Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:51

"Эҳтиёжни қисман қондиради"."Газпром" билан шартнома қишда аҳолининг газ муаммосини ҳал қилмайди


Иллюстратив сурат.
Иллюстратив сурат.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 19 июнь куни йилига Россиядан 2 миллиард 800 миллион кубометр газ сотиб олиш тўғрисидаги келишувга эришилганини билдирди.

Аввалроқ Коммерсантъ нашри “Газпром” Ўзбекистон билан келишувга мувофиқ бу мамлакатга йилига 6 миллиард кубометр ёки суткасига 18 миллион кубометр газ етказиб бериши кутилмоқда, деб хабар берган эди.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги 19 июнда тарқатган расмий билдирувида Россиядан 2 миллиард 800 миллион кубометр, кунига 9 миллион кубометр газ сотиб олинишини билдирди.

“Табиий газ нархи минтақадаги бозор нархлари асосида, шунингдек, республикамиздаги амалдаги нархлар ҳамда уларни бозор тамойиллари асосида шакллантириш бўйича амалга оширилиши режалаштирилаётган ислоҳотлардан келиб чиқиб, келишилган”, - дейилади расмий билдирувда.

Вазирликнинг таъкидлашича, мазкур шартнома “истеъмолчиларнинг табиий газга бўлган йилдан-йилга ошиб бораётган эҳтиёжини қисман қондириш ҳамда куз-қиш мавсумини беталафот ўтказишга қаратилган чора тадбирлардан биридир”.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги Россия газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга етказиб бериш ишлари 2023 йилнинг тўртинчи чорагидан бошланиши ҳақида маълум қилганди.

Вазирликнинг билдиришича, 16 июнь куни Санкт-Петербург Халқаро иқтисодий форумида Россия газини Ўзбекистонга етказиб бериш бўйича шартнома ва республика газ узатиш тизимини Россия газини қабул қилишга тайёрлаш бўйича “Йўл харитаси” имзоланган.

Ҳужжатларни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари Жамшид Хўжаев иштирокида Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов ҳамда “Газпром” ОАЖ бошқаруви раиси Алексей Миллер имзолаган.

Шу куннинг ўзида “Газпром” Ўзбекистонга Қозоғистон ҳудуди орқали ўз газини транспортировка қилиш бўйича қозоқ расмийлари билан шартномага қўл қўйган.

Ўзбекистон Энергетика вазирлиги баёнотидан олдинроқ Москвадаги Коммерсантъ нашри “Газпром” Ўзбекистон билан келишувга мувофиқ бу мамлакатга йилига 6 миллиард кубометр ёки суткасига 18 миллион кубометр газ етказиб бериши кутилмоқда, деб хабар берди.

“Таҳлилчилар фикрича, “Газпром”дан йилига 6 миллиард кубометр газ сотиб олиниши Ўзбекистонга ички истеъмолни таъминлаш имкониятини яратади, бироқ Хитойга газ етказиб бериш бўйича шартномани бажаришга етмайди”, -деб ёзди Коммерсантъ.

Хабарда айтилишича, Ўзбекистон Хитойга йилига 10 миллиард кубометр газ етказиб бериш борасидаги шартномани имзолаган. Бироқ бу шартнома газ етишмовчилиги туфайли бирор марта ҳам тўлиқ бажарилмаган.

“Ўзтрансгаз” 2025-2026 йилларга келиб Ўзбекистон ичкарисида талаб кўпайиши ортидан Хитойга газ экспорти тўлиқ тўхтатилиши мумкинлигини билдирган эди.

Хабарда Ўзбекистонда куз-қиш мавсумида суткасига 20 миллион кубометргача газ етишмовчилиги кузатилгани айтилади. Жорий йилнинг куз-қиш мавсумида газга бўлган эҳтиёж янада кўпайиши мумкин.

“Энергетика ва молия институти тадқиқотчиси Сергей Кондартьевнинг айтишича, Ўзбекистонда газга бўлган эҳтиёж 2023 йилда 51-52 миллиард кубометрга етиши мумкин (2022 йилда 48,4 миллиард кубометр эди)”, -дейилади хабарда.​

Июнь ойи бошида Қозоғистон энергетика вазири Алмасадам Саткалиев ўз мамлакати инфратузилмаси Россия газини Ўзбекистонга транзит қилишга 2024 йилнинг куз-қиш мавсумига борибгина тайёр бўлишини билдирган эди.

Россия, Қозоғистон ва Ўзбекистон иштирокида “уч томонлама газ иттифоқи” тузиш истаги Россия президенти Владимир Путин томонидан қозоқ президенти Қасим-Жомарт Тоқаев билан ўтган йил ноябрида Москвада бўлиб ўтган учрашув чоғида билдирилган эди.

Ўзбекистон энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов 2022 йилнинг 7 декабрида журналистлар билан мулоқот чоғида Тошкент “ҳеч қачон газ эвазига сиёсий шартларга рози бўлмайди”, деб айтган. Вазирга кўра, Россия билан газ етказиб бериш бўйича шартнома тузилиши иттифоқ тузилишини англатмайди.

Аввалроқ Россия расмийлари Тошкентга Ўзбекистон газ-транспорт тизимини “Газпром”га сотишни ва Хитойга газ экспорт қилиш ҳуқуқини Москвага беришни таклиф қилгани ҳақида гап-сўзлар пайдо бўлган. Бироқ бу маълумот иккала давлат мулозимлари томонидан ҳам тасдиқланган эмас.

Жорий йил апрелида Самарқандга сафар қилган ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Россия, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги газ иттифоқи муҳокамасида илгарилаш кузатилаётгани ҳақида билдирган эди.

Ўша пайтда энергетика вазири Жўрабек Мирзамаҳмудов Россия газини Ўзбекистонга “Ўрта Осиё – Марказ” магистрал газ қувури орқали етказиб бериш режаланаётганини маълум қилган.

XS
SM
MD
LG