Москвада фаррошлик қилаётган бухоролик Нодирбек Тўраевдан уйига келаётган маҳаллий ҳарбий комиссариат ходимлари 5,2 миллион сўм тўлашни талаб қилмоқда.
Бундай маблағи йўқлигини айтаётган 19 яшар сафарбарлик чақируви резервидаги муҳожир йигит Россияда пул ишлаб қайтиши ва “ватанига албатта хизмат қилиб беришини” айтади.
"Ҳарбий хизматни тўлашга пулим йўқ!"
Озодлик таҳририятига мурожаат қилган Бухоро вилояти Пешкў туманилик Нарзулло Тўраев маҳаллий Мудофаа ишлари бошқармаси укаси Нодирбекнинг муқобил ҳарбий хизмати учун 5 млн 200 минг сўм тўлов ўтказишни талаб қилаётганини маълум қилди.
Ҳозирда Россиянинг Красноярск шаҳрида металл кесувчилик касби бўйича ишлаётган Нарзулло бу тўловни кечиктириб туришни сўрамоқда:
- Россиядан мурожаат қиляпман. Пешкўдаги уйимизга ҳар куни ҳарбий чақирувдан одам келиб, 2002 йилда туғилган укам Нодирбек Тўраев учун 5 200 000 сўм беришимизни сўраяпти экан - у 1 ой Ватанимизга хизмат қилиши учун экан. Онам айтадиларки, “бу одам келиб, 1-2 соат уйда ўтиради, пул топиб беринг”, деб. Ўзимиз қарзга ботиб, 1 500 доллар қарз қилиб, Россияга келдик. Уйимизда ошхонамизни эшик-деразаси йўқ, биргина аёлим 700 000 минг сўмга магазинда сотувчи бўлиб ишлайди, у ҳам 3 марта операция бўлган. Ҳали қарзимизни бериб бўлганимиз йўқ. Қиш яқинлашяпти – ўтин олишимиз керак. Ҳукуматимиздан уйимизнинг шароитини кўриб чиқишларини ва ёрдам беришларини истардик.
Нарзулло Россияга укаси билан кетганига уч ойча бўлгани ва қарзларини тўлашга ҳали етарли маблағ йиғолмаганини билдирди.
Бухоролик муҳожир унинг укаси билан қарамоғида Бухорода нафақадаги отаси-онаси, аёли, иккита фарзанди, ногирон амакиси ва 85 га кирган кекса момоси борлигини ҳам маълум қилди.
Маълум бўлишича, сафарбарлик чақируви резерви сафида бўлган 19 яшар Нодирбек Тўраев ҳозир Москвада “дворник” бўлиб ишлайди.
Озодлик мухбирлари билан суҳбатда у туманга қайтса, албатта ҳарбий хизматга бориши ва зарурий тўловларни тўлаб беришини айтади.
- Москванинг Домодедовский районига дворник бўлиб энди ишга кирдим.Шароитимиз йўқ ҳозир – уйда ишлайдиган бирорта одам йўқ, мажбурликдан келдим. Энди ишга кирдим – ҳали ойлик олганим йўқ. Ҳужжатларни топширдим, ишга рухсатнома қилдим. Ўзимнинг ниятларим бор – уйга борсам, албатта ҳарбий хизматга бораман, деди Нодирбек.
Муҳожир йигит етарли маблағ йиғиб, яқин келажакда Ўзбекистонга қайтиб, “экологияни муҳофаза қилиш” мутахассислиги бўйича олий таълим муассасасига ўқишга кириш истаги борлигини ҳам айтди.
"Кам-камдан тўлайверсин"
Бухоро вилояти Пешкў тумани Мудофаа ишлари бўйича бўлими ходими Умид Назаров Озодлик билан суҳбатда 5,2 миллионли тўлов ҳарбий хизматга мажбур сафарбарлик чақируви резервидагиларга (СЧР) қонун асосида тайинланганини билдирди:
- СЧР ҳарбий хизматида у йигит. Россиядан келганидан кейин 28 кунлик хизматга бориб келаверади, лекин уни тўлови бор. Ҳозир Россияда ишини қилаверсин! Лекин рўйхат бўйича қанчадир тўлов қилиб қўйиши керак – бирор сўм тўланмаган! Мен уларнинг оиласи аҳволини ҳам биламан, лекин кам-камдан тўлаши мумкин эди. Жами 5 миллион 254 минг сўм тўлаши керак. Ўзбекистон бўйича СЧР учун шу сумма белгиланган қонунда, -деди мудофаа бўлими ходими.
Умид Назаровнинг айтишича, оғир хасталанган ёки кам таъминланган оилалардан бўлган хизматга чақирувчи йигитларга Мудофаа вазирлиги томонидан тўлов муддатини кейинга қолдириш тартиби ҳам мавжуд.
- Ҳозир бемалол ишласин - хавотир олмасин, камини тўлдирсин. Келганидан кейин тиббий кўрикдан ўтади ва бир ойга бориб келаверади, - деди зобит.
Ҳарбий ҳисоб столи бошлиғи бўлиб ишлашини гапирган суҳбатдош ҳар бир маҳаллада 30-40та чақирув ёшидаги йигит сафарбарлик чақируви резервида туришини маълум қилди.
Аниқланишича, ҳар бир ҳисоб столи бошлиғига 2-3 маҳалла бириктирилади: у ўзига бириктирилган маҳалла рўйхатида 55 нафар резервчи борлиги ва уларнинг ҳар бири энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари, яъни 5,2 миллион сўмдан тўлаб, бир ойлик ҳарбий хизмат ўташга мажбур эканини маълум қилди.
Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат (СЧР) нима?
Сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат — ҳарбий хизматга, шу жумладан чекланишлар билан яроқли бўлган, чақирилиш муддатини кечиктириш ва чақирилишдан озод этилиш ҳуқуқига эга бўлмаган, бироқ навбатдаги чақириқ давомида Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари сафига чақирилмайдиган шахслар томонидан ўталадиган ҳарбий хизмат тури деб белгиланган.
“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Қонуннинг 6-моддасига мувофиқ, “сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат ҳудудий принцип асосида ойлик йиғинлар тарзида ташкил этилади ҳамда чақирилувчилар томонидан Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг махсус ҳисобварағига пул бадаллари киритилишини назарда тутади”.
Қонунда, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматга ҳамда сафарбарлик чақируви резервидаги хизматга чақирилиш муддатини кечиктириш тартиб-қоидалари ҳам мавжудлигини кўриш мумкин.
Ҳужжатда сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат сафига шахслар 27 ёшга тўлгунга қадар олиниши ва ҳар йилги ҳарбий йиғинларга жалб этилиши мумкинлиги ҳам белгиланганини кўриш мумкин.
СЧРга олинган ўзбекистонлик ёш йигитлар тўлайдиган пул бадаллари миқдори ва уларни тўлаш тартиби Ўзбекистон Президенти томонидан тасдиқланадиган алоҳида низом билан белгиланар экан.
Бу маблағлар резервдагилар билан йиғинларни ўтказиш харажатлари ўрнини қоплашга, маъмурият таъминотига, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг моддий-техника базасини ривожлантириш ҳамда мустаҳкамлашга, жумладан биноларни таъмирлаш ва қуришга, мудофаа ишлари органларидаги сафарбарлик чақируви резервидаги хизматчиларни ҳисобга олувчи ходимларнинг таъминотига, Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги эҳтиёжлари учун қурол-яроғ, ҳарбий-техника мол-мулки ва ўқ-дориларни харид қилишга мақсадли тартибда йўналтирилиши айтилади.
2018 йил 2 февралда Ўзбекистонда сафарбарлик чақируви резерви хизмат қилиш ҳақи учун тўлов 1 млн. сўмдан кўпга пасайтирилган эди.
Президент Шавкат Мирзиёев имзолаган Фармонга биноан, сафарбарлик чақируви резерви хизматига қабул қилинган ватандошлар энг кам ойлик иш ҳақининг 20 баробари, яъни 3 444 800 сўм этиб белгиланганди (Бунгача тўлов энг кам ойлик иш ҳақининг 27,5 баробари, яъни 4 736 600 сўмни ташкил этган).
“Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига асосан 2003 йилдан бошлаб чақирув ёшидаги фуқаролар учун ҳарбий хизмат тури сифатида сафарбарлик чақируви резервидаги хизмат жорий этилган.
Мутахассислар Ўзбекистон қисқартирилган пулли ҳарбий хизматни жорий қилган саноқли мамлакатлар қаторида эканини айтиб келади.
Жумладан, Сенат қошидаги Мудофаа ва хавфсизлик масалалари бўйича қўмитаси раиси Фаррух Дадахўжаев оилаларнинг ижтимоий ва моддий ҳолатини баҳолаш тўғрисидаги низомнинг йўқлиги, бу сафарбарлик чақирув резервида бир ойлик хизматни ўташ учун бадал пулини жорий этишда коррупция ва бошқа қонунбузарликлар учун жуда қулай шароит яратиб бераётганини танқид қилган эди.
Globalfirepower.com сайти ҳисоб-китобича, бугунги кунда Ўзбекистон Қуролли Кучлари 70 минглик ҳарбий контингентдан иборат.