Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 17:21

Қўқонда коллеж ўқувчиси синфдошини пичоқлади


Қўқон нефть ва газ саноати коллежининг 16 яшар ўқувчиси 3 ноябрь куни ўз синфдоши билан жанжаллашиб қолиб, уни пичоқлади. Воқеа гувоҳларининг айтишларича, воқеа дарсдан сўнг, коллеждан ташқарига чиққан пайтда содир бўлган. Жароҳат олган бола тез тиббий ёрдам касалхонасининг реанимация бўлимига ётқизилган

Қўқон нефть ва газ саноати коллежининг биринчи босқич ўқувчиси 16 яшар Султон Ғозиев 3 ноябрь куни ўз синфдоши 16 яшар Улуғбек Ёқубовни пичоқлади.

Бу ҳақда Озодликка хабар берган, исми сир қолишини сўраган коллеж ўқувчиларидан бирининг айтишича, бу икки бола анча вақтдан бери бир-бири билан жанжаллашиб юрган:

“Бугун дарсдан кейин улар “один-один” урушгани коллеждан чиқишди. Биз ҳам нима бўлар экан деб, эргашиб бордик. Опера деган жойда иккаласи муштлашиб кетди. Кейин Султон пичоқ чиқариб Улуғбекни қорнига санчиб олди ва қочиб кетди. Кейин скорий чақирдик”, дейди ўқувчилардан бири.

Исми сир қолишини сўраган коллеж ўқитувчиларидан бири, Озодлик билан суҳбатда шундай воқеа бўлганини тасдиқлади:

“Султон деган ўқувчимизнинг тарбияси ёмон эди. Илгари ҳам унинг устидан анча шикоятлар бўлган. Биз бу ҳақда участка нозирига ҳам ёзиб берганмиз. Султоннинг отаси қамоқда, унинг тарбияси ёмонлиги, жиноят қилишга мойиллиги ҳақида онасига ҳам бир неча бор айтганмиз. Бизнинг коллежга ҳамма ўқувчилар текширтириб кирилади. Лекин у пичоқни қаердан олгани номаълум, буни ички ишлар ўрганяпти”, дейди ўқитувчи.

Қўқон шаҳар ички ишлар бўлимининг ўзини таништирмаган мулозими, пичоқ билан тан жароҳати етказишда гумонланаётган шахс қўлга олинганини айтди:

“У болани дарров ушлаб келдик. Ҳозир ички ишлар бўлимида сўроқ қилиняпти. Пичоқлашишга сабаб бўлган омиллар ўрганиляпти. Унга нисбатан Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 105-қасддан баданга ўртача оғир шикаст етказиш, моддаси бўйича жиноят иши қўзғатилган”, деди мулозим.

Ўзбекистонда коллеж ўқувчилари орасида пичоқлашиш ҳолатлари кўп кузатилади.

6 октябрь куни 1- сонли Тошкент юридик коллежи талабаси 2 курсдошини пичоқлади. Талабалардан бири воқеа жойида жон берди. Пичоқланган яна бир талаба Тошкентдаги шошилинч тиббий ёрдам илмий марказининг жонлантириш бўлимига ётқизилди.

Тошкентдаги 1- сонли Тошкент юридик коллежидаги “ваҳшийликлар” ўтган ҳафта Ўзбекистон телеканалида ҳам танқид қилинган эди.

Сўнгги пайтларда Ўзбекистон коллежларида бир неча марта қотиллик амалга оширилди.

Тошкентдаги Боровский номли Тиббиёт коллежида шу йил май ойида 17 ёшли Жасур Ибрагимов курсдоши тарафидан калтаклаб ўлдирилиши катта шов-шувга сабаб бўлган эди.

Март ойида эса Тошкент Давлат техника университетининг 1-курс талабаси Тошкентдаги коллежлардан бирининг ўқувчисини рашқ сабабли, ошхона пичоғи билан жароҳатлаган эди.

XS
SM
MD
LG