Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:53

Рябичевлар оиласи Шомаҳмудовлар ҳайкалининг ўғирланган бўлагини бепул тиклаб бермоқчи


Тошкентдаги “Истиқлол” санъат саройи олдидан пойтахт чеккасига кўчирилган Шоаҳмад Шомаҳмудов оиласи монументи орадан 9 йил ўтиб яна шаҳар марказига¸ бир боласини йўқотган аҳволда қайтарилди.

Бронза болакайни ким ўғирлади?

Мазкур ёдгорлик 2008 йилнинг 12 апрель тунида олиб ташланган пайтда ҳайкал мажмуига оид битта бронза боланинг йўқолгани бугунга келиб маълум бўлди. Ўзбекистон Маданият вазирлигининг Маданий мерос бошқармаси меъмори Шермат Шеримбетовнинг Озодликка айтишича¸ 17 фигурали ҳайкалтарошлик композицияси 16 фигурали бўлиб қолган:

- Тунда кўчирилган пайтда битта болачанинг ҳайкали синган ва дом-дараксиз йўқолган. 17 фигурали ҳайкал Тошкентнинг кириш қисмига қайта ўрнатилганида¸ 16 фигурали бўлиб қолган. Умуман¸ ҳайкал кўчирилганида унга зарар етишини билган ҳолда¸ бу галги кўчиришга ҳам бошқармамиз қарши бўлган. Шунга қарамасдан¸ Тошкент шаҳар ҳокимлиги қайта кўчириш ҳақида қарор қабул қилди¸ дейди мулозим.

Блоггер Акмал Ризевнинг айтишича¸ бронза болакай рангли металл тужжорларига пулланган:

- Ўтган йили Тошкентдаги Мирзо Улуғбек ҳайкалининг ҳам бошини кесиб кетишувди цветмет бизнесменлари. Бир ой бошсиз турди ҳайкал¸ дейди блоггер.

Ҳайкал 9 йил шаҳар чеккасида турди
Ҳайкал 9 йил шаҳар чеккасида турди

Маданият вазирлиги иштирокисиз кўчирилган ҳайкал

Сешанба пешинга яқин суҳбат пайтида мулозим ҳайкалнинг ҳали кўчирилмаганлигини айтган эди. Аммо Тошкентлик блоггер Акмал Ризев ҳайкалнинг аллақачон "Отчопар" - Ипподром бозори ëнидан Тошкент марказига олиб келинганини кўрсатувчи фотоларни ҳам юборди.

1 май куни Бобур боғига келтирилган ҳайкал қисмлари
1 май куни Бобур боғига келтирилган ҳайкал қисмлари

Озодликка маълум бўлишича¸ ҳайкал композицияси яна маданий мерос инспекторлари иштирокисиз кўчирилган.

Маданий мерос бошқармасининг Тошкентдаги ҳайкалларга масъул мулозими ҳайкал кўчирилганлигини Озодлик мухбиридан эшитганида¸ ҳайрон бўлди:

- Яна бизнинг иштирокимизсиз кўчиришди. Қонунга кўра¸ Маданий мерос бошқармаси рўйхатида турган асар бошқарма инспектори иштирокида кўчирилиши лозим эди. Афсус¸ қонунга риоя қилишмабди¸ дейди мулозим.

Болға ҳам¸ сандон ҳам ўғирланган

Ўзбекистонлик блоггер Акмал Ризевнинг хабар беришича, 1 май куни Шомаҳмудовлар оиласи ёдгорлиги президент Мирзиёев ташаббуси билан шу йил январида “Дўстлик боғи” деб атала бошланган собиқ Бобур номидаги паркка олиб келинган.

- Ҳайкалтарошлик композицияси юк машинасида ишчилар томонидан олиб келинди. Бадиий асар транспортировка қилинганида риоя қилиниши керак бўлган нормаларга амал қилинмади. Композиция таркибидаги ўғил бола ҳайкали¸ бронза атиргуллар ва болға билан сандон ҳам ғойиб бўлган¸ дейди блоггер.

Чодирҳаëл дастури
Илтимос кутинг
Киритиш (Embed)

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:10:17 0:00
Бевосита линк

Ҳайкалтарош оиласи адолат қарор топганидан мамнун

Бу воқеа ортидан Озодлик ҳайкал муаллифи¸ 1995 йил оламдан ўтган РСФСР Халқ рассоми Дмитрий (Даниил) Борисович Рябичев оиласи билан боғланди.

Ҳайкалтарошнинг ўғли Россиядаги Ҳайкалтарошлик ижодий бошқармаси раҳбари Александр Рябичев Озодлик билан суҳбатда ўз отаси яратган ҳайкалтарошлик композициясининг йўқолган элементларини эзгу ниятда¸ қалам ҳақи олмасдан қайта тиклаб беришга ваъда берди.

Озодлик мухбири рассом оиласининг бу таклифини Ўзбекистон Маданият вазирлиги матбуот хизматига етказди.

Таклифни диққат билан тинглаган мулозимлар бу гапни “зудлик билан вазирга етказишни” ваъда қилди.

Дмитрий (Даниил) Борисович Рябичев Ўзбекистонда ўнга яқин ҳайкал ва монументлар яратган рассом сифатида эсланади.

14 комиссар монументи
14 комиссар монументи

Тошкент марказидаги (илгариги Инқилоб хиëбони) Карл Маркс ҳайкали¸ Темир йўл вокзали рўпарасидаги "14 комиссар" монументи¸ Абдулла Қодирий кўчасидаги 1966 йилги Тошкент зилзиласига бағишланган “Матонат” монументи ва Ойбек уй музейи ҳовлисидаги Ойбек ҳайкали муаллифи Рябичевдир.

"Матонат" ҳайкали
"Матонат" ҳайкали

Ўзбекистон Маданият вазирлигининг маданий мерос бошқармаси меъмори Шермат Шеримбетовнинг Озодликка айтишича¸ рассомнинг "14 комиссар" монументи ва Маркс ҳайкали мавжуд қоидаларга зид тарзда таг-туби билан йўқ қилинган.

"Халқлар дўстлиги" ҳайкали
"Халқлар дўстлиги" ҳайкали

Мактуб

Мақола битиш асносида Тошкентда ўнга яқин ҳайкал ўрнатган ҳайкалтарош оиласидан Озодлик мухбирига мактуб келди. Мактубда тўққиз йиллик саргардонликдан сўнг Шомаҳмудовлар ҳайкалининг марказга қайтарилиши олқишланади.

“Отамиз ижодига мансуб ҳайкалтарошлик композициясининг Тошкент марказига қайтаëтганидан мамнунмуз. Раҳматли отамиз Тошкентни жуда севар эди. Шомаҳмудовлар оиласи жасоратидан ҳайратланар ва бу жасоратни бронзада акс эттирганидан хушнуд эди. Композициянинг барча қаҳрамонлари аслига қараб ясалган. Раҳматли отам уларнинг кўпи билан яқиндан таниш эди. 2008 йилда бу ҳайкалнинг бадарға қилинишидан хафа бўлган эдик¸ бугун эса қайтаëтганидан хурсандмиз. Тарихий адолат қайта тикланди¸ деган ўйдамиз. Бу адолат нафақат отам яратган ҳайкал учун¸ балки уруш сағирларини бағрига олган Шомаҳмудовлар оиласиниг шонли хотираси учун ҳам муҳим¸ деб ўйлаймиз. Ҳайкалтарош оиласи мансублари Александр¸ Александра¸ София ва Даниела ҳайкалнинг йўқолган қисмларини қайтадан бепул ясаб бериб ¸Ўзбекистон давлатига ҳадя қилишга қарор қилдик. Бу оиламизнингҳайкал қайтиши билан боғлиқ адолатли жараëнга қўшган камтарин ҳиссамиз бўлади. Шу тариқа Рябичевлар оиласининг Тошкент билан дўстлик анъанаси давом этади.

Камоли эҳтиром билан

Александр, Александра, София ва Даниэла Рябичевлар"¸ деб ëзилган Озодлик электрон почтасига юборилган мактубда жумладан.

"Маданият вазирлигида рағбат йўқ"

Озодлик бу мактубни дарҳол Ўзбекистон Маданият вазирлиги расмий сайтида келтирилган minister@mcs.uz манзилига жўнатди. Ҳозирча бу мактуб жўнаатилган манзилдан бирор мазмунда жавоб келмади.

Ўзбекистонлик блогер Акмал Ризев вазирлик мулозимларининг ҳайкални бутун қилиш нияти йўқлигини айтади:

- Маданият вазирлигининг на обрўси ва на етарли салоҳияти бор. Бугун вазирликдан бехабар ҳайкал кўчирилишининг ўзи¸ шаҳарда ким эга эканлигини намоëн қилди¸ дейди блоггер.

XS
SM
MD
LG