Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 08:46

"Қулаган иморатларимизга боқинг!". Тармоқни титратган трендлар


Жиззахда 10 январь куни қулаб тушган янги қурилаётган тураржой биноси - Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги
Жиззахда 10 январь куни қулаб тушган янги қурилаётган тураржой биноси - Ўзбекистон Фавқулодда вазиятлар вазирлиги

Кундалик хабарларни газета саҳифалари ëки ТВ экранларидан эмас, балки ижтимоий тармоқлардан ўқиш Ўзбекистонда аллақачон трендга айланиб улгурди. Озодлик сешанбадан сешанбагача тармоқ муҳокама қилган асосий хабар ва мавзуларга назар ташлади.

Ўзбек сегментига аталган контентлар трендини ўрганиш чоғида Озодликка Россияда "Йилнинг энг машҳур блогери" дея эътироф этилган 28 яшар Искандар Қодиров ҳамроҳлик қилди. Искандар Македонсий таҳаллуси билан блог юритадиган Қодировнинг тармоқларда ярим миллиондан кўп обуначиси бор.

Искандар Қодиров
Искандар Қодиров

Олти платформа олти қаватли уй қулашини олти тарафдан ëритди

Искандарга кўра¸ ўзбек сегменти Ўзбекистон¸ Россия¸ Қозоғистон¸ Туркия¸ Корея, Қирғистон ва Кореядан туриб олтита асосий платформа (ТикТок¸ Инстаграм¸ Фэйсбук¸ Ютюб¸ Твиттер, Телеграмм)да фаолият юритадиган минглаб блогерлар юклаган контентлардан ташкил топади.

"Салом группадагилар" фильм постери
"Салом группадагилар" фильм постери

Суҳбатдошга кўра¸ сешанбадан сешанбагача бўлган даврда барча платформалар Жиззахда қулаган 6 қаватли уйни муҳокама қилди.

"Қулаган иморатларимизга боқинг!"

Амир Темурга нисбат бериладиган « Қудратимизга шубҳа қилсангиз қурган иморатларимизга боқинг!» деган қанотли ибора кейинги бир неча кун ичида турли вариантларда мем сифатида ишлатилди.

Шахноза Соатова қолдирган ëзув
Шахноза Соатова қолдирган ëзув

8 январь куни блогер Шаҳноза Соатова ўзининг Фэйсбук саҳифасида “Агар коррупциянинг қудратига шубҳа қилсанг, қулаётган иншоотларга боқ!” деб ëзди.

10 январь куни эса муаллиф “Ё коррупцияни бир нима қилиб жиловлаймиз, ё ҳаммамиз қулаётган бирон иншоотнинг тагида қоламиз бу кетишда” дея пост қолдирди.

Яна бир тармоқ фаолига айланган журналист Шоҳира Ҳамро “Ўзбекфильмда” суратга олинган фильмдан парча қўйиб, “киночилар замондан олдиндан юради” дея ëзиб қўйди.

Мурод Ражабов рол ўйнаган фильмда эндигина қурилган улкан девор ағдарилиб кетгани акс этган.

10 январь куни Жиззах шаҳридаги Мустақиллик кўчасида қурилаётган 6 қаватли уй қулаб тушган эди. Бундан олдин Наманган шаҳар Давлатобод туманидаги Шимолий Фарғона канали устига қурилган янги кўприк ҳали битмасидан сувга қулаган.

37 метрлик кўприк қурилиш ишлари охирига етмасдан, ўртасидан бўлиниб кетгани ижтимоий тармоқларда энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан бири бўлди.

Онасининг юзига торт билан урди

«Тош билан эмас, ош билан ур» деган ўзбек мақолини амалда кўрсатган тиктокчи бола ТикТок платформасида жойлаштирган видео яшин тезлигида бошқа платформаларга тарқалиб, ғазабнок муҳокамаларга сабаб бўлди.

9 январь куни тарқалган видеода тиктокчи бола онасининг туғилган кунида волидасининг юзига торт билан уради.

Кейинчалик тиктокчининг қозоғистонлик экани очиқланган бўлса ҳам, ўзбек блогосферасида муҳокама тўхтагани йўқ.

Ислом цивилизацияси марказининг диндор ходимидан тортиб қўқонлик аравакаш блогергача «она юзига торт отган бадбахт ("ифлос"¸ "нонкўр"¸ "манқурт"¸ "лайкхўр" каби ўнлаб сифатлар ишлатилди) жазоланишини талаб қилишди.

YouTube порталида шоирлар тиктокчи болани лаънатлаб шеърлар ўқиди. Бу чақириқлар ортидан Ўзбекистон ИИВ матбуот хизмати раҳбари Шохруҳ Ғиëсов видео чиқиш қилиб, “жамоат тартибини бузган тиктокчилар 15 суткагача қамоқ" билан жазоланиши ҳақида огоҳлантирди. “Охирги вақтларда ижтимоий тармоқларнинг TikTok платформасида фуқароларимизни, айниқса, ёшларимизни ўзларига эътибор жалб қилиш мақсадида турли масхараомуз, одоб-ахлоқ қоидаларига зид ҳаракатлари тасвирланган видеоларини кўплаб кузатяпмиз. Ҳурматли ота-оналар, фарзандларингизнинг тарбиясиз ва одобсиз қилиқларига кўз юмсангиз, биз бундай ахлоқсизликка йўл қўймаймиз. Эсингизда бўлсин, фарзандингизга ҳам буни уқтиринг”, - деди Шохруҳ Ғиёсов.

Ғиëсов гапирган пайтда¸ онасининг юзига торт билан урган бола тасвири кўрсатилди.

Тармоқ жавоб берди
Тармоқ жавоб берди

Блогер ва айни пайтда олий маълумотли ҳуқуқшунос Искандар Қодиров “торт билан ўз яқинлари юзига уриб ҳазиллашган боладан жиноятчи ясаш” учун ҳуқуқий асос йўқлигини айтди:

“Бола ўз уйида ўз онаси билан ҳазиллашди. Онанинг юзига торт ëпиштирди. Видеода онанинг норози бўлгани акс этмаган. Она ҳуқуқ органларига шикоятчи бўлиб ариза ëзмаган. Бу ҳолда торт билан урган болани ҳуқуқбузар, деб жарима солишга ҳам асос йўқ”, - дейди Қодиров.

ИИВ матбуот хизмати рахбари Шохруҳ Ғиëсов чиқиши ортидан ТикТокда янги тренд бошланди. Тошкентлик гей ва стилист ўспирин “Адейни а... сига” деz реп ўқиди. Бу видео, тиктокчи Диëра Абдужабборовага кўра, шу кунда "ИИБга жавоб сифатида" энг кўп томоша қилинмоқда.

Каналдан ўлик қидириш

Блогер Искандар Қодировга кўра¸ сешанбадан сешанбагача YouTubeнинг ўзбек сегменти Катта Фарғона каналида оқиб кетган болани қидираëтганлар акс этган лавҳалар билан тўлиб-тошган. Ўликни ғаввослар¸ оддий хода кўтарган аҳоли, баъзан эса дрон учирган муҳандилар ҳам қидирган:

«Мен «Хўрланган ўлик» деган кўрсатув қилдим бу ҳақда. От билан қидиришяпти. Кимлардир келиб, камера олдига туриб олиб, ўз муаммоларини ҳам айтиб ташлаяпти. Битта ашулачи келиб, ўлик қидираëтганларга ашула ҳам айтиб берди"¸ - дейди Искандар Қодиров.

Метангаз машмашаси

"Агар ҳафта давомида тармоқда айланган гапларни аския деб атасак, метангаз энг кўп ишлатилган пайров бўлди", - дейди Искандар Қодиров.

YouTube¸ Инстаграм ва Фэйсбук ҳафта давомида Наманган шаҳрида жойлашган газ тўлдириш шохобчаларининг бирида ёши катта фуқаро вафот этгани ҳақидаги хабарлар билан тўлди.

«Водий бозор» Телеграм каналида метангазга навбат қурбони бўлган шахсга оид экани айтилган музлаб қолган "Жигули" сурати ҳам чоп қилинди.

АËҚШда метан газ учун икки соатдан икки кунга чўзилаëтган навбат
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:57 0:00

«Косонсой тумани ‘Ободон’ маҳалласида яшаган И.Ж. ‘Жигули’ машинасига метангаз қуйиш учун Наманган шаҳар ‘Юксалиш’ маҳалласидаги ‘Наманган суюқгаз’ компанияси газ қуйиш шохобчасига келиб, машинасини суриб ҳаракатлантириб келаётган вақтида тўсатдан асфальт йўлакка чап юз соҳаси билан йиқилиб, урилиши оқибатида чап юз соҳаси ва бош мия чап соҳасидан олган тан жароҳати натижасида ҳодиса жойида вафот этган», — дейилади хабарда.

Косонсой туман ҳокимлиги Ахборот хизмати тарқатган хабарга кўра И.Ж. 67 ёшда, касби механик, тўрт ўғил ва бир қизнинг отаси эди. Марҳумнинг жанозаси 10 январь куни аср намозидан сўнг ўқилган.

Телеграмдаги «Наманганликлар» каналининг хабар беришича, марҳум пенсионерга тегишли «Жигули» навбатда узоқ туриб қолгани учун музлаб қолган.

Каналнинг бошқа бир фойдаланувчиси навбатда туриш вақти кун сайин 6 соатгача узаяётганини таъкидлайди.

Ўзбекистонда 4 январдан бошлаб газ-заправкалар тонг соат 5:00 дан 15:00 гача, чекланган тартибда ишламоқда. Бундан кўзланган мақсад магистрал газ қувурларидаги босимни қайта тиклаш экани айтилган.

"У бахтли кўзларни кўрайлик"

Москвада истиқомат қиладиган ўзбек қўшиқчиси Лола Йўлдошева ўзининг Instagram саҳифасига эрининг суратини жойлагани тармоқ муҳокамасига сабаб бўлди. Йўлдошеванинг мухлислари нега «эржоннинг кўзларига қора кўзойнак чизиб қўйилган?» дея савол беришди.

Лола Йўлдошеванинг турмуш ўртоғи акс этган тасвир фотошоп воситасида ўзгартириб қўйилган эди.

Инстаграмдаги мухлислар «У бахтли кўзларни кўрайлик. Ë кўз тегишидан қўрқасизми?» деб сўрашди.

Шу билан бирга, Шерали Жўраевнинг қўшиғини куйлаган ашулачи Насафийнинг жаримага тортилгани ва Мунисанинг тўйи тўхтагани ҳам ўзбек сегментида энг кўп муҳокама қилинган мавзулардан эди.

Лола Йўлдошева суратга олган клипдан скришот
Лола Йўлдошева суратга олган клипдан скришот

Фэйсбук фойдаланувчилари эса, Ўзбекистон президентининг дам олишдан қайтганини муҳокама қилди. Фэйсбукдаги постларга 11 январь куни Жиззахдаги Марказий ҳарбий округнинг артиллерия бригадасига ташриф буюрган президентнинг дурбин билан олисларга қараëтгани акс этган расмий сурат илова қилинди. Айрим фойдаланувчилар Ўзбекистон ва Шимолий Корея раҳбарларининг дурбин ушлаган расмларида ўхшашлик кўрганлар. Икки сурат ëнма-ëн қўйилган постларда «Фарқини топинг» деган истеҳзоли савол қўйилган.

Тармоқ топишмоғи
Тармоқ топишмоғи

Ижтимоий тармоқлардаги трендларни Озодлик билан бирга кузатинг.

Тармоқларнинг фаол фойдаланувчиси бўлсангиз, фикрларингизни биз билан баҳам кўринг.

Эксклюзив сурат ва видеоларингизни бизнинг тармоқлардаги платформаларимиз орқали бўлишишингиз мумкин.

Биз билан боғланиш учун:

Мессенжер ва имейл

+420 602 612 713 (WhatsApp, Telegram, Viber)

+420 724 971 539 (WhatsApp, Telegram, Viber)

ozodlikmail@gmail.com

ozodcomments@gmail.com

uzbekweb@rferl.org

skype: OzodSkype; OzodOvoz; OzodlikOnline

XS
SM
MD
LG