Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 16:59

Мирзиёев "пахта даври" тугаганини эълон қилди - бюджет ходимлари яна пахтада (ВИДЕО)


Пахта мавсуми бошланиши билан мажбурий меҳнат ҳақидаги хабарлар ҳам кела бошлади. Иллюстратив сурат
Пахта мавсуми бошланиши билан мажбурий меҳнат ҳақидаги хабарлар ҳам кела бошлади. Иллюстратив сурат

Ўзбекистонда пахта йиғим-терими мавсуми бошланди.

Бу йилги пахта йиғим-терими мавсумида қўлда терилган 1 килограмм пахта учун биринчи теримда 1200 сўмдан, иккинчи теримда 1500 сўмдан кам бўлмаган миқдорда меҳнат ҳақи тўлаш белгиланган.

9 сентябрь куни иккинчи бор президентликка номзодини қўйган президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон пахта саноатида мажбурий меҳнатга барҳам берилганини таъкидлаган ва "200 минг гектар пахта ва ғалла майдонлари қисқартирилиб, аҳолига узоқ муддатли ижарага берилиши"ни ваъда қилган.

Айни пайтда жойлардан Озодликка бюджет ходимларининг пахта йиғим-теримига жалб этилаётгани ёки теримчи ёллашга мажбурланаётгани ҳақида хабарлар келмоқда. Озодлик пахта йиғим-терими билан боғлиқ янгилик, расмийларнинг баёнотлари ҳамда Sizdan Telegram каналига келаётган хабар ва мурожаатларни жамлади.

Ш.Мирзиёев: “Бош вазир бахтли одам - пахта деган ташвиши йўқ!”

Қорақалпоғистон Республикасида бўлиб турган президент Шавкат Мирзиёев қишлоқ аҳолиси билан кўришди. Бўзатов туманига ташриф буюрган президент “пахта даври ортда қолгани"ни айтди.

“Қишлоқ хўжалигига янгича қарашни ўрганишимиз керак. Мана, ҳозир пахта даври. Илгари бунақа пайтда ўқитувчи ҳам, шифокор ҳам, олиму академик ҳам, талабаю ўқувчилар ҳам далада бўларди. Биз биттада 6 миллион “ихтиёрий-мажбурий” теримчини пахта даласидан чиқариб юбордик. Лекин бу билан пахта етиштириш тўхтаб қолгани йўқ. Бош вазиримизга доим айтаман, “қандай бахтли инсонсан, пахта деган ташвишинг йўқ. Чунки мен Бош вазирдан ҳеч қанақа “сводка” сўрамайман, пахта нима бўляпти, деб безовта қилмайман. Сабаби - биз ишни тўғри йўлга қўйдик, халқни мажбурламасдан ҳам пахта етиштирса бўлишини исботладик. Шунинг учун кўнглим тўқ”, - деди Шавкат Мирзиёев.

Бузатов намунали туман сифатида Ўзбекистон давлат раҳбари ташаббуси билан 2019 йилда қайта ташкил этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Бўзатов туманида.
Президент Шавкат Мирзиёев Бўзатов туманида.

Бир кило пахтага - 230 сўмдан устама ҳақ

"Янги Ўзбекистон" нашри Ўзбекистон пахта-тўқимачилик кластерлари уюшмаси раисининг биринчи ўринбосари Саъдулла Тожиевнинг бу йилги пахта мавсуми қандай ўтиши ҳақидаги сўзларидан иқтибос келтирган. Унга кўра, Жиззах, Сирдарё ва Тошкент вилоятларининг барча туманларида ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятининг чекка туманларида теримчиларни қўшимча жалб қилиш мақсадида қўлда терилган хар бир килограмм пахта учун Республика бюджети қўшимча манбалари ҳисобидан 230 сўмдан устама ҳақ тўланишини таъминланади.

Шунингдек, кластерлар ўзларига бириктирилган худудларда терим пулини мустақил белгилаши, яъни тавсия этилаётган нархлардан юқори миқдорда ҳақ тўлашлари ҳам мумкинлиги маълум қилинган.

Таъкидланишича, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан жалб этилган ишсиз фуқаролардан иборат терим отрядлари раҳбарларига мавсум якунига қадар 2 млн сўмдан меҳнат ҳақи берилади.

Расмийларга кўра, 18 ёшга тўлмаган фуқаролар, олий ўқув юртлари талабалари, буджет ва нобюджет ёки хўжалик ҳисобидаги ташкилот ходимлари ва ҳарбийларни терим тадбирлари, умуман ҳар қандай мажбурий меҳнатга жалб этиш қатъиян ман этилган.

"Пахта билан кунжут бир жойга экилибди!"

Қашқадарё вилояти Яккабоғ туманидан Озодликка мурожаат қилган мухлислардан бири ғаройиб бир ҳолатга гувоҳ бўлганини айтади.

Яккабоғлик мухлис шу тумандаги "Бобур-Шамшод" фермер хўжалигида пахта билан кунжут бир жойга экилган даладан фотосурат юборган.

Пахта ва кунжут бирга экилган дала.
Пахта ва кунжут бирга экилган дала.

"Бу нарсага ҳеч ким эътибор бермаяпти. Шу ҳолат мумкинми ўзи?"- дея савол қўяди таажжубланган деҳқон.

Ангор банкирлари пахта даласида

Ўзбекистон ҳукумати ва шахсан президент Мирзиёевнинг мамлакатда мажбурий меҳнатга буткул барҳам берилгани ҳақида юксак минбарлардан янграган баёнотларига қарамасдан, жойларда ўтган йилларда бўлгани каби бюджет ташкилотлари ходимларининг пахтага жалб этилаётгани ёки теримчи ёллашга мажбурланаётгани тўғрисида хабарлар келмоқда.

“Шанба (дам олиш) куни «Тўққиз ой якуни» деб барча ходимлари билан иш ташкиллаган (Раиснинг топшириғига кўра), Якшанба (дам олиш) куни эса (ҳатто аёл ходимлар билан) кредит ундируви билан шуғулланмоқчи бўлиб турса, ҳокимнинг топшириғига кўра, пахта теримига чиқадиган банкирлари бор Ангорни.

Меҳнат инспекцияси ходимларидан Ангор туманидаги тижорат банклари ходимларини туман ҳокимидан қутқаришини сўраб қоламиз.

Минг афсус... Бу ҳокимлар банкирларсиз ҳатто пахта теришолмайди, яна ёмонлагани ёмонлаган!”- деб ёзди “Банкир кундалиги” телеграм канали.

Мазкур ҳолат Давлат меҳнат инспекцияси томонидан ўрганилаётгани, ўрганиш якунлари бўйича қўшимча маълумот тақдим этилиши айтилди.

Ободонлаштирувчилар Форишда пахта термоқда

Форишдан Озодликка мурожаат қилган туман ободонлаштириш муассасалари ходимлари ҳокимият ўзларини пахтага теришга мажбурлаётганидан шикоят қилишди.

Менимча, сайлов олди президент сиёсатига яхшигина таъсир кўрсатса керак. Бошқа ташкилотларга ҳам, маҳаллакомларга ҳам 200 тадан ихтиёрий-мажбурий теримчи чиқариш топширилди”.

Жиззахдаги пахтакорлар шўрваси

Жиззах вилоятидаги 2021 йил 11 сентябрь кунги ҳолат. Зафаробод туманидаги “Саид-ҳожи-акбар” фермер хўжалиги даласига пахта териш учун келган сурхондарёлик теримчи аёлларга тушлик учун мана бундай ёвғоншўрва берилибди.

Мингбулоқликлар: "Йўлларимизни таъмирлаб беришсин!"

Наманган вилоятида ҳам пахта терими авжида.

Наманганликлар оғир юк машиналари ва тракторларнинг кўпайгани автомобил йўлларини нобоп аҳволга келтираётганидан шикоят қилмоқда.

Шу боис Мингбулоқ туманида йўлда транспорт воситаларининг турнақатор навбати юзага келаётгани айтилди.

"Аслида бу йўл эрта баҳорда таъмирланиши керак эди, туман ҳокими ваъда ҳам берганди. Ҳеч бўлмагандан кеч бўлгани яхши, йўлни таъмирлаб беришсин”, дейди Озодликка мурожаат қилган мингбулоқликлардан бири.

Меҳнат вазирлиги пресс-тури: Сирдарёдаги теримчиларга барча шароитлар муҳайё!

Айни пайтда Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ахборот хизмати ўзбекистонлик журналистлар учун пахта йиғим-терим жараёни билан танишиш мақсадида навбатдаги пресс-тур ташкил қилди.

Сирдарё вилояти Сайхунобод туманидаги “Қахрамон-Зилола” фермер хўжалигида ўтган бу анжуман давомида водийдан олиб келинган 2 минг теримчига барча шароитлар яратилгани ва улар бу қулайликлардан мамнун эканини гапиришди. Мутасаддилардан бири теримчилар шаҳарчасига яна 1500 водийлик ёрдамчи олиб келинаётганини билдирди.

Лекин журналистлар билан алоҳида суҳбатда теримчилар иш ҳақи 7 кундан буён берилмаётганини айтади.

Ғўзаси чеканка қилинмаган майдонлар

Қорақалпоғистонда эса, ғўза майдонидаги ҳолат кўнгилдагидек эмаслиги - гўза чеканка қилинмагани, унга техник ишлов берилмагани айтилди.

Амударё туманидан мурожаат йўллаяпман. Амир Темур овул фуқаролар йиғинидаги фермер хўжалигига қарашли ғўза майдонига яхши қаралмаяпти. Чеканка қилинмаган, техник ишлов берилмаган. Худди тўқайзорга ўхшайди. Бу ердан 70-80 центнердан пахта ҳосили олинган. Ҳозир эса бу аҳвол. Қолаверса, фермер каттагина майдонга шоли ҳам эккан. Шоли экилгани тўғри бўлганми? Раҳбарларимиз ердан оқилона фойдаланиш муҳимлигини кўп таъкидлашяпти. Аммо ҳудудимиздаги ер майдонида ҳолат кўнгилдагидек эмас", деб ёзди "Sizdan Telegram" мухлиси.

Экин майдонлари аҳволидан қайғурган деҳқон мутасаддилардан ҳолатни ўрганиб чиқишларини сўради.

У бу сўзлари тасдиғи сифатида Озодликка видео ҳам юборди.

Қишлоқ хўжалиги вазири: Бозорда пахта 155 долларга сотилади

Ўзбекистон Қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев пахта ва ғалла мамлакатнинг асосий хўжалик экинлари бўлиб қолаётганини билдирди. “Экономическое обозрение” журналига берган интервьюсида у пахтачиликни рифожлантиришга оид айрим рақамларни очиқлади:

- Қишлоқ хўжалиги Ўзбекистон иқтисодиётининг муҳим тармоғи бўлиб, ЯИМнинг 28, 5% ни ташкил қилади. Унда қарийб 4, 2 миллион киши ишлайди, бу мамлакатдаги умумий бандликнинг 30% дан ортиғини ташкил қилади. Асосий қишлоқ хўжалик экинлари-пахта ва ғалла, лекин 2020-2021 йилларда квоталар ва нарх назоратининг бекор қилиниши экинларни диверсификациялашга, бошқа экинлар, мева ва сабзавотларни этиштиришга босқичма-босқич ўтишга фаол ҳисса қўшмоқда. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари экспорти Ўзбекистон ташқи даромадининг қарийб 9, 8 фоизини ташкил этди.

У ҳосилдорлигини ошириш эвазига экин майдонларининг қисқартирилиши тўғрисида режа ишлаб чиқарилганини маълум қилди. Бунинг учун мамлакатда кластер ва кооператив тизими жорий қилингани айтилди.

Вазирнинг маълумотича, ҳозирги кунга қадар қишлоқ хўжалигининг барча соҳаларида (пахта-тўқимачилик йўналиши, ғаллачилик, мева-сабзавотчилик, гуруччилик ва бошқ.) 463 қишлоқ хўжалиги кластерлари фаолият кўрсатмоқда. Кластерлар 2,2 миллион гектар қишлоқ хўжалиги ерларини эгаллаган. Жорий йилда пахтани чуқур қайта ишлашни ташкил этиш учун умумий қиймати 25, 5 трлн. сўмга бўлган 270 та инвестиция лойиҳаси амалга оширилаётганини билдирди.

Жамшид Хўжаев 2025 йилга келиб Ўзбекистон пахта майдонларининг 5 фоизида органик хом пахта етиштирилиши режалаштирилгани, 2019 йилда АҚШ бозорларида 1 тонна органик пахта 225 долларга баҳоланган бўлса, анъанавий пахта 155 долларга сотилганини маълум қилди.

Ўзбекистон пахта етиштирувчи етакчи давлатлар қаторида

2020 йил натижаларига бўйича Ўзбекистон пахта етиштириш бўйича дунёда олтинчи ўринни эгаллади.

Бу ҳақда хабар берган Researchandmarkets.com тадқиқот компаниясига кўра, Ҳиндистон, Хитой ва АҚШ дунёдаги энг йирик пахта хомашёси ишлаб чиқарувчи мамлакатлар бўлиб қолмоқда.

Аммо пахта экспорти бўйича Ўзбекистон АҚШ, Бразилия, Ҳиндистон, Австралия, Бенин, Греция ва Кот-д'Ивуардан кейинги ўринни эгаллади.

Тадқиқот натижаларига биноан, 2020 йилда жаҳон пахта бозорининг ҳажми 38, 54 миллиард долларга етди. 2027 йилга келиб бу кўрсаткич 46, 5 миллиард долларга етиши кутилмоқда.

Расмий ҳисоб китобларга кўра, 2020 йилда Ўзбекистонда 3,08 миллион тонна пахта хомашёси териб олган ва бу 2019 йилга нисбатан 9 фоизга кўпдир.

2020 йилдан бошлаб Ўзбекистон пахта хомашёси экспортини бутунлай тўхтатди ва ҳосилни мамлакатда қайта ишлашга ўтишини эълон қилди.

XS
SM
MD
LG