Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:47

5 сентябрда очиладиган конвертация эркинми ё эркин эмасми?


Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиëевнинг 2 сентябрь кунги қарори мутахассислар томонидан турлича қабул қилинмоқда. Бир гуруҳ иқтисодчилар бу қарорни 25 йилга чўзилган орзунинг амалга кўчиши деб байрам қилаëтган бўлса¸ бошқа иқтисодчилар уни бозорга маъмурий аралашув эҳтимолини кучайтирган чала қадам сифатида талқин этмоқдалар.

Кузатувчиларга кўра¸ эркин конвертацияга ўтишга оид қарор президент Шавкат Мирзиëевнинг қарийб бир йиллик президентлиги даврида энг кўп кутилган¸ энг кўп муҳокама қилинган энг муҳим қарордир.

2 сентябрь куни эълон қилинган “Валюта сиёсатини либераллаштириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармон ўзбек матбуоти томонидан “ниҳоят конвертация очилмоқда” деб талқин этилмоқда.

Фармонга кўра¸”юридик ва жисмоний шахсларнинг чет эл валютасини эркин сотиб олиш ва сотиш ҳамда ўз маблағларини ўзининг хоҳишига кўра эркин тасарруф этиш ҳуқуқларини рўёбга чиқаришни тўлиқ таъминлаш” бу жараëндаги биринчи устивор вазифа қилиб белгиланган.

Иккинчи устивор вазифа эса¸ “миллий валютанинг чет эл валютасига нисбатан курсини белгилашда фақатгина бозор механизмларини қўллаш”¸ деб белгиланган.

Озодлик сўровига кўра¸ бу қарор матни билан яхшилаб танишиб чиққан иқтисодчилар президент Мирзиëев қабул қилган фармон ижросининг мамлакат иқтисодининг кейинги ривожи¸ қолаверса¸ Ўзбекистон аҳолисининг кундалик турмушига жиддий таъсир кўрсатиши борасида бир хил фикр билдирдилар.

Айни пайтда¸ Озодлик суҳбатдошларининг¸ айрим чекловлардан келиб чиқиб¸ 2 сентябрь кунги фармондан кейин Ўзбекистоннинг валюта эркин конвертацияси жорий қилинган “нормал” давлатлар сафига қўшилиш-қўшилмаслиги ҳақидаги фикрлари турлича бўлди.

“Бу эркин конвертацияга ўтилди¸ демакдир”

Иқтисод фанлари доктори Холназар Омонов бу фармонни “Мирзиëев Ўзбекистонда эркин конвертация жорий қилди “ деб талқин этишга асос бор¸ деган ишончда:

- Албатта¸ бу эркин конвертацияга ўтиш¸ дейилади. Чеклов¸ фақат аҳолининг хориж валютасини сотиб олишига нисбатан киритилган¸ яъни уларга нақд доллар сотилмайди¸ фақат конверсион карта¸ кредит картасига ўтказиб берилади. Буниям чеклов деб бўлмайди. Бунга оддий одамлар¸ кичик тадбиркорларни хорижга нақд доллар олиб чиқиш билан боғлиқ муаммолардан ҳимоялаш¸ деб ҳам талқин этиш мумкин. Буни қора бозорнинг кучайиб кетмаслиги учун қабул қилинган вақтинча чора деб ҳисоблайман¸ дейди ўзбекистонлик бу иқтисодчи.

Холназар Омонов: Ўзбекистон эркин конвертацияга ўтди!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:14:58 0:00
Бевосита линк

Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда Ўзбекистон банк тизими расмийларидан бири ҳам¸ президент фармонини мутлақ конвертацияга ўтиш деб баҳолади ва 5 сентябрдан бошлаб мамлакатда фақат битта валюта алмаштириш курси жорий этилишини таъкидлади.

“Бугун(4 сентябрь ) Марказий банкнинг хориж валюталарининг бозор механизми асосида белгиланган ягона нархини эълон қилиши кутилмоқда. Дастлабки коридорнинг 8000-8150 сўм атрофида бўлиши кутилмоқда. Марказий банк сўмни кескин девальвация қилади ва шу билан мамлакатда ҳамма учун битта алмашинув нархи ўрнатилади. Энди расмий курс деган нарса бўлмайди¸ расмий курсга доступи бор имтиëзли корхона ва шахслар ҳам қолмайди. Бу дегани¸ конвертация жорий қилинди деганидир. Аҳолига доллар сотилмаслигига келсак¸ Ўзбекистонда барча товар ва хизматлар учун тўлов фақат миллий валютада бўлади¸ деган тартибдан кейин одамларга нақд долларнинг нима кераги бўлади? Хорижга чиқувчилар учун валюта конверсион картага ташлаб берилади¸ улар хорижда ундан бемалол фойдаланишлари мумкин. Бундай чеклов Халқаро валюта жамғармаси Низомининг 8-бандига зид эмас”¸ деди ўзбекистонлик мулозим.

Ҳар қандай чеклов “эркин” жараëнга зиддир!

Остонадаги Евроосиë иқтисодиëт университети доценти Сапарбой Жубаев¸ бундай чекловни “эркин конвертация” моҳиятига зид эканини айтади:

- Ўзбек сўми ривожланаëтган бир пайтда унинг девальвация бўлиши¸ яъни ўз қадрини йўқотиб бориши табиий. Шунинг учун кўпчилик аҳоли ўз жамғармасини долларга ўтказиб қўяди¸ девальвациядан сақлаш учун. Бу одамларнинг ўз пулини ҳимоя қилиш усулларидан бири ва уларнинг ҳаққи. Энди Ўзбекистонда шунга рухсат берилмаса¸ бу эркин конвертация йўқ дегани¸ - дейди Жубаев.

Бу таҳлилчи фикрича¸ президентнинг 2 сентябрь кунги фармонини мамлакатда эркин конвертация жорий қилингандан кейин бу жараëннинг аҳоли кундалик ҳаëти¸ давлат бюджети¸ қимматбаҳо қоғозлар бозорига таъсирини юмшатиш чора-тадбирлари тўғрисида деб баҳолаш тўғрироқ бўлади.

- Мен конвертацияга ўтишга оид қарорнинг қисқагина бўлишини кутгандим. Бу қарор¸ Ўзбекистондаги бугунги вазиятдан келиб чиқиб¸ Марказий банкка биржада тижорат банкларига талаб ва таклиф бўйича бозор курсида сотишга рухсат берилсин¸ деган мазмунда бўлиши керак. Балки биз ҳали 2 сентябргача бўлган конвертацияга оид қарорни кўрмаëтгандирмиз. Балки шунинг учун¸ менда бу фармон чала¸ деган тасаввур туғилди. Кутайликчи¸ яна икки-уч кун ичида аниқ ва қисқа қарорлар чиқиб қолар¸- деди Жубаев.

Ҳукумат хусусий ширкатлардан нархларни оширмасликни талаб қилмоқда

4 сентябрь куни ўзбекистонлик ижтимоий тармоқ фойдаланувчилари орасида Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири вазифасини вақтинча бажараëтган Шерзод Шерматовнинг “телекоммуникация тармоқлари операторлари ва провайдерлари”га юборган мактуби нусхаси тарқади.

Муваққат вазир мактубининг Озодликка келган нусхаси.
Муваққат вазир мактубининг Озодликка келган нусхаси.

Рус тилида ëзилган бу мактубда 2 сентябрь кунги президент фармонининг 3- ва 5- бандларига мувофиқ¸ Ўзбекистондаги мобиль алоқа компанияларидан 5 сентябрдан бошлаб ўз хизмат тарифларини ўзбек сўмида белгилаш ва бу жараëнда нархларни оширмаслик учун Марказий банкнинг 4 сентябрь кунги расмий курси¸ яъни 4210 сўмни асос қилиб олиш талаб этилади.

Бу мактуб пайдо бўлиши билан бир пайтда¸ 4 сентябрь куни Ўзбекистондаги етакчи мобиль алоқа операторлари Beeline ва Ucell ўз тарифларининг сўмга ўтказилгани¸ бу ўтиш оқибатида уларда ҳеч қандай ўзгариш¸ аниқроғи¸ қимматлашиш бўлмаганини маълум қилди.

Озодлик билан суҳбатда Beeline матбуот хизмати вакили¸ “Шерматовнинг талабидан бехабарлиги¸ ширкат ўз мижозларини сақлаб қолиш мақсадида шундай қарорга келгани”ни билдирди.

4 сентябрь куни Марказий банк доллар крсини кутилаëтган каби 8000 сўм қилиб белгиласа¸ яъни икки бараварга оширса¸ тарифлар ўзгарадими¸ деган саволга Beeline расмийси¸ “ширкат ўз тарифларини ҳар кун ўзгартирмайди. Олдин бозор курси белгилансин¸ шунга қараб иш тутилади”¸ деган мазмунда жавоб қайтарди.

Озодлик суҳбатлашган иқтисодчилар¸ истеъмолчи¸ яъни кенг аҳолига ëқадиган бундай популистик талабни эркин конвертация¸ умумиятла¸ эркин бозор муносабтларига зид эканини айтадилар:

- Девальвация пайтида истеъмолчи ҳар доим ютқизади. Буни четлаб ўтишнинг иложи йўқ. Ҳозир ҳамма нарсани Марказий банкнинг курсига қўйиб бериш керак. Ўшанда ишлаб чиқарувчи ўз харажатларини қисқартиради¸ янги¸ камхаражат технологиялар олиб киради¸ хизмат ва ишлаб чиқаришини автоматизация қилади. Ишлаб чиқаришда кучли рақобат ва бошқариш маҳорати пайдо бўлади. Бу жараëнни маъмурий босим билан ушлаб туриш тўғри эмас¸ буни бозорга қўйиб бериш керак. Ким кучли¸ ақлли ва самарали бўлса¸ бозорда яшаб қолади¸ қолганлари чиқиб кетади¸ дейди Холназар Омонов.

Озодлик суҳбатлашган яна бир иқтисодчи¸ девальвация жараëнида хусусий бизнес ширкатларига ўз товар ва хизматларининг нархини оширмайсан¸ деб талаб қўйиш ва бундай талабга асос қилиб кўрсатилаëтган 2 сентябрь кунги фармондан “социализм¸ маъмурий буйруқбозлик” ҳиди келаëтганини айтади.

“Конвертация эркин бўлса¸ қора бозорни прокуратура ва милиция эмас¸ бозор механизмларининг ўзи йўқ қилади”

2 сентябрь кунги президент фармонининг 9 бандида:

Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси, Давлат солиқ қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги Ўзбекистон Республикаси ҳудудида нақд чет эл валютасининг ноқонуний муомаласини ва нақд чет эл валютаси билан ноқонуний операцияларни амалга оширишни бартараф этиш бўйича таъсирчан чора-тадбирлар кўрсин”, деб ëзилган.

4 сентябрдан бошлаб бу топшириқ ижросига киришган прокуратура ходимлари¸ Озодликнинг мобиль мухбирларига кўра¸ қора бозорга рейд ўтказишни бошлаб юборган.

Бу банд ва унинг ижросига муносабат билдирган Озодлик суҳбатдошлари¸ валюта қора бозорини йўқ қилиш “операцияси”га яна прокуратура ва бошқа ҳуқуқни муҳофаза қилиш тизимларини жалб этишнинг ўзи¸ 5 сентябрдан эркин эмас¸ қисман ëки чала конвертацияга ўтилиши ҳақидаги тахминларнинг яна бир тасдиғи эканини айтади:

- Агар эртага конвертация эркин бўлса¸ қора бозор ўз-ўзидан йўқолиб кетадику! Унга прокурор¸ солиқчи ëки мелиса ташлашнинг ҳожати қолмайди. Демак¸ ҳозирча конвертация эркин бўлмайди¸ шунда куч ишлатар тизимлари босимига таяниш керак бўлади¸ дейди Сапарбой Жубаев.

Иқтисодчи Холназар Омонов ҳам¸ агар бозор қонунлари ўз эркига қўйилса¸ унинг аста-секин қора бозорни орадан сиқиб чиқаришига қўшилишини айта туриб¸ маъмурий бошқарув усулининг умри кам қолганига умид билдиради:

- Ўзбекистонда бозор механизми ҳали-ҳамон тўлиқ ишлатилгани йўқ. Шунинг учун ҳар бир фармон ижросига милиция-прокуратура ташланади. Тадбиркорлик фаолияти ноиқтисодий усуллар¸ яъни назорат органлари босими билан бошқариб келинаëтган эди. Агар Ўзбекистон иқтисодни либераллаштириш йўлига кирган бўлса¸ мелисаси ҳам¸ прокурори ҳам ўртадан чиқиб кетиши керак. Менимча¸ ҳукумат шуни ўз ҳам билиб турганидан¸ тадбиркорлар ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Омбудсман идорасини таъсис қилаяпти¸ халқаро юридик фирмалар Ўзбекистонга кирсин деяпти. Секин-аста тадбиркорлар бунақа административ методларни бозордан олиб чиқиб ташлайди¸ дейди Озодлик билан суҳбатда ўзбекистонлик иқтисодчи.

XS
SM
MD
LG