Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 21:22

Пенсия жамғармаси ходимлари 90 километрдан қатнаб пахта теришга мажбурланмоқда


Тўрткўл пенсия жамғармаси ходимлари пахтада
Тўрткўл пенсия жамғармаси ходимлари пахтада

Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги бюджет ташкилотлари ходимлари шанба - якшанба кунлари пахта теримига мажбуран олиб чиқилмоқда.

Бу ҳақда Озодликка хабар қилган туман пенсия жамғармаси ходимларининг иддао қилишича, ҳафтанинг қолган кунлари ходимлар ўз ўрнига одам ёллаш учун 20-40 минг сўмдан пул йиғиб беришга мажбурланяпти.

Жамғарма ходимлари ўз хабарига пахта учун пул тўлаш графигини ҳамда пахта тераётгани акс этган суратларни илова қилди.

Туман пенсия жамғармаси раҳбари ходимларининг пахта теримига олиб чиқилаётганини инкор қилди.

Тўрткўл туман ҳокимлиги мулозими пенсия жамғармаси ходимларининг пахта теримига чиқарилганидан бехабарлигини билдирди.​

Тўрткўл туман пенсия жамғармасининг тазйиқ бўлишидан чўчиб, исми сир қолишини сўраган ходимининг Озодликка ёзишича, уларни пахтага мажбурий чиқариш 23 сентябрдан бошланган:

Агар кимдир пахтага чиқмаса ўз ўрнига пулга одам ёллашини айтди.


“Пенсия жамғармамиз раҳбари Ботиржон Зокиржонов душанба куни мажлис ўтказиб, шанба ва якшанба кунлари пахтага чиқмаган ҳамкасбимизни сўкиб уришди. Агар кимдир пахтага чиқмаса ўз ўрнига пулга одам ёллашини айтди. Жамғармадаги пенсия тайинлаш гуруҳи ходимларига ўз ўрнига одам топиш учун 40 минг сўмдан, пенсия тўлаш гуруҳига эса 20 минг сўмдан солиқ солинди”.

Жамғарма ходими ишчиларнинг ўз ўрнига одам топиши учун раҳбарият томонидан тузилган пул тўлаш графигини ҳам Озодликка тақдим қилди.

Тўрткўл пенсия жамғармаси ходимларига ўрнига одам топиш учун солинган солиқ миқдори
Тўрткўл пенсия жамғармаси ходимларига ўрнига одам топиш учун солинган солиқ миқдори

Исми сир қолишини сўраган бошқа ходимнинг Озодликка айтишича, улар уйларидан 90 километр масофага ўзлари машина ёллаб пахта теримига боришга мажбур бўлмоқда:

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг, бюджет ташкилоти ишчилари пахта теримига жалб қилинмайди, деган гапи, бизда ўтмас экан.


“Жамғармамизда 20 киши ишлайди. Раис ва ўринбосаридан ташқари 18 киши пахта теримига шанба ва якшанба кунлари чиқишга мажбур. 90 километр масофадаги Кўкча деган жойга тўрт-беш кишидан бўлиб, бирортамизнинг машинамизда пахта тергани борамиз. 50 минг сўмга газ соламиз. Олган ойлигимиз тўлалигича пахтага кетяпти. Биз бир нарсага ҳайронмиз: Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг, бюджет ташкилоти ишчилари пахта теримига жалб қилинмайди, деган гапи бизда ўтмас экан. Ҳоким билан прокурор бу ерда ўзлари президент экан. Жамғармамиз бошлиғини ҳам шулар мажбур қилган экан”.

Тўрткўл туман пенсия жамғармаси раиси Ботиржон Зокиржонов ходимларини пахта теримига мажбур қилаётганини инкор қилди.

Раиснинг айтишича, ходимлар бир кун ҳам пахта теримига чиқмаган:

“Йўқ, йўқ, ундай гап йўқ. Ҳаммаси ўз ишида ўтирибди. Ходимлардан пул ҳам йиғиб олинмаган”.

Озодлик ўз тасарруфида раиснинг ходимларни пахтага мажбурий чиқариш ҳақидаги аудиоёзувлари, пахта тераётгани акс этган суратлар, ўринга одам ёллаш учун пул йиғиш графиги борлигини айтса ҳам, раис, “йўқ, ундай гап йўқ” дейишдан нарига ўтмади.

Тўрткўл туман ҳокимлигининг ўзини таниширмаган мулозими туманда мажбурий меҳнат йўқлигини айтар экан, пенсия жамғармаси ходимларининг пахта теримига чиқарилганидан бехабарлигини билдирди.

Ўзбекистон ҳукумати бу йил пахта теримида мажбурий меҳнат бўлмаслигини айтган, жумладан бир қанча вазирликлар мажбурий меҳнатга қарши ўз позицияларини эълон қилган эди.

Жумладан, Касаба уюшмалари Федерацияси 25 сентябрдан 31 октябрга қадар мамлакат пахта далаларида мониторинг ўтказишини билдирди.

Бу мониторингдан мақсад¸ айтилишича¸ “18 ёшга тўлмаган шахсларнинг, ўқувчи ва талабаларнинг, бюджет ташкилотлари ходимларининг мажбурий меҳнатидан фойдаланишга йўл қўйилмаслиги юзасидан жамоатчилик назоратини амалга ошириш”дир.

Аммо, Озодликка келаётган хабарларга кўра, жойларда корхона ва ташкилотлар ишчиларининг пахта теримига мажбуран жалб қилиниш ҳолатлари кузатилмоқда.

Жумладан, 15 сентябрдан бошлаб тумандаги барча шаҳарча ва қишлоқлар аҳолиси ҳамда корхоналарнинг барча ишчи-хизматчилари Боғот тумани ҳокими буйруғи билан пахта теримига сафарбар қилингани ҳақида 20 сентябрь куни Озодлик ëзгани ортидан ҳоким ва яна икки мулозим жаримага тортилди.

XS
SM
MD
LG