Линклар

Шошилинч хабар
28 декабр 2024, Тошкент вақти: 20:04

Энергетика инқирози: Электрдан узилган шлагбаум бир инсоннинг умрига зомин бўлди


Ўзбекистонда электр билан ишлайдиган шлагбаумлар носозлиги ортидан тез-тез авария содир бўлиши кузатилади
Ўзбекистонда электр билан ишлайдиган шлагбаумлар носозлиги ортидан тез-тез авария содир бўлиши кузатилади

Жорий йилнинг 4 январь куни Сурхондарë вилояти Жарқўрғон туманида 8 соатга яқин электр узилиши оқибатида ишламай қолган шлагбаум бир одамнинг ўлимига сабаб бўлди. Электр таъминотидаги узилиш иссиқхоналардаги сабзавот ва қашқадарëлик тадбиркорнинг 5 тонна елим маҳсулоти нобуд бўлишига ҳам олиб келди.

Электр билан бошқариладиган шлагбаум очиқ қилгани ва огоҳлантирувчи чироқлар ўчиқ бўлгани боис темир йўлни кесиб ўтаëтган “Жигули” автомобили ва поезд ўртасида тўқнашув юз берган. Оқибатда "Жигули"ни бошқараётган 19 яшар йигит ҳалок бўлган.

Темирйўлнинг Қизириқ йўналишига яқин жойда тадбиркорлик қиладиган Фирдавс Рўзиевнинг Озодликкка билдиришича¸ воқеа маъмурий ҳуқуқбузарлик сифатида расмийлаштирилган.

Рўзиев ушбу холат юзасидан жиноят иши очилиб, айбдорлар жазоланиши зарурлигини айтди.

Сурхондарë вилоят прокуратураси вакили эса, ўлим ҳолати юзасидан терговгача суриштирув бошланганини айтиш билан чекланди.

Электрни ким ва нега ўчирди?

Сурхондарë вилоят Электр тармоқлари идораси вакилига кўра¸ 4 январь куни узатиш тармоқларидаги зўриқишга барҳам бериш мақсадида Жарқўрғон туманида бир муддат электр ўчириб қўйилган.

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш жамиятлари федерацияси вакили эса 4 январь куни Жарқўрғон туманида электр энергияси тармоқдан режасиз узиб қўйилганини билдирди.

Федерация мулозимига кўра, Жарқўрғон туманини кун давомида 8 соат 50 минут режасиз электрдан узиб қўйган Сурхондарё ҳудудий электр тармоқлари корхонаси устидан судга даъво аризаси киритилган. Исми очиқланишини истамаган мулозимнинг Озодликка билдиришича, Сурхондарë вилоятида кунига 10 соатга яқин режасиз электрдан узиш ҳоллари оқибатида вилоятнинг 8 туманидаги истеъмолчилар зарар кўрган.

Маъмурий ишлар бўйича Термиз шаҳар суди котиби Озодлик билан 7 январдаги суҳбатда Жарқўрғон¸ Қумқўрғон¸ Сариосиë¸ Узун¸ Ангор¸ Денов ва Шеробод туманларида режасиз ўн соатлаб электрни узган Сурхондарë вилоят ҳудудий электр тармоқлари устидан шикоят аризаси белгиланган тартибда кўриб чиқилаëтганини тасдиқлади.

Режали электрдан узиш ва режасиз узиш

Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги республика идораси ходими Шарофиддин Қаҳҳоров Озодлик билан суҳбатда режадан ташқари узилишлар оқибатида истеъмолчилар зарар кўраëтганлигини айтди. Қаҳҳоровга кўра¸ Жарқўрғонда электр узилиши оқибатида шлагбаум ишламай қолгани билан боғлиқ ўлим ҳолатини прокуратура текширмоқда.

“Биз фойда олиш мақсади бўлмаган ва электрни ўз эҳтиëжи йўлида ишлатадиган жисмоний шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз. Масалан, электр узилиши оқибатида уй жиҳозлари ишдан чиқса ëки бошқа зарар кўрилса, бу шахс ҳуқуқларини ҳимоя қиламиз. Ҳозиргача электр билан боғлиқ узилишларда истеъмолчи ҳуқуқини ҳимоя қилиш учун қатор ишлар қилдик. Барча ҳуқудий бошқармаларимиз графикдан ташқари электрдан узиш ҳолатига оид иш қўзғатиб, кўрсатма берган. Биласиз, электр тармоқларидаги зўриқишнинг олдини олиш учун электрдан узиш графиги бор. Бу графикка зид тарзда электрни ўчирса, биз электр идорасига қарши кўрсатма расмийлаштирамиз.”

Елими нобуд бўлган тадбиркор ҳасрати

Расмийларга кўра, электр узилиши оқибатида жабр кўрган тадбиркорларни ҳимоя қилиш Ўзбекистон истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Агентлиги ваколатига кирмайди. Қашқадарëнинг Шаҳрисабз туманида қурилиш елими ишлаб чиқарадиган тадбиркор Жаҳонгир Аннаев ҳам январь ойидаги электр узилишидан жабр кўрганлигини айтади:

“ 4 январь куни 10 соатдан кўп светсиз қолдик. Электр энергияси ўчиши оқибатида 5 тонна елим маҳсулоти мутлақо яроқсиз ҳолга келди. Ундан елим сифатида фойдаланиш имконияти энди йўқ. Шунингдек, қайта ишлаб, яроқли ҳолга ҳам келтириб бўлмайди. Кимга айтайлик дардимизни?. Ҳамма солиқни, шу жумладан, 20% ставкали ҚҚСни тўласам. Электрдан ëки бошқа идоралардан қарзим бўлмаса. Шунча зарарни ким тўлаб беради?..”

Телефон чироғи ëруғида касал кўрилди

Аннаевнинг айтишича¸ 4 январь куни Шаҳрисабз тумани «Чоршанбе» қўрғонида жойлашган марказий шифохонада электр энергияси ўчган. Натижада реанимация бўлимида чироқ йўқлиги боис докторлар телефон чироғини ëқиб, касал кўришга мажбур бўлган.

Расмий муносабат

Озодлик боғланган ва ўзини Капитал қурилиш бўлими ходими деб таништирган мулозим 4 январь куни бутун туман қаторида касалхона ҳам чироқсиз қолганини тасдиқлади.

“Энди баннисада свет ўчган бўлса, генератор бор-ку. Икки минутда электр генератор уланади. Ўзимиз оберганмиз шу генераторни. Узлуксиз ишлаши учун ëқилғи билан таъминлаш ҳам ҳокимлик зиммасида. Таъминлаб турибмиз. Энди свет нега ўчди, деб свет идорасидан сўранг...”

Мулозим Шаҳрисабз туман ҳокимлиги ахборот хизмати электр узилишлари бўйича чиқарган расмий изоҳни Озодликка йўллади.

Изоҳда “электр энергияси билан боғлиқ камчилик ва муаммолар аниқланган тақдирда, Шаҳрисабз туман кесими доирасида тегишли мутахассислар томонидан ушбу ҳолат батафсил ўрганилиб, муммолар тўлиқ бартаф этилиши чоралари ўз вақтида кўриб борилиши” ваъда қилинган.

Энергетика вазирлиги тасдиқлайди

Жорий йилнинг 4 январь куни Республика Энергетика вазирлиги матбуот хизмати Қашқадарëдаги электр узилишлари борасида изоҳ берди:

“Муборак нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси”га қарашли нефть ва газ қазиб чиқариш конларини электр энергияси билан таъминлаб турган “Нефтчи” подстанциясидан чиқувчи Л-Зеварда -1,2 электр узатиш тармоқлари реле ҳимоясидан ўчган.

Натижада, электр энергиясини ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станцияларига етказиб берилаётган табиий газ соатига 140-175 минг метр кубга қисқарган. Бунинг оқибатида электр энергияси таъминотида республика ҳудудлари бўйлаб 600-800 МВтгача чекловлар бўлганлиги аниқланган.

Айни кунларда юқорида юзага келган муаммолар бартараф этилиши юзасидан тегишли мутахассислар иш олиб боришмоқда.”

Электр ҳамма ерда бирдай ўчади

Озодликка келаëтган шикоятлар республиканинг барча ҳудудларидан аҳоли ва тадбиркорлар электр таъминотидаги узилишлардан азият чекаётгани ва моддий зарарга юз тутаётганини кўрсатмоқда.

Бундан аввал маҳаллий нашрлар электрсиз қолган Каттақўрғондаги иссиқхоналарда сабзавотлар нобуд бўлиб, тадбиркор камида 35 минг доллар зарар кўргани ҳақида ëзган эди.

Ўтган йил ноябрида Телеграмдаги Troll-uz канали Самарқанд вилояти Каттақўрғон туманида чироқ ўчиши ортидан иссиқхоналардан биридаги сабзавотлар нобуд бўлгани ҳақида ёзган. Фермер кўрган зарарнинг тахминий миқдори 35 минг долларни ташкил этган.

Шунингдек, куз-қиш мавсуми бошида Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида электр таъминотидаги уч кунлик узилиш оқибатида маҳаллий тадбиркорнинг 6000 товуғи нобуд бўлгани ижтимоий тармоқларда резонансга сабаб бўлган эди.

Энергетика вазирлиги ҳаво ҳароратининг кескин пасайиб кетиши ва энергетика манбаларидан ноқонуний фойдаланиш ҳолатларини узилишларнинг асосий сабаби сифатида кўрсатиб келади.

XS
SM
MD
LG