Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 15:25

Мирзиëев Каримов молиявий тизими бошқарувчисини пенсияга жўнатди


67 ëшида пенсияга кетган Татьяна Гуськова ўтган йил 78 ëшида вафот этган Ислом Каримовнинг молия-иқтисод секторидаги "ишонган тоғи" сифатида таърифланади.
67 ëшида пенсияга кетган Татьяна Гуськова ўтган йил 78 ëшида вафот этган Ислом Каримовнинг молия-иқтисод секторидаги "ишонган тоғи" сифатида таърифланади.

1986 йили, Ислом Каримов Ўзбекистон ССР Молия вазири бўлиб турган пайтда ўзига ўринбосар қилиб тайинланганидан бери вазирликни де-факто бошқариб келган Татьяна Гуськова президент Мирзиëевнинг 13 июл кунги қарори билан Молия вазирининг 1- ўринбосари лавозимидан озод этилди. Озодлик суҳбатлашган молия тизими мулозимлари¸ Гуськованинг кетишини бутун бошли бир даврга якун ясалаётгани сифатида баҳоладилар.

Кечикиб расмийлаштирилган кетиш

Президент расмий сайтида 13 июль куни эълон қилинган қарорда¸ Татьяна Гуськованинг “нафақага чиқиши муносабати билан Ўзбекистон Республикаси Молия вазирининг биринчи ўринбосари лавозимидан озод этилгани” айтилган.

Айни пайтда¸ Молия вазирлиги расмий сайтидаги маълумотга кўра¸ Ҳайдаров Аҳадбек Яҳëбекович июнь ойидан бери Молия вазирининг 1-ўринбосари лавозимида ишламоқда.

Бу икки расмий маълумотда келтирилган саналардаги тафовут¸ Татьяна Гуськованинг Молия вазирининг 1-ўринбосари лавозимидан озод этилиши амалдаги ўзгаришдан анча кечикиб расмийлаштирилганини кўрсатади.

Аслида¸ 67 яшар Гуськовани яхши билган вазирлик мулозимининг Озодликка айтишича¸ Гуськова ўтган йилнинг ноябрида – Шавкат Мирзиëев президентлик вазифасини бажаришга киришганидан икки ой ўтиб-ўтмай¸ ишга чиқмай қўйган.

“Татьяна Николаевна ўзи олдинлари ҳам тез-тез Германияга даволанишга ойлаб кетиб қоларди. Ноябрда ҳам саломатлиги боис¸ больничнийга чиқди. Шундан кейин тузук-қуруқ ишлагани йўқ”¸ дейди Молия вазири 1-ўринбосарини бевосита билган манба.

Пенсиями истеъфо?

Ўзбекистон молия тизимининг Гуськовани яхши билган расмийси Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Татьяна Гуськованинг қисман саломатлиги боис¸ яна қисман эса¸ президент Мирзиëевнинг мамлакат бюджетига қилаëтган ниҳоятда кучли босими боис¸ пенсияга кетишга қарор қилганини билдирди.

Ўзбекистон бюджетини тийин-тийинигача биладиган ҳам¸ уни тақсимлайдиган ҳам Гуськова эди. Гуськова имзосисиз¸ бирор соҳага бир сўм ҳам пул берилмас эди. Мирзиëев келгандан бери¸ ҳар куни тинимсиз ваъда бераяпти – ҳали метро, ҳали стадион¸ аэропорт¸ зиëратгоҳ қурмоқчи¸ ҳали ҳаммага солиқдан имтиëз бермоқчи¸ судья¸ прокурор¸ врачларга ипетечний уйлар қуриб бермоқчи. Ҳеч ким ундан бу ваьдаларингизни бажаришга пулни қаердан олмоқчисиз¸ деб сўролмаяпти. Солиқ тушумлари қисқариб бораëтган¸ хорижий инвестиция кирмаëтган бир пайтда¸ ўзи шундоқ ҳам оғир аҳволдаги бюджетдан пулни орқа-олдига қарамай сарфлашнинг нақадар ҳалокатли эканини Гуськова яхши билганидан¸ ўйиндан чиқа қолди”¸ дейди молия тизими расмийси шахси сир қолиш шарти билан.

Кетган ким эди?

67 яшар Татьяна Гуськова номи кенг жамоатчиликка кўп ҳам таниш бўлмаса-да¸ у деярли бирор марта жамоатчиликка у ëки бу шаклда кўриниш берган бўлмаса-да¸ Ўзбекистон молия-иқтисодий бошқарувини озми-кўпми билганлар¸ унинг бу бошқарувдаги ниҳоятда қудратли шахс бўлганини айтадилар.

Хусусан¸ Ўзбекистондаги мустақил иқтисодий таҳлилчилардан бири Озодликка Гуськовани “мамлакат иқтисодий блокида узоқ-узоқ йиллар президентдан кейинги асосий шахс эди”¸ деб таърифлади.

Ўн йилга яқин Молия вазирлигида бевосита Гуськова билан бирга ишлаган Сапарбой Жубаев¸ Гуськованинг вазирликдаги “кўтарилиш” тарихини эслайди:

- Гуськова Ислом Абдуғаниевич Молия вазири бўлган пайтда¸ 1983-86 йилларда у билан бирга ишлаган. 26 ëшида Саноатни молиялаштириш бошқармаси раҳбарлигига келган ниҳоятда талантли қиз эди. Каримов Қашқадарëга ҳокимликка кетишдан сал олдин¸ уни вазир ўринбосари қилди¸ президентликка келиши билан 1- ўринбосар қилди. Ўринбосарлик ва биринчи ўринбосарликда қарийб 32 йил ўтирди. Бу орада қанчадан-қанча Молия вазири келиб-кетди¸ лекин Гуськова ўзгармади. Вазирлар идоранинг сиëсий юзи бўлган бўлса¸ асосий ишни Гуськова бошқарарди. Бюджет¸ валюта активлари назорати тўлиғича Гуськова қўлида эди¸ дейди Ўзбекистон Молия вазирлиги Валюта-иқтисод бошқармасининг собиқ раҳбари Жубаев.

“Гуськова – бугунги абгор молия-иқтисод тизими учун асосий масъуллардан бири!”

Ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчилардан яна бири Озодлик билан суҳбатда¸ Гуськовани мамлакатда валюта эркин конвертацияси жорий қилишга қаршилик қилиб келган асосий шахслардан бири сифатида баҳолади.

“Мен Гуськованинг бу ҳақдаги ëпиқ чиқишларини эшитганман. Конвертацияга очиқдан-очиқ қарши эди. У борлигида солиқ сиëсатини ислоҳ қилиш бўйича бирорта ташаббус ўтмас эди. Ҳар қандай ислоҳотга қарши эди. Марказий банкка янги раҳбар келиши билан¸ қандайдир тебранишлар бошланди¸ жонланиш сезилди. Минфин раҳбарияти¸ айниқса¸ унинг 32 йиллик де-факто раҳбарининг кетишига Ўзбекистон иқтисоди учун хайрли воқеа деб қарайман”¸ деди Озодлик билан ëзма суҳбатлашган таҳлилчилардан бири.

"Гуськованинг кетишида кўп ҳам хайр йўқ!"

Ўзбекистон Иқтисодиëт вазирлиги собиқ мулозими Саодат Нишонова мамлакат молия-иқтисод тизимининг аянчли аҳволи учун жавобгарликни Гуськова каби мутахассисларга тўнкашни адолатсизлик¸ деб атади:

- Гуськова реал вазиятдан келиб чиқиб¸ конвертацияни очишга бюджетнинг қурби етмаслигини айтган¸ бу тўғри. Ўзбекистон солиқ тизими ҳам¸ ўта мураккаб қурилма ¸ унинг бир жойига тегиш¸ бошқаси қулашига туртки бўлади. Гуськова буниям яхши биларди. Лекин бу тузумни у яратгани йўқ¸ бунинг учун масъулият ундан шунақа тизимни шакллантириш ва сақлаб қолишни талаб қилган сиëсий раҳбарлар зиммасида. Сиëсий қарор берувчилар ва бу сиëсатнинг ижрочилари этиб тайинланган мутахассислар ўртасида фарқ борлигини эътироф этиш керак¸ дейди Нишонова.

Бу мутахассис¸ Татьяна Гуськова ëки Рустам Азимовларнинг молия тизими бошқарувидан кетиши молия-иқтисод соҳасида ижобий ўзгаришлар¸ ислоҳотлар бошланишига майдон яратади¸ деб умид қилаëтганларни вазиятнинг мураккаблигидан огоҳлантиради:

- Мен образли қилиб¸ Гуськованинг кетиши билан¸ ҳеч бир ҳақоратсиз¸ бюджетнинг “қўриқчи ити” кетди¸ деган бўлардим. Илма-тешик бюджетни у ëғидан ямаб¸ бу ëғидан ямаб бўлса ҳам ¸ ойлик ва пенсиялар тўланишини таъминлаб келган Гуськованинг кетиши¸ яқин орада¸ ижтимоий соҳанинг коллапси¸ инфляциянинг ниҳоятда кучайишига йўл очиши мумкин. Бугун Мирзиëев командасидаги профессионал молиячилар¸ бу соҳани яхши билмаслиги кўриниб қолган президентни¸ фискал соҳадаги популизм оқибатларидан очиқ огоҳлантиришлари шарт¸ дейди ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи.

XS
SM
MD
LG