Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 13:32

Жиззахда янги қурилаётган кўпқаватли уйнинг қулаб тушиши юзасидан жиноят иши қўзғатилди


Жиззахда қулаб тушган кўпқаватли уй - 10 январь, 2021
Жиззахда қулаб тушган кўпқаватли уй - 10 январь, 2021

Жиззахда қурилиши тугалланмаган олти қаватли уйнинг қулаб тушиши ҳодисаси юзасидан жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда Бош прокуратуранинг жамоатчилик билан алоқалар ва ҳуқуқий ахборот бўлими бошлиғи Ҳаёт Шамсутдинов маълумот тарқатди.

Мулозим мазкур ҳолат юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув натижасига кўра Жиззах вилояти қурилиш соҳасида ҳудудий назорат инспекцияси мансабдор шахсларига нисбатан Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) билан жиноят иши қўзғатилгани ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилаётганини билдирган.

Шу йил 10 январида Жиззах шаҳридаги Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли уйнинг бир қисми қулаб тушгани ҳақида Озодлик аввал хабар қилган.

Қулаган бино ҳали фойдаланишга топширилмаган эди. Жиззах вилоят Фавқулодда вазиятлар бошқармаси ахборот хизмати раҳбари Фаррух Абдураҳмоновга кўра, бино хусусий тадбиркор томонидан қурилган. Бинонинг дастлабки 2 қавати дўконлар ва қолган 4 қавати яшаш учун мўлжалланган.

Расмийлар бино қулаши оқибатида ҳеч ким жабрланмагани ва нобуд бўлмаганини билдирганлар.

Ҳодиса ортидан унинг сабабларини ўрганиш учун бош вазир биринчи ўринбосари Очилбой Раматов бошчилигида ҳукумат комиссияси тузилган.

Вазирлар Маҳкамаси матбуот хизматининг билдиришича, комиссия 10 январданоқ ўз ишини бошлаган. Комиссия прокуратура, Фавқулодда вазиятлар вазирлиги, Қурилиш вазирлиги, Саноат хавфсизлиги давлат қўмитаси ва бошқа вазирликлар, идоралар, экспертлар ҳамда пудрат ташкилотлари мутахассисларидан иборат.

Аввалроқ бинонинг қулаш сабабларини аниқлаш борасида Жиззах вилояти прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилаётгани очиқланган эди.

Ҳукумат комиссиялари

Жиззахдаги қурилиши тугалланмаган кўпқаватли уйнинг қулаши сўнгги бир йилда юз берган техноген офатлардан фақат биттаси.

Бунга қадар содир бўлган йирик ҳалокатлар - 2019 йил декабридаги Юнусобод метро қурилишидаги ер ўпирилиши ҳамда ўтган йил 1 майида юз берган Сардоба тўғонининг ёрилиши ҳодисалари юзасидан ҳам махсус ҳукумат комиссиялари тузилганди.

Ҳар икки ҳолатда ҳукумат комиссиялари фаолияти Бош прокуратура томонидан жиноят ишлари қўзғатиш билан якун топган.

Аммо юқори даражадаги комиссиялар ҳодисаларга сиёсий баҳо бермаган, ҳалокат сабаблари борасида на дастлабки ва на якуний хулосаларни ҳеч қаерда эълон қилмаган.

Айрим вақтларда ҳукумат комиссияси таркибига кирган ва кўпинча унга етакчилик қилган мулозимларнинг шахси ва масъулияти жамоатчиликнинг кескин норозиликларига сабаб бўлган.

Жиззахдаги сўнгги ҳодисани текшираётган ҳукумат комиссияси раҳбари этиб тайинланган Бош вазир ўринбосари Раматов номи Тошкент метрополитенининг Юнусобод йўналишида 6 одам ўлимига сабаб бўлган ер ўпирилиши ҳамда Сардоба тўғони ёрилиши муносабати билан тилга олинганди.

Озодликка шахси очиқланмаслик шарти билан гапирган Транспорт вазирлигига яқин мулозим 2019 йил декабрида қисман ўпирилиб тушган метронинг Юнусобод линияси қурилиши тепасида “Темир йўллари”нинг эгаси Раматов тургани, М800 супербетон ўрнига¸ М400¸ ҳатто М300 ишлатилганини иддао қилган эди.

Раматов раҳбари бўлган “Ўзбекистон темир йўллари” таркибидаги "Ўзтемирйулкурилишмонтаж" корхонаси эса ўтган йил 1 майида техноген офат юз берган Сардоба сув омбори қурилишининг бош пудратчиси бўлган.

XS
SM
MD
LG