғиштдан бўлган обидалар сурункали ëмғир оқибатида қисман бузилганини айтди Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот вакили Мавлуда Асқархўжаева Озодлик билан 30 январь кунги суҳбатда.
Мулозим ваъдаси
ЮНЕСКО вакилларига ҳамрохлик қилган Бухоро вилоят ҳокимининг туризм масалалари бўйича ўринбосари Ботир Шаҳриëров Озодликка суҳбат берди. Суҳбат давомида мулозим ЮНЕСКО изнисиз обиданинг "битта ғишти иккинчи жойга кўчмайди", деб айтди:
“Тарихий обидани консервация қилиб сақлаш масаласида ЮНЕСКО вакиллари тавсия берди. Биз ҳам шуни маъқулладик. Чунки туристлар асл Бухорони кўриш учун келади".
Зах емирган обидалар
Исми айтилишини истамаган бухоролик реставратор уста Озодлик билан суҳбатда Бухородаги обидаларга шикаст етгани учун ЮНЕСКОдан тафтишчи келганини айтаркан, бундай деди:
“Меъморий обидалар масаласида Бухорода аҳвол мушкул. Кўрган бўлсангиз обидалар ëмғир тагида қолиб кетгани ютубларга ҳам чиқиб кетди. Буни таъмирлашга ЮНЕСКО маблағ ажратган эди. Реставрация учун ЮНЕСКОнинг жиддий талаблари бор. Ўзбекистон тарафи шуни бажара олмади. Кўп таъмир қилинган жойлар тўкилиб тушди. Лаби ховуз атрофини йўл қиламан деб архитектура ансамбли уйғунлигига рахна солиишди".
Бухоро вилояти туризм департаменти раҳбари Фурқат Хўжаев Озодлик билан 30 январь кунги суҳбатда Лаби ховуз бўйидаги йўл таъмир қилинганини эътироф қилди:
“Йўллар ўйдим-чуқур. Тарихий қиëфасини бузмаган тарзда йўлни ремонт қилиб қўйдик. Кўп қадимий бинолар намдан зарар кўргани ҳам тўғри. Олдин заҳкаш дренажлар бўлган. Шуларни тикламоқчимиз. Албатта, бу ишларнинг ҳаммаси ЮНЕСКО тавсия қилган шаклда бўлади".
Тарихий марказ ЮНЕСКО ҳимоясида, аммо буфер зонада нега қурилиш кетяпти?
1993 йили ЮНЕСКО Бухоро шаҳрининг тарихий маркази ва шаҳардаги қатор тарихий обидаларни Умумжаҳон мероси рўйхатига киритган.
ЮНЕСКО Бухоро тарихий марказини “Ипак йўли бўйида жойлашган 2000 йилдан қадимроқ тарихга эга¸ ўрта асрларда шаклланган маданий қиëфасини деярли асл ҳолида сақлаб қолган шаҳар", деб таърифлаган.
Қадимий обидаларини сақлаб қолган Бухоронинг 216 гектарлик тарихий қисми Умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган бўлса¸ унга туташ 339 гектарлик ҳудуд ЮНЕСКО томонидан буфер зона деб эътироф этилган.
Харитада ЮНЕСКО рўйхатига киритилган тарихий ҳудуд қизил доира ичига¸ буфер зона эса¸ сариқ доира ичига олинган.
Озодлик суҳбатлашган бухоролик реставраторнинг айтишича¸ буфер зонада қурилаëтган сайëҳлик маркази ва икки қаватли бозор ЮНЕСКО танқидига учраган.
- Буфер зона дегани темир бетондан бозор қур дегани эмасда. Буни ЮНЕСКО билан келишиш лозим эди¸ - деди реставратор
Жаҳон маданий ва табиий меросини муҳофаза қилишга оид 1972 йилги халқаро конвенцияни ратификация қилган давлат сифатида Ўзбекистон¸ ЮНЕСКО томонидан белгиланган тарихий ҳудуд ва буфер зонада бирор таъмир ëки қурилиш қилишдан олдин¸ ЮНЕСКОнинг Парижда жойлашган Умумжаҳон мероси маркази билан мувофиқлаштириши лозим.
Ўзбекистон Маданият вазирлиги мулозими Мавлуда Асқархўжаева Озодлик билан 30 январь кунги суҳбатда “Бугунга келиб Бухоронинг тарихий қисми ва буфер зонасидаги барча қурилишлар тўхтатилгани” билдирди.