Ўзбекистон президенти ғалла етиштириш бўйича республика ишчи гуруҳларига ғалла ҳосилдорлигини камида 30 фоизга оширишга доир “Йўл харитаси” ишлаб чиқишни ҳамда унинг ижросини таъминлашни буюрди.
Бу ҳақда хабар қилган ЎзА агентлигига кўра, Шавкат Мирзиёев раислигида 25 февраль куни ўтказилган видеоселектор йиғилишида ғалла ҳосилдорлигини 30 фоизга оширишнинг табиий ва моддий асослари мавжудлиги айтилган.
Йиғилишда бу йилги ғалла ҳосили учун ўтган йилга нисбатан 1,6 баробар юқори харид нархи белгилангани ҳам эълон қилинган.
Озодлик суҳбатлашган фермерлар ғалла харид нархи оширилганини олқишлар экан, айни пайтда барча хўжаликлар олдига ҳосилдорликни 30 фоизга ошириш тўғрисида бир хил талаб қўйиш нотўғри эканлигини ўз хўжаликлари мисолида тушунтиришга уринди.
Президентнинг ғалла плани
25 февралда ўтказилган йиғилишда бу йил ёғин миқдори ўтган йилга нисбатан 2 марта юқори экани, Толлимаржон, Чимқўрғон, Пачкамар ва бошқа сув омборларида ўтган йилга нисбатан 2-3 баробар кўп сув йиғилгани, Жиззах ва Сирдарё вилоятларида сув таъминотини яхшилаш учун Сардоба сув омбори ишга туширилгани қайд этилган.
“Қолаверса, азотли, фосфорли ва калийли ўғитлар ўз вақтида жойларга етказиб берилмоқда. Бир сўз билан айтганда, ҳосилдорликни ва дон етиштириш ҳажмини ўтган йилга нисбатан камида 30 фоизга ошириш учун барча имконият мавжуд”, дейилади ЎзА хабарида.
Ҳукумат ҳосилдорликни оширишга ғалла учун фермерга тўланадиган ҳақни кўтариш билан ҳам эришмоқчи.
2019 йилда буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун 1 миллион 200 минг сўм ёки ўтган йилга нисбатан 1,6 баробар юқори харид нархи белгиланди.
“…фермерларни рағбатлантириш учун 2019 йилда буғдойнинг ҳар бир тоннаси учун 1 миллион 200 минг сўм ёки ўтган йилга нисбатан 1,6 баробар юқори харид нархи белгиланди. Юқори ҳосил олган фермерларга давлат харид нархига 25 фоизгача, яъни ҳар бир тонна дон учун 300 минг сўмгача устама қўллаш тизими жорий қилинди”, дейилган хабарда.
Фермерларнинг элементар арифметикаси
Поп туманилик (Наманган вилояти) фермер Умида Ибрагимова ўтган йили ўз ихтиёридаги 24 гектар ернинг ярмида ғалла, ярмида пахта етиштирди. (Фермернинг 27 февраль куни Озодликка билдиришича, у шу кунда давом этаётган фермер хўжаликларини мақбуллаштириш жараёнида ерсиз қолганки бу - бошқа мақола мавзуи)
Президент ўтказган йиғилишдан хабари борлигини билдирган фермер Умида Ибрагимова ғалла харид нархининг оширилганини олқишлар экан, деди:
- 1 млн 200 минг ўтган йилги нархга қиёсласак, албатта, яхши. 16- йили 450 минг сўм бўлган (1 т. ғалланинг давлат белгилаган харид нархи – таҳр.) 17- йили яна ошди, ўтган йили 750 минг сўм бўлди. Нарх ошгани, албатта, яхши.
Фермер Умида Ибрагимованинг айтишича, ўтган йили етиштиргани ғалланинг ҳар гектаридан у кўрган фойда тақрибан 200 минг сўм бўлганки, “бу албатта, оз”. (200 минг сўм = $25)
Туман ҳокимидан қўрқиб исми айтилмаслигини сўраган Ёзёвон туманилик (Фарғона вилояти) фермер ҳам ўтган йили етиштириб, давлатга топширган ғалласидан гектар ҳисобига тақрибан 200 минг сўмдангина фойда кўрганини айтаркан, ҳар гектар ғаллани етиштириш учун сарфлаган ҳаражатларини санаб берди:
Ўтган йили ҳар гектар ердан 2,5 тоннадан буғдой топширдим. Бу ҳар тоннаси 750 минг сўмдан 1875 минг сўм дегани.
“Ўтган йили ҳар гектар ердан 2,5 тоннадан буғдой топширдим. Бу ҳар тоннаси 750 минг сўмдан (ўтган йилги нарх) 1875 минг сўм дегани. Мана бу эса, ҳар гектар учун ҳаражатларим:
ерни ҳайдатиш – ёнилғи ва бошқа ҳаражатларни қўшганда 450 минг сўм;
азотли ўғит – 500 кг – 450 минг сўм;
фосфорли ўғит – 200 кг – 300 минг сўм;
банк хизмати учун тўловлар, кенгашга ўтказиладиган пул – 30 минг сўм атрофида;
ҳосил ўрими – 200 минг сўм;
ҳосилни давлат омборига ташиш – 100 минг сўм;
ер солиғи – 120 минг сўм”.
Шундай қилиб, ёзёвонлик фермер 1 гектар майдонда ғалла етиштириш учун 1650 минг сўм сарфлаган. Шунча xаражат эвазига 1 га майдонда 2,5 тонна ғалла етиштирган ва ҳосилни 1875 минг сўмга сотган. Фермерга 215 минг сўм ($27) фойда қолган.
Ёзёвонлик фермер xаражатларини ҳисоблар экан, ишчиларига тўланадиган ҳақни ҳисобга киритмадики, суриштириб, ишчига ҳақ тўлаш алоҳида “санъат” эканлигини тушундик.
Президентнинг далага тўғри келмаётган гапи
Президент ўтказган йиғилиш тўғрисидаги ЎзА хабарида мана бу гап бор:
“Ўтган йили об-ҳаво ўта иссиқ ва қуруқ келгани, жанубий вилоятларда сув танқис бўлганига қарамай, фермерларимизнинг фидокорона меҳнати туфайли ҳар гектардан ўртача 45 центнердан ҳосил олиниб, жами 5 миллион 200 минг тоннадан ортиқ ғалла етиштирилди”.
Демак, бу йил ҳар бир фермер етиб бориши лозим бўлган марра камида 45 центнердан бошланади. Боз устига “ҳосилдорликни 30 фоизга ошириш” лозимлиги аниқ-тиниқ белгилаб қўйилди.
Бироқ Озодлик 27 февралда суҳбатлашган иккала фермер ҳам бу вазифани бажариш имконсизлигини айтди.
Сув иккита насос билан тортиб чиқарилади. Свет бўлса сув келади. Бўлмаса, сувсиз қоламиз.
Поплик фермер Умида Ибрагимованинг айтишича, у ўтган йили ҳар гектар ердан 27 центнердан ғалла ҳосили олган. Бу йил (агар ерини қайтариб ололса, албатта) ҳукумат қўяётган вазифани – ҳосилдорликни 30 фоизга кўтаришни – уддалай олмайди. Чунки:
- Ерим Попнинг энг оғир зонасида. Сув иккита насос билан тортиб чиқарилади. Свет бўлса сув келади. Бўлмаса, сувсиз қоламиз. Еримиз тошлоқ. Ўтган йилги кўрсаткични яна 30 фоизга кўтара олмаймиз.
Ёзёвонлик фермер эса, бундай деди:
Менинг ерларим 56 банитетлик ва мен 22-23 центнердан ғалла етиштира олишим мумкин холос.
“Ҳар бир фермер ерининг балл-банитети бор. Шунга қараб ернинг қанча ҳосил бера олиши белгиланади. Масалан, менинг ерларим 56 банитетлик ва мен 22-23 центнердан ғалла етиштира олишим мумкин холос. Энди, мана, Президент ўтказган йиғилишдан кейин келиб айтишдики, 45 центнердан топширишимиз керак экан. Бунинг сира иложи йўқ”.
Бош вазир наздидаги хиёнат ёки Марра - 40 ц.
Бош вазир Абдулла Арипов 2018 нинг 27 ноябрида “Бошоқли дон етиштиришни янада рағбатлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорни имзолаган эди.
Қарор моҳиятига кўра, “республикада етиштирилаётган бошоқли дон ҳосилининг кескин кўпаймаëтгани учун айб ерларни сифатсиз тайёрлаб, уруғликни белгиланган муддатдан кеч экаëтган¸ агротехник тадбирларни қўпол равишда бузаëтган ва ҳосилдорликни ошириш чорасини кўрмаëтган¸ ялпи ҳосил бўйича аниқ ҳисоб бермаëтган" фермерларга юклатилган.
Ана шундай вазиятга барҳам бериш учун Бош вазир Абдулла Арипов 2019 йили суғориладиган майдонларнинг ҳар гектаридан 40 центнердан кам ҳосил олишни “ерга нисбатан хиёнат” деб баҳолаган ва бундай хиëнат учун жазо чоралари белгилаган.