Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:13

"Кўча"га қарши рейдлар: "Зики" қамоқда, "Саидазиз медгородок"ка янги айб қўйилди


"Кўча"га қарши рейдлар. Озодлик
"Кўча"га қарши рейдлар. Озодлик

Ўзбекистонда “Долзарб қирқ кунлик” номи берилган оммавий ҳибсга олишлардан 5 ой вақт ўтиб, яна бир жиноий авторитет қамоққа ташланди.

Озодлик манбаларининг билдиришича, Тошкент суди “Зики эски шаҳар” лақаби билан танилган Лутфулла Умаровни 6 йилу 2 ой қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Бу ҳақда расман хабар қилингани йўқ, аммо Умаровнинг ҳибсга олингани ҳақида Тошкент ИИББ ўтган йил 25 декабрида хабар берган эди.

Жиноят ишлари бўйича Шайхонтохур туман судида ўтган маҳкамани кузатган фаолларга кўра, Умаров гиёҳванд ва психотроп моддаларни тайёрлаш, сақлаш ва сотишда айбдор топилган.

52 яшар Умаров “Бахти Ташкентский”, “Саидазиз медгородок”, “Бохо завхоз” лақабли бошқа йирик криминал авторитетлар билан бир вақтда ҳибсга олинганди.

Айни пайтда исмини сир сақлашни сўраган адвокатларнинг Озодликка билдиришича, “Саидазиз медгородок” лақабли Саидазиз Саидазимовга ҳам “жиноий уюшма ташкил этиш” айби қўшилган.

Жиноят олами етакчилари экани айтиладиган бу шахслар ўтган йил ноябрь-декабрь ойларида Ўзбекистонда ўтказилган “кўча”га қарши йирик рейдлар давомида қўлга олинган эди.

Расман “Криминоген вазиятни яхшилаш учун” деб изоҳланган “Долзарб 40 кунлик” доирасидаги рейдларда криминал авторитет сифатида номи чиққан шахслар қўлга олинган.

Улар орасида “Салимбой” номи билан танилган Салим Абдувалиев, Тошкент "смотряшчий"си сифатида номи чиққан Аббосхон Хўжаевлар бор.

Тошкент шаҳри судлари матбуот хизмати берган хабарига биноан, 19 март куни Салим Абдувалиев устидан ҳукм ўқилган ва у 6 йилга қамалган.

"Кўча"да нима гап? "Саидазиз медгородок"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:25:32 0:00


“Зики эски шаҳар”ни яқиндан таниган тошкентлик ишбилармонга кўра, бу криминал шахс 1990 - 2003 йилларда Тошкентда “положенец” рутбасига эгалик қилган.

“Зики” деган авторитет чорсулик эди. Ўзбекистонда ягона бўлган ўз вақтида. 90- йилларнинг бошларидан 2003-йилларгача “кўча”да донғи кетганлардан бири бўлган. Россия томонидан унга ўғрилик бўйича диктовка қилишган. У вақтларда Россиядаги “действуюшчий вор”лар Тошкентдаги жиноий гуруҳларга раҳбарлар ва авторитетларни сайлашарди. Бу ердаги ўғрилар бу ердан топган пулидан Россиядагиларга улуш беришарди. “Зики” улар билан ишларди. Ундан кейин Тошкентга Аббос хўжа “смотряшчий” бўлган, у ҳам ўтган йил декабрда қамалди”, дейди тошкентлик ишбилармон.

Адвокатларга кўра, Зикрилла Умаров ўшанда Ўзбекистон Жиноят кодексининг 273-моддаси билан айбланиб, қўлга олинган ва айни модда асосида қамоққа ҳукм қилинган.

  • 273-модда:
  • “Гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш:
  • уч йилдан беш йилгача озодликни чеклашдан етти йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.


Ўтган йил охиридаги рейдларда нафақат Ўзбекистон, балки постсовет ҳудудида йирик криминал авторитет сифатида танилган шахслар қўлга олинган.

Улар устидан тергов тафсилотлари жамоатчиликка ошкор этилмаган, суд жараёнлари эса ёпиқ кечган. Озодлик гаплашган адвокат ва ҳуқуқ фаоллари ишга алоқадор барча томонлардан махфийликни сақлаш ҳақида тилхат олинганини айтишмоқда.

Тошкентдаги ҳуқуқ фаолларидан олинган маълумотларга кўра, шу кунларда жиноят оламида “Бохо завхоз” номи билан танилган Баҳодир Султонов устидан ҳам суд бормоқда.

“Суд Жиноят ишлари бўйича Олмазор туман судида ўтяпти. Султоновга ЖКнинг 165-моддаси 2-кисми бўйича айб қўйилган”, деди исмини ошкор этмасликни сўраган тошкентлик адвокат.

Жиноят кодексининг 165-моддада товламачилик айби кўзда тутилган.

  • 165-модда:
  • “Товламачилик, яъни жабрланувчига ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкига шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш, уни шарманда қиладиган уйдирмалар тарқатиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўзининг мулкини ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйиш.
  • Уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.

“Бохо завхоз” ёки Баҳодир Султонов жиноят оламида 1990-йиллардан бошлаб авторитет сифатида танилган.

У ўзбекистонлик икки йирик криминал авторитетдан бири - хорижда қатор молиявий жиноятларда айбланган Ғофур Раҳимовга яқин шахс сифатида кўрилади.

“Завхоз” деб зонада айтилади. Барак бўлади зонада ва унда ҳар хил жиноятчилар бўлади. Булар орасидан сиёсий, диний маҳбусларга, зона тили билан айтганда “душняк” - қийноқ, жинсий зўрлашлар билан “показания” олиб берадиган “лохмач”лар бўлади. “Бохо завхоз” улардан бири бўлган. Нега “завхоз” дейишади? Ўз вақтида у махсус хизматларга жуда кўп хизмат қиворган ва шу ном билан авторитет бўлиб қолган. Охирги қатлам кўча, деб айтилганлар - махсус хизматларнинг қарамоғида, протекциясида бўлганлар. Саидазиз медгородок бўладими, Аббос бўладими - ҳаммасининг тепасида куратори бор”, дейди тошкентлик ишбилармон.

“Кўча”га қарши рейдлар: Қирғизистонда машҳур бўлган Салимбой
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:24 0:00

Жиноят иши тафсилотларидан хабардор ҳуқуқ фаолларига кўра, “Саидазиз медгородок” лақабли Саидазиз Саидазимовга Ўзбекистон Жиноят кодексининг 242 моддаси билан “жиноий уюшма ташкил этиш” айби ҳам қўйилган.

  • 242-модда:
  • “Жиноий уюшма ташкил этиш, яъни жиноий уюшма ёхуд унинг бўлинмаларини тузиш ёки унга раҳбарлик қилиш, шунингдек, уларнинг мавжуд бўлиши ва ишлаб туришини таъминлашга қаратилган фаолият.
  • Уч йилдан йигирма йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.


“Саидазиз медгородок” - ўтган йил ноябрь ва декабрь ойидаги рейдлар чоғида номи маҳаллий ва халқаро матбуот тилига тушган шахслардан биридир.

Расмий билдирувга кўра, 1987 йилда туғилган Саидазиз Саидалиев “спорт билан шуғулланган жисмонан бақувват шахсларни ўз атрофига йиғиб, безорилик, тамагирлик каби жиноятларни содир этган”.

Буни 27 январь куни чиқиш қилган Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматов алоҳида қайд этган эди.

Вазирлик қошидаги Жамоатчилик кенгашига берилган ҳисоботда Алматов оғир жиноят содир қилганликда айбланган 230 дан ортиқ шахс ушланиб, жавобгарликка тортилганини билдирган.

Ижтимоий тармоқларнинг ўзбек сегментидаги ёшлар орасида эса “Саидазиз медгородок” таниқли спортчи сифатида ном қозонган.

Тармоқлар уни "Салимбойнинг одами" ва “одамларнинг пулини ундириб берадиган спортчи”, деб таърифлашади.

Ўтган йил охиридаги рейдлар фонида “Саидазиз медгородок” - кўчанинг асосий “разборшчик” ига айланган ва ҳатто, қўшни давлатлар элитаси билан криминал олам номидан борди-келди қилган вакил сифатида ўртага чиқди.

Боиси, қирғиз тилидаги тармоқларда “Саидазиз медгородок”нинг Қирғизистон президенти Садир Жапаровнинг ўғли билан, гўёки, бир стол атрофида ўтиргани акс этган сурат тарқалди.

На Ўзбекистон ва на Қирғизистон расмийлари бу суратга расман муносабат билдирилмади.

Аммо бу сурат ҳар икки давлатлар “кўча” деб аталадиган жиноят олами ва ҳокимият доиралари қанчалик чатишиб кетган борасидаги саволларни пайдо қилди.

Ўтган йил охиридаги ўзбек ҳуқуқ - тартибот идоралари ўтказган рейдлар ҳақида матбуотга ҳисобот берган Тошкент шаҳар ИИББ жами 116 шахсга нисбатан 38 та жиноят иши қўзғатилганини маълум қилган эди.

“Салимбой” қамалди, “Бахти Ташкентский”нинг суди кутилмоқда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:08:35 0:00


27 январь куни Ички ишлар вазири маслаҳатчиси, собиқ ички ишлар вазири Зокиржон Алматов 230 дан ортиқ шахс ушлангани ва жавобгарликка тортилганини билдирганди.

2023 йилнинг ноябрь-декабрь ойларида ўтказилган рейдлар Ўзбекистонда 1990-йиллар бошидан буён жиноят оламига қарши ўтказилган энг йирик амалиёт бўлган.

Амалиётга нима туртки бўлгани ва алоҳида шахсларнинг жиноят оламидаги роли, шунингдек, ҳокимият, хусусан, куч тузилмалари билан алоқалари борасида кўплаб саволлар очиқ қолмоқда.

Озодликнинг Ички ишларда муқаддам юқори лавозимларда ишлаган манбасига кўра, кейинги пайтларда “жиноят олами”нинг кўчада танилган ёш жангари етакчилари атрофида одам кўпайиб бораётгани ҳуқуқ-тартибот идораларининг назарини тортган эди.

ИИВ “криминоген муҳитни яхшилашга қаратилган бу рейдларга” ойлаб тайёргарлик кўрилгани, қўлга олинган шахслар узоқ вақт кузатувда бўлганини айтмоқда.

Аксарият манбалар, рейд ўтказиш учун шахсан президент Шавкат Мирзиёев кўрсатма берганини ҳам айтмоқда. Аммо, президентнинг ўзи бу ҳақда ҳали баёнот бермади.

Форум

XS
SM
MD
LG