Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 19:39

COVID-19 марказлари ёпилаётган Ўзбекистонда расмий статистика бўйича саволлар очиқ қолмоқда


Ўзэкспормарказда ташкил қилинган COVID-19 маркази, август, 2020
Ўзэкспормарказда ташкил қилинган COVID-19 маркази, август, 2020

Тошкентда қатор COVID-19 марказлари ёпилаётгани расман маълум қилинди, вилоятларда эса бу жараён бир ҳафтадирки давом этмоқда.

Тошкент шаҳри ва Наманган, Қашқадарё вилоятларидаги тиббиёт ходимларидан олинган маълумотга кўра, сўнгги 2 ҳафта ичида янги аниқланаётган беморлар сони муттасил пастлаб бормоқда.

Расмийлар, марказлар вақтинча консервация қилинаётгани, тиббиёт ходимлари ҳам зарурат туғилганда, дарҳол қайтиш шарти билан доимий иш жойига қайтарилаётганини билдирмоқда.

Тиббиёт ходимларига кўра, касаллик тарқалишининг пастлаши коронавирус юқиш занжирининг узилиши ҳамда аҳолининг катта қисмида иммунитет шаклланиб улгургани билан боғлиқ бўлиши мумкин.

Аммо уй шароитида ўзини ўзи даволаётган беморлар сони ҳақида расмий маълумот йўқ. Тиббиётчилар бундай беморлар сони қайд этилганлардан ҳануз бир неча баробар кўп бўлиши мумкин, демоқда.

Ковид марказлари ёпила бошлагани ҳақидаги илк расмий баёнот 24 ноябрда берилди.

Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур тумани сектор раҳбарлари сайёр қабул ўтказиб, бу тумандаги 1008 ўринлик “Атлас” ковид маркази ёпилганини маълум қилди.

Шайхонтоҳур тумани ҳокими Абдуқаҳҳор Тўхтаев тез орада 505 ўринлик «Ёшлик» спорт мажмуасидаги марказ ҳам ишини тўхтатишини айтди.

ЭКСКЛЮЗИВ - Қабристон сукунати: Ковид қурбонлари ошмоқда, расмийлар сукутда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:55 0:00


“Июнь ойида бошлаганимизда, битта саралаш марказимизда кунига 200–250 талаб беморларни қабул қилаётгандик. Улар орасидан кунига 10 тадан 25тагача беморда пневмония, 15 тадан 20 тагача беморда COVID-19 аниқланаётганди. Худога минг қатла шукр, бугунги кунда ковид чиқаётгани йўқ. Кеча фақат бир беморда пневмония чиқибди. 18та, 12та, 10та, 4та, 3та, 2та, 1 та бўлиб камайиб борди. Шунинг учун ҳам карантинни юмшатдик”, - деди Абдуқаҳҳор Тўхтаев.

Бу расмий ковид марказлари консервация қилинаётганини айтиб, келгусида касаллик яна тарқалмаслиги учун аҳоли эҳтиёт чораларини кўришда давом этиши кераклигини урғулади.

Ўзбекистонда коронавирус беморлари сонига оид берилаётган расмий рақамларнинг ҳаққоний вазиятни акс эттирмаётгани кўп маротаба ошкор бўлди. Шу боис ковид марказларини ёпиш қарори ҳам жамоатчилик томонидан шубҳа билан қарши олинаётгани кузатилмоқда.

Озодлик бу баёнот ортидан Тошкент шаҳри ва айрим вилоятлардаги вазиятни ўрганди.

Жумладан, коронавирус беморлари сони нисбатан кўп қайд этилган Наманган вилоятида мавжуд 7 та COVID-19 марказидан 5 таси ёпилгани маълум бўлди.

Вилоятда ўта оғир беморларни даволаб келаётган “Баркамол авлод” спорт мажмуасида очилган марказда ишлаган шифокордан олинган маълумотга кўра, ўнлаб ҳамкасби икки кун муқаддам ўзининг доимий иш жойига қайтарилган.

“Бугундан ўзимизнинг поликлиникада ишга чиқдим. Унгача вилоят юқумли касалликлар шифохонаси ва “Баркамол авлод” ковид марказида ишладим. Бизда 7 та ковид марказ бор эди, 5 таси консервация қилинди, эҳтиёт шарт. Касал ростдан ҳам камайган, тўғриси ўзимиз ҳам кутмагандик. Аксинча, ноябрни ўртаси – декабрдан касал кўпайса керак яна, деб қўрқиб тургандик. Ҳалиям қўрқув бор, лекин ҳозир аҳвол яхшиланди”, - деди олий тоифали инфекционист врач.

Исми ошкор этилмаслигини сўраган бу врач касалликнинг камайиши сабабини вирус тарқалиш занжирининг узилиши ҳамда аҳолининг ҳануз эҳтиёт чораларига амал қилаётгани, деб ҳисоблашини билдирди.

“Касаллик камайибди, деб яна катта тўйларга ўтиб кетсак, ниқобларни ечиб, ижтимоий масофани ушламасак, яна ёздаги аҳвол такрорланиши мумкин. Шунинг учун, аҳолимиз ўзи жуда эҳтиёт бўлиши керак. 150 кишилик тўйларга ўзимизни урсак, вирус яна кўтарилиши мумкин”, - деб тавсия қилди шифокор.

Наманган вилояти марказий шифохонасининг исмини ошкор қилмаётганимиз ходимига кўра, ҳозир вилоятдаги коронавирус беморлари 400 ўринлик “Баркамол авлод” ковид маркази ҳамда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда. Бошқа марказлар вақтинча ёпилган, шифокорлари эса иш жойларига қайтарилган.

“Ковитолог сертификати берилган врачларнинг ҳаммаси махсус рўйхатга олинган, зарурат бўлиши билан яна ишга қайтарилади. Ҳозир улар ўзлари доимий ишлаган шифохоналарга қайтарилган”, - деди расмий Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда.

Тошкент шаҳри Зангиота туманида COVID-19 беморлари учун қурилган махсус шифохонада ишлаган ҳамширанинг айтишича, бу масканга келтирилаётган беморлар сонида ҳам сўнгги 10 кун ичида муттасил пастлаш кузатилмоқда.

“Янги касалланганлар сони камайяпти, бу тўғри. Мен аниқ рақамни айтолмайман, бизга айтишмайди. Лекин озайгани кўриниб турибдиғда. Ҳозир шаҳардаги бошқа ковид марказларини ёпишгани учун беморларни бизга олиб келишяпти, шуни ҳисобига бизда кунлик қабул унақа кескин озаймади ҳали”,- деди ҳамшира.

Озодлик Зангитота шифохонаси маъмуриятидан бу борада расмий изоҳ ололмади.

Бу шифохона 2020 йилнинг майида қуриб битказилган ва унда Тошкент шаҳри ҳамда вилоятида аниқланган, аҳволи ўрта оғир ва ўта оғир бўлган коронавирус беморлари даволанмоқда.

Тошкент шаҳрининг Учтепа туманидаги оилавий поликлиника (ОП) бош шифокорининг айтишича, қарийб 300 минг аҳоли яшайдиган туманда 25 ноябрь куни коронавирус аниқланган бирорта бемор қайд этилмаган.

24 ноябрь куни 3 бемор, 23 ноябрда 2 нафар, 2 ҳафта муқаддам эса бир кунда 8 бемор қайд этилган эди.

“Ноябрь ойи ичида кунма-кун беморлар сони тушиб келди. Октябрни бошларида кунига 20-25 тадан янги касаллар аниқладик. Енгилларини уйида даволаётган эдик, оғирроқларини касалхонага жойлаётгандик. Ҳозир 3 нафардан чиқяпти, бугун шу соатгача ҳали бирортаям бемор аниқланмади”, - деди ОП бош шифокори.

Тошкент шаҳри ва вилоятига мамлакатда аниқланган жами беморларнинг 70 -78 фоизи тўғри келади.

Шу йилнинг 5 июлидан касаллик енгил кечаётган беморларни уй шароитида даволаш тартибига ўтилгач, уларга тиббий хизмат кўрсатиш вазифаси ОП, кўп тармоқли поликлиника, қишлоқ оилавий поликлиникалари (ҚОП) ҳамда қишлоқ врачлик пунктларига (ҚВП) юкланди.

Учтепалик шифокорнинг айтишича, июль-август ойларида бу муассасалар муқаддам мисли кўрилмаган босим остида ишлаган.

“Бизнинг районни ўзида кунига 200 тагача бемор аниқланган кунлар бўлди. Туну кун тўхтовсиз ишладик. Бизнинг поликлиниканинг ўзига бир кунда 60 тагача чақириқ тушган кунлар бўлди. Ҳозирга келиб, аҳолининг катта қисми ўтказди бу касалликни, кўпчиликда иммунитет шаклланди. Лекин декабрда яна қайтиши мумкин, деган хавотир бор. Россиядаги аҳволни кўриб турибсиз, яна авж олди. Бизда ҳам шу аҳвол бўлиб қолиши мумкин, шунинг учун ҳамма персоналимиз тайёр турибди”,-деди бош шифокор.

Беморлар сони нисбатан оз қайд этилган Қашқадарёда эса ковид марказларининг дастлабкилари 10 кун муқаддам ёпилган.

Коронавирус беморларини даволаган терапевт шифокорга кўра, шу кунда вилоят марказидаги “Геологлар сиҳатгоҳи” ҳамда Соғломлаштириш спорт мажмуасида очилган марказларда коронавирус беморлари даволанмоқда:

“Оғир беморлар вилоят юқумли касалликлар шифохонасида. 4 кун муқаддам қарийб 30 нафар аҳволи барқарор бемор қолганди. Аҳволи оғир беморлар вилоят бўйича шу касалхонада даволанди, енгиллари ўзининг районларида даволанди. Шикоятлар ҳам камайди аҳолида. Қутулганимиз шу бўлсин, деб суюниб-суюниб ўзимизнинг ишимизга қайтдик”.

Расмий рақамларга кўра, Ўзбекистон бўйича 89 та муассаса COVID-19 беморлари учун ажратилган ва уларда жами 17 минг 500 та ўрин бор.
25 ноябрга келиб, мамлакат бўйлаб 2 минг 118 бемор шифокор назорати остида даволанмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлигида ишлаган собиқ расмийнинг айтишича, аслида шу кундаги расмий статистика асл статистикага "нисбатан яқин бўлиши мумкин":

“Ҳозир орадаги фарқ яқинлашди, ва ниҳоят. Лекин, бу рақамлар ичида ҳануз уйида даволанаётган енгил касаллар йўқ. Ковид марказлари ёпилди, касал кам, дейишганда ҳам уйдаги беморлар ҳисобга олинмаяпти. Чунки беморларнинг асосий қисми уйида, ўзининг ҳисобидан даволаняпти-да ҳалиям. Одамларнинг кўпчилиги оёқда ўтказяпти, касал борлигиниям билмайди. Одамларда ҳам қўрқув камайиб қолди. Кейин, авж палла ростдан ҳам ўтди шекилли-да – оммавий касалланиш ва ўлим ҳоллари ростдан кескин пастлади. Энг муҳими, пневмония камайди. Лекин касалланиш бор ҳалиям, шунчаки, уларнинг ҳаммаси қоғозга тушаётгани йўқ”.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 25 ноябрь coaт 20:00 га қадар берган маълумотга кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони 72 178 нафарни ташкил этмоқда.

25 ноябрь куни мамлакат бўйлаб 80 та янги бемор қайд этилган. Расмий статистикага кўра, касаллик кўп тарқалаётган ҳудудлар Самарқанд, Фарғона, Тошкент вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳри бўлиб қолмоқда.

XS
SM
MD
LG