Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:54

"Ўзавтосаноат" Асакадаги GM Uzbekistan раҳбариятини ёппасига алмаштирди


"Ўзавтосаноат" АЖ раисининг Асакадаги GM Uzbekistan заводига амалий ташрифи давомида заводдаги лавозимларини узоқ вақт давомида эгаллаб келган ҳамда фаолияти кўп йиллар давомида ишлаб чиқаришда турғунлик ва зарарга сабаб бўлган қатор ходимлар ишида жиддий хатолар ва камчиликлар аниқланди. Бу ҳақда "Ўзавтосаноат" акциядорлик жамияти расман хабар қилди.

"Ходимлар бўшатилди, уларнинг ўрнига маҳаллий автомобиль саноатини ривожлантиришнинг янги концепциясини қўллаб-қувватлайдиган, ўзларидан олдин ишлаганларнинг хатолари устида тегишли ишларни амалга ошира оладиган ёш ва мақсадга интилувчан мутахассислар тайинланди", - дейилади "Ўзавтосаноат" баёнотида.

Янги тайинловлар:

1. Азимов Алишер Мираббосович - бош директорнинг умумий масалалар бўйича ўринбосари вазифасини бажарувчиси;
2. Тўхтабоев Акрамжон Ҳошимжонович - ишлаб чиқариш бўйича бошқарувчи директор вазифасини бажарувчи;
3. Акбаров Козимжон Комилжонович - коммунал хизмат кўрсатиш ва капитал қурилиш дирекцияси директори вазифасини бажарувчи;
4. Абдураҳмонов Дилшодбек Авазович - муҳандислик маҳсулотлари ва таъминотчилар сифати дирекцияси директори вазифасини бажарувчи;
5. Тўрақулов Элёр Бахтиёрович - глобал харидлар бўйича бошқарма директори вазифасини бажарувчи;
6. Мамадалиев Алишер Муродилович - муҳандислик маҳсулотлари ва таъминотчилар сифати дирекцияси директори ўринбосари вазифасини бажарувчи;
7. Мамажонов Анваржон Мамажонович - транспорт ташувлари бўлими бошлиғи вазифасини бажарувчи;
8. Муродов Акмал Бойқобилович - ишлар бошқарувчиси вазифасини бажарувчи;
9. Шоназаров Шавкат Шуҳратович - пресслаш цехи бошлиғи вазифасини бажарувчи;
10. Мусаев Абдураҳим Патахович - бош директорнинг маслаҳатчиси - марказий юклаш майдончаси раҳбари вазифасини бажарувчи.

"Ўзавтосаноат" баёнотида ишдан олинганлар тўғрисида маълумот берилмаган.

Маълумотларга қараганда, 2016 йилда заводга раҳбарлик қила бошлаган Рустам Ражабов ҳамон директор вазифасини бажарувчи бўлиб турибди.

Gazeta.uz нашрига куни кеча берган интервьюсида "Ўзавтосаноат" ширкати бошқаруви раиси Шавкат Умурзоқов мамлакатда автомобил тақчиллиги сунъий равишда вужудга келтирилгани, бунга керакли миқдорда автомобил ишлаб чиқарилмагани сабаб бўлганини айтган эди.

"Агар аҳолининг автомобилларга эгалик даражасини ҳисобласак, 1000 кишига 70 та автомобиль тўғри келади. Қўшни Қозоғистонда бу кўрсаткич 217 тани ташкил этади. Агар заводларимиз тўлиқ қувватда ишласа ва йилига 300 мингта машина сотса, уларни ортда қолдиришимиз учун 13 йил керак бўлади. Бу кўрсаткич бозоримиз қанчалик "оч қолгани"ни кўрсатади", деган Шавкат Умурзоқов.

Озодлик "Ўзавтосаноат"да кечаётган ўзгаришлар жараёнини ўрганган ва 12 сентябрда "Автосаноат “прокурорлаштирилди”. Ижобий ўзгаришлар сезилаётгани йўқ", деган сарлавҳа остида мақола ёритган эди.

XS
SM
MD
LG