Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:52

UZ/Коронавирус: Юқтирганлар 298. АҚШда икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этди


Манхэттенда қурилган муваққат ўликхона, 25 март, 2020
Манхэттенда қурилган муваққат ўликхона, 25 март, 2020

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

(Бу жонли блогнинг давоми. Аввалги қисмини мана бу линкда ўқишингиз мумкин.)

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

5 апрель Тошкент вақти билан 17.00 ҳолатига кўра:

- Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 298 кишида вирус аниқланди. Беморлар 7 вилоят ва пойтахтдаги шифохоналарда даволанмоқда.

- Вилоятлар маркази ва йирик шаҳарлар ёпилган. 25 мартдан кўчада ниқобсиз юриш тақиқланган. 30 мартдан автотранспорт воситаларига махсус рухсатнома билан ҳаракатланиш чеклови қўйилди.

- Вирус юқтирганлар расмий сони дунё бўйича 1 миллион 200 мингдан ошди, ўлганлар сони эса 65 мингдан зиёд, тузалганлар 248 минг атрофида.

Америка овози: АҚШда 2 ўзбекистонлик ўлди

Ню Йорк шаҳрининг Бруклин туманида икки ўзбекистонлик коронавирусдан вафот этди. Бири эркак, бири аёл. Ёшлари 50-60 орасида. Қўшма Штатларда доимий яшаб, ишлаб келган одамлар. Оилалари ҳам шу ерда.

Марҳум эркак Ню Жерси штатида коронавирусдан жон берганлар бўйича қоидалар асосида дафн этилган. Маросимда оз одам қатнашган. Жаноза ўқилган, лекин бошқа урф-анъаналар четлаб ўтилган.

"Бугуннинг аччиқ ҳақиқати шу", деди гувоҳлар.

3-апрел куни Бруклиндаги касалхоналардан бирида жони узилган ўзбекистонлик аёлнинг 60 дан ошган ва бу аёл 9 йилдан буён АҚШда доимий яшаб келган.

Қарияларга хизмат кўрсатиш тизимида ишлаган марҳума анча йиллар давомида қанд касаллигидан азият чекиб келган.

Марҳуманинг яқинларига кўра, улар майитни диний талабларга мувофиқ дафн этиш учун касалхона билан мулоқот қилмоқда. Бу ишда уларга маҳаллий масжидлардан бири ва оиланинг дўстлари ёрдамлашмоқда.

Ню Йоркда ўн минглаб ўзбекистонлик яшайди. Ҳудудда кенг тарқалган коронавирусдан азият чекаётганлар орасида улар ҳам анчагина. "Америка Овози" уларнинг айримларининг оила аъзолари билан гаплашиб турибди.

Коронавирусга чалинганлар 266 нафарга етди, 25 одам бутунлай соғайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони бир кунда 41 тага ошиб, 266 нафарни ташкил этмоқда.

Вазирликка кўра, 25 нафар бемор бугунгача касалликдан бутунлай соғайган.

4 апрель куни Тошкент вақти билан эрталаб 9.00да Ўзбекистонда коронавирусни юқтирганлар 241, бир кун олдин эса 225 нафар эди.

Бухорода кўчма бозорлар ташкил этилди

Коронавирус тарқалмаслиги учун бозорларда кўп одам тўпланишини олдини олиш мақсадида Бухоро вилояти ҳокимлиги энг муҳим 30та озиқ-маҳсулоти сотиладиган кўчма бозорлар ташкил этди.

"Бозордан ҳонадонгача" деб аталувчи ушбу тадбирни амалга ошириш учун ҳокимлик йигирмага яқин юк машинасини жалб этди.

Машиналарда улгуржи бозорлардан озиқ-овқат махсулоти маҳаллалардаги аҳоли манзилларига элтилмоқда.

Ўзбекистонда бозорлар аҳоли энг кўп тўпланадиган гавжум жой саналади.

24 мартдан жорий этилган карантин тартибига кўра, учдан ортиқ одамнинг бир жойга тўпланиши тақиқланган, одамлар бир-биридан икки метрлик масофа сақлаши керак.

ИИВ велосипедда юриш тақиқланишини рад қилиб чиқди

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги мамлакатда коронавирус тарқалишини олдини олиш чоралари доирасида велосипедда юриш тақиқланиши ҳақида ижтимоий тармоқларда тарқалган хабарларни рад қилди.

5 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда велосипедда юриш тақиқланиши ҳақидаги хабарлар ижтимоий тармоқда мунозарага сабаб бўлганди.

Ички ишлар вазирлиги бу хабар ҳақиқатга тўғри келмаслиги, хабар тарқатаётганлар вазирлик сайтида берилган расмий хабарларга таяниши кераклигини билдирди.

Дўконлар ва юк ташувчилар устидан назоратни кучайтириш олиш таклиф этилди

Ўзбекистон Олий мажлиси депутати Бобур Бекмуродов коронавирус тарқалишини камайтириш учун дўконлар ва юк ташувчилар устидан назоратни кучайтиришни таклиф қилди.

Депутатга кўра, дўконлар ва юк ташиш хизматлари коронавирус тарқалиши учун "қайноқ нуқта" бўлмоқда.

"Юзлаб, минглаб одамларга хизмат қилаётган сотувчилар ва юк ташувчилар ниқоб ва қўлқопсиз ишламоқда. Иш жойлари дезинфекция қилинмаган", - дея ўз такфлини илгари сурди депутат ижтимоий тармоқлар орқали.

Айни пайтда Ўзбекистонннинг аксар шаҳарларида киракашлар юк ташувчи қиёфасида таксичилик фаолиятини давом эттираётгани ҳақда ўзбекистонликлар Озодликка хабар берди.

Ўзбекистонда таксилар фаолияти тўхтаган, лекин юк ташувчиларга тақиқ йўқ.

ИИВ бир кунда карантин тартиби бузилгани билан боғлиқ 463 холатни аниқлади

Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги Тошкентда бир кунда карантин коидаси бузилгани билан боғлиқ 463 холат аниқланиб, қоидабузарлар маъмурий жазоланганини маълум қилди.

"3 апрель куни Тошкент шаҳрида ИИББ ходимлари,хусусан профилактика инспекторлари томонидан маҳаллалар ва дўконлар текширилганда, шунингдек ИИБ ходимлари ва Миллий гвардия хизматчилари ҳамкорлигида олиб борилаётган туну-кун уч сменалик патруллаш давомида шаҳар кўчаларида ва бошқа жамоат жойларида карантин тартибига риоя қилмаслик билан боғлиқ 463 та фактлар қайд этилди", - дейилади ИИВ расмий сайтида эълон қилинган билдирувда.

Вазирликка кўра, қоидақбузарларга нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси “епидемияларга қарши кураш қоидаларини бузиш” бўйича маъмурий чоралар қўлланилган.

Армиядан қайтган ўғлига 24 кишилик зиёфат қилган ота жазоланди

Карантинга қарамай Жиззахда ота армиядан қайтган ўғлига зиёфат қилиб берган.

Бу ҳақда Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.

Вазирлик расмий сайтида билдирилишича, 3 апрель куни Жиззах вилоятининг Арнасой туманидаги Чўлқувар қишлоғида 53 яшар ота ҳарбий хизматни ўтаб қайтган ўғлининг 24 нафар синфдошини йиғиб зиёфат уюштирган.

Ички ишлар вазирлиги ахборот хизматининг хабар беришича, карантин тартибига бўйсунмаган ота Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддасига асосан жавобгарликка тортилган.

ИИВ маълумотига кўра, Ўзбекистонда карантин жорий этилганидан буён мамлакат бўйича карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ 25057 та ҳолат аниқланган.

Коронавирусга чалинганлар бир кунда 14тага кўпайди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 4 апрель кунги баёнотида Ўзбекистонда яна 14 кишида коронавирус инфекцияси аниқлангани тўғрисида маълумот берди.​

Шундай қилиб Ўзбекистонда коронавирусни юқтирганлар сони 241 нафарга етди.

Сўнгги икки кун ичида Ўзбекистонда жами 60 кишида коронавирус аниқланган.

Президент тадбиркорларни қўллаб-қувватловчи фармонга имзо чекди

3 апрель куни президент Мирзиёев “Коронавирус пандемияси даврида аҳоли, иқтисодиёт тармоқлари ва тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармонни имзолади.

Бу ҳақда Мирзиёвнинг ўзи инқирозга қарши курашиш шароитида тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш масалалари бўйича видеоселектор йиғилишида маълум қилди.

Фармонга кўра:

  • Туристик ва меҳмонхона фаолияти билан шуғулланувчи тадбиркорлар шу йил якунига қадар ер ва мол-мулк солиқларини тўлашдан озод этилади. Уларга ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилади.
  • Карантин даврида ўз фаолиятини тўхтатишга мажбур бўлган якка тартибдаги тадбиркорларга даромад солиғи ва ижтимоий солиқни ҳисоблаш тўхтатилади.
  • Тушуми 50 фоизга камайган тадбиркорларнинг солиқ тўловлари шу йил 1 октябрга қадар кечиктирилади.
  • 1 апрелдан бошлаб юридик шахсларнинг табиий газ ва электр энергияси учун олдиндан тўлов мажбурияти амалдаги 100 фоиздан 30 фоизга туширилади.
  • Кредит ставкаси 24 фоиз бўлган тадбиркор кредитининг 12 фоизини давлат қоплайди.
  • Қийин аҳволдаги корхоналар, якка тартибдаги тадбиркорлар ва аҳолининг 12 триллион сўмлик кредит мажбурияти муддати узайтирилади.
  • Йил якунига қадар ун, ўсимлик ёғи, гўшт ва сут маҳсулотлари, шакар, гигиена воситалари каби асосий истеъмол товарларини импорт қилишда божхона божи ва акциз солиғи ундирилмайди.
  • Бола парваришлаш учун нафақалар муддати 6 ойдан 1 йилгача узайтирилади.
  • Карантин даврида ёлғиз кексалар ва ногиронлиги бўлган шахсларга 18 турдаги асосий озиқ-овқат ва гигиена товарлари бепул етказиб берилади.
  • Карантин даврида уй шароитида ривожлантириш мумкин бўлган фаолият турларини қўллаб-қувватлаш учун 50 миллион доллар маблағ йўналтирилади.

Фармон билан тўлиқ равишда Иқтисодий тараққиёт ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги расмий каналида танишасиз:

Пандемияга қарши кураш бўйича илк фармон 19 март куни имзоланган бўлиб, иккинчи фармон унинг мантиқий давоми экани айтилди.

СCВ: Беморларнинг эпидемиологик машрути харитаси тузилди

Соғлиқни сақлаш вазирлиги COVID-19 бўйича расмий сайти- Сoronavirus.uzда “Ягона интегратор UZINFOCOM” МЧЖ ҳамкорлигида янги функцияни ишга туширди.

Вазирлик хабарига кўра, ушбу сайтдаа касаллик қайси ҳудудларда тасдиқланганини ифода этувчи харита билан танишиш мумкин.

Шунингдек, харита остида “Коронавирус инфекцияси тасдиқланган беморларнинг эпидемиологик маршрути” тугмасини боссангиз беморларнинг шифохонага келишларидан аввал қаерларда бўлганини кўриш мумкин.

“Ушбу маълумотларни олгач, эҳтиёткорлик юзасидан бу ҳудудларга бормасликка ҳаракат қилинг, ўзингиз ва яқинларингизни асранг! Шифокорларга чин дилдан ёрдам бермоқчи бўлсангиз, уйда қолинг!”, дейилади вазирлик хабарида.

МЕКСИКА: Пандемия боис машҳур Корона пивоси ишлаб чиқариши тўхтади

Коронавируснинг Мексикада ҳам тарқаб бораëтгани ортидан мамлакатнинг дунëга машҳур Корона (Corona) пивоси ишлаб чиқариш вақтинча тўхтатилди. Бу ҳақда мазкур брендга эгалик қилувчи Grupo Modelo маълум қилди.

Ишлаб чиқарувчи изоҳича¸ Мексика ҳукумати Корона пивоси ишлаб чиқариш иқтисоднинг ўта муҳим қисми бўлмагани учун¸ уни карантин пайтида тўхтатишни буюрган.

Корона пивоси ишлаб чиқариш 5 апрелдан тўхтатилади. Завод ўз ходимларининг 75 фоизини масофавий ишга ўтказиши¸ айни пайтда¸ омборхонада мавжуд пиволарни харидорлар уйига етказиш хизматини йўлга қўяжагини билдирди.

Бундан аввал Heineken пивосининг Мексикада ишлаб чиқарилиши ҳам тўхтатилгани хабар қилинган эди.

Дунë бўйлаб коронавирус пандемияси бошланганидан сўнг¸ айрим давлатлар¸ хусусан¸ АҚШнинг баъзи штатларида вирус номи билан уйқашлиги боис (coronavirus - corona beer)¸ Корона пивосини бойкот қилиш кузатилган эди.

Сўнгги хабарларга қараганда¸ Мексикада коронавирусга чалинганлар сони 1500 дан¸ ўлганлар эса¸ 50 нафардан ошди.

Group Modelo эгалик қилувчи машҳур Corona/Корона пивоси.
Group Modelo эгалик қилувчи машҳур Corona/Корона пивоси.

ҚИБРАЙ: Карантинда сақланаётган 7 одам 15 суткага қамалди

Тошкент вилоятининг Қибрай туманидаги "Энергетиклар” сиҳатгоҳида сақланаётган 7 нафар фуқаро карантин қоидаларини бузгани учун 15 суткага қамалди.

"Дарё" сайтининг Олий суд матбуот хизматига таяниб 3 апрелда хабар беришича, уларнинг барчаси Бирлашган Араб Амирликларидан олиб келинган ва карантинга олинган эди.

“Улар ҳар хил уятли сўзлар билан ушбу сиҳатгоҳда сақланаётган бошқа фуқаролар ва карантин тартибини назорат қилувчи ходимлар олдида бақир-чақир қилишган, уларнинг тинчлигини бузган. Улар тинчликни таъминлаш учун келган ички ишлар органлари ходимларининг қонуний талабларини бажармасдан, жамоат жойида уларни ҳам уятли сўзлар билан сўкиб, майда безорилик қилган”, дейилади расмий хабарда.

7 нафар фуқарога нисбатан иш Юқори Чирчиқ туман маъмурий судида 3 апрель куни бўлиб ўтган. Улар Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 54-моддаси (эпидемияларга қарши курашиш қоидаларини бузиш), 183-моддаси (майда безорилик) ва 194-моддаси (ички ишлар органлари ходимининг қонуний талабларини бажармаслик) асосида 15 суткага қамалган.

Озодлик радиоси 2 апрель куни мазкур сиҳатгоҳда карантинда сақланаётганлар билан боғлиқ вазият ҳақида лавҳа берган эди. Ўшанда Дубайдан олиб келиниб, карантинда сақланаётганлар Озодликка 14 кун деб айтилган карантин муддати тугаган бўлсада¸ уйларига қўйиб юборилмаётганига изоҳ талаб қилаётганларини айтган эдилар.

"Энергетик сиҳатгоҳи"да 17 март куни Дубайдан учиб келган аксари тужжорлар бўлган 254 ўзбекистонлик карантинда ушлаб турилибди.

Сиҳатгоҳ раҳбарияти ҳам¸ Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги расмийлари ҳам "Энергетик сиҳатгоҳи"да 14 кунлик карантинга олинганларнинг айтилган муҳлат тугаганига қарамай¸ нега ҳанузгача ушлаб турилганига изоҳ бермади.

Кибрайдаги сиҳатгоҳда карантинда ушлаб турилганлар жанжал кўтарди
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:24 0:00

РАСМАН: Хайрия маркази 2 кунда 2 мингдан зиёд оилага ёрдам берди

Тошкентда жойлашган «Ўзэкспомарказ»да Хайрия ишларини ягона мувофиқлаштирувчи марказ фаолияти йўлга қўйилди.

Кoronavirusinо хабарига кўра, Хайрия марказнинг иккинчи кунида шаҳарнинг 11 туманидаги 770 оилага кундалик энг зарур бўлган озиқ-овқат (товуқ гўшти, ун, гуруч, картошка, пиёз, шакар, ёғ, макарон) маҳсулотлари етказиб берилган.

2 апрель куни ҳам шаҳардаги 514 та маҳалладан кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар бўйича берилган рўйхат асосида ёрдам тарқатилган.

Хайрия 100га яқин кўнгиллилар ёрдамида тарқатилмоқда.

Марказга қўнғироқлар кўпайганлиги ва боғланишда кутиш ҳолларини олдини олиш мақсадида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги кўмагида яна қўшимча телефон аппаратлари икки баравар кўпайтирилган.

Эҳтиёжмандлар 1197 рақамига қўнғироқ қилиб, ёрдам сўрашлари мумкин.

1 апрелдан якка тартибдаги хайрия акциялари вақтинча тақиқланди.

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова АОКАдаги брифингда хайрия маҳсулотлари карантин қоидаларига зид равишда тарқатилаётганини айтиб, бу борада 500та шикоят бўлганини қўшимча қилди.

ТИВ: АҚШ Ўзбекистонга коронавирусга қарши кураш учун 848 минг доллар берадиган бўлди

АҚШ Ўзбекистонга коронавирусга қарши курашиш учун 848 минг доллар беришни режалаштирмоқда. Бу ҳақда 3 апрель куни Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги хабар берди.

Хабарда айтилиишча, Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчиси Жавлон Ваҳобов 31 март куни Давлат департаменти вакиллари билан коронавирусга қарши курашда Ўзбекистонга моддий-техник ёрдам кўрсатиш масаласини муҳокама қилган.

АҚШ Давлат департаменти расмийлари берган маълумотга қараганда, АҚШ Ўзбекистоннинг коронавирусга қарши курашдаги эҳтиёжларини ҳисобга олган ҳолда 848 минг доллар ажратиб беришни режалаштирмоқда.

“Бу маблағ АҚШ халқаро тараққиёт агентлигининг COVID-19га қарши кураш ҳаракатларини қўллаб-қувватлаш дастури доирасида Қизил Хоч ва Қизил Ярим Ой ҳамда Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотига берадиган навбатдаги транши ҳисобланади”, дейилади расмий хабарда.

Молиялаштириш кенг миқёсли тестдан ўтказиш учун лабораторияларни жиҳозлаш, Covid-19 устидан эпидемологик назоратни яхшилаш, инфекцияни профлактика қилиш ва тарқалишини назорат қилишни таъминлашда тиббиёт муассасаларининг салоҳиятини ошириш, тезкор ёрдам кўрсатиш тизими, зарарланган ҳолатларни аниқлаш ва даволаш, шунингдек, вирус ҳақидаги дезинформацияга қарши туришга йўналтирилади.

ТОШКЕНТ: Карантин туфайли пойтахт ҳавоси тозаланади

Пандемия сабаб транспортларга қўйилган тақиқ натижасида пойтахт ҳавоси тозаланиши мумкин.

Тошкент шаҳар экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси мутахассисларига кўра, Тошкентда автомобиллар ҳаракатланишига қўйилган чеклов натижасида бир ойнинг ўзида атмосферага чиқаётган зарарли газлар миқдори 32,5 минг тоннага камаяди.

Ҳисоб - китоблар жорий этилган карантин даврида 300 мингга яқин автомобил вақтинчалик юришдан тўхташини назарда тутган.

30 мартдан шахсий атомобиллардан фойдаланиш тақиқланди. Фақат махсус стикер орқали ҳаракатланиш тартиби амалга киритилди.

Жорий йил бошида Тошкентда жами 460 мингдан ортиқ транспорт воситалари рўйхатдан ўтган бўлса, 396 минг таси ёки 86 % хусусий секторлар ҳиссасига тўғри келади. Ушбу автомобиллардан чиқадиган зарарли газлар жами миқдори 400 минг тоннага тўғри келади.​

ФАРҒОНА: “Dаеwоо textile”нинг 3000 дан ортиқ ходими карантинда ҳам ишламоқда”

Фарғона вилоятидаги “Dаеwоо textile” компаниясидан Озодликка мурожаат қилган бир гуруҳ ишчилар карантин бўлишига қарамай, компаниянинг Фарғона, Тошлоқ ва Қумтепа филиалларида 3000 дан ортиқ ишчи-ходим ҳамон ишлаётганидан шикоят қилди.

Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи Ғайбулло Примов бугунги брифинг пайти айтишича, қонунчиликда карантин пайти ишчилар учун зарур шароит яратиш кўзда тутилган

Меҳнат кодексининг 16-моддасида ҳодимнинг асосий ҳуқуқлари мавжуд бўлиб унга кўра ходим хавфсизлик ва гигиена талабларига жавоб берадиган шароитларда меҳнат қилиш ҳақли ҳисобланади.

РАСМАН: Карантинда 100 мингдан зиёд одам сақланмоқда

Ҳозирда Covid-19 боис карантинга олинганлар сони мамлакат бўйича жами 100 мингдан зиёдни ташкил қилади.

Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда ўтган брефингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Атабеков маълум қилди:

“Касалликнинг инкубацион даври 14 кун эканлигини эътиборга олсак, улар орасидан касаллик чиқишига ҳам тайёр бўлишимиз керак”.

Бугун Самарқанддаги “Дўстлик” оромгоҳида карантинда сақланганлардан 292 нафариига уйига рухсат берилди.

Уларнинг барчаси хориждан қайтган ва 14 кун карантинда сақланганлардир. Ўтказилган текширув ва таҳлиллар натижасида уларнинг бирортасида ҳам коронавирус инфекцияси топилмаган.

Хориждан чартер рейслари билан олиб келинганлар мамлакатнинг бир нечта ҳудудида ташкил қилинган карантин марказларида сақланмоқда.

Айрим карантиндагилар шароитлар ёмонлигидан шикоят қилишмоқда.

Жумладан, Москвадан учиб келгач, Чирчиқдаги болалар оромгоҳига жойлаштирилган ўзбекистонликлар шароит ёмонлигидан шикоят қилганди.

Қибрай санаторийсида 17 кундан буён карантинда сақланаëтганлар ҳам жанжал кўтарди.

Озодлик карантинга олинган баъзи шахслар 14 кунлик муддат тугамасидан сиҳатгоҳлардан қочишга урингани ҳақида ҳам хабар берган эди.

Хусусан¸ расмийларга кўра¸ 16 март куни Жанубий Корея ва Россиядан Самарқандга учиб келган ва карантинга олинганидан 4 кун ўтиб қочишга уринган икки шахсга нисбатан жиноят иши очилган.

Ўзбекистон қонунчилигига кўра, карантин қоидаларини бузганлар 22 миллион сўмдан жаримага тортилиши ёки беш йилгача бўлган муддатга қамалиши мумкин.

ЎЗБЕКИСТОН: Covid-19 тестларини ишлаб чиқариш бошланади

Ўзбекистонда жорий ой охирида Covid-19 тестларини ишлаб чиқариш бошланади.

Бу ҳақда АОКА ҳузуридаги штабда ўтган брифингда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Атабеков маълум қилди.

Атабековга кўра, айни пайтда маҳаллий мутахасислар ишлаб чиқарган тест тизимлари таржибада синаб кўрилмоқда.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги маълумотларига кўра, бугунги кунда Ўзбекистонда полимераза занжирли реакциясини аниқлайдиган 200 мингдан ортиқ тест мавжуд.

Ўтган ойда Хитойга 100 минг тестга буюртма берилгани ва расмий Пекин Ўзбекистонга 2,5 минг тестни бепул бермоқчилиги хабар қилинганди.​

САМАРҚАНД: Карантиндаги 292 беморга уйига рухсат берилди

Самарқанддаги “Дўстлик” оромгоҳида карантинда сақланганлардан 292 нафариига уйига рухсат берилди.

Уларнинг барчаси хориждан қайтган ва 14 кун карантинда сақланган эди. Ўтказилган текширув ва таҳлиллар натижасида уларнинг бирортасида ҳам коронавирус инфекцияси топилмаган.

Кoronavirusinfo хабарига кўра, 292 киши махсус ажратилган машиналарда уйига элтиб қўйилган.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 3 апрель соат 10.00 да берган маълумотида айтилишича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 16 тага ошиб, 221 нафарни ташкил этмоқда.

3 апрель ҳолатига кўра, 25 бемор соғайган. Жумладан, пайшанба куни коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг яна 13 нафари бутунлай тузалди.

ҚИРҒИЗИСТОН: Коронавирусдан биринчи ўлим ҳолати қайд этилди

Қирғизистонда коронавирусдан Новқат тумани касалхонасида даволанаётган 61 ёшли бемор вафот этди. Бу ҳақда 3 апрель куни Коронавирусга қарши кураш бўйича республика штабидан маълум қилинди.

Сўнгги маълумотга қараганда, Қирғизистонда коронавирусга чалинганлар сони 130 нафарга етди. Беморлардан беш киши соғайди.

Қирғизистоннинг йирик шаҳарларида 25 мартдан бошлаб фавқулодда ҳолат вазияти эълон қилинган. Кундузи одамлар ва автомашиналарнинг ҳаракатлари чекланган, соат 20.00дан 7.00гача комендантлик соати жорий этилган.

Қирғизистон ҳукумати 3 апрелдан бошлаб карантин ва комендантлик соати тартибини бузганларга жазо чораларини кучайтирди.

Бундан буён карантин тартибини бузганларга 30-60 минг сўм (тақрибан 346 – 729 доллар), кўчага ҳужжатсиз чиққанларга 3 минг сўм ( 36,5 доллар), дори-дармон ва озиқ -овқат нархларини қимматлатганларга 10-28 минг сўм (тақрибан 121 -340 доллар),ёлғон маълумот тарқатганларга 5,5-17 минг сўм (тақрибан 67-207 доллар) жарима солинади.

ФИЛИППИН: Президент карантинни бузганларни отиб ўлдиришга буйруқ берди

Филиппин президенти Родриго Дутерте армия ва полицияга мамлакатдаги фавқулодда ҳолат режимини бузган ҳар қандай одамни отиб ташлаш тўғрисида буйруқ берди.

“Улар муаммо туғдириш ўрнига қабрга кирадилар”, деди Дутерте.

Пойтахт Манилада ва бошқа шаҳарларда жорий этилган карантин ва комендантлик соати ортидан ишсиз, пулсиз, овқатсиз ва ҳаёт кечириш учун зарур бўлган воситаларсиз қолган қашшоқларнинг стихияли норозилик намойишлари бўлиб турибди.

Родриго Дутерте 2016 йилнинг майида президентлик лавозимини бажаришга киришганидан бери популистик баёнотлари, аҳлоқсиз ҳазиллари, минглаб наркоманларни ва наркосавдогарларни террор ва қатл қилиш кампанияси ва АҚШ шаънига лаънат айтиши билан ўзига эътиборни тортиб келмоқда.

Масалан у икки йил олдин армияга ҳукуматга қарши бўлган исёнчи гуруҳ аъзолари бўлган аёлларни ўлдирмаслик, аксинча уларнинг андомига ўқ узишлик тўғрисида кўрсатма берган.

Филиппинда 2600дан ортиқ одам COVID-19га чалинган. Улардан 107 нафари ўлган.

Родриго Дутерте популистик баёнотлари ва аҳлоқсиз ҳазиллари билан танилган.
Родриго Дутерте популистик баёнотлари ва аҳлоқсиз ҳазиллари билан танилган.

Беморлардан олти нафарининг аҳволи оғирлашган

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг 3 апрель соат 10.00 да берган маълумотида айтилишича, Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 16 тага ошиб, 221 нафарни ташкил этмоқда.

“Коронавирусга чалинган беморларнинг 17 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти, 4 нафарининг аҳволи оғир, икки нафари эса нисбатан оғир деб баҳоланмоқда”, - деди 3 апрель куни "Ўзбекистон 24" телеканали орқали қилган чиқишида Вазирлар маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Бош санитар инспектор Нурмат Отабеков.

“Вазият мураккаблашиб бораётганини ҳали тўлиқ англаб етмадик, чамаси. Ҳалигача карантин талабларини бузаётган, бемақсад кўчаларда кезиб юриш, тиббиёт ходимларининг тавсияларига амал қилмаслик ҳолатлари учраб турибди. Минг афсуски, касаллик аломатлари кузатилсада, бепарволик билан қараб, ўз вақтида шифокорларга мурожаат қилмай, аҳволи оғирлашгандан кейин шифохонага мурожаат қилаётганлар ҳам бор”, — деди Нурмат Отабеков.

Бир кунда Ўзбекистонда 24 одам коронавирусга чалинди

Ўзбекистонда 3 апрелга ўтар кечаси яна 15 кишида короновирус аниқланди. Бу билан коронавирусга чалинган одамлар сони 205 нафарга етди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги 2 апрель куни Тошкент вақти билан соат 10да берган маълумотида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 6 тага ошгани ва коронавирусдан касалланганлар сони 187 нафарни ташкил этганини билдирганди.

Шундан сўнг вазирлик 2 апрель куни тушга яқин уч кишида коронавирус аниқланиб, беморлар сони 190га етганини хабар қилган.

Ҳисоб қилинса, 2 апрель куни 24 одамда коронавирус аниқлангани маълум бўлади.

Пайшанба куни коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг яна 13 нафари бутунлай тузалди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг хабар қилишича, уларнинг 12 нафари Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан, 1 нафари эса Хоразм вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонадан соғайиб чиққан.

1 апрель куни 4 нафар беморнинг соғайгани ҳам айтилди. Бу билан Ўзбекистонда коронавирусдан соғайган беморлар сони 12 нафарга етганди. 2 апрель куни соғайганлар сони 25 нафар бўлди. 2 нафар бемор вафот этди.

ҲОКИМЛИК: марказлашган хайриянинг илк кунида қарийб 2 минг кишига ёрдам улашилди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги матбуот хизмати пойтахтдаги “Ўзэкспомарказ”да ташкил этилган Ягона мувофиқлаштирувчи марказ иш бошлаганини хабар қилди.

Хабарда айтилишича, 2 апрель куни шаҳардаги 514 та маҳалладан кам таъминланган оилалар, ёлғиз кексалар бўйича берилган рўйхат асосида ёрдам тарқатилган.

100га яқин кўнгилли 1 минг 996 кишига кундалик энг зарур бўлган озиқ-овқат (товуқ гўшти, ун, гуруч, картошка, пиёз, шакар, ёғ, макарон) маҳсулотларини етказиб берган.

ССВ: хайрия истаганларга махсус бот ишга туширилди

ССВ хайрия қилишни истовчи ташкилот ва шахслар учун махсус Телеграм бот ишга туширилганини маълум қилди.

ИИВ: карантинни бузиш ҳолатлари 20 мингга яқинлади

2 апрелгача карантин қоидаларига амал қилмаган 19 843 та ҳолат аниқланди.

ИИВнинг маълум қилишича, энг кўп ҳолат Тошкент шаҳрида – 3 429 та, кейин Фарғона вилоятида – 2 512 та, Тошкент ва Самарқанд вилоятларида 2 мингга яқин ҳолат.

Наманган ва Жиззахда 1 ярим мингга яқин ҳолат қайд этилган.

Карантин қоидаларини бузиш асосан ниқобсиз юришсиз, махсус рухсатномасиз машина ҳайдаш ва карантин ҳудудларини тарк этиш билан боғлиқдир.

ИИВ: Жиззахда стикерсиз "Ласетти"да ИИБ инспекторини судраган ҳайдовчига иш очилди

Жиззахда карантин билан боғлиқ қоидаларни бузиб, ИИБ ходимига қаршилик қилган шахсга нисбатан жиноят иши қўзғатилди

Бу шахс 1 апрель куни фуқаро “Lacetti” русумли автомашинасини махсус рухсатномасиз ҳайдаб кетаётганда, тўхтатган инспекторга бўйсунмай, қочмоқчи бўлган.

Машинанинг чап томон олд эшигига осилиб қолган ЙПХ инспекторини 600 м. масофагача судраб кетган.

Ҳолат юзасидан шу куннинг ўзида Ғаллаорол тумани прокуратураси томонидан ЖКнинг 219-моддаси (ҳокимият вакилига ёки фуқаровий бурчини бажараётган шахсга қаршилик кўрсатиш) ва 257-1-моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилди.

Ҳайдовчи С.У. процессуал тартибда ушланган.

АҚШ: ҳувиллаб қолган Ню Йорк

2 апрелга келиб, АҚШда коронавирус инфекциясини юқтирганлар сони 216 минг 700дан ошди.​

Ўлганлар сони 5 мингдан, соғайганлар сони 8 минг 600дан ошди.

Касалланганлар ва ўлганларнинг каттагина қисми Ню Йорк штатидан. Бу штатда аҳоли зарурат бўлмаса, уйида ўтириш буюрилган.

Шаҳарнинг юраги саналган Times Square майдонида эса инсон зеҳнини шоштирадиган манзара - одатан одам билан тўлиб-тошган майдон бўм-бўш бўлиб қолди.

ИИВ: бир кун ичида туманларда ҳам Хайрия марказлари очилди

Ўзбекистонда коронавирус тарқалишини олдини олиш учун, президент қарори билан, якка тартибдаги хайррия акциялари тақиқланиб, ўрнига ҳар бир туманда бир кун ичида марказлар очилди.

Тадбиркорлар, кўнгиллилар ҳамда волонтёрларни жалб этиш ва хайрия маҳсулотларини ҳар бир ҳудудга бириктирилган волонтёрлар томонидан тарқатиш тизими жорий этилди.

ССВ: яна 13 бемор соғайди

Коронавирус инфекциясига чалинган беморларнинг яна 13 нафари бутунлай тузалди.

ССВнинг хабар қилишича, буларнинг 12 нафари Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан, 1 нафари эса Хоразм вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонадан соғайиб чиққан.

ЯНГИ МАРКАЗ: хайрияни тўплаб-тарқатиш учун очилган марказда ЁИ волонтёрлари иш бошлади

Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ташаббуси билан Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари жорий этилди.

Тошкентдаги Эскпомарказда очилган илк Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази колл-центрида Ўзбекистон ёшлар иттифоқи волонтёрлари ишламоқда.

БОЖХОНА: 5 ярим миллион тонна товар олиб келинди

АОКА ҳузуридаги штабда Давлат божхона қўмитаси бошқарма бошлиғи Фарҳод Олимжонов иштирокида брифинг ўтказилди.

Унинг маълум қилишича, январь-март ойларида республикага автотранспорт орқали 698,2 минг тонна товар, темир йўл орқали эса 4 миллион 875,0 минг тонна товар олиб келинган.

"Озиқ-овқат маҳсулотлари республикамизга куну-тун тўхтовсиз кириб келмоқда. Бу борада фуқароларимизнинг асло хавотирга тушишларига ўрин йўқ", деди бошқарма бошлиғи.

ТИВ: Грузия-Туркия чегарасида туриб қолган Ўзбекистон юк машиналари Туркияга киритила бошлади

Ташқи ишлар вазирлигининг хабар қилишича, Грузия-Туркия чегарасида туриб қолган Ўзбекистон юк машиналари Туркияга киритила бошлаган.

ТИВга кўра, коронавирусга қарши шошилинч чоралар сабаб Туркия ҳудудига Ўзбекистон юк ташувчиларининг кириши чекланган эди.

Туркия томонидан олинган маълумотга кўра, ўзбекистонлик автоташувчилар Туркия ҳудудига Ўзбекистондан чиққан кунларидан бошлаб 14 кунлик муддат тугаганидан кейин киритилади.

БРИФИНГ: бир кунда 4,3 млн. ниқоб ишлаб чиқарилмоқда

АОКА ҳузуридаги штабда Фармацевтика тармоғини ривожлантириш Агентлиги директори Сардор Кариев иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 март ҳолатига кўра жами 15та тиббий ниқоб ишлаб чиқарувчи корхона бўлган ва уларнинг кунлик ишлаб чиқариш қувватлари 450-500 минг донани ташкил этган.

1 апрелга келиб тиббий ниқоб ишлаб чиқарувчи корхоналарнинг сони 190 тага етказилган ва уларнинг умумий ишлаб чиқариш қувватлари 4,3 млн. донага кўтарилган.

ССВнинг буйруғи билан ниқоблар тиббий буюмлар рўйхатидан чиқарилган.

Шу боис ҳозирги кунда уларни ишлаб чиқариш ва реализация қилиш учун алоҳида лицензия талаб этилмайди.

ЭЪЛОН: маҳаллаларда ярмарка очилди

Тошкент шаҳар ҳокимлиги қатор маҳаллаларда озиқ-овқат маҳсулотлари ярмаркалари очилганини маълум қилди.

Ҳокимият аҳолини имкон қадар ўз уйида қолиш, зарур маҳсулотларини эса маҳалладаги ярмаркадан олишга даъват қилмоқда.

КАРАНТИН: Мисрдан қайтганларда вирус топилмади

Мисрдан келганларнинг ҳеч бирида коронавирус аниқланмади. Улар манзилларига кузатилди.

СОҒАЙГАНЛАР: ичкарида қолиб ишлаётган шифокорларга раҳмат!

АДЛИЯ ВАЗИРИ: стикер учун берилган 9 мингта ариза қайтиб олинди

Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг айтишича, ёлғон баҳона билан стикер олмоқчи бўлган қимматбаҳо машиналари эгалари номи жамоатчиликка ошкор қилиниши маълум қилинганидан сўнг 9 мингга яқин ариза қайтариб олинган.

Давлат хизматлари агентлиги директори ёлғон маълумотномалари билан махсус рухсатнома олишга уринаётган пулдор шахсларга мурожаат билан чиққан эди.

Адлия вазири Русланбек Давлетовнинг айтишича, махсус рухсатнома учун кунига 20-30 мингга яқин ариза келиб тушмоқда.

ЖССТ: Имбир ва лимон коронавирусни даволай олмайди

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотининг соғлиқни сақлаш соҳасида юзага келадиган фавқулодда вазиятлар бўйича дастурлари директори Майкл Райан Женева шаҳрида бўлиб ўтган брифингда имбир ва лимоннинг COVID-19ни даволай оладими деган саволга жавоб берди:

"Имбир ва лимонни соғлиқ учун истеъмол қилиш мумкин, лекин ушбу маҳсулотларнинг COVID-19 коронавирус касаллигини даволаш самараси илмий исботини топганича йўқ".

"Ҳозирда COVID-19 қарши курашда бирорта воситанинг касалликни самарали даволаши тасдиқланмаган“.

БРИФИНГ: ҳафтасига 12 мингдан ортиқ ҳимоя халатлари ишлаб чиқарилмоқда

АОКА ҳузуридаги штабда «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси раиси Илҳом Ҳайдаров иштирокида брифинг ўтказилди.

Ҳайдаровнинг маълум қилишича, ҳозир республикада ҳафтасига 2 ярим миллионта ниқоб ишлаб чиқарилмоқда.

"Кейинги ҳафта ичида улар 5 млн.дан етказилади. Шунингдек, 12 мингдан ортиқ ҳимоя халатлари (комбинезон) ишлаб чиқарилмоқда", деди раис.

БИРИФИНГ: коронавирус иссиқда ўладими?

АОКА ҳузуридаги штабда Нурмат Отабеков иштирокида брифинг ўтказилди.

Унга коронавирус инфекцияси ёйилишини иссиқ ҳаво тўхтата оладими, деган савол берилди.

Отабековга кўра, бу саволга фақатгина яқин ойлар ичида жавоб топиш мумкин.

"Агар вирусда мавсумий хусусият мавжуд бўлса, коронавирус билан зарарланишнинг янги тўлқини куз келиши билан бошланишини тахмин қилиш керак. Ҳали лицензияланмаган янги тадқиқот натижаларига кўра, зарарланишлар 95 % ҳолатда -2 дан 10 °C даража ҳаво ҳароратида кузатилган. Бу вируснинг совуқ иқлимда фаоллашишини кўрсатади", деди бош санитар инспектор.

Бундан ташқари, коронавирус пандемиясининг ёйилиши қачон тўхташи ҳақида ҳам савол берилди.

"Мутахассисларнинг тахминлари турлича. Масала шундаки, бу илгари маълум бўлмаган, янги инфекция. Коронавирусни 2002 йилда пневмония эпидемиясини келтириб чиқарган оғир респиратор синдроми (SARS) билан таққослаганда, бунда хавф бир неча ой давом этиши билан фарқланади. Ҳолбуки SARS ҳам коронавирус ҳисобланади, фақат бошқа тури", деди Отабеков.

Қуйида инспектор билан ўтган брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

СТАТИСТИКА: корнавирус пандемиясига оид инфографика

ССВ эълон қилган инфографикага кўра, Ўзбекистонда коронавирусга чалинган 190 кишининг 92 нафари Тошкент шаҳрида қайд этилган.

Фарғона вилоятидаги касалланганлар сони 26 киши, Наманган вилоятида 23 киши, Бухоро вилоятида 14, Андижонда 10, Хоразмда 9, Қашқадарёда 3 ва Навоийда 2 киши мазкур касалликдан даволанмоқда.

Мамлакатдаги коронавирусга чалинганларнинг 72 нафари хорижий мамлакатлардан қайтиб келган фуқаролар бўлса, 118 киши касалликни республиканинг ўзида мулоқот йўли билан юқтириб олган.

Шу кунга қадар касалланган 185 кишининг инфекция манбаи аниқланган, 5 нафар бемор бўйича эпидемик суриштирув давом этмоқда.

Шу пайтгача 8 та хорижий давлатдан қайтиб келганлар орасида коронавирусга чалинганлар қайд этилган.

ОЗОДМАКТУБ: "коронавирус аниқланган ҳудуддан келадиганлар билан бирга ишлаяпмиз"

Ўзбекистондаги йирик текстил корхоналаридан бири ҳисобланган «Posco International Textile» МЧЖ нинг Фарғона вилоятидаги бир неча филиали ишчилари номидан Озодликка мактуб келди.

Мактубда республика бўйлаб карантин жорий этилган бир пайтда ишчилар ишга чиқишга мажбурланаётганидан шикоят қилинган.

Мактубда айтилишича, ишчилар орасида коронавирус аниқланган Ёзёвон туманидан қатнаётганлар ҳам бор.

"Фарғона вилоятидаги Daewoo текстил компаниясидан ёзаяпмиз. Фарғона, Тошлоқ, Қумтепа филиалларида 3 мингдан ортиқ ишчи карантин бўлишига қарамасдан ҳамон ишламоқдамиз, компания раҳбарияти эса вилоят ҳокимлигидан буйруқ келмагунча ишни тўхтатмаслигини баҳона қилмоқда. Бугун вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев Фарғонадаги Daewoo текстил фабрикасига ташриф буюрди. У ерда ҳоким нима қилган, нима деган бизга айтишмади айтишмайди ҳам. Ҳозир коронавирус Фарғонанинг Ёзёвон туманида аниқланган, фабрика ишчилари асосан шу ҳудудлардан ишга келмоқда. Фабрикамизда ҳеч ким бу вирусга чалинмайди, деб ҳеч кафолат беролмайдику!", дейилади мактубда.

Фарғона вилоят ҳокими Шуҳрат Ғаниев эса 1 апрель куни корхонанинг Фарғонадаги корхонасига борди.

Бу ҳақда корхонанинг Телеграм каналида хабар қилинди.

Расмий сайтида берилган маълумотга кўра, «Posco International Textile» корхонаси Фарғона водийсининг шарқий қисмида жойлашган. Корхонанинг Фарғона ва Бухоро шахарлари, Тошлоқ ва Қумтепа қишлоқларида филиаллари бор.

Корхона 1996 йилнинг апрель ойида Жанубий Кореянинг “Daewoo International” корпорацияси (хозирда Posco Daewoo корпорацияси) томонидан 150 млн. АҚШ доллари миқдоридаги сармояга асосан ташкил этилган.​

Сўнгги ҳафталар ичида Ўзбекистондаги қатор йирик ширкатларнинг заводларидаги ишчилар коронавирус пандемияси ёйилиши олдини олиш учун жорий этилган карантинга қарамай ишга чиқишга мажбурланаётганидан шикоятлар келмоқда.

Жумладан, 1 апрель куни Қашқадарëдаги Uzbekistan GTL заводида ишлайдиган бир гуруҳ ишчилар номидан Озодликка юборилган хабарда¸ карантинга қарaмай айни кунларда юзлаб одамнинг ишга чиқарилаётгани¸ иш ва овқатланиш жараëнида мутахассислар тавсияларига умуман амал қилинмаëтгани айтилди.

Озодликка 1 апрель куни йўлланган сурат, 2020
Озодликка 1 апрель куни йўлланган сурат, 2020

БРИФИНГ: Боситхонова кўнгилли хайриячилар устидан 500га яқин шикоят тушганини айтди

АОКА ҳузуридаги штабда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Элмира Боситхонова иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифингда асосан, "иммунитети нисбатан паст бўлган аҳоли тоифалари — кексалар ва нуронийлар, ногиронлар, якка ёлғиз яшовчи фуқароларнинг" хонадонларига турли ҳомийлар, волонтерлар томонидан хайрия маҳсулотларининг карантин қоидаларига зид равишда кириб бораётгани ҳақида гап борди.

"Кейинги 5 кунда Вазирликка келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиб кўрдик — 494 та шу мазмунда мурожаат бўлган. Ҳақиқатда, оилаларни, одамларни, айниқса, хонадонимиз фаришталари — дуогўйларимизни асрашимиз керак. Бундан ташқари, айрим хонадонларга устма-уст ёрдам берилгани ҳолда, айрим хонадонлар эътибордан четда қолаётгани ҳақида ҳам 200 га яқин норозилик мурожаатлари бўлди", деди Боситхонова.

Унинг айтишича, бу ҳолатни инобатга олган ҳолда, 1 апрелдан Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида “ўзини яккалаш” (само изоляция) ҳаёт тарзи жорий этилди. 65 ёшдан юқори бўлган фуқароларга уйидан ташқарига чиқиш қатъиян ман этилган.

1 аперель куни президент топшириғи билан Ўзбекистонда карантин қоидалари янада кескинлаштирилиб, қатор чекловлар жорий этилди.

65 ёшдан катталарнинг уйда қолиши билан бирга якка тартибдаги хайрия акциялари ҳам 1 апрелдан вақтинча тақиқланди.

ССВ: 190 нафар

ССВ берган маълумотга кўра, айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 3 тага ошиб, 190 нафарни ташкил этмоқда.

РАСМИЙ БАЁНОТ: 1 апрелдан янги чекловлар жорий этилди

Президент Шавкат Мирзиёевнинг топшириғи билан коронавирус пандемияси ёйилиши олдини олиш учун 1 апрелдан қўшимча тадбирлар белгиланди:

- Тошкент, Нукус шаҳарлари ва вилоятлар марказларида “ўзини яккалаш” (само изоляция) ҳаёт тарзи жорий этилади. 65 ёшдан юқори бўлган фуқароларга уйидан ташқарига чиқиш қатъиян ман этилади. Зарурат бўлган тақдирдагина яқин атрофдаги дорихона, озиқ-овқат ва биринчи галдаги товарлар дўконига чиқишга рухсат этилади.

- Якка тартибдаги хайрия акциялар вақтинча тўхтатилади.

- Тошкент шаҳрида Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш маркази Ўзэкспомарказ Миллий кўргазма мажмуаси таркибидаги павильонда ташкил этилади. Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳри ҳамда вилоятлар марказларида шундай механизм жорий этилади;

- жисмоний ва юридик шахсларнинг беғараз ёрдамлари Ҳомийлик хайрияларини мувофиқлаштириш марказлари орқали сантитар-гигиеник талабларга мувофиқлиги кўрикдан ўтказилиб, карантин талабларига қатъий риоя этилган ҳолда (махсус кийим бош ва шахсий ҳимоя воситалари билан таъминланган ҳолда) эҳтиёжмандларга етказиб берилади;

- аҳолининг ёрдамга муҳтож қатламига хайрия ёрдамларини шахсан етказиш истагида бўлган нодавлат-нотижорат ташкилотлари вакиллари ҳамда саҳоватпеша инсонлар ва кўнгилли (волонтёр)лар ушбу хайрия тадбирларида яқиндан ҳамкорлик қилиш ва жараёнда қатнашишга таклиф этилади;

- эҳтиёжманд оилаларга берилган хайрия ёрдамлари ҳақидаги маълумотлар жамоатчиликка мунтазам етказиб борилади.

Ушбу тартибга қатъий амал қилиниши талаб этилади.

ОГОҲЛАНТИРУВ: алдаб, стикер олмоқчи бўлганлар изза қилинади

Махсус рухсатномаларга асоссиз равишда эга бўлишга ҳаракат қилиш ҳолатлари аниқланганда, бундай шахсларга доир маълумотлар жамоатчиликка очиқ етказилади.

"Шахсга доир маълумотларни тарқатиш қонунга зид эканлигидан хабардормиз. Бироқ, юртимизда кечаётган оғир вазиятда, карантин талабларига риоя қилинишини таъминлаш, фуқароларимиз саломатлиги хавфсизлиги учун ҳам масъулиятни ўз зиммамизга оламиз", деб эълон қилди Давлат хизматлари агентлиги.

ЎзА: Пайариқ туман ҳокими карантинга олинди

Самарқанд вилояти Пайариқ туман ҳокими Д. Мусинов Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси қайд этилган пайтда Туркияда хизмат сафарида бўлган.

Карантин эълон қилиниб, зарур чора-тадбирлар белгиланган пайтда юртимизга қайтиб келган ҳоким айни пайтда карантинда. ​

БРИФИНГ: 5 беморнинг аҳволи оғир

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков 1 апрель кунги брифингда 5 беморнинг аҳволи оғирлигини маълум қилди:

- Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволанаётган 93 беморнинг 21 нафарида пневмония белгилари кузатиляпти. Мазкур ҳолат ренгионалагик текширув натижасида ҳам тасдиқланган. Беморлар 5 нафарининг аҳволи оғир, 3 нафарининг эса аҳволи нисбатан оғир, деб баҳоланмоқда. Уларнинг барчаси тегишли даволаш муолажаларини оляпти, деди Отабеков

Тошкент шаҳридан ташқари Фарғона, Андижон, Наманган, Навоий, Бухоро, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида ҳам коронавирус касаллигига чалинган беморлар даволаняпти.

ССВ: яна 4 бемор соғайди

Бугун коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна тўрт нафари бутунлай соғайди.

Уларнинг бир нафари БААнинг Дубай шаҳридан, яна бир нафари Туркиядан келган, қолган икки нафари эса коронавирус инфекцияси аниқланган бемор билан яқин мулоқотда бўлган фуқаролардир.

Уларни Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шадманов ва бошқа масъуллар Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатишди.

Тошкентдаги Вирусология институти клиникаси ходимлари, 1 апрель, 2020
Тошкентдаги Вирусология институти клиникаси ходимлари, 1 апрель, 2020

1 АПРЕЛЬ ХАБАРИ: Аваз Охуннинг томошабинсиз концерти

Телеграм тармоғидаги Namanganliklar канали "Ҳожибой Тожибоев шогирди Аваз Охун томошабинларсиз залда концерт берди", деб хабар қилди.

Хабар остида "2020, 1 апрель" деган эслатма илова қилинган.

Канал юклаган видеода эса халқ орасида танилган ва севилган ёш қизиқчи бўм-бўш зал қаршисидаги саҳнада 40 дақиқалик концерт бергани акс этган.

Қизиқчи томошаси сўнггида ғойибона томошабинларга такрор ва такрор "Уйда қолинг!" деб мурожаат қилади.

ЭСЛАТМА: тиббий ниқобни тўғри тақиш тартиби

ЭЪЛОН: Тошкентда қўшма рейд бошланди

1 апрелдан Тошкент ШИИББ, Миллий гвардия ва СЭНнинг қўшма рейди бошланди.

Тошкент шаҳар ИИББга кўра, махсус рухсатномасиз автомобиль бошқараётганларга жарима солинади, машиналар жарима майдончасига қўйилади.

Наманган ИИВ машиналарни текширмоқда, автотранспорт воситалари ҳаракати 30 март чекланган
Наманган ИИВ машиналарни текширмоқда, автотранспорт воситалари ҳаракати 30 март чекланган

БРИФИНГ: республикада карантин қачон тугайди?

АОКАда Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг уюштирилди.

Брифингда коронавирус касаллиги бўйича фуқаролардан тушган саволларга жавоб берилди.

Жумладан: "Республикада бошланган карантин қачон тугатилади?" деган савол берилди.

- Карантин охириги аниқланган бемор шифохонага ётқизилгандан кейин (алоҳидалангандан) 14 кун ўтгандан кейин ва бу ҳолатга тўлиқ ишонч ҳосил қилгандан кейин карантинни бекор қилиш масаласи кўриб чиқилади, - деди Отабеков.

"Фарғона вилоятидаги 26 нафар коронавирусга чалинган беморлар касалликни қаерда юқтириб олишган?", деган саволга жавобан Отабеков шундай жавоб берди:

- Фарғона вилоятида умумий қайд этилган 26 нафар беморларнинг 17 нафари махсус чартер рейсларида коронавирус инфекцияси бўйича эпидемик нохуш ҳудудлардан олиб келинган ҳамюртларимиз орасида аниқланган.

Қуйида Отабеков билан брифингни тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

БОЗОР: Олойда нега гўшт узилди?

Тошкентдаги Олой бозори савдо расталарида тушга яқин қорамол ва майда мол гўшти тугагани тўғрисида хабарлар тарқалди.

Тошкент шаҳар ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш бошқармаси бозорга 120 килограмм мол гўшти, 150 килограмм қўй гўштини савдога чиқаргани маълум бўлди.

Аммо, гўшт ташиш учун транспорт воситаларига махсус рухсатнома олишда муаммо бўлган.

Боиси, ветеринария хизмати автотранспорт воситалари махсус рухсатсиз ҳаракатланадиган автотранспорт воситалари сирасига киритилмай қолган.

АКЦИЯ: Lamborghini жарроҳлик қўлқопи ва ниқоб чиқаришни бошлади

Lamborghini жарроҳлик қўлқопи ва тиббий ниқоблар ишлаб чиқаришни йўлга қўйди.

Илк маҳсулотларни Болоньедаги шифохонага етказиб беради.

Суперкар ишлаб чиқарувчиларининг маълум қилишича, устахоналарнинг айрим қисми бу маҳсулотларни ишлаб чиқаришга мослаштирилади.

ВИДЕОЖАВОБ: COVID-19 ўпкага тушса, нима бўлади?

ОЗОДМАКТУБ: заводда минглаб ишчи мажбуран ишлатилмоқда

Қашқадарëдаги Uzbekistan GTL заводида ишлайдиган бир гуруҳ ишчилар номидан Озодликка юборилган хабарда¸ карантинга қарaмай айни кунларда юзлаб одамнинг ишга чиқарилаётгани¸ иш ва овқатланиш жараëнида мутахассислар тавсияларига умуман амал қилинмаëтгани айтилади.

Озодликка 1 апрель куни йўлланган сурат, 2020
Озодликка 1 апрель куни йўлланган сурат, 2020

"Карантинга қарамасдан йирик компаниялар ишни давом эттиряпти. Ишчилар бир жойда етиб, бирга еб бирга ичиб юришипти... Аммо бу ҳолат барча йирик корхоналарга тааълуқли... Агар вирус тушса борми... даҳшат бўлади... "¸ дейилади ишчилар мактубида. (Ушбу мактуб таҳрирсиз берилди - таҳр.)

Озодликка 1 апрель куни йўлланган сурат, 2020
Озодликка 1 апрель куни йўлланган сурат, 2020

Uzbekistan GTL заводида карантин талаблари бузилаётгани, ишчиларнинг ўз ихтиëрига қарши ишга чиқишга мажбурланаётгани ҳақида аввал ҳам Озодликка шикоятлар келган.

Жумладан, бу заводда ишлашини билдирган филлипинлик бир ишчи: "Биз ўз ихтиёримизга қарши ишга чиқарилаяпмиз. Биз коронавирус туфайли ишни тўхтатишни истаймиз, лекин компания раҳбарлари бизни ишни давом эттиришимизни истаяпти. Биз бу ерда коронавирус юқтириб олишдан қўрқаяпмиз. Филлипинга қайтини истаймиз, аммо бизнинг лойиҳа раҳбари ишни ташласангиз овқат бермаймиз, деб таҳдид қилди", деб иддао қилганди, 29 март куни таҳририятга келган мактубида.

Озодликка келган бошқа мактубда ҳам ишчилар коронавирус юқишидан қўрқиб, уйда қолишни истаганида, завод раҳбарияти уларни ишдан бўшатишларини айтиб, таҳдид қилгани ëзилган.

Табиий газдан синтетик ёқилғи ишлаб чиқарувчи завод қураëтган Uzbekistan GTL ширкати мамлакатдаги энг йирик инвестицион лойиҳалардан бири сифатида тақдим этиб келинади - янги завод лойиҳавий қиймати¸ расмий баëнотларга кўра¸ 4 миллиард долларни ташкил этади.

ИИВ: 766 та машина жарима майдончасига олинди

АОКА ҳузуридаги штабда Ички ишлар вазири матбуот котиби Шохруҳ Ғиёсов иштирокида брифинг уюштирилди.

Ғиёсовнинг маълум қилишича, йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати ходимлари томонидан жорий йилнинг 29-31 март кунлари Тошкент шаҳри ҳудудида ўтказилган тадбирлар давомида жами 1 912 та ҳолатда ҳайдовчи турли кўринишдаги қоидабузарлик содир этилгани аниқланган.

Улардан 766 таси карантин қоидасини бузган ва уларга тегишли 545 та автотранспорт жарима майдончасиига жойлаштирилган. Уларнинг машинаси карантин тугамагунча, қайтарилмайди.

ИИВ: "Бошқа вилоятдаги дафн маросимига боролмайсиз!"

ИИВ матбуот котиби Шоҳрух Ғиёсов билан брифингда:

"Агар бошқа вилоятда яшайдиган яқин қариндошларининг, масалан ота-онасининг дафн маросимига бориш зарур бўлса, қандай йўл тутиш керак?" деган савол берилди.

Ғиёсов:

"Афсуски, қанчалик оғир бўлмасин, ўрнатилган чеклов барчага истисносиз тааллуқли бўлиб, бошқа вилоятда бўлган яқин қариндошларингизнинг дафн маросимида қатнашолмайсиз!" деб жавоб берди.

ИИВ: карантинни бузишга оид 18 мингга яқин ҳолат аниқланди

Ғиёсовнинг маълум қилишича, бугунги кунга келиб карантин қоидаларига амал қилмаслик билан боғлиқ жами – 17 668 та ҳолат аниқланган, бунинг 17 мингтаси ниқобсиз юрганлардир.

Ундан ташқари 4 нафар қоидабузарга нисбатан жиноят иши қўзғатилган.


ЎЗБЕКИСТОН: беморлар 173 нафар

Ўзбекистонда 1 апрель соат 10даги ҳолатга кўра, коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 1 тага ошиб, 173 нафарни ташкил этмоқда. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

31 март куни кечқурун коронавирусга чалинганлар сони бир кунда 22 нафарга кўпайиб, 172 кишига етган эди.

31 март куни Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков АОКА ҳузуридаги штабда ўтказилган брифинг чоғида беморларнинг вилоятлар кесимидаги кўрсаткични 30 мартгача бўлган маълумотлар асосида маълум қилган эди.

Унга кўра, Тошкент шаҳрида 87 та, Фарғона вилоятида 25 та, Наманган вилоятида 10 та, Андижон ва Бухоро вилоятларида 8 тадан, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида 1 тадан бемор коронавирус касаллиги билан даволанмоқда.

Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 8 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

ССВ: 172 бемордан 20 нафарида пневмония бошланган

Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси аниқланган шахслар сони 31 март куни кечга яқин яна 5 тага ошиб, 172 нафарни ташкил этди.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг билдиришича, даволанаётган беморларнинг 20 нафарида пневмония ҳолати кузатилмоқда.

8 нафар беморнинг аҳволи оғир, 4 нафарининг аҳволи нисбатан оғирлиги маълум қилинган.

ССВ: Лондондан қайтган бемор соғайди

31 март коронавирус инфекциясига чалинган беморлардан яна бири бутунлай соғайиб, реабилитацияга кузатилди.

Бу 14 март куни Лондон – Тошкент йўналишидаги рейс билан келган, 16 март куни унда коронавирус касаллиги аниқланган эди.

У Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида даволанди.


ССВ: Фарғонада бир бемор оғирлашди

ССВнинг маълум қилишича, Умра сафаридан қайтган, шу йилнинг 24 март куни коронавирус инфекцияси аниқланган беморнинг аҳволи ёмонлашган.

59 ёшли ушбу бемор шу вақтгача сурункали ўпка ва гипертония хасталиги билан диспансер назоратида турган.

Ҳозирда вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанаётган беморда ўткир нафас етишмовчилиги иккинчи даражаси кузатилмоқда.

У айни пайтда сунъий нафас олиш аппаратига уланган.

Фарғона вилоятида коронавирус инфекциясига чалинган 26 нафар бемор вилоят юқумли касалликлар шифохонасида даволанмоқда.

БУХОРО: карантин тартибини бажармаётган ҳайдовчилар жазоланди

Бухоро вилоятидан намойиш қилинган репортажда карантин талабини бажаришдан ошкора бош тортаётган ҳайдовчилар намойиш қилинди.

30 мартдан Ўзбекистонда шахсий автомобилдан шахсий мақсадда фойдаланиш тақиқланди.

Жамоат транспорти қатнови ҳам тўхтатилгани боис, чекка туман ва қишлоқлардаги аҳоли марказларга қатнаш учун ўз машинасидан фойдаланишга мажбур қолаётганини айтмоқдалар.

БЛОГЕР ФИКРИ: Пандемия пайтида кўчада юриш шахс эркинлик бўлмай қолади

Телеграм тармоғидаги "Асанов формати" формати канали муаллифи Элдор Асанов тақиқларга қарамай, кўчада бемалол юрган одамлар ҳануз кўплигини танқид қилди.

Ёзишича, машиналар юришига тақиқ қўйилганига қарамай, машиналар ҳам кўп.

"Аслида бундай фавқулодда вазиятларда мажбурлаш чораларини ҳам кўриш мумкин: пандемия ҳукм сураётган пайти кўчада юриш шахсий эркинлик бўлмай қолади, зеро бу бошқаларнинг ҳуқуқини бузади, бошқаларнинг ҳаётини хавф остига қўяди", деб ёзди Асанов.​

ИИВ: карантинни бузганлар 15 мингга яқинлади

31 март соат 09:00 ҳолатига​:

Карантин тадбирлари эълон қилинган вақтдан бугунги кунга қадар республика бўйича карантин қоидаларини бузганлик ҳолати 14 968 тага етди:

- Тошкент шаҳрида – 2 621 та ҳолат;

- Тошкент вилоятида – 1 311 та ҳолат;

- Жиззах вилоятида – 1 237 та ҳолат;

- Бухоро вилоятида – 705 та ҳолат;

- Самарқанд вилоятида – 1 558 та ҳолат;

- Қашқадарё вилоятида – 777 та ҳолат;

- Сурхондарё вилоятида – 995 та ҳолат;

- Хоразм вилоятида – 370 та ҳолат;

- Сирдарё вилоятида – 593 та ҳолат;

- Фарғона вилоятида – 1 934 та ҳолат;

- Навоий вилоятида – 241 та ҳолат;

- Наманган вилоятида – 1 167 та ҳолат;

- Андижон вилоятида – 900 та ҳолат;

- Қорақалпоғистон Республикасида 559 та ҳолатни ташкил этган.

Карантин қоидаларини бузганлик учун 11 миллион сўмгача жарима, энг оғир ҳолатларда 5 - 10 йилгача қамоқ жазоси берилиши мумкин.

АНДИЖОН: "Бизга СССРдан қолган ҳимоя кийимлари берилди"

Андижон вилоят юқумли касалликлар шифохонасида ишлашини айтган бир неча шифокор коронавирусга қарши кураш доирасида уларга собиқ иттифоқдан қолган ҳимоя кийимлари берилганини даъво қилди:

"Улар ҳам етарлича эмас. 200 чоғли ходимга атиги 40 дона комплект. Ҳимоя кийимини бир ходим кийгач, уни дезинфекциялаш учун камида 3-4 соат керак бўлади. Соғлиқни сақлаш раҳбарларидан тиббиёт ходимларини замонавий ҳимоя кийимлари билан таъминлашларини сўраймиз”.

АКЦИЯ: "Уйда қолинг!" акциясига қўшилган кичкинтойлар

СТИКЕР ДАРДИ: айрим пулдорлар "курьер" бўлиб, стикер олишга уринмоқда

Давлат хизматлари агентлиги директори Халилулло Тўрахўжаев баъзи қиммат машиналар - BMW X7, Mercedes, Leksus, Hyundai, Captiva, Malibu-2, Tracker автомобиллари эгалари ўзларини «курьер» сифатида расмийлаштириб, машинаси учун стикер сўраётганидан норози бўлди.

Агентлик раҳбарининг очиқ мактуби тармоқлар ва расмий манбаларда чоп этилди.

"Мамлакатимизда ҳукм сураётган ушбу оғир кунларда бундай ишларни амалга оширишга “уддабурон” тадбиркорларимизнинг виждонлари қандай қилиб йўл қўймоқда экан?"

"Айнан Сиздек “ҳурматли”лар туфайли, ҳақиқатан ҳам озиқ-овқат, дори-дармон, дон маҳсулотларини етказиб берувчилар тегишли рухсатномасини ўз вақтида ололмаяпти!" дейилади очиқ мактубда.

ИИВ: нархни сунъий оширганларга ТВда кечирим сўраттиришди

Тошкентда нархларни сунъий равишда оширган сотувчи тадбиркорларга нисбатан чора кўрилди.

Картошка нархини оширгани айтилган шахсларга телевидение орқали аҳолидан кечирим сўраттирилди.

АҚШ: йирик ширкатлар сунъий нафас олдириш қурилмасини ишлаб чиқармоқчи

General Motors ва Ventec Life Systems корхоналари биргаликда COVID-19 короновирус инфекциясининг энг ёмон белгилари билан курашишда жуда муҳим бўлган сунъий нафас ускуналарини (вентиляторлар) ишлаб чиқаради. Бу ҳақда Ventec Life Systems расмий веб-сайтида хабар берилди.

Кейинчалик Project V номини олган ушбу лойиҳага Ford Motor компанияси ҳам қўшилиб, улар биргаликда 100 кун ичида 50 мингта сунъий нафас ускуналарини (вентиляторлар) ишлаб чиқишни режалаштирмоқда.

ЧАҚИРИҚ: четдагилар юртга қайтмай туринг!

Озодлик муштарийларидан бири хориждан қайта олмаётган минглаб ватандошларни 2 - 3 ой қайтмай туришга чақирди.

"Ватанга қайтиш ниятида бўлганлар, ниятингизни 2-3 ойга кечиктириб туринг! Четдан ватандошларимиз кираверса, вирусни қандай қилиб енгамиз? 4 кунлаб аэропортда ётиб, қайтиб келган ватандошларимиз орасида 8талаб вирусга чалинганлар чиқяпти. Бу ҳазил эмас! Ватанга ёрдам бериш вақти келди!"

КАРАНТИН ТУГАДИ: Чотқол санаторийсидаги ватандошларга жавоб берилди

15 март куни Корея республикасидан келиб, «Чотқол» санаторийсига карантинга жойлаштирилган 212 нафар фуқаро, белгиланган муддат ўтгач, яшаш манзилларига жўнатилди.

Улар орасида биронта коронавирус ҳолати аниқланмаган.

ХАЛҚАРО ЁРДАМ: Хитойдан 200 мингта тест-система келди

Президент Шавкат Мирзиёев топшириғи билан коронавирусга қарши кураш учун ажратган маблағлари ҳисобига (27,8 млрд сўм) вирусни аниқлайдиган 200 мингта тест-системаси ҳамда 50 мингта бир марталик бош кийимли ҳимоя комбинезони сотиб олинди.

Хитойдан олиб келинган юкнинг умумий оғирлиги 20 га якин тоннани ташкил этади.

ССВ: беморлар ҳақида қўшимча маълумот берилди

БРИФИНГ: 7 вилоят ва пойтахтда беморлар даволанмоқда

АОКА ҳузуридаги штабда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабеков иштирокида брифинг уюштирилди.

Отабековга кўра, шу кунга келиб беморлар қарийб барча вилоятларда аниқланган ва қатор вилоятларда улар юқумли касалликлар шифохоналарида даволанмоқда.

"30 март кунги маълумотга кўра, Тошкент шаҳрида 87 та, Фарғона вилоятида 25 та, Наманган вилоятида 10 та, Андижон ва Бухоро вилоятларида 8 тадан, Қашқадарё ва Хоразм вилоятларида 1 тадан бемор коронавирус касаллиги билан даволанмоқда. Вирусология ИТИ даги 52 нафар ва ЭМваЮКИТИ да даволанаётган 36 нафар беморлар республиканинг қарийиб барча ҳудудларидан келган фуқаролардир", деб маълум қилди Отабеков.

СТАТИСТИКА: жами 22 минг 156 та таҳлил олинди

Шунингдек, брифингда сўнгги 1 сутка ичида 3 мингдан ортиқ таҳлил ўтказилгани ва 6 тасида коронаврус аниқлангани айтилди. Жами таҳлилар сони эса (30 март ҳолатига кўра) 22.156 та.

Отабеков, беморлар ёки улар билан алоқада бўлган шахсларни карантинга олиш ва карантиндан чиқариш тартиби бўйича ҳам тушунтириш берди.

САВОЛ: табиблар коронавирусни даволай оладими?

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековдан Андижон вилоятида табиблар коронавирусга даво топгани ҳақида тармоқларда тарқатган маълумотга ойдинлик киритиш сўралди.

"Коронавирус инфекцияси махсус даволашни талаб қиладиган касаллик. Албатта бундай пайтларда табиблар ҳам кўпайиб кетиши табиий. Лекин, ушбу инфекцияга чалинган беморлар шифохона шароитида, юқумли касалликлар, вирусолог, пульмонолог, реаниматолог, педиатр каби мутахассислар тавсияларига асосан даволаниши керак. Бу табиблар даволайдиган касаллик эмас", деб жавоб берди инспекция бошлиғи.

СТАТИСТИКА: беморлар 73 эркак, 85 аёл ва 5 бола

Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи Нурмат Отабековнинг маълум қилишича, 31 март ҳолатига кўра, 158 бемор бор.

Беморларнинг 73 нафари эркак, 85 нафари аёллар бўлса, шундан 5 нафари вояга етмаган болалардир.

Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институти клиникасида 92 нафар бемордан 7 нафари соғайган бўлса, 1 нафари вафот этган.

Ҳудудлар кесими бўйича: Тошкент шаҳридан 73, Бухородан 2, Қашқадарёдан 2, Навоийдан 2, Самарқанддан 7, Сирдарёдан 1 ҳамда Тошкент вилоятидан 5 нафар бемор пойтахтздаги ушбу муассасасида даволанмоқда.

Қолган 66 нафар бемор (шундан бир нафари вафот этган) мамлакатнинг бошқа вилоятларидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохоналарда даволанмоқда.

Брифингни ушбу ҳавола орқали онлайн томоша қилишингиз мумкин:

ЎЗБЕКИСТОН: вирусни юқтирганлар 158 киши

UZ: Айни вақтгача Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси билан касалланганлик ҳолатлари сони 8 тага ошиб, 158 нафарни ташкил этмоқда.

31 март куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган яна 8 одам аниқланди. Бу билан мазкур вирусга чалинганлар сони 158 нафарга етди.

“Ушбу инфекция шу йилнинг 12 мартида Туркияда бўлиб, касаллиги тасдиқланган бемор билан яқин мулоқотда бўлган 2 нафар наманганлик, иккинчи марҳум билан яқин мулоқотда бўлган асли навоийлик 2 нафар кишида, яъни она ва болада, шунингдек, беморлар билан мулоқотда бўлган 4 нафар тошкентлик фуқарода аниқланди”, дейилади Соғлиқни сақлаш вазирлиги баёнотида.

Ўзбекистонда 2 бемор вафот этди, 7 бемор тузалиб, реабилитация марказига ўтказилди.

Ўзбекистонда Тошкент шаҳри, Тошкент, Фарғона, Наманган, Андижон, Бухоро, Хоразм ва Қашқадарё вилоятларида коронавирус қайд этилган.

ТОШКЕНТ: Президент ва халққа онанинг мурожаати

"Халқимдан, президентимдан илтимос қиламан, вилоятликларни Тошкентдан чиқариб юбориш учун карантинни бир кунга қолдиринг! Мен болаларимнинг олдида бўлишим шарт!"

ЧЕГАРА: ҳайдовчилар президентдан ёрдам сўрамоқда

Карантин даврида чет-элда қолиб кетган ўзбекистонлик юк машинаси ҳайдовчилари ўзбек халқи ва президентдан ёрдам сўрамокда.

БРИФИНГ: хусусий мактаблар тўлови ва онлайн дарслар

АОКА ҳузуридаги штабда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси Ахборот хизмати раҳбари Феруза Мадраҳимова иштирокида брифинг ўтказилди.

Брифинда вазирлик ходимидан асосан, хусусий мактаблар учун тўловлар ва онлайн дарслар ҳақида сўралди.

Жумладан, хусусий мактабларда онлайн дарслар ташкил қилиш учун жалб қилинган ўқитувчиларга ҳақ тўлаш учун ота-оналардан тўловнинг 40 фоизи сўраётгани, лекин ота-оналар норозилик билдиргани ҳақида савол берилди.

Жавобга кўра, бу масала нодавлат умумтаълим ташкилоти ота-оналар билан тузилган шартнома воситасидагина ечилиши мумкин.

Таълим сифатини назорат қилиш инспекцияси вакили билан брифингни қуйида тўлиқ томоша қилишингиз мумкин:

БРИФИНГ: стикер учун 27 минг ариза тушгани айтилди

АОКА ҳузуридаги штабда Адлия вазири Русланбек Давлетов иштирокида онлайн брифинг ўтказилди.

Маълумки, 30 мартдан 20 апрелгача вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши белгиланди.

Брифингда махсус рухсатномалар бериш тартиби ҳақида маълумот берилди.

Вазирга кўра, Тошкент шаҳридаги Давлат хизматлари марказлари орқали 27 мингдан ортиқ мурожаат қабул қилинган.

Тошкент шаҳрига жами 4500 дан ортиқ, Қорақалпоғистон Республикаси ва вилоятлардаги Давлат хизматлари марказларига эса 3200 га яқин фуқаро мурожаат қилган.

"Бу ҳол карантин талабларининг бузилишига, кўплаб фуқароларнинг бир вақтнинг ўзида бир жойда тўпланишига сабаб бўлди".

"... бугунги шароитда республикада коронавирусни тарқалиб кетишини олдини олишга қаратилган жуда кескин чора, бундай чорани бугунги кундаги шароит тақозо этмоқда. Албатта ноқулайлик туғдиради, лекин бу энг мақбул ва самарали йўлдир. Шунинг учун барчамиз янги талабларга мослашишимиз зарур, ишлаб чиқарувчилар ҳам, тадбиркорлар ҳам", деди вазир.

ҲУҚУҚИЙ АХБОРОТ: Рухсатнома қандай олинади?

Маълумки, 30 мартдан 20 апрелгача вилоятлараро, Тошкент ва Нукус шаҳарлари ҳамда вилоятлар марказларида автотранспорт воситалари Давлат хизматлари марказлари томонидан бериладиган махсус рухсатнома (стикер)лар асосида ҳаракатланиши белгиланди.

Махсус рухсатномани олиш учун онлайн шаклда my.gov.uz портали орқали Сўровнома тўлдирилиши ва талаб қилинган ҳужжатлар илова этилиши лозим.

Хабарнома берилгандан кейин бир иш куни ичида Давлат хизматлари марказидан рухсатноманинг аслини олиб кетиш мумкин бўлади.

* * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * * *

Бу жонли блогда COVID-19 - коронавирус эпидемияси бўйича Ўзбекистон ва дунёдаги сўнгги вазиятга доир хабарлар, фото-видеоматериаллар жамланмоқда.

Бу жонли блогнинг учинчи қисми.

Аввалги қисмларини қуйида ўқишингиз мумкин:

XS
SM
MD
LG