Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 05:44

Косон ҳокими пахтакорларни мукофотлашни тадбиркорлар бўйнига илди


Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараев
Косон тумани ҳокими Асрол Бойқараев

Қашқадарё вилоят, Косон туман ҳокими Асрол Бойқараев пахта теримида иштирок этаётган фаолларга мукофот беришни тумандаги тадбиркорлар зиммасига юклади.

Озодлик қўлга киритган ҳоким қарорида, тумандаги жами 111та давлат ва хусусий корхона-ташкилотларга пахтакорларни мукофотлаш учун телевизор, чанг ютгич, электр чойнак, рўмол, пайпоқ каби электр ва хўжалик молларини қанчадан сотиб олиши тақсимлаб берилгани ёзилган.

Тадбиркорлар ҳокимнинг бу топшириғини бажармаса уларга нисбатан босим бўлишидан чўчиётганини айтмоқда.

Косон туман ҳокими Асрол Бойқараев тадбиркорларга совға сотиб олиш мажбурияти қўйилганини инкор қилмоқда.

Косон туманида фаолият олиб бораётган, исми сир қолишини сўраган тадбиркорлардан бири пахтакорларга мукофот олиб беришни ҳоким уларнинг зиммасига юклаганини айтаркан, бундай деди:

Битта менга эмас, барча МЧЖларга электр чойнак, хрустал, термос ва бошқа электр товарлари олиб бериш мажбуриятини қўйган.


“Мен тумандаги МЧЖлардан бирининг раҳбариман. Ҳоким бизнинг иштирокимизсиз ўзича мажлис ўтказиб, 100 та хрустал совға сотиб олиб беришни менинг зиммамга қўйибди. Битта менга эмас, барча МЧЖларга электр чойнак, хрустал, термос ва бошқа электр товарлари олиб бериш мажбуриятини қўйган. Ўзимиз пахтага одам чиқарганимиз камлик қилгандай яна ўз ёнимиздан совға олиб беришимиз керак экан”

Туман ҳокимининг қарори
Туман ҳокимининг қарори

Туман ҳокимининг 27 сентябрда ўтказган мажлиси қарорини Озодликка юборган бошқа бир тадбиркорнинг айтишича, ҳеч ким улардан пахтакорларга совға олиб бериш розилигини олмаган:

“Бу мажлис номига бўлди. Қайси ташкилотга қанча совға ажратилгани аввалдан тайёрлаб қўйилган экан. Рўйхатдаги тадбиркорларнинг ярми ҳам мажлисда йўқ эди. Шунча совғани топиб берасан, тамом, деган гап бўлди. Сен розимисан шунга, қаердан топиб берасан деган гап бўлмади”

Озодликка юборилган ҳоким қарорида туман касаба уюшмаси ва “Нуроний” ва “Маҳалла” жамғармаларининг ташаббуси билан ҳашарчи теримчиларни моддий қўллаб-қувватлаш, эсдалик совғалари топшириш учун совға йиғиш тадбири ўтказилиши айтилган.

Корхона ва тадбиркорларга бўлинган совғалар рўйхати
Корхона ва тадбиркорларга бўлинган совғалар рўйхати

Ҳокимлик берган рўйхатда тумандаги “Ёғ экстракция ОАЖ”, “Пахта тозалаш ОАЖ” “Дон МЧЖ”, “Бунёдкор МЧЖ” каби катта корхоналарга 1300тагача, кичик МЧЖларга 50тадан 100тагача телевизор, чанг ютгич, электр духовка, электр самовар, Тефал, термос, дазмол, чойнак, телефон, адрас, сочиқ, рўмол, пайпоқ каби электр ва хўжалик моллари солиғи солингани кўринади.

Косон туманидаги катта тадбиркорлардан бири унга юзта тефал (электр чойнак) ва 100та рўмол солиғи солинганини Озодликка айтди:

100 та пайпоқнику топиб қўйдим. Энди тефал ахтаряпман.


“Бугун куни билан магазинларда тефал ахтариб чарчадим. Иккита магазинга кириб чиқдим, пул ўтказишга йўқ деяпти. 100 та пайпоқнику топиб қўйдим. Энди 50та топишим керак. Ҳаммасини топганимдан кейин ҳокимликдаги Сирожов Қиёмхонга олиб бориб беришим керак экан. Топиб бермасак ҳокимнинг қора рўйхатига тушамиз. Кейин йўқ нарсадан кир ахтаравериб, ишлагани қўймайди. Совғалар эса пахтакорларга ҳокимлик номидан берилади. Одамлар ҳокимимиз зўр экан деб, хурсанд бўлиб юраверади”.

Озодликка юборилган ҳужжатда Косон туман Халқ таълими бўлими касаба уюшмаси, "Ватанпарвар" ташкилоти, Давлат санитария- эпидемиология марказига ҳам 150тадан совға олиб бериш вазифаси юклатилгани ёзилган.

Мажбурий совға олиб беришга туман халқ таълими бўлими ҳам жалб қилинган
Мажбурий совға олиб беришга туман халқ таълими бўлими ҳам жалб қилинган

Косон туман ҳокими Асрол Бойқараев Озодлик билан суҳбатда тадбиркорларга пахтакорлар учун совға олиб бериш топшириғи берганини инкор қилди:

“Мен тадбиркорларга совға олиб берасан деб айтганим йўқ. Бундай демайман ҳам. Тадбиркорларни пахта теримига жалб этганим ҳам йўқ”.

Озодлик унинг тасарруфида ҳокимнинг ўзи имзолаган қарор ва тадбиркорларга бўлиб берилган совғалар рўйхати борлигини айтса ҳам ҳоким бундай қарор чиқармаганини айтди:

“Ҳеч қандай мажлис ҳам бўлгани йўқ, ҳеч қандай қарор ҳам чиқарилгани йўқ”.

Ўзбекистонда пахта теримчиларини рағбатлантиришга маҳаллий тадбиркорларнинг жалб қилиш ҳолатлари аввалги йилларда ҳам кузатилган.

Жорий йилнинг 3 октябрь куни Наманган вилоят, Тўрақўрғон туманидаги корхона ва ташкилотлар раҳбарлари пахта теримига ўз чўнтагидан пул тўлаб, мардикор ёллагани ҳақида Озодлик хабар қилган эди.

Ислом Каримов давридаёқ Ўзбекистон ҳукумати ўз қарори билан тадбиркорлик субъектларини хайрия ҳамда пул ажратиш билан боғлиқ бошқа тадбирларга мажбуран жалб қилишни тақиқлаб қўйган эди.

XS
SM
MD
LG