Линклар

Шошилинч хабар
27 декабр 2024, Тошкент вақти: 06:37

Кореяга ишга кетишни орзу қилган юз мингга яқин талабгор қайтадан рўйхатдан ўтади


Жетон олиш учун ўтказилган "ўзбекча" тестда берилган саволлардан бири.
Жетон олиш учун ўтказилган "ўзбекча" тестда берилган саволлардан бири.

Жорий йилнинг 27-28-29-30 март ва 1-3 апрель кунлари Жанубий Кореяга ишга кетишга талабгорлар учун ўтказилган рўйхатга олиш ва анкета тўлдириш жараëни натижалари 18 апрель куни бутунлай бекор қилинди. Ҳозирча аниқ куни эълон қилинмаган бу янги жараëннинг "мукаммал"ўтишини ваъда қилган агентлик сайти ëпиқлигича қолмоқда.

“Ҳаммаси бошқатдан бўлади”

Бу ҳақда расмий хабар тарқатган Меҳнат вазирлиги ҳузуридаги Ташқи меҳнат миграцияси масалалари агентлиги ўз қарорини “рўйхатга олиш жараёнида юз берган жиддий техник узилишлар, Кореяда меҳнат фаолияти юритишни истовчи талабгорлар билимини синаш жараёни қатнашчилар орасида кўплаб англашилмовчиликлар ва норозиликларига сабаб бўлганлиги” билан изоҳлади.

Агентлик расмий сайти ëпиб қўйилгани боис¸ бу баëнот идоранинг Facebook саҳифасида ëйинланди.

19 апрель куни Озодлик суҳбатлашган агентлик вакиласи Кореяга ишга кетишга талабгорларнинг қачондан рўйхатга олиниши ва дастлабки тестнинг қачон ўтказилиши ҳозирча номаълумлигини билдирди:

- Ҳозир сайтимиз ишламаяпти¸ чунки профилактика кетаяпти¸ сайт тўғирланаяпти. Техник носозликлар кўп бўлгани учун¸ тест натижалари бекор қилинди. Бутун жараëн янгидан ўтказилади. Ҳамма кутиб турганини биламиз¸ числоси аниқ бўлгандан кейин¸ сайтимизда эълон қилинади. Ҳамма бошқатдан онлайн рўйхатдан ўтиб¸ жетон учун бошқатдан онлайн тест топширади¸ деди агентлик ахборот маркази ходимаси 19 апрель куни.

Қайтадан рўйхатдан ўтиш машмашаси

Жорий ой бошида ўтказилган онлайн тестда қатнашиб¸ эндиликда бу жараëннинг бутунлай бекор этилганидан хабар топган Корея талабгорларидан айримлари Озодлик билан суҳбатда¸ бу янгиликка муносабат билдирди:

- 2 апрель куни тушдан кейин онлайн топшириш учун Интернет кафега боргандим¸ миграция сайти умуман очилмади¸ осилиб қолди. Миграциядагилар менга "бу тестдан йиқилдингиз дегани"¸ дейишувчи. Натижалар умуман бекор қилинган бўлса¸ қайсидир маънода яхши¸ бошқадан тестда қатнашишим мумкин. Лекин кетган харажатлар¸ қатна-қатналар одамни чарчатиб юборганди. Камида 200 минг сўмим¸ 3-4 куним фақат шунга кетувчи. Олти ой 150 мингдан тўлаб¸ корейс тили курсига қатнаганимни бунга қўшмайман. Яна шуни бошқатдан қилишни ўйласам¸ кўп ҳам хурсанд эмасман¸ деди самарқандлик Кореяга кетишга талабгорлардан бири 29 яшар Чиннигул.

“Ҳақиқий тест қилишсин¸ гарантия¸ ўтаман!”

Бухоролик 25 яшар Анвар¸ уч йилдан бери Кореяга кетиш учун рўйхатдан ўтиб¸ тестдан ўтолмаëтганлардан бири. Мамлакат олий ўқув юртларига кириш эмас¸ Кореяга ишга кетишга қарор берган Анвар¸ корейс тилини мигрант-ишчи учун ортиқ даражада ўргангани¸ бироқ бу жараëннинг коррупциялашгани боис¸ тестлардан йиқилаëтганини айтади:

- Охирги тест саволлари устимиздан кулиш бўлди¸ холос. Агар энди ростакамига корейс тилидан тест ўтказишса¸ гарантия¸ ўтаман. Оғзаки суҳбатдан умуман қўрқмайман. Лекин ҳозиргача 80 фоиз одам пора билан Кореяга кетаяпти. Миграциядагиларга алоқадор ўртакашлар корейсчани умуман билмайдиганларни ўтказиб келишаяпти. Ўтган йилларда 4-5 минг доллар эди¸ бу йилга келиб¸ ставкани 7000 долларга чиқаришипти. Тест бекор қилингани ана шу коррупция йўқолганини ҳам билдирса¸ зўр бўларди¸ дейди Анвар.

Бир ўринга қарийб 90 талабгор?

3 апрель куни Ташқи миграция агентлиги раҳбари ўтказган матбуот анжуманида келтирилган рақамларга кўра¸ икки давлат Меҳнат вазирликлари ўртасида мавжуд меморандумда 2017 йили Кореяга 3000 нафар ўзбекистонликни ишга жўнатишга келишилган.

Агентлик раҳбари таъкидича¸ бу 3000 ўриндан 1000 таси учун очилган сўнгги регистрация жараëнида қарийб 90 мингга яқин одам рўйхатга олинган ва улардан фақат 6000 нафаригина¸ кореяликлар талаби билан¸ кейинги босқич ëзма ва оғзаки имтиҳонга йўлланма олиши лозим бўлган.

Кореяга кетишга талабгорларнинг ниҳоятда кўплиги оқибатида¸ Назаров изоҳича¸ коррупция эҳтимолини камайтириш мақсадида бутун жараëн Интернетга кўчирилган¸ аммо оқим катталигидан агентлик сервери регистрация ва онлайн тест жараëнида кўтара олмай қолган.

Ташқи миграция агентлиги собиқ мулозимларидан бири Озодлик билан микрофонсиз суҳбатда¸ Улуғбек Назаров келтирган сабабларни инкор қилмаган ҳолда¸ бутун жараëннинг кимлар бирламчи ва сўнгги тестдан ўтишини “ўзлари” белгилаш мақсадида ташкиллаштирилганини айтади.

Бу жараëнга корейсларнинг алоқаси йўқ. Уларнинг иши Давлат тест марказидагиларникига ўхшайди. Улар онлайн тест жавоблари тўғри-нотўғрилигини ҳал қилади¸ лекин бу тестни ким ечгани¸ қандай ечгани билан иши йўқ. Буни миграциядагилар¸ серверни тузиб¸ унинг “эшик-дарчаларини” белгилаганлар ҳал қилади. Корейс тилидан “аъло” даражада тест топширганлар кўпчилиги умуман корейс тилини билмаслигидан кореядагилар ўзбекистонликлар иш визасини олиб¸ Кореяга келганидан кейин хабар топади. Лекин унда кеч бўлади¸ тестни бекор қилиб¸ бу билмасвойларни орқага юборишмайди”¸ деди Ташқи миграция агентлиги собиқ расмийларидан бири.

Бу йилги тест Миграция раҳбарининг “бошига етди”

Кореяликлар иштирокида ўтказиладиган ëзма ва оғзаки имтиҳонга йўлланма-жетон олиш учун март охири¸ апрель бошида бир ҳафта ўтказилган дастлабки онлайн тест¸ унда иштирок этганлар ва матбуот томонидан кескин танқидга учраб¸ президент виртуал қабулхонасига бу борада шикоятлар ëғилганидан сўнг¸ бутун жараëн бекор қилинди ва агентлик раҳбари Улуғбек Назаров ишдан кетди.

Назаров ўрнини вақтинча¸ шу пайтгача унинг 1-ўринбосари бўлиб ишлаган Ҳожибахлил Асомов эгаллади.

Янги бошлиқ келиши билан эълон қилинган баëнотда¸ “Корея Республикасида меҳнат фаолиятини амалга оширишни истовчи фуқароларни рўйхатга олиш ва анкета тўлдириш жараёнининг қайтадан янада юқори техник имкониятлар ва киберҳужумлардан муҳофаза этилган ҳолда, янгича мукаммаллаштирилган тартибда қайтадан” ўтказилиши ваъда қилинди.

Ҳозирча бу жараëннинг қачон бошланиб¸ қандай мукаммаллаштирилишига оид тафсилотлар жамоатчиликка маълум қилинмади.

Шунингдек¸ қайта рўйхатдан ўтиш учун талабгорларнинг яна янгидан пул тўлаш-тўламаслиги ҳақидаги савол жавоби ҳам очиқ қолмоқда.

Миграция агентлиги ўз тасарруфида бўлган Ўзбекистон Меҳнат вазирлиги матбуот хизмати вакили¸ Озодлик билан суҳбатда¸ бу жараëндан бехабарлигини эътироф этди.

Озодлик “янги¸ мукаммаллаштирилган” жараëннинг қандай ўтишини келажакда яқиндан кузатишда давом этади.

Бу жараëнга бевосита алоқадор бўлсангиз¸ ўзингиздаги маълумот ва тафсилотларни Озодлик билан ўртоқлашишингиз мумкин.

Бунинг энг осон йўли - Озодликнинг WhatsApp ва Telegram тармоқларидаги саҳифасидир.

XS
SM
MD
LG