Линклар

Шошилинч хабар
24 декабр 2024, Тошкент вақти: 05:31

Ҳукумат валюта тижорий курсини бекор қилди. Расмий курс нима бўлади?


Бош вазир Абдулла Ариповнинг 30 июнь кунги қарорига мувофиқ, тижорат банкларининг ўз мижози бўлган корхоналарга бозор нархида валюта олиб-сотишига рухсат берилди. Ҳозирча кучга кирмаган бу қарор жисмоний шахслар¸ яъни кенг аҳолига таалуқли эмас.

Қарор матни

Қарор матнининг Озодликка йўлланган нусхаси.
Қарор матнининг Озодликка йўлланган нусхаси.

“Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартиш киритиш ҳақида” деб номланган янги қарорнинг 1-бандига мувофиқ¸ Вазирлар Маҳкамасининг 2001 йил 10 июнь кунги 294-қарори билан тасдиқланган “Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомга ўзгартиришлар киритилди.

Қарорнинг 2-бандига мувофиқ¸ 2003 йил 11 июнь куни қабул қилинган “Валюта бозорини янада либераллаштириш ва алмашинув курсларини унификация қилиш тўғрисида”ги 250-қарор ўз кучини йўқотди.

Қарорнинг 3-банди Марказий банкка бир ой ичида манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда норматив-ҳуқуқий актларни мувофиқлаштириш вазифасини юклаган ва бу қарор ижроси Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоровга топширилган.

Илова

Қарорнинг ўзбек тилида ëзилган қисқа иловасидан¸ “Биржадан ташқари валюта бозорида хорижий валютани харид қилиш ва сотиш операцияларини ўтказиш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 43-бандининг “Биржадан ташқари валюта бозоридаги операциялар ваколатли банклар томонидан тўғридан-тўғри шартномалар асосида бозор курси бўйича амалга оширилади” деб ўзгартирилгани англашилади.

Низомнинг 30 июнга қадар амалда бўлиб келган 43-бандида “Биржадан ташқари валюта бозоридаги операциялар сўнгги банклараро савдо сессиясида хорижий валютага бўлган талаб ва таклиф асосида шаклланадиган эркин курс бўйича амалга оширилади” деб ëзилган.

Пилот лойиҳа ўзини оқладими?

Ўзбекистон банк тизими расмийларининг Озодликка тушунтиришича¸ Абдулла Арипов 30 июнь куни қарори билан 6 июнь кунги қарори кўламини кенгайтиришга қарор қилган.

Озодлик хабар берган “ички фойдаланиш учун” деб таснифланган аввалги қарорга кўра¸ Ўзбекистондаги олти тижорий банкнинг “Асакабанк” платформасида бозор курсида валюта олди-сотди қилишига тажриба тариқасида рухсат берилган эди.

Уч ҳафтача давом этган бу пилот лойиҳа¸ Бош вазирнинг 30 июнь кунги қарори билан бутун тижорат банкларига татбиқ этиладиган бўлди”¸ деди бу жараëнга бевосита алоқадор банк тизими мулозимларидан бири.

"Халқ ҳали банкдан эркин тарзда доллар сотиб ололмайди"

“Асакабанк”¸ “Алоқабанк” ва “Ўзсаноатқурилишбанк” валюта бўлимларининг Озодлик гаплашган вакилларига кўра¸ валюта операцияларининг бозор курси билан амалга оширилиши¸ ҳозирча тижорат банклари билан тўғридан-тўғри шартномаси бўлган корхоналаргагина тааллуқли.

“Ҳозирча ҳатто юридик шахсларга ҳам очиқча сотиш бошланмади. Биз 449-қарор бўйича Марказий банк қабул қиладиган ўзгартишларни кутиб турибмиз. Қўлимизда аниқ кўрсатма ҳали йўқ”¸ деган мазмунда жавоб берди учала тижорат банки вакили.

Марказий банк расмий сайтида эса¸ на бу қарор ва унга оид бирор изоҳ ва тушунтириш ҳозирча йўқ.

Озодлик суҳбатлашган банкирлардан бири¸ агар тижорат банкларидаги олди-сотдининг бозор курсига ўтиш силлиқ кечса¸ бу жараëннинг жисмоний шахслар учун ҳам очилишини билдирдилар.

Ўзбекистон банк тизимидаги мутахассислардан бири аҳолининг ҳам банклардан нақд шаклда валюта сотиб-олишини йўлга қўйиш учун ҳукумат яна битта қонуности актига ўзгартириш киритиши кераклигини айтди.

2012 йил 30 январдаги қарорда жисмоний шахсларга валюта сотиш ва сотиб олиш пластик карталар орқали амалга оширилиши қайд этилган. Шу қарор ҳам бекор қилиниши керак”¸ деди бу мутахассис.

Айрим хусусий тадбиркорларнинг Озодликка маълум қилишича¸ улар ҳозиргача валютани давлат курси бўйича олиб, хорижий давлатларда тўлов учун ишлатиб келинаëтган конверсион карталарнинг 2017 йил сентябридан тўхтатилишидан огоҳлантирилган. Озодлик ҳозирча бу хабарни расмий манбалардан текшириб кўргани йўқ.

Конвертация очилдими?

Тижорат банкларига валюта билан бозор нархида савдо қилишга рухсат бериш¸ Ўзбекистонда валюта эркин конвертациясини жорий қилиш йўлидаги қадамми¸ деган саволга ўзбекистонлик молиявий ва иқтисодий таҳлилчилар эҳтиëткорлик билан жавоб қайтардилар.

Бу қадамни эркин конвертацияга элтиш-элтмаслиги¸ Озодлик суҳбатлашган мутахассисларга кўра¸ Марказий банкнинг расмий курсни бекор қилиш-қилмаслигига боғлиқ бўлади.

"Агар фақат бир гуруҳ давлат корхоналари ва ҳокимият тепасидагиларга алоқадор хусусий корхоналаргина фойдаланиб келаëтган расмий курс бундан кейин ҳам сақланиб қолса¸ бу конвертация эркин бўлди¸ деганини билдирмайди. Бу янги ҳукумат расмий курс¸ демакки ниҳоятда осон келадиган катта бойликни қўлга киритувчи янги табақани яратиб¸ ўзига садоқатли олигархлар тўдасини яратишнинг тайëр схемасини қолдиради¸ дегани. Расмий курснинг сақланиб қолиши¸ миллиардерлар учун курс 3800¸ қолган халқ учун 8500 деганидир"¸ деди молиявий таҳлилчилардан бири Озодлик билан суҳбатда.

Тошкентдаги "Иқтисодий тараққиëт маркази" раҳбари Юлий Юсупов ўз Facebook саҳифасида 30 июнь кунги қарорни шарҳлар экан¸ "жараëн бошландими?" деган саволни ўртага ташлади.

"Расман - бу қарор банкларга ўзларига маъқул нархда валютани сотиб олиш ва сотишга рухсат берилди дегани. Аммо улар Марказий банкдан қандай ëзма ëки оғзаки кўрсатма олади (ëки олишди) - буниси қоронғу. Расмий курснинг нима бўлиши ҳам тушуниксиз. Яқин орада¸ вазият ойдинлашиб қолар¸ деб ўйлаяпман. Охир-оқибатда ҳаммамиз эркин валюта бозорилик бўламиз¸ деб умид қиламан"¸ деб ëзди ўзбекистонлик иқтисодий таҳлилчи.

XS
SM
MD
LG