Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 11:40

Шаҳрихон ҳокими тортиб олган фермер ерларини прокуратура ҳам¸ Вазирлар Маҳкамаси ҳам қайтариб беролмади


Андижон вилояти, Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов беш нафар фермернинг ери ноқонуний олиб қўйилганига норозилик билдирган вилоят прокуратураси протестини ҳам, қонун бузилганлигини тасдиқлаган Вазирлар Маҳкамаси ишчи гуруҳи хулосасини ҳам бажармаëтир.

Январь ойида фермерларнинг ери ноқонуний олиб қўйилгани учун улар вилоят прокурорига шикоят қилгандан сўнг, ҳоким ўз қарорини ўзи бекор қилган, лекин фермерлар чигитни экиб, ўстириб олганидан сўнг яна ерни ҳокимлик захирасига қайтариш ҳақида қарор чиқарган.

Бу қарор асосида ери тортиб олинган бешта фермер ва уларнинг юзлаб ишчиси апрель-май ойларида экин майдонларидан қувиб чиқарилган.

Озодлик боғланган туман ҳокими Ҳикматилло Дадахонов фермерлар шикоятига оид саволларга жавоб бермаслигини айтди.

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамасининг фермер хўжаликлари ва бошқа қишлоқ хўжалиги корхоналари ер майдонларини мақбуллаштириш тўғрисидаги қарорини ижро эта туриб, Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов 26 январь куни “Зиёвиддин порлоқ келажаги”, “Назиржон омад ривожи”, Аҳмадбек саховат бўстон”, “Зиёдбек омад” ва “Райимбува” фермер хўжаликлари ер майдонлари огоҳлантиришсиз ва суд қарорисиз ҳокимлик захирасига олиб қўйди.

Туман ҳокимининг ўз қарорини бекор қилгани
Туман ҳокимининг ўз қарорини бекор қилгани

“Назиржон омад ривожи” фермер хўжалиги раҳбари 40 яшар Назиржон Қодировнинг Озодликка айтишича, фермерлар вилоят прокуратурасига шикоят қилганидан сўнг, ҳоким қарорини бекор қилган:

- Ҳоким 26 январда қарорни чиқаришга чиқариб қўйдию, қараса аризамиз йўқ, суднинг қарори йўқ. Кейин бизни Иқтисодий судга берди. Иқтисодий суд кўрмай, қайтариб юборди. Кейин маъмурий судга берди. У ҳам қабул қилмади. Кейин биз туман прокуратурасига мурожаат қилсак, “биз ҳоким билан келишиб чиқарганмиз, бу қарорни” деб, бизнинг аризамизни қабул қилмади. Биз ерни ихтиёрий топшириш ҳақида ариза ёзмаганмиз, суд кўрмаган, бу ноқонуний десак ҳам фойдаси бўлмади. Кейин вилоят прокуратурасига бордик. Прокуратура 4 март куни “Зиёвиддин порлоқ келажаги”, “Назиржон омад ривожи”, “Зиёдбек омад” хўжаликларига протест чиқарди. Ҳоким протестни бажариб, 15 март куни яна қайтадан ерни бизга берди.

Вилоят прокуратурасининг Андижон тумани ҳокими қарорига протести
Вилоят прокуратурасининг Андижон тумани ҳокими қарорига протести

Фермернинг айтишича, улар чигитни экиб бўлганидан сўнг, ҳоким янги қарор билан яна уларни ердан маҳрум қилган:

- 8 апрель куни чигит экишни тугатганимизнинг эртаси куни ҳоким яна қарор чиқариб, ерни олиб қўйди. Туман прокуратурасига борсак, яна ўша гапни айтди. Кейин беш фермер Вазирлар Маҳкамасига бордик. У ерда Ботир Тоғаев исмли мулозим қарорларни кўриб чиқиб, текширгани ишчи гуруҳ жўнатди.

Ишчи гуруҳ хулосаси
Ишчи гуруҳ хулосаси

Ишчи гуруҳ аъзолари
Ишчи гуруҳ аъзолари

Ўзбекистон Вазирлар Маҳкамаси мулозими А.Равшанов имзоси билан Андижон вилояти ҳокимлиги ва прокуратурасига 7 май куни юборилган хатда беш нафар фермер хўжалиги ер майдонининг фермер хўжаликлари аризаси олинмасдан ёки суд қарори чиқмай туриб ноқонуний олингани айтилган.

“Шаҳрихон туманидаги мазкур (5 нафар) фермер хўжаликларининг Вазирлар Маҳкамасига такрорий мурожаат қилганликлари ва ушбу фермер хўжаликлари ер майдонини туман ҳокимлиги захирасига олиш тўғрисида Шаҳрихон тумани ҳокимлиги томонидан “Фермер хўжаликлари тўғрисида”ги Қонуни ҳамда ВМнинг 2012 йил 31 январдаги 22-сон қарори талабларига зид равишда қабул қилган қарорлари юзасидан Раҳбариятга ахборот берилди”.

Хатда туман ҳокимлигига ўз қарорларини Қонун талабларига мувофиқлаштириш ва ўн кун муддатда Вазирлар Маҳкамасига ёзма ахборот бериш топширилган.

Фермерлар кенгаши ҳам ўзи чиқарган қарорни бекор қилиб янги қарор чиқарган
Фермерлар кенгаши ҳам ўзи чиқарган қарорни бекор қилиб янги қарор чиқарган

“Зиёвиддин порлоқ келажаги” фермер хўжалиги раҳбари, 56 яшар Маҳбубахон Қодирова, ҳокимни прокурор протестини ҳам, Вазирлар Маҳкамаси ишчи гуруҳи хулосасини ҳам сариқ чақага ҳам олмаганликда айблайди:

- Бу ҳоким ҳеч кимга бўйсунмайди экан. На прокуратуранинг протестини, на Вазирлар Маҳкамаси ишчи гуруҳи хулосасини писанд қилади. Вазирлар Маҳкамаси ўн кун ичида қонуний ҳал қил¸ деб айтса ҳам, булар ўргангани ҳам йўқ, текширгани ҳам йўқ. Вилоят ҳокими, вилоят прокуратураси ҳам қонун ижросини таъминлай олмай, битта туман ҳокимидан қўрқиб турса, унинг қандайдир ишонган одами бор экан, деган хулоса чиқади.

Фермер Назиржон Қодиров ҳокимнинг “мен фақат президентга бўйсунаман” деган иддао билан қонунларни поймол қилаëтганини айтади:

- Президентимиз ҳокимларга катта йўл очиб юбордику, лекин улар буни бошқача талқин қилаяпти. Бу ерда мен ҳокимман, беш йилгача қўлингдан ҳеч нарса келмайди, менинг айтганим бўлади, беш йилгача мени ҳеч ким бўшатолмайди, деяпти.

Ер майдонлари 15 март куни қайтарилган фермерларга кўра, улар муаммо ечимини топганига ишониб¸ чигит экишни якунлаб, буғдойни парваришлаганидан сўнг¸ ҳоким яна улар ерига чанг солган:

- Ҳоким биринчи марта ерни олиб қўйиш ҳақида қарор чиқарганда, банкдаги ҳисоб-китобларимиз ёпиб қўйилган эди. Лекин, давлатдан бир сўм ҳам олмай ўз ёнимиздан 50-60 миллион сарфлаб майдонларимизга чигит экдик. Ишчи ёллаб, пахтани ягана қидирдик, чопиқ қилаяпмиз. Энди эса, даладан қувиб чиқараяпти. Ҳоким хоҳласанг, судга бер, деяпти.

Шаҳрихон туман прокуратурасининг Озодлик билан суҳбатда ўзини таништирмаган мулозими фермерлар ерининг қонуний олиб қўйилганини билдирди.

“Фермерлар ерларининг захирага олинишига фермерлар кенгашининг хулосаси асос бўлган. Биз уларга судга мурожаат қилиш ҳуқуқлари борлигини тушунтирганмиз”.

"Қонуний бўлган бўлса¸ нега вилоят прокуратураси ҳоким қарорига протест келтирди", деган саволга мулозим аниқ жавоб бермади.

“Ариза ёзишган, кейинчалик уни қонунга мувофиқлаштириб, тегишли комиссиянинг хулосасига асосан, деб ёзишган.Судга мурожаат қилишни маслаҳат берганмиз, тўғриси шу”.

Шаҳрихон тумани ҳокими Ҳикматилло Дадахонов¸ ўзининг фақат маҳаллий журналистлар билан гаплашишини айтиб¸ Озодлик саволларига жавоб беришдан бош тортди:

- Менинг ташқаридагилар билан гаплашиш ваколатим йўқ, мен ўзимизнинг давлат ичидагилар билан гаплашаман, деган ҳоким алоқани узиб қўйди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг бу ҳолат бўйича Озодликка билдиришича, "Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг ишчи гуруҳи томонидан 25.04.2019 йилда беш фермер хўжалиги раҳбарларининг мурожаатлари муаллифларнинг шахсан ўзлари иштирокида ўрганилиб, туман ҳокимининг қарорини қонуний ёки ноқонунийлиги, ер майдонларини қайтариб берилиши юзасидан судга мурожаат қилиши тавсия этилган. Бироқ, ўрганиш кунига қадарли «Райимбува” фермер хўжалиги раҳбари У.Каримов мазкур масалада судга мурожаат қилмаган".

XS
SM
MD
LG