Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 22:01

Ковид-марказлар қайта очилмоқда. Карантин янада кучайтирилиши мумкин


Ковид марказлари 5 ой аввал ёпилганди.
Ковид марказлари 5 ой аввал ёпилганди.

Ўзбекистонда сўнгги ҳафталарда коронавирус билан зарарланиш ҳоллари кўпайиши манзарасида беш ой аввал ёпилган Covid-19 беморларига мўлжалланган марказлар қайта очилмоқда.

Айни пайтда талабалар орасида COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари аниқлангани сабаб аксар олий ўқув юртлари масофавий таълимга ўтмоқда.

18 апрелдан бошлаб Ўзбекистонда коронавирус туфайли карантин қоидалари кучайтирилди.

Янги тартибга кўра, тўй ва ифторликларда меҳмонлар сони 100 кишидан ошмаслиги лозим.

Ресторан ва кафеларда мижозлар сони 50 фоизга қисқартирилди.

Жамоат транспортларига фақат 50 фоиз миқдорида йўловчи ташишга рухсат берилади.

1 майдан концерт ва томошаларни ёпиқ маданият саройларида ўтказиш чекланади.

Ковид-марказлар қайта очилмоқда. Карантин янада кучайтирилиши мумкин
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:03:33 0:00

Ковид-марказлар қайта очилмоқда

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматидаги Озодлик манбасига кўра, аҳоли орасида коронавирус юқтириш ҳолатлари кўпайгани сабаб беш ой аввал ёпилган ковид-марказлар қайта очилмоқда.

"Касаллик кўпайиб кетди. Эплаша олмаяпти яна. 14 та региондаги Ковид марказлари қайта очилди. Ҳозир бу марказларни молиялаштириш бошланди. Молиялаш учун Япониядан олинган қарз сарфланяпти”,- деди матбуотга гапириш ваколати йўқлиги сабаб исми очиқланмаслигини сўраган мулозим.

Covid-19 беморларига мўлжалланган марказлар ўтган кузда ёпилганди.

19 апрель куни бир қатор вилоятлардаги Соғлиқни сақлаш бошқармалари ковид-марказлар қайта очилганини Озодликка тасдиқлашди.

Жумладан, Андижонда вилоят юқумли касалликлар шифохонасидаги ковид-марказ Наврўз байрамидан сўнг қайта очилган:

"Вилоят юқумли касалликлар шифохонасидаги Ковид маркази қайта очилди. Бу 220 ўринлик. Наврўздан кейин очдик. Яна заҳирада 3 та ковид-марказ бор, бироқ юқумли касалликлар шифохонасида ҳали бўш ўрин кўплиги учун улар очилмади”,- деди исмини очиқламаган Андижон вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасининг Озодлик боғланган ходими.

Фарғона вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармасидан олинган маълумотга кўра, вилоятда фақат Риштондаги ковид-марказ қайта очилган, бошқалари ҳали ёпиқ.

Тошкент шаҳрида COVID-19 беморлари учун махсус қурилган Зангиота туманидаги юқумли касалликлар шифохонасида беморлар сони яна кўпайгани айтилмоқда.

Бироқ коронавирус беморларини қабул қилиш ва тақсимлашга мўлжалланган йирик муассаса - “Ўзэкспормарказ” ҳали очилгани йўқ.

"Зангиотада беморлар сони 2500га етиб қолди. 25 фоизи 14 ёшгача бўлган болалар”, - деди Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматидаги Озодлик манбаси.

Озодлик 19 апрель куни Зангиотадаги шифохона масъуллари билан боғлана олмади.

“Ўзэкспормарказ”нинг Озодлик мухбири боғланган ходими оғир беморлар Зангиотадаги шифохонага жўнатилаётганини айтиб, касаллик енгил кечаётган беморларга уйда даволанишни тавсия қилди.

Яна онлайн таълимга қайтилмоқда

Айни пайтда талабалар орасида COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари аниқлангани сабаб аксар олийгоҳлар вақтинча ёпилди.

Жумладан, 19 апрель куни Тошкентдаги Алишер Навоий номидаги ўзбек тили ва адабиёти университети вақтинча ёпилди.

Университет матбуот хизмати маълумотига кўра, бундай қарор қабул қилинишига “профессор-ўқитувчилар ҳамда талабалар орасида COVID-19 билан касалланиш ҳолатлари аниқлангани” сабаб бўлган.

Аввалроқ Озодлик ўқитувчи ва талабалари орасида коронавирусга чалиниш ҳолати аниқланган Журналистика ва оммавий коммуникациялар университети ҳамда Тошкент ахборот технологиялари университетининг Самарқанд филиали шу йил 12 апрелидан карантинга ёпилгани, карантин муддати 14 кун қилиб белгилангани ҳақида хабар қилган эди.

Карантин кучайтирилди

Ўзбекистонда коронавирус сабаб карантин чекловлари кучайтирилишини Бош вазир Абдулла Арипов 17 апрель кунги махсус йиғилишда маълум қилди.

18 апрелдан бошлаб, қуйидаги чекловлар ўрнатилди:

  • Кафе ва ресторанларда ўриндиқлар сони 50 фоизга қисқартилди. Мижозлар сони 100 кишидан ошмаслиги лозим.
  • Тўй ва ифторликларда ҳам меҳмонлар сони 100 кишидан ошмаслиги белгиланди.
  • Жамоат намозлари ва Рамазон ойидаги таровиҳ намозларини масжидларнинг очиқ майдонларида ўқиш ва намозхонлар тиббий ниқобда бўлиши ҳамда оралиқ масофа сақланиши лозим.
  • Боғча, мактаб, коллеж, лицей ва олийгоҳларда коронавирус аниқланганда, улар зудлик билан 2 ҳафталик карантинга ёпилади. Ўқиш онлайн режимда амалга оширилади.
  • Жамоат транспортларида ўриндиқлар сони 50 фоизга чекланади. Охирги бекатда дезинфекция ишлари амалга оширилиши лозим.
  • Аэропортлар ва темир йўл вокзалларида карантин қоидаларига амал қилиниши қатъий назоратга олинади.
  • 1 майдан концертлар ва кўнгилочар томошаларни ёпиқ биноларда ўтказиш чекланади.
  • Коронавирусга чалиниб, уйда даволанаётган беморларнинг хонадонлари ҳам қатъий назорат қилинади.
  • Бозорлар, супермаркетлар, кўнгилочар муассасалар, идора ва ташкилотларга ниқобда кириш, киришдан аввал тана ҳароратини ўлчаш, қўлларни антисептик билан зарарсизлантириш лозим. Карантин қоидаларига амал қилмаган муассасалар вақтинча ёпилади.
  • Карантин қоидасини бузганлар қатъий жавобгарликка тортилиб, жарималар қўлланади.

Ўзбекистон Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги хизматидаги Озодлик манбасига кўра, карантин чоралари янада кучайтирилиши мумкин:

"Ҳозир бирданига чекланса, ваҳима кучаяди. Шунинг учун карантин чоралари босқичма-босқич киритилади. Яқин 10 кунда ҳаммаси ойдинлашади. Вазият анча жиддий”.

Соғлиқни сақлаш вазирлигининг Озодлик боғланган мулозимлари карантин чекловлари яна кучайтирилиши борасидаги саволларни жавобсиз қолдирди.

Эмланган ўзбеклар

Апрель ойи охиригача Ўзбекистонга Россияда ишлаб чиқарилган “Спутник V” вакцинасидан 300 минг доза келтириш режаланган. Бу ҳақда Республика махсус комиссиясининг ўтган ҳафта якунида Тошкентда бўлиб ўтган йиғилишида бош вазир Абдулла Арипов билдирган.

Ҳукумат раҳбарига кўра, жорий ой охиригача Хитой вакцинасидан яна бир миллион доза олиб келиниши ҳам кутилмоқда.

Айни пайтда Инновацион ривожланиш вазирлиги ўзбек олимлари икки вакцина устида иш олиб бораётганини билдирди.

CCВга кўра, Ўзбекистонда коронавирусга қарши эмланганлар сони жорий йилнинг 17 апрелига келиб, 403 минг 136 нафарга етган.

Мамлакатда коронавирус инфекцияси қайд этилганлар сони, 2021 йил 17 апрель ҳолатига кўра, расман 86 минг 680 нафарни ташкил этган.

Касалхоналарда муолажаси давом этаётган беморлар 1999 нафарни ташкил этяпти, улардан 238 нафарининг аҳволи оғир, 109 нафарининг эса аҳволи ўта оғир экани айтилмоқда.

ССВ 18 апрель куни коронавирусга чалинган беморлардан икки нафари вафот этгани, шу тариқа хасталикдан вафот этганларнинг умумий сони 638 нафарга етганини расман билдирган.

Норасмий манбалар, коронавирус юқтирганлар ва касалликдан ўлганлар сони расмий рақамлардан анча кўплигини иддао қилиб келади.

ЭКСКЛЮЗИВ - Қабристон сукунати: Ковид қурбонлари ошмоқда, расмийлар сукутда
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:07:55 0:00

Алоқадор

XS
SM
MD
LG