Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 04:01

Ғаниев осмондан кўриши учун юзлаб ўқитувчи ўз ёнидан кўчат ўтқазишга сафарбар этилди


Мактаб ўқитувчилари кўчат ўтказмоқда. Миришкор тумани.
Мактаб ўқитувчилари кўчат ўтказмоқда. Миришкор тумани.

Қашқадарё вилоятидаги мактаблар ва боғчаларнинг ўқитувчи ҳамда тарбиячилари 25 ноябрь куни оммавий кўчат экишга сафарбар этилди.

Халқ таълими бўлими мулозимлари шу куни кўчат ўтқазиш кампаниясини шахсан Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Ғаниев вертолётдан назорат қилиши ҳақида огоҳлантирган.

Ўқитувчи ва мактаб директорларининг айтишларича, Бош вазир ўринбосарининг вертолёти кўринмаган бўлса ҳам, улар ўз ёнларидан пул тўлаб, кўчат сотиб олишган ва мактаб томорқасига ўтқазишган.

Расмийлар бунга изоҳ беришдан бош тортмоқда.

Телеграм ижтимоий тармоғида Қашқадарё вилоят ҳокимлиги томонидан вилоят мактабларига тарқатилган “Диққат шошилинч” деб номланади:

“Ҳурматли соҳа раҳбарлари. Эртага 25.11.21. куни Бош вазир ўринбосари Шуҳрат Мадаминович верталётда сектор раҳбарлари билан бирга учади. Шу муносабат билан ҳамма муассаса ва ташкилотларда яшил макон лойиҳаси бўйича дарахт кўчатлар экилиши керак. Ҳамма ҳаракатда бўлсин! Ҳозирдан кўчатларни тайёрланг! Бу шахсан ҳоким топшириғи”.

Ҳокимлик топшириғи
Ҳокимлик топшириғи

Корхона ва ташкилотлардан ташқари, 25 ноябрь куни барча мактаб ва боғчаларда ҳам оммавий кўчат ўтқазиш тадбири ўтказилди.

Озодлик билан суҳбатда Миришкор туманидаги мактаб директорлари ва ўқитувчилар шошилинч "телеграмма"дан саросимага тушганликларини айтишди:

“Тўғри, қани энди ҳамма ёқ дарахтзор бўлса, мевали дарахтлар кўп бўлса. Бизга ҳам бу маъқул. Лекин буни кампаниябозлик қилмаслик керак. Ҳокимлик бир дона ҳам кўчат бергани йўқ. Ўзимиз ўқитувчилардан пул йиғиб, бозордан, ўрмон хўжалигидан сотиб олдик ва мактабдаги бўш жойларга экиб ташладик. Муҳими, топшириқ бажарилди. Бу кўчатлар эртага олиб кетадими, йўқми, унга сув бўладими йўқми, буниси энди, иккинчи даражали масала ва ҳозирча бунга жавоб йўқ”, дейди исми сир қолишини сўраган ўқитувчилардан бири.

Мактаб ўқитувчилари кўчат ўтқазмоқда. Миришкор тумани.
Мактаб ўқитувчилари кўчат ўтқазмоқда. Миришкор тумани.

Матбуотга гапириш ваколати йўқлиги учун исми сир қолишини сўраган мактаб директорининг Озодликка айтишича, ўқитувчилар ўз ёнларидан кўчат сотиб олишга мажбурланган:

“Бизга ҳеч ким бир сўм пул ёки бир дона кўчат олиб келиб, буни эк, демади. Фақат мактабингнинг томорқасига 160 туп дарахт кўчати ўтқазасан, деган қатъий буйруқ бўлди. Ўқитувчилардан пул йиғиб бодом, арча, сосна каби кўчатларни сотиб олдик. Бодом кўчати жуда қиммат, ҳар донаси беш минг сўмдан экан. Ўшандан ҳам 50 та олишга мажбур бўлдик. Бу сафар ҳам президентнинг топшириғини бажариш учун яна балогардон ўқитувчилар бўлди”.

Мактаб ўқитувчилари кўчат ўтказмоқда. Миришкор тумани.
Мактаб ўқитувчилари кўчат ўтказмоқда. Миришкор тумани.

Директорнинг айтишича, кўчатлар хусусий кўчат етиштирувчилар ва маҳаллий ўрмон хўжалигидан сотиб олинган.

Миришкор туманидаги исми очиқланмаслигини сўраган яна бир мактаб директорининг айтишича, ўз ёнларидан кўчат олиб келган ўқитувчиларнинг "рейтинг балли кўтарилишига" кафолат берилган:

“Жами 300 тача кўчат экдик. Зардолу, олма, гилос, терак, тут, сосна бўлди. Ўқитувчиларга яшил ҳудуд учун алоҳида рейтинг қилдим. Ўқитувчиларимиз ўзлари топиб, олиб келишяпти. Ҳокимият ҳам бераман деяптию, билмадим, энди қачон беради. Ҳозирча ўзимизнинг кучимиз билан қилиб турибмиз”.

Миришкор тумани ХТБ мудири Бектош Шодиев Озодликнинг саволини эшитиши биланоқ алоқани узиб қўйди.

Айни ҳолат Косон туманидаги мактабларда ҳам бўлаётганини 27-мактабнинг исми сир қолишини сўраган ўқитувчиси тасдиқлади:

“Бизда ҳам худди шундай бўляпти, ўзимиз маҳаллий тадбиркордан кўчат сотиб олиб мактаб томорқасига ўтқаздик. Ҳокимлик фақат ҳайбаракаллачилик қилиб турибди, холос”.

Президент Шавкат Мирзиёев 2 ноябрь куни аҳолини уй-жой билан таъминлаш ҳамда яшил майдонларни кенгайтириш чора-тадбирлари муҳокамаси юзасидан ўтказган йиғилишда “Яшил макон” умуммиллий лойиҳасини амалга ошириш масаласи кўтарган эди.

Бу лойиҳа бўйича мамлакатда 200 миллион дона кўчат ўтқазилиши керак ва 10 декабрга қадар “долзарб 40 кунлик” эълон қилинган.

Мустақил Ўзбекистон тарихида дарахт кўчатлари ўтқазиш кампаниялари бир неча марта бўлиб ўтган.

Лекин ҳар сафар давлат бюджетидан миллиардлаб сўм сарфланган кўчатларнинг катта қисми қаровсизлик ва сувсизликдан қуриб кетган ва айни пайтда пойтахт ҳамда вилоятларда кўп йиллик дарахтларни аёвсиз кесиш давом этган.

Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида яқинда кузатилган чанг ва қум бўронлари каби табиий офатларда фаоллар ҳокимиятни ҳам айблашади.

XS
SM
MD
LG