Линклар

Шошилинч хабар
27 ноябр 2024, Тошкент вақти: 14:52

Ҳаррис ва Трамп илк бор дебат қилди. Асосий нуқталар


Камала Ҳаррис ва Дональд Трампнинг илк теледебатидан лавҳа, Филадельфия, 2024 йил 10 сентябри
Камала Ҳаррис ва Дональд Трампнинг илк теледебатидан лавҳа, Филадельфия, 2024 йил 10 сентябри

АҚШда президентликка номзодлар Камала Ҳаррис ва Дональд Трампнинг илк теледебати бўлиб ўтди. ABC News телеширкати томонидан Филадельфиядаги Конституцияни ўрганиш миллий маркази биносида ташкил қилинган дебат 90 дақиқа давом этди.

Икки номзоднинг дебати 5 ноябрга белгиланган сайлов олдидан муҳим тадбир саналади. Ҳаррис ва Трамп илгари бир марта ҳам учрашмаган, бир-бирлари билан ҳатто телефонда гаплашишмаган.

Бошловчилар уларга иқтисодиёт, абортлар, миграция, ҳокимиятни тинч йўл билан топшириш,Исроилнинг ҲАМАСга (АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот деб топилган) қарши уруши, Россиянинг Украинага қарши уруши, Афғонистондан қўшинларнинг олиб чиқиб кетилиши ҳамда соғлиқни сақлаш тизими тўғрисида саволлар беришди. Дебатлар чоғида Трамп ва Ҳаррис бир-бирларини ёлғончиликда айбладилар.

Россиянинг Украинага қарши уруши

Дональд Трамп президент бўлганидан сўнг Россиянинг Украинага қарши урушига тезда барҳам беражагини яна бир бор такрорлади. У бу ишни, ўзининг айтишича, президентлик вазифаларига тўлиқ киришмасиданоқ ҳал қилади.

Собиқ президент истаги одамларни қутқариб қолиш ва урушни битириш эканини урғулади. Трампга кўра, у Украина ва Россия президентларини яхши танийди, улар уни ҳурмат қилишади, аммо АҚШ президенти Жо Байденни “ҳурмат қилишмайди”; Байден уруш бошланганидан бери “Путинга ҳатто қўнғироқ қилмаган”, Путин билан қандай музокара қилиш ва урушни қандай қилиб тўхтатиш мумкинлигини “мутлақо тушунмайди”. Бу эса, Трамп фикрича, Учинчи жаҳон урушига олиб келиши мумкин. Унинг айтишича, Путиннинг қўлида ядро қуроли бор, лекин ҳеч ким буни ёдда тутишни хоҳламайди.

Камала Ҳаррис фикрича, Трамп диктаторларга мафтун ва ўзи ҳам диктатор бўлишни истайди: “Дональд Трамп заиф одам, у миллий хавфсизлик ва ташқи сиёсатга доир масалаларда ҳақли эмас. Трампнинг диктаторларга мафтунлиги ва илк кунданоқ диктатор бўлиб олмоқчи экани барчага аён”. Унга кўра, дунё диктаторлари ва автократлари ҳам Трампнинг президент бўлишини хоҳлашади, чунки уни “ўз йўриқларига юргизишмоқчи”.

Доналд Трампнинг сайловолди митингида ўқ овозлари эшитилди. Трамп эвакуация қилинди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:02:12 0:00

Ҳаррис Путин билан муомала ва президентликка номзодларнинг ёндашувларидаги тафовут ҳақидаги саволга жавоб бераркан, Дональд Трамп “шунчаки, таслим бўлиш билан” урушни тугатмоқчи эканини айтди. У АҚШ саъй-ҳаракатлари билан 50 мамлакат Украинани қўллаб-қувватлаш учун бирлашганини қўшимча қилди.

Ҳаррис, шунингдек, ҲҲМ тизимлари, Abrams танклари ва бошқа қуроллар етказиб берилгани туфайли Украина эркин ва демократик мамлакат бўлиб қолаётганини таъкидлади: “Дональд Трамп президент бўлганида, Путин ҳозир Киевда ўтирган бўларди”. Ҳаррис: “Путин Украина билан чекланмайди, у Трамп сингари сиёсатчиларни “ямламай ютади”, дея қўшиб қўйди.

Яқинда Associated Press-NORC ўтказган сўровда америкаликлар Украинадаги урушга барҳам бериш масаласида ҳеч бир номзодни ортиқ ёки кам кўрмаслиги маълум бўлди. Респондентларнинг тахминан 40 фоизи ушбу масалада иккала номзодга ҳам ишонишини билдирган.

Иқтисодиёт

Камала Ҳаррис иқтисодиёт ҳақида сўзлар экан, “имкониятлар иқтисодиёти”ни яратмоқчи ва кичик бизнесни дастакмоқчи эканини айтди. Айни пайтда у Трампнинг “ҳеч бир режаси йўқ”, чунки у “фақат ўз манфаатини кўзлайди”, дея қайд этди.

Ҳаррисга кўра, Трампнинг президентлик давридан “даҳшатли” ишсизлик ва соғлиқни сақлаш, демократияга тажовуз мерос бўлиб қолган (2021 йил январда Трампнинг тарафдорлари Капитолийни ишғол қилгани назарда тутилмоқда – таҳр.).

Ҳаррис собиқ президент Оқ уйга қайтган тақдирда “Лойиҳа 2025” номли режа”ни амалга оширажагини ва демократларнинг ушбу ҳужжатга қарши ўз режалари борлигини урғулади. Трамп эса унинг сўзларини инкор этиб, “Лойиҳа 2025”ни ҳатто ўқиб кўрмаганини ва ўқимоқчи ҳам эмаслигини билдирди.

Дональд Трамп рақибасини “марксчи” ва “тарихдаги энг нобоп вице-президент” деб атади. Сўнгра Ҳарриснинг бирон тайинли режаси бўлмай, амалдаги президент Жо Байден дастуридан кўчираётган чоғда у “ажойиб режа”ни тайёрлаб қўйганини айтиб, мақтанди. Собиқ президент иқтисодиётдаги аҳволни “расво” дея таърифлаб, “одамлар учун, ўрта табақа учун ва умуман барча табақалар учун фожиа бўлган” юқори инфляциядан баҳс этди.

Ўзбеклар АҚШда камситилаётганидан шикоят қилишди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:28 0:00

Миграция

Камала Ҳаррис ўзини чегарадан наркотик ва қурол олиб ўтувчи трансмиллий ташкилотни таъқиб қилган ягона одам, деб атади. Унинг айтишича, АҚШ Конгресси миграция сиёсатига доир икки партияли қонун лойиҳасиниишлаб чиққан, бироқ Трампнинг касрига ҳужжат қабул қилинмаган. Ушбу сўзларидан сўнг Ҳаррис рақибини “муҳим масалаларга ечим топиш ўрнига сиёсий ўйинларни ўйнашда давом этаётганлик”да айблади.

Ўз навбатида Трамп амалдаги ҳукуматни АҚШга миллионлаб мигрантлар келишига йўл қўйганликда айблаб чиқди. Унга кўра, мамлакатга келган ажнабий муҳожирлар аллақачон Спрингфильдда ит ва мушукларни “тутиб олиб, ейишмоқда”. Бунга жавобан бошловчи шаҳар маъмуриятининг жониворлар овқат ўрнида тановул қилинганини тасдиқловчи далиллар топилмагани ҳақидаги баёнотини эслатди.

Собиқ президент АҚШга жиноятчилар, террорчилар ва ўғрилар киритилаётганидан нолиди. Унинг фикрича, бу “улкан хато” бўлган ва бунақа кимсалар “мамлакатни ичдан емиради”. Ҳаррис эса жавобида Трампнинг ўзи миллий хавфсизлик, иқтисодий жиноятлар ва сайловга аралашувга доир жиноятлар учун таъқиб этилиб, устидан бир неча иш очилганини ёдга олди. Трамп унга қарши барча жиноят ишларини сохта ва сиёсий мотивли деб атади.

Абортлар

Бошловчи Трампдан у абортлар масаласида нега позициясини ўзгартираётгани ҳақида сўради. Собиқ президент “жинсий зўрлаш, инцест ҳоллари ва она ҳаёти учун истиснолар”га ишонажагини таъкидлади. Трампга кўра, Олий суд қароридан сўнг ҳар бир штат ушбу масалани овозга қўяди ва эндиликда у федерал ҳукуматга боғлиқ эмас. “Мен бу ишни амалга ошириб барчани катта ташвишдан қутқардим. Бунинг учун жасорат керак бўлди”, урғулади у.

Камала Ҳаррис репродуктив эркинликни тиклаш тарафдори эканини ва абортларни ман этиш аёлларни таҳқирлаяжагини айтди. “Ҳукумат билан Дональд Трамп аёлларга ўз таналарига қандай эгалик қилишни ўргатмаслиги керак”, деди у ва кетидан, "агар Конгресс аборт қилиш ҳуқуқини қайтарувчи қонун лойиҳасини қабул қилса, бажонидил уни имзолайман", дея қистириб ўтди.

Трампга: “Агар Конгресс абортни федерал миқёсда тақиқловчи қонунни қабул қилса, унга вето қўйган бўлармидингиз?” дея савол берилди. Президентликка номзод ҳеч қачон бундай бўлмаслигини айтди, аммо саволга узил-кесил жавоб беришдан бош тортди.

ҲАМАС “тўлақонли келишув”га рози
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:41 0:00

Исроилнинг ҲАМАСга қарши уруши

Президентликка номзодлар Исроил билан ҲАМАС (АҚШ ва ЕИда террорчи ташкилот деб топилган) ўртасидаги урушга доир позицияларини ҳам баён қилишди.

Ҳаррис Исроилнинг ўзини мудофаа қилиш ҳуқуқи борлигини таъкидлади, шу билан бирга, кўплаб тинч фаластинликлар нобуд бўлганини қўшимча қилди. Унинг сўзларига кўра, уруш битиши лозим ва ёнма-ён яшаётган икки мамлакат учун ечим топиш зарур.

Дональд Трамп “мен президент бўлганимда, бу уруш бўлмасди” деган гапини такрорлади ва: “Ҳаррис Исроилни ёмон кўради ва, агар у сайланса, икки йилдан сўнг Исроил ер юзидан йўқ бўлиб кетади”, дея огоҳлантирди. Вице-президент эса ўз жавобида Трампнинг иддаолари ёлғонлигини ва Исроилни ҳамиша қўллаб-қувватлаганини айтди.

Форум

XS
SM
MD
LG