Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 01:19

Миллиардларни ўғирлаганликда айбланаëтган Гулнора Каримова қамоқхонадан уйига чиқарилди


Имон Каримованинг 1 октябрь кунги Instagram постида қолдирилган ëзув.
Имон Каримованинг 1 октябрь кунги Instagram постида қолдирилган ëзув.

Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинланган Ўзбекистон марҳум президентининг тўнғич қизи Гулнора Каримова ўз уйига чиқарилган.

Каримованинг 28 сентябрь куни Тошкентдан Лондонга учиб келган қизи Имон Каримовага тегишли экани айтиладиган Instagram саҳифасида 1 октябрь куни эълон қилинган постда шундай хабар тарқатилди.

(Озодлик бу саҳифанинг айнан Имон Каримованики эканини тасдиқлаш ëки инкор қилиш имконига эга эмас.)

Бу хабарга муносабат билдирган Ўзбекистон Бош прокуратураси "Г.Каримова қонун билан белгиланган тартибда жазо ўташни давом этмоқда"¸ деди¸ аммо унга қонунда айнан қандай жазо белгиланганига ойдинлик киритмади.

Европа телеком ширкатлари АҚШ Адлия вазирлигига Гулнора Каримованинг ўзларидан 1 миллиард долларга яқин пора олганига иқрор бўлган; Ўзбекистон Бош прокуратураси эса¸ Каримовани триллионлаб сўм миқдоридаги даромадни солиқдан яширганлик¸ ўзгаларнинг триллионлаб сўм қийматидаги мол-мулкини ўзлаштириш¸ 2 миллиард доллардан ошиқроқ хорижий валютани яшириш каби оғир жиноятларда айблаган.

Каримованинг уй қамоғига чиқарилгани хабари Озодликка август ойида Ўзбекистон ҳуқуқ тизими мулозими томонидан юборилган¸ аммо на Ўзбекистон Бош прокуратураси ва на Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати Gregoirе Mangeat буни тасдиқлаш ëки инкор этишни истаган эди.

Озодлик билан шахси очиқланмаслик шарти билан гаплашган Тошкентдаги ҳуқуқ тизими мулозими¸ бир муддат Зангиота туманидаги аëллар қамоқхонасида сақланган Гулнора Каримованинг ҳозирда Содиқ Азимов кўчасидаги ўз уйида эканини билдирди.

Имон Каримова Лондондан ëзади...

28 сентябрь куни Тошкент-Лондон рейсига чиқишдан олдин компютери обдон текширилгани ҳақида Instagram орқали хабар тарқатган Имон Каримова 1 октябрь куни олдинги ëзувларига қўшимча қилди.

Имон Каримованики экани айтиладиган Instagram саҳифасида 1 октябрь куни қолдирилган сурат ва ëзув.
Имон Каримованики экани айтиладиган Instagram саҳифасида 1 октябрь куни қолдирилган сурат ва ëзув.

Мени чалғитиш ва компютер ва бошқа техникадаги йўқ қилиш учун аэропортда махсус сохта жанжал уюштиришди....Бу энди мустақил текширув предмети”¸ деб ëзган Имон Каримова “Онам энди уйда¸ шунинг учун нимадир муҳим нарса қидирдилар. Қандай ахмоқлик”¸ деб ëзди 1 октябрь кунги Instagram постида.

Ўз фоловерларининг¸ "Бу ҳақда журналистлар билан гаплашасизми"¸ деган саволига “йўқ” деб жавоб берган Гулнора Каримованинг қизи¸ "Тошкентни нега тарк этдингиз"¸ деган саволга¸ “ўқиш учун” деб ëзган.

Имон Каримованинг Instagram саҳифасида чоп этган аудиториядан олинган суратидаги кафедрада LSE деган ëзув бор ва шу аббревиатурадан Каримов набирасининг халқаро майдонда танилган London School of Economics университетида ўқишни бошлаганини тушуниш мумкин.

Имон Каримованинг 1 октябрь кунги Instagram постидан унинг LSE - London School of Economics логоси қўйилган аудиториядан олингани кўрилади.
Имон Каримованинг 1 октябрь кунги Instagram постидан унинг LSE - London School of Economics логоси қўйилган аудиториядан олингани кўрилади.

Instagramдаги сўнгги постида “Қайтиш қачон” деган саволга Имон Каримова¸ “яқинда”¸ деган ëзув қолдирган.

Бош прокуратура ўз расмий баëнотини олиб ташлади?

2017 йил 28 июль куни Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратурасининг Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши курашиш бошқармаси Бош прокуратура расмий сайтида "Г.Каримовага нисбатан жиноят ишлари юзасидан хабар" эълон қилган эди.

2018 йилнинг 2 октябрь куни Озодлик Бош прокуратура расмий сайтидан бу хабарни топа олмади - бу ҳолат сайтда кузатилаëтган вақтинчалик техник носозлик билан изоҳланди.

Бу хабарнинг Озодлик сайтида чоп этилган нусхасида¸ Гулнора Каримовага Тошкент вилояти судининг 2015 йил 21 августдаги ҳукми билан 5 йил муддатга озодликни чеклаш жазоси тайинлангани айтилган эди.

Айни баëнотда¸ “Каримовага нисбатан уюшган жиноий гуруҳга қўйидаги жиноятларни содир этишга кўмаклашиш ҳолатлари бўйича алоҳида иш юритувга ажратилган жиноят иши юзасидан тергов ҳаракатлари давом эттирилаëтгани ва унга нисбатан Жиноят кодексининг олтита моддаси бўйича айблов эълон қилиниб¸ қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чораси қўлланилгани" ҳам айтилган эди.

Озодлик билан жорий йилнинг 20 июнь кунги суҳбатда Гулнора Каримованинг Швейцариядаги адвокати Gregoirе Mangeat “мижозининг Тошкентдан уч соатлик масофадаги қамоқхонада оғир шароитда сақланаëтганини” айтган¸ аммо муассаса номини аниқ тилга олмаган эди.

Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш идораларида ишловчи айрим мулозимлар Озодликка Каримованинг бир муддат Зангиоата туманидаги аëллар учун махсус қурилган қамоқхонада сақлангани¸ жорий йил август ойида эса¸ унинг Тошкентдаги Япония элчихонаси олдидаги уйига чиқарилганини билдирган эди.

Тошкент мулозими иддаосича¸ Гулнора Каримова ҳозирда Содиқ Азимов кўчасидаги уйида сақланмоқда.
Тошкент мулозими иддаосича¸ Гулнора Каримова ҳозирда Содиқ Азимов кўчасидаги уйида сақланмоқда.

Ўзбекистон Бош прокуратураси ва Каримованинг адвокати бу маълумотни на тасдиқлаб на инкор этгани учун¸ Озодлик бу хабарни ҳозиргача эълон қилмаган эди.

Музокаралар

Озодлик билан суҳбатда Каримованинг Швейцариядаги адвокати Gregoirе Mangeat ўз бирламчи мақсади мижозининг тутқунликдаги шароитини яхшилаш эканини таъкидлаган эди.

Озодлик билан суҳбатда бу ишда ҳамма учун – Ўзбекистон ва Швейцария прокуратураси¸ айни пайтда Гулнора Каримова учун мақбул тўхтамга келиш мақсадида адвокат ўз мижозининг “айрим муросага бориши мумкин”лигини таъкидлаган эди.

- Мен ҳимоячи сифатида ўз ишимни бажаришим учун тутқунликдаги мижозимга халқаро стандартларга мос келадиган адолатли шароит яратиб берилиши учун курашаман. Агар Ўзбекистон ҳукуматининг нияти шунчаки Каримованинг бойликларини олиш бўлса¸ биз бунга қаршилик қиламиз ва керак бўлса¸ Страсбургдаги Европа инсон ҳақлари судигача борамиз¸ деган эди 20 июнь куни Озодлик билан гаплашган Каримова адвокатлар гуруҳи раҳбари.

Тошкентдаги ҳуқуқ тизими мулозимининг айтишича¸ Каримованинг қамоқхонадан уйига чиқарилиши унинг адвокати билан музокаралар натижасидир.

Каримовага уйида жим ўтириш шарти қўйилди. Унинг уйида интернет йўқ ва унинг аҳволи ва музокараларга оид маълумот шу тарзда назорат қилинмоқда”¸ деди шахси очиқланмаслигини сўраган Тошкент мулозими.

Бу шартнинг Каримованинг қизи Имон билан келишилган-келишилмагани ҳозирча Озодликка маълум эмас.

Гулнора Каримова бойлигининг сўнг эгаси – Ислом ва Имондир

Озодлик нусхасини қўлга киритган Каримованинг сўнгги васиятида¸ 1992 йил 22 декабрь куни туғилган Ислом Каримов ва 1998 йил 17 июнь куни туғилган Имон Каримова¸ Гулнора Каримова бойликларининг сўнг ва ягона ворислари этиб белгиланган.

Гулнора Каримованинг Швейцария банкидаги махсус қутида сақланган васияти нусхаси.
Гулнора Каримованинг Швейцария банкидаги махсус қутида сақланган васияти нусхаси.

26 яшар Ислом Каримов узоқ йиллардан бери Лондонда яшайди ва бобоси ўлимидан сўнг¸ Британиядан бошпана сўраганини билдирган эди.

20 яшар Имон эса¸ онаси бобосининг қаҳрига учраб¸ аввалига уй қамоғи¸ сўнгра эса ҳақиқий қамоқхонага ташланганидан бери Ўзбекистондан чиқарилмаган ва унинг Гулнора Каримова ҳолидан хабар олишга рухсат берилган ягона оила аъзоси бўлгани айтилади.

На Ислом ва на Имон¸ Ислом Каримов дафн маросимида қатнашмади. Имон Каримова илк бор жамоатчиликка бобоси ўлимининг бир йиллиги арафасида ўтказилган хотира тадбирида холаси Лола Каримова ëнида кўринган эди.

Озодликка маълум бўлишича¸ бобоси даврида Ўзбекистон дипломатик паспортига эга бўлган Ислом ва Имон¸ АҚШ ватандошлигига ҳам эга. Уларнинг отаси Мансур Мақсудий АҚШ ватандошидир.

XS
SM
MD
LG