Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:01

Мирзиëевнинг ўғли ва куëвлари Дубай амири ўғилларининг тўйига борди


Президентнинг иккинчи куëви Отабек Умаров Instagram саҳифасида эълон қилган сурат.
Президентнинг иккинчи куëви Отабек Умаров Instagram саҳифасида эълон қилган сурат.

Ўзбекистон президентининг 10 яшар ўғли Алишер Мирзиëев¸ президентнинг куëвлари Ойбек Турсунов ва Отабек Умаров , шунингдек набираси Миромон Бирлашган араб амирликлари вице-президенти, Бош вазири, Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рашид ал Махтум ўғилларининг 6 июнь кунги тўйида қатнашди.

Президент оиласининг тўйга боргани уларнинг Шайх Махтум билан тушган сурати Отабек Умаровнинг Instagram саҳифасида қўйилганидан сўнг маълум бўлди.

Суратда Дубай амирининг президент Мирзиëев ўғлини қучоқлаб тургани ва Мирзиëев куëвларининг тўйи бўлаëтган дубайлик куëвлардан бири билан бир сафда тургани кўрилади.

Президентнинг катта куëви Ойбек Турсунов президент администрацияси раҳбарининг 1-ўринбосари¸ кичик куëви Отабек Умаров эса¸ президент хавфсизлик хизмати раҳбарининг 1-ўринбосари лавозимига тайинланган.

Ҳозирча президентнинг ўғли ва куëвларининг Дубай амирлик оиласи тўйида Ўзбекистон ҳукуматини тамсил қилгани ëки шахсий таклифга кўра борганига оид маълумот йўқ – президент матбуот хизмати биринчи оила эркакларининг Дубай биринчи оиласи ўғилларининг тўйига борганига оид хабар бермади.

Дубай амири Ийд ал фитр - Рамазон ҳайити нишонланаëтган 6 июнь куни бирваракайига учта ўғлини уйлантирди ва унда асосан араб дунëсидан келган хорижий меҳмонлар иштирок этди.

Асосий тўй тантанаси Жаҳон савдо марказида ўтказилди ва матбуот хабарларига кўра¸ бу тўй Дубай амири бойлик ва имконига қиëсланганда нисбатан камтар ўтказилган.

Жорий йил март ойи охирида Шавкат Мирзиëев БААга қилган ташрифи доирасида 26 март куни Дубай амири Шайх Муҳаммад бин Рашид ал Махтум билан учрашган эди.

Ўзбекистон расмий матбуоти БАА сафарининг “сермаҳсул” бўлгани ва “умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд инвестиция келишувлари” имзолангани ҳақида ëзди. Ҳозирга қадар бу миллиардлардан қанчаси Ўзбекистонга олиб кирилгани ҳақида бирор маълумот йўқ.

Ўзбекистондаги ҳукмрон элита Каримов давридан бери Дубай шайхи ва амирлари билан яқин алоқага эга.

Озодлик ихтиëридаги Дубай кўчмас мулк реестридан олинган ҳужжатларга кўра¸ эски-янги ҳукумат раҳбарларининг аксарияти Дубайда қимматбаҳо кўчмас мулк¸ Дубайда рўйхатга олинган компаниялар ва Дубай банкларида ҳисобларга эга.

Ислом Каримов даврида оғир иқтисодий жиноятларда айбланган йирик ўзбекистонлик тадбиркорлар ҳам Дубайдан бошпана топган.

XS
SM
MD
LG