Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:25

Қирғиз-тожик чегараси: Вазият "барқарор", эвакуация қилинганлар уйларига қайтмоқда


Қирғизистон-Тожикистон чегара расмийлари 13 апрелда ўтказган музокара пайтида олинган сурат.
Қирғизистон-Тожикистон чегара расмийлари 13 апрелда ўтказган музокара пайтида олинган сурат.

Қирғизистон расмийлари қирғиз-тожик чегарасининг 13 апрелга ўтар кечаси отишма юз берган ҳудудида вазият ҳозирда барқарорлигини айтмоқда.

Боткен вилояти Лайлак тумани ҳокими ўринбосари Мақсатай Каримбердиевага кўра, туманнинг чегарага яқин жойлашган қишлоқ аҳолиси уйларига қайтган.

Унга кўра, қирғиз-тожик чегарасида 13 апрелга ўтар кечаси содир этилган отишмадан кейин 17 мингдан ортиқ одам мустақил равишда хавфсиз ҳудудларга чиқиб кетган эди.

Қирғизистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги қирғиз-тожик чегарасидаги сўнгги отишмада Қирғизистоннинг икки аскари жароҳатланганини билдирди.

Улардан бири Лайлак туман касалхонасида ётибди. Унга биринчи хирургик ёрдам кўрсатилди ва аҳволи ўртача оғир дея баҳоланмоқда.

Қирғизистон Чегара хизмати Боткен вилояти бошқармаси раҳбари Қиялбек Тўлўнбаев ҳамда Тожикистон Чегара хизматининг Сўғд вилояти бўйича бошқармаси раҳбари Хикматулло Пираков 13 апрелга ўтар кечаси Тожикистоннинг "Овчи-Қалача" назорат ўтказиш пунктида учрашган.

Томонлар аввал жанжал чиққан ҳудудга жалб қилинган қўшимча кучларни ортга қайтаришга келишиб олгани хабар қилинган.

Тожикистондаги манбалар Озодлик радиоси тожик хизматига отишмада 27 ёшли тожик аскари жароҳатланганини билдирган.

Қирғизистон миллий хавфсизлик қўмитасининг Чегара хизмати 12 апрель куни Тожикистон билан икки марта отишма бўлгани тўғрисида хабар тарқатганди.

Иккинчи отишма Бишкек вақти билан соат 21:17 (Тошкент вақти билан 20:17)да бошланган. Айтилишича, тожик аскарлари Қирғизистоннинг Достук қишлоғига миномётлардан ўқ отган.

Чегара хизмати тарқатган хабарда таъкидланишича, бу вақтда қирғиз расмийлари аввалроқ Лайлак туманидаги Селкан овулида содир этилган отишма юзасидан музокара ўтказиш учун Тожикистонга борган эди.

“Воқеа жойига кучайтирилган тартибда етиб келган Тожикистон чегарачилари Қирғизистон ҳарбийларига қарата ўқ отишни бошлаган. Натижада икки томонлама отишма содир этилган. Бу отишма 30 дақиқа давом этган”,- дейилади қирғиз томони баёнотида.

Отишма Бишкек вақти билан 22:15 (Тошкент вақти билан 21:15) да якунланган.

Бундан аввалроқ содир эитлган биринчи отишмада Тожикистоннинг бир аскари яралангани хабар қилинган.

Шу йил 27 январь куни икки давлат чегарасида бир неча соат давом этган отишма чоғида Тожикистон томонидан икки киши ўлган ва 10 киши яраланган. Қирғизистон эса камида 12 киши яраланганини билдирган.

Чегарадаги энг йирик тўқнашув 2021 йилнинг апрель ойи охирларида содир бўлди. У “Головной” сув тақсимлаш объекти жойлашган ҳудуд учун жанжалдан келиб чиққан. Бир неча кун давом этган қуролли тўқнашув оқибатида қирғиз томонидан 154 киши яраланди, 36 киши, жумладан, икки бола ҳалок бўлди. Тожикистон ҳукумати эса расман 19 нафар қурбон ва 87 нафар ярадор ҳақида хабар берган.

XS
SM
MD
LG