Линклар

Шошилинч хабар
21 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:46

Eriell ва Enter Engineering: Нафақат ишчилар, профессорлар ҳам маошини вақтида ололмаяпти


Enter Engineering ва Eriell ширкатларида ишчиларнинг ойлик маошларини вақтида бермаслик сурункали муаммо.
Enter Engineering ва Eriell ширкатларида ишчиларнинг ойлик маошларини вақтида бермаслик сурункали муаммо.

Ўзбекистон энергетика секторида кўп миллиард долларлик мега-лойиҳаларни амалга ошираётган Eriell Group ва Enter Engineering ширкатининг юзлаб ишчилари яна маошлари берилмаётганидан шикоят қилмоқда.

“Беш ойдан бери ойлик йўқ. Ҳар замонда 400 минг сўм пластикка ташлаб қўйилади, бўлди. Бошқа пулларимиздан дарак йўқ. Декабрникини январда берди, уни ҳам бўлиб-бўлиб берди. Ҳозир ҳисобласак беш ойлик ҳақимизни бермаяпти”, - дейди ишдан ҳайдалиши хавфи боис исмини очиқламаган Eriell Group ишчиси.

Ишчиларнинг сўзларига кўра, Eriell Group ва Enter Engineering ширкатларида сўнгги уч йил ичида ойликлар кечикиши доимий тус олган, бироқ меҳнат ҳақининг 5 ой давомида берилмаслиги илк бор кузатилмоқда:

“Ойликларни тўрт ойлаб кечиктириб келмоқда, лекин бундан ҳам ёмони ойлигимизни ёзишда бизга кўрсатмасдан ёзишади. Ишбай ишлаймиз, қилинган ишга қараб ойнинг 25 чи числосида ойлик ҳисобланиб, ведомость тузилади. Ҳар бир ишчига имзо қўйдириб, бухгалтерияга топширилиши керак. Лекин баъзи мастерлар бундай қилмайди, улар ўзининг қариндоши ёки ўзининг одамларига яхшигина пул ёзишади мен агар ведомость сўрасам уришади ёки бошқа проектга жўнатади, иш ҳақимни эса уриб қолади”, - дейди Enter Engineering ширкатининг исми ошкор этилишини истамаган ходими.

Олмалиқдаги Enter Engineering ишчилари иш ташлади
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:15 0:00

Ишчиларнинг айтишларича, иш ҳақини сўраб раҳбариятга шикоят қилганларга ишдан бўшатиш билан таҳдид қилинмоқда.

Ишчилар ойлик маошлари кечикиши билан бирга тўланадиган меҳнат ҳақидаги улкан тафовутдан ҳам норози.

“Мен сваршчик, жазирамада тиним билмай ишлаймиз. 5 миллион сўм ойлик. Шуни ҳам кўп кўришяпти. Қозоғистонлик, ҳиндистонлик, туркиялик, россиялик ишчилар ҳам бор. Уларга тўрт-беш баравар кўп беради. Ҳозир уларнинг ойлиги ҳам кечикяпти. Шикоят қилиб борсангиз, аризангни ёз, кетавер дейди”, - дейди Enter Engineering ​ширкатининг ходими.

Eriell Group кўмагида 2023 йилда Самарқандда очилган Халқаро технология университетининг маҳаллий ва хорижий профессор-ўқитувчилари ҳам ойликсиз қолганликларини айтишмоқда.

“Ойлик кечикиши бу йил январь ойидан бошланди. Январь ойида ойликни бир ҳафта, февраль ойида икки ҳафта, март ойида уч ҳафта кечикиш билан олдик. Ҳозир иккита ойлигимни ололмаяпман. Мен қатори бу ерда ўттиздан ортиқ чет эллик ўқитувчи бор улар ҳам ойликларини ололмаяпти. Бир қарасангиз пул йўқ, ойликсиз ўтирамиз. Кейин қаердандир пул пайдо бўлади, бера бошлайди. Eriell Group га қарашли корхоналарда вазият бундан ҳам даҳшат. У ерда ойликлар беш ойдан бери кечикяпти”, - дейди Самарқанд Халқаро технология университетининг хорижлик профессори.

Eriell Groupнинг Озодлик суҳбатлашган ишчиларидан бирининг айтишича, корхона маошларни Қурбон Ҳайитига қадар тушириб беришни ваъда қилган. Аммо ишчи бу "корхона раҳбарларининг навбатдаги найранги" эканлигини иддао қилди:

“Рамазон Ҳайитида ҳам шу гапни айтишганди. Қурбон Ҳайити ҳам ўтди. Ойликлар берилмади. Беш ойдан бери сурилиб келяпти”.

Eriell Group ва Enter Engineering ширкатининг Ўзбекистон бўйлаб 200 дан ортиқ объекти бор. Катта-кичик бу объектларда қурилиш, таъмир, қайта таъмир ёки модернизация лойиҳалари амалга оширилади.

Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида ишлаётган ширкат ишчилари ўзларининг Телеграм каналида беш ойдан буён маош ололмаётганидан ёзғиришади.

Озодлик ойликлар кечикаётгани сабабини сўраб Eriell Group ширкатига боғланди. Ширкат ходими Озодлик саволини эшитиши билан телефон гўшагини қўйиб қўйди.

Eriell Group кўмагида очилган Самарқанд Халқаро технология университети бухгалтерия бўлими ходими ойликларда кечикиш бўлганини тасдиқлади. Лекин унинг айтишича, муаммо ҳозирда ҳал бўлган.

“Икки кун олдин ойликларни ҳал қилиб бердик. Ҳаммаси олишди. Чет элликлар ҳам, маҳаллий ўқитувчилар ҳам. Озгина кечикиш бўлди, лекин ҳал бўлган”, дейди Самарқанд Халқаро технология университети бухгалтерия бўлими ходими.

Аммо, Самарқанд Халқаро технология университети ходимлари ҳам, Erriel Group ходимлари ҳам ойликларни олишмаганини айтишмоқда.

Ишчиларига ойлаб маош бермаётган ҳар икки компания - Enter Engineering ва Eriell Озодликнинг қатор суриштирувлари марказида бўлган Кремлга яқин олигарх Бахтиёр Фозиловга тегишли.

Бу ширкатлар Ўзбекистоннинг кон-металлургия, газ ва нефть, туризм, турли ишлаб чиқариш объектлари модернизацияси, айрим йирик бинолар эксплуатацияси каби 228 та лойиҳани қўлга киритган.

2008 йилда Россияда фаолиятини бошлаган Eriell Group акцияларини "Газпромбанк" сотиб олган, 2015 йил декабрида Erielд Group бу акцияларининг бир қисмини қайта сотиб олган. Гуруҳ акцияларининг 39,6 фоизи, очиқ маълумотларга кўра, ҳамон "Газпромбанк"га тегишли.

Россиянинг нефть-газ соҳасидаги йирик ахборот портали - ROGTEC хабарига кўра, 2023 йилнинг августида Erriel Group ширкатининг Россиядаги бўлинмаси MetallStroyService ширкатига сотилган.

Нашр битимнинг президент Путин рухсати билан амалга оширилганини таъкидлаган.

Мустақил касаба уюшмалари йўқ мамлакат

Халқаро ташкилотлар Ўзбекистонда ишчи-ходимларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи мустақил касаба уюшмаларининг йўқлиги меҳнат ҳуқуқларининг мунтазам бузилиши ва мажбурий меҳнатга сабаб бўлаётганини таъкидлаб келадилар.

“Фозиловнинг Eriell ширкати дейсизми ёки бошқа олигархларнинг ширкатлари - булар кредитлар ҳисобига сармоя киритган ширкатлардир. Тўғридан-тўғри инвестиция киритмаган улар, ҳаммаси кредит. Кредитлар ёпилмаса, муаммо келиб чиқади. Бу ширкатлар гўёки миллиардлаб долларлик ишларни қиляпти, лекин ишчиларга берадиган пули йўқ. Ҳамма муаммо ҳам шунда”, - дейди Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева.

Ўзбекистонда ойликлардан қарздорлик бўйича статистик маълумотлар эълон қилинмайди, аммо ҳам давлат, ҳам хусусий сектор корхоналарида ойлик маошларни вақтида ёки тўлиқ бермаслик сурункали муаммога айланган.

Ўтган йили Ўзбекистондаги энг йирик нефт ва газ компанияларидан бири “Жиззах петролеум” МЧЖ (Jizzakh Petroleum) ишчилари маошлари икки баравар қисқартирилганига норозилик билдириб, иш ташлаш билан таҳдид қилганди.

Андижондаги UzAuto Motors заводи ишчилари ҳам ойликларнинг қисқаришига норозилик билдириб бир неча марта иш ташлаган.

Маошларнинг вақтида берилмаслиги 2022 йилнинг октябрида Қашқадарёнинг Ғузор туманидаги Uzbekistan GTL заводи қурилишида меҳнат қилаётган ишчиларнинг оммавий иш ташлаши ва тартибсизликларга сабаб бўлган эди.

Амалдаги қонунчиликда "тақиқланган иш ташлаш" тушунчаси мавжуд, аммо "қонуний иш ташлаш" тартиби белгиланмаган. Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 218-моддаси "тақиқланган иш ташлашга раҳбарлик қилиш ёки фавқулодда ҳолат шароитида корхона, муассаса ёхуд ташкилотлар ишига тўсқинлик қилганлик учун" энг кам ойлик иш ҳақининг 50 бараваридан 100 бараваригача жарима ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазосини назарда тутади.

Мамлакатда ишчи-ходимлар манфаатини ҳимоя қиладиган ёки уларнинг иш ташлашларини мувофиқлаштирадиган мустақил касаба уюшмалари мавжуд эмас.

“Ўзбекистонда меҳнат ҳуқуқлари, жумладан ойлик-маошлар бўйича иш берувчилар зиммасига жавобгарлик юкловчи, ойликлар кечикса ишчиларга катта миқдорда компенсация тўланиши кўзда тутилган қонунлар қабул қилинган. Лекин, мустақил касаба уюшмаларининг йўқлиги қоғоздаги бу ислоҳотларни йўққа чиқармоқда. Мустақил касаба уюшмалари йўқ Ўзбекистонда нимани кўряпмиз, ойликлар берилмаяпти, меҳнат ҳуқуқлари бузиляпти. Ишчилар ишдан ҳайдалишидан қўрқиб ҳеч бир жойга шикоят қилолмайди, шикоят қилса ишидан айрилишини билади. Ҳамма муаммо мустақил касаба уюшмаларининг йўқлигидан келиб чиқяпти”, - дейди Франциядаги Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари ташкилоти раҳбари Надежда Атаева.

Ўзини халқаро нефть сервис гуруҳи деб тақдим этишига қарамай¸ расмий сайтида келтирилган лойиҳаларга қаралса¸ Erriel Group асосан икки давлат – Россия ва Ўзбекистонда ишлайди.

Бугунга келиб “болалаб кетган” Eriell илк бор 1999 йили - Erriel Corporation s.r.o. шаклида Чехия пойтахти Прагада рўйхатдан ўтган.

Компаниянинг Чехия ҳудудида нима иш қилгани номаълум¸ аммо 1999 – 2003 йилларда у асосан Ўзбекистондаги нефть ва газ компанияларига Россияда ишлаб чиқарилган бурғулаш ускуналари ва жиҳозларни сотиш билан шуғулланган.

Eriell ва Enter Engineering 2016 йил сентябридан бошлаб нафақат "Ўзбекнефтгаз" бошлаган йирик лойиҳалар¸ балки Ўзбекистонда пайдо бўлган “қўшма корхоналар”га берилган йирик инвестицион лойиҳалар ижросининг таркибий қисмига айланади.

2020 йил январида ўз ҳисоботини тақдим этган Ишчи гуруҳ хулосасига кўра¸ Eriell ва Enter Engineering ўз хизмати учун бозор нархидан бир неча баравар қиммат нарх қўяди¸ айни пайтда¸ контрактдаги асосий ишни Ўзбекнефтгазнинг ўзига қарашли корхоналарга арзонига қилдиради.

Форум

XS
SM
MD
LG