Фарғона вилоят, Бешариқ туман, Янгиқўрғон МФЙда яшайдиган 32 яшар Шарифжон Омоновнинг ташландиқ ерда барпо қилган боғи 22 январь куни деярли йўқ қилинди.
Шартнома асосида зовур бўйидаги ташландиқ ерга мингдан ортиқ мевали дарахт экиб боғ яратган 12 кишидан иборат оила беш йиллик меҳнатига куйди.
Боғ эгаси - фермернинг иддао қилишича, қўшни фермер хўжалиги раҳбари унинг боғини туман ҳокимининг буйруғи билан кестириб ташлаган. Туман ҳокими фикрича, бу икки юридик шахс ўртасидаги жанжал холос.
Мевали боғни йўқ қилган фермер бу ишни у ер унга тегишли эканлиги, шафтолига сепиладиган кимёвий дорилар унинг тутлари баргига зиён етказгани билан изоҳлади.
Бир кунда беш йиллик боғ йўқ қилинди
Бешариқ туманининг Янгиқўрғон қишлоғида яшайдиган 32 яшар Шарифжон Омонов 2014 йилда “Сўх-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси” қошидаги Мелиоратив экспедиция билан тузилган шартнома асосида бунёд этган 70 сотих боғининг 554 туп мевага кирган дарахти 22 январь куни кесиб ташланди.
Шарифжон Омоновнинг Озодликка айтишича, 2018 йилда фермер бўлган Иқбол Тожиев туман ҳокимининг буйруғи билан дарахтларга арра солган:
- Ўтган йил туманда ҳоким ўзгаряптида, эски фермерни тугатиб янги фермерга ерни беряпти. Унга мени боғимни ҳам қўшиб беряпти. Аслида у ҳоким тасарруфидаги ер эмас, зовур ёнида бўлгани учун мелиоратив экспедициянинг ери бу. Бу ҳақда шартномам ҳам бор. Ўтган йил фермер бизни боққа киргизмай қўйди, мени, аёлимни, ота-онамни ҳам ҳақорат қилиб, истаган жойингга бор, бу ерни ҳоким менга берган, хоҳлаганингни қил деган, деяпти.
Ҳокимлик ҳам, экспедиция ҳам боғ қонуний эканлигини айтган
Фермер уни ўз боғига киритмаганидан сўнг Шарифжон Омонов президент виртуал қабулхонасига мурожаат қилган.
2018 йилнинг 19 май куни Бешариқ туман ҳокимлиги Ташкилий назорат гуруҳи раҳбари Д.Ўринов бу шикоят юзасидан вилоят ҳокими Ш.Ғаниевга берган жавобида боғ ерининг фермер хўжалигига тегишли эмаслиги ҳақида маълумот берган:
“Ўрганиш давомида мурожаатчи Р. Омонов томонидан экилган мевали дарахтлар ер майдони ҳақиқатан ҳам зовур муҳофаза майдони бўлиб, “Муҳаррамхон Тожиева келажаги” фермер хўжалиги фойдаланишида эмаслиги аниқланди”.
Аммо, бу хулосадан кейин ҳам Шарифжон Омонов ўз боғига киритилмаган Мелиоратив экспедицияга мурожаат қилганини айтади:
- 29 август куни мелиоратив экспедиция бошлиғи И.Мамажоновдан жавоб мактуби олдим. Унда “сизнинг аризангиз экспедиция мутахассислари томонидан жойида ўрганиб чиқилди. Сиз томонингиздан сўралган “КД-1” коллектори қирғоқ бўйи минтақасидаги ер майдонидан 2018 йилда шартнома асосида фойдаланишга рухсат этилади”, деб айтилган. Лекин, фермер боғимизнинг биринчи йил ҳосилидан бизга егизмай, ҳокимникига ташиди.
"Болларим четга кетмасин, шу ерда ишласин деб, боғ қилган эдим"
Шарифжон Омоновнинг отаси, 62 яшар Расулжон Омоновнинг Озодликка айтишича, оиласидаги 12 жон беш йил давомида шу ер учун кечаю-кундуз ишлаган:
- Ана шу дарахтларни кесиб увол қилишганидан кейин мазам қочиб қолди, ўзимга келолмаяпман. Бу ер зовур ёқасида бўлган, пахта майдонига кирмайди. Ташландиқ, ўйдим-чуқур бир жой эди. Шуни замбарларда тупроқ ташиб, қўл меҳанти билан ер қилдик. Обориб экканимизга беш йил бўляпти, уйда данакдан чиқариб пайванд қилдик. Боллар чет элга чиқиб кетмасин, ўзимизда ишласин деган мақсадда қилган эдик. Ўтган йил ҳосилга кирди, лекин фермер бизни уриб, сўкиб боргизмай қўйди. Агар биз қилмаганимизда ҳозиргача ўшандай ётарди, у ер. Энди кўчатлар ҳосилга кирганда эгаси чиқиб қолди. Биз беришга рози бўлмаганимиздан сўнг, кесиб ташлади. Увол бўлди, увол.
"Пилла қурти боқмагани учун боғни кестирдим"
“Муҳаррамхон Тожиева келажаги” фермер хўжалиги раҳбари Иқбол Тожиев Озодлик билан суҳбатда 554 туп мевали дарахтни кестириб ташлаганини тасдиқлар экан, бу ер унга тегишли эканлигини айтди:
- 2018 йилнинг 30 март куни тугатилган фермернинг ерини менга қўшиб берди. 8 қути ипак қурти боқиш керак экан. Буларга айтсам, боқмаймиз деди. Кейин ҳокимнинг олдига бордим. Ҳоким тутасан, деди. Кейин 3 қути қуртимиз булар шафтолига дори сепгани учун ўлди. Шунинг учун уларни киритмадим. Қарор менинг қўлимда, уларнинг қўлида ҳеч нарса йўқ. Уларнинг шартномасини Сўх-Сирдарё ирригация тизимлари ҳавза бошқармаси бекор қилган. У ерни ҳайдатиб, мен пахта экаман!
Туман ҳокими: "Менинг бу ишга алоқам йўқ!"
Бешариқ тумани ҳокими Расулжон Жўраев Озодлик билан суҳбатда фермер билан боғбон ўртасидаги низога алоқаси йўқлигини айтди:
- Шарифжон менга мурожаат қилди. Мен унга айтдим, мабодо сени фуқаролик ҳуқуқинг поймол бўлаётган бўлса, фермер сенга қарши ҳаракат қилаётган бўлса маъмурий органларга мурожаат қил, қонуний чорасини кўради, деганман. Бу икки юридик шахс ўртасидаги низо. Мелиорация бошқармаси у билан шартномани ноқонуний қилган. Мен унинг боғини бузиб ташла деб топшириқ бермаганман.
Шарифжон Омонов 31 январь куни Тошкентда адолат истаб турли хил идораларнинг эшигини қоқиб юрганини айтди:
- Бизнинг туманда коррупция жуда ривожланган. Ҳокимнинг айтгани айтган, дегани деган бўлади. Ҳозир Бош вазирга ариза топширдим, Бош прокуратурага шикоят қилдим. Президентимиз боғдорчиликни ривожлантириш ҳақида кўп яхши гаплар айтган. Менинг эса мевага кирган 554 туп мевали дарахтимни кесиб ташлашди. Бунга кимдир жавоб бериши керак!