Исроилнинг БМТдаги дипломатлари сариқ юлдуз тақди
Исроилнинг БМТдаги ваколатхонаси ходимлари кийимларига сариқ юлдуз тақдилар. Иккинчи жаҳон уруши даврида нацистлар яҳудийларни бошқалардан ажралиб туриши учун мана шундай белги тақишга мажбурлаган эди.
Хабарда айтилишича, ваколатхона ходимлари ташкилот ҳалигача ҲАМАСга қарши резолюцияни қабул қилмаганига норозилик сифатида мана шундай қадамга борганлар.
БМТдаги Исроил элчиси Гилад Эрдан Хавфсизлик кенгаши ҲАМАС қораланган резолюцияни қабул қилмагунига қадар ваколатхона ходимлари юлдузларини ечмаслигини айтди.
“Айримларингиз бу орган нима учун ташкил этилганини эсдан чиқарганга ўхшайсизлар. Сизларга эслатиб қўймоқчиман. Шу кундан бошлаб, ҳар сафар, менга кўзингиз тушганида, сизлар ёвузлик олдида сукут сақлаш қандай оқибатларга олиб келганини эслайсиз. Менинг боболарим, бувиларим ва бошқа миллионлаб яҳудийларнинг боболари ва бувилари каби айни дамдан бошлаб мен ва командам сариқ юлдуз тақиб юради”,- деди Эрдан.
БМТ Яқин Шарқдаги вазиятга оид резолюцияни қабул қилиш учун 21 октябрдан бошлаб бир неча марта йиғилиш ўтказди. Аммо дипломатлар мазкур резолюция юзасидан муросага кела олмаяпти.
Исроил бош вазири Ғазога ҳужумнинг учинчи босқичи бошланганини билдирди
Бош вазир Бинямин Нетаняҳу Исроил ҲАМАСнинг ҳарбий ва сиёсий потенциалини барбод қилишда собит қадам ташламоқда, деб билдирди.
Унга кўра, биринчи босқичда ҲАМАС ҳужумларини тўхтатиш, иккинчи босқичда ҳаводан зарбалар бериш назарда тутилган эди. “Учинчи босқичда эса Ғазода ер усти амалиётини кенгайтирилган тарзда амалга ошириш режалаштирилган”, -деди Нетаняҳу матбуот анжуманида.
Нетаняҳунинг мазкур билдирувидан сўнг ЦАХАЛ расмий вакили Ғазога қўшимча кучлар киритилишини ва бўлгадаги ер усти амалиёти масштаблари кенгайтирилишини маълум қилди.
Шунингдек, Исроил армияси Ливандаги Хизбуллоҳ ҳаракати инфраструктурасига зарба берилганини хабар қилди. Бундан ташқари Исроил армияси Рамаллоҳ яқинидаги Арура шаҳарчасида ҲАМАС расмий вакили Солиҳ ал Арурига тегишли уйни бузиб ташлади.
Исроил ҳарбийлари Ғазо секторига ҳужумларни давом эттирмоқда
Исроил мудофаа кучлари Ғазо секторида исроил ҳарбийлари ҳаракатланаётгани акс этган видеони эълон қилди.
Шунингдек, Ғазога қилинган ҳаво ҳужумлари видеоси ҳам эълон қилинди.
Исроил армияси ўтган кун давомида ҲАМАСнинг Ғазо секторидаги 450 дан ортиқ ҳарбий нишонларига зарба берганини маълум қилди.
Тинимсиз бомбардимонлар оқибатида узилган интернет ва телефон алоқаси якшанба куни тикланди. Исроил ҳарбийлари қамалдаги Ғазо анклавига қуруқликдан, ҳаводан ва денгиздан зарбаларни кучайтирмоқда.
Исроил ҳарбийлари Ҳамаснинг 150 дан ортиқ ер ости нишонларига зарба берганини билдирди.
Можаро ҲАМАС жангарилари 7 октябр куни Исроил шаҳарларига бостириб кириб, кўплаб одамларни ўлдиргани ва гаровга олганидан кейин бошланди.
Исроил бунга жавобан Ғазони озиқ-овқат, ёқилғи ва бошқа таъминотдан узиб қўйиб, тинимсиз бомбардимон қилмоқда.
Фаластин соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳозиргача 7700 дан ортиқ фаластинлик ҳалок бўлгани маълум қилди. Бу 2014 йилда олти ҳафта давом этган Ғазо урушида ҳалок бўлганлардан уч баравар кўп.
Исроилнинг ишғол қилинган Ғарбий Соҳилда 100 дан ортиқ фаластинликнинг ўлимига сабаб бўлган рейдларидан сўнг Ҳамас Исроил шаҳарларига бостириб кирди.
АП Фаластиндан қурбонлар сонини мустақил равишда тасдиқлай олмади.
Исроил расмийларига кўра, ҲАМАСнинг дастлабки ҳужумида 1400 дан ортиқ одам ҳалок бўлган.
Исроил ҳарбийлари Ғазода 222 киши гаровда сақланаётганини айтмоқда.
Ҳозиргача гаровга олинган тўрт киши озод этилган.
Осмон тутунга тўлган Ғазода кучли портлашлар эшитилди
Якшанба куни эрталаб анклав узра кучли портлашлар эшитилар экан, Ғазо осмонини қалин қора ва оқ тутун қоплади.
Исроил ҳарбий учоқлари ҲАМАС бошқарувидаги анклавга бомбалар ташлаб, аскарлари ва оғир техникаларини олиб киргач, Ғазонинг қамалдаги аҳолиси деярли алоқа ва интернет узилишига дуч келди.
Алоқа узилиши қутқарув операцияларига таъсир кўрсатди. Бироқ якшанба куни бир қанча Фаластин оммавий ахборот воситалари Ғазода телефон ва интернет алоқалари аста-секин қайтаётгани ҳақида хабар беришди.
Ғазо аҳолиси Исроилнинг қуруқликдан, ҳаводан ва денгиздан оммавий бомбардимонлари кучайганини айтмоқда.
Ғазонинг Дайр ал-Бала шаҳридаги Билол Бин Рабоҳ масжиди Исроил ҳаво ҳужумидан сўнг вайрон бўлганини 29-октябр, якшанба куни дрон тасвирлари орқали кўрсатилди.