Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 01:26

“Марказий Осиëдаги бизнес империяси Британиядаги махфийликдан қандай фойдаланмоқда”


Tashkent City лойиҳасининг британиялик инвесторлари асл шахси жамоатчиликдан сир турилмоқда.
Tashkent City лойиҳасининг британиялик инвесторлари асл шахси жамоатчиликдан сир турилмоқда.

Халқаро компаниялар Буюк Британиядаги корпоратив шаффофлик ва ҳисобдорликнинг заиф режимидан фойдаланиб, ватанидаги манфаатлари ва мулкини ниқоблаши мумкин.

Кристиан Ласслетт

Сўнгги йилларда, Марказий Осиё ташқи дунёга ёпиқлигича қолмоқда, деган гаплар рад этилмоқда. Оддий ватандошлар – улар кўпчилик – қандай қийинчиликларга дуч келишидан қатъий назар, минтақанинг бой ва таъсир кучига эга шахслари цивилизация таклиф этиши мумкин бўлган барча қонуний ва ноқонуний имтиёзларнинг ашаддий истеъмолчилари эканини исботлаб берди.

Номинал директорлари ва акционерлари бор аноним ва сохта компаниялар, махфий юрисдикциядаги оффшор банк ҳисоб рақамлари, активларни “ҳимоя қилиш” ва солиқларни “минималлаштирувчи” хизматлар, хусусий мулкни бошқариш, кўчмас мулкни режалаштириш – булар барчасини ва бошқа кўплаб нарсаларни уларга Ғарбда ишлаш тажрибаси бор ҳуқуқшунослар, ҳисобчилар ва консультантлар таъминлаб беради.

Шу сабабли Power Briefs | Central Asia суриштирувларининг янги туркумида трансмиллий мулк эгаларини очиқ маълумотлар базаси ва қидирув усулларидан фойдаланган ҳолда¸ бу мулк эгаларига оид тафсилотлар келтирилади. “Power Briefs”нинг ўтган ҳисоботларида хусусийлаштириш ва бизнес ислоҳоти қизғин кетаëтган Ўзбекистондаги эҳтимолий манфаатлар тўқнашуви таҳлил қилинди.

Хусусан, аввалги ҳисоботларда, Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ёки унинг бизнес шерикларига тегишли ширкатларнинг президент Шавкат Мирзиёев бошлаган хусусийлаштириш ва қурилиш лойиҳаларидан манфаат кўраëтгани ойдинлашди. Бу ширкатларнинг аксарияти Ўзбекистоннинг Samsung ва Unileverига айланган Artel ва Akfa брендлари остида фаолият юритади.

Навбатдаги суриштирувимизда Artel-Akfa гуруҳига мансуб корхоналар Буюк Британияда мавжуд заиф корпоратив шаффофлик режимидан қандай фойдаланаётганини диққат билан кўздан кечирамиз. Ортиқхўжаевнинг Artel-Akfa гуруҳи давлат ёрдами билан ўзининг Ўзбекистон бозоридаги улушини анча-мунча кўпайтириб олганига тааллуқли айни суриштирувда Британияда рўйхатдан ўтган фирмалар чет элларда қанақа ишлаётгани, шунингдек, ушбу мамлакатда мавжуд маълумотларни ошкор қилиш стандартлари хусусида ташвиш билдирилади.

− Ушбу маълумотлар Англия ва Шотландияда масъулияти чекланган ширкатлар (Limited Liability Partnerships) ининг шаффоф эмаслиги хусусидаги такрор ва такрор огоҳлантиришларга қарамасдан, улардан бизнес ҳақиқий эгасини яшириш учун фойдаланиш давом этаëтганидан далолат беради. Айни пайтда амалдаги заиф талабларни ҳам бажармаëтган ширкатларга нисбатан бирор жиддий чора кўрилмаëтир¸− дейди парламент аъзоси ва соядаги ҳукуматнинг молия вазири Аннелиз Доддс.

Активлари йўқ¸ аммо бизнеси катта

Artel-Akfa гуруҳига алоқадор Британияда рўйхатга олинган ширкатлар очиқлаган корпоратив маълумотлар уларнинг ҳақиқий эгасини очиқлаш талаб этиладиган янги қоидаларни айланиб ўтаëтганини кўрсатади.

Artel-Akfa гуруҳининг эгалик структураси анча мураккаб. Баъзи компанияларга Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг ўзи (ҳарқалай, жорий йил мартига қадар) эгалик қилади. Гуруҳнинг бошқа корхоналари акциялари эгалари унинг хотини ва икки шериги Аброр Ғаниев ва Исмоил Исроиловдир. Улар, "сиз ушбу акцияларнинг ҳақиқий ёки фақат номинал эгаларимисиз?" деган саволга жавоб беришдан бош тортди.

Декларациясига кўра на активлари ва на даромади бўлган Британияда рўйхатдан ўтган ширкатларнинг Ўзбекистондаги Artel-Akfa гуруҳи акцияларига эгалик қилаётгани ёки катта инвестиция киритаëтганига гувоб бўлдик.

Масалан¸ 2009 йил сентябрида ташкил топган Dartlex Impex LLP ширкатини олайлик. Dartlex Impex, ҳар қанақасига ҳам, Ўзбекистон иқтисодиётида каттагина улушга эга Британия ширкатидир. Рўйхатга олингандан бери бу ширкат Ўзбекистонда 2011 йил апрелида қайдга олинган White Machine Technology LLC компанияси орқали Artel-Akfa гуруҳининг 95,7 фоиз акциясига эгалик қилади.

2015 йили Dartlex Impex Навоий эркин иқтисодий зонасида ташкил этилган 35,2 миллион АҚШ долларлик қўшма корхонада Artel-Akfa гуруҳининг британиялик шериги сифатида тилга олинди.

Миллионлаб долларлик инвестиция киритилгани айтилган айни даврда Dartlex Impex компанияси Британияда топширган молиявий ҳисоботида йиллик фойдаси 3,750 фунт стерлинг бўлганини ëзди. Бу эса¸ иккинчи қўл машина олишга ҳам етмайдиган маблағ! Ширкат ўзининг соф активлари миқдорини 37 694 фунт стерлинг қилиб кўрсатди.

Dartlex Impex компанияси молиявий ҳисоботига Брюссел чеккасидаги шаҳарчада яшайдиган тиш доктори Али Мулайе қўл қўйиб келган. Мулайенинг Британияда рўйхатга олинган 100 дан ошиқ компаниянинг айни ҳисоботларига қўл қўйгани айтилади. Buzzfeed медиа-компанияси вакиллари Мулайени излаб топганида, айтишларича¸ ўзини алдашганини иддао қилиб: “Мен уларнинг қанақа компания эканини, қаерда жойлашганини ва қандай бизнес билан шуғулланишини мутлақо билмайман”, деб айтган.

2015 йили Англиянинг яна бир масъулияти чекланган ширкати Wynex Innovation LLP Ўзбекистондаги қўшма корхонага бош бўлгани, Ортиқхўжаевга қарашли Artel бренди остида мобил телефонлар ишлаб чиқарадиган бу корхонага 2 миллион долларлик инвестиция киритгани хабар қилинди. Ўша вақтда Wynex Innovation компаниясининг очиқланган активлари йўқ эди, камомади эса 419 фунт стерлинг қилиб кўрсатилган.

Яқинда Wynex Innovation LLP Tashkent City лойиҳасининг чет эллик инвесторларидан бири сифатида пайдо бўлди. 1,3 миллиард долларлик йирик лойиҳа Ўзбекистон пойтахти марказини бутунлай ўзгартириб юбормоқда. Tashkent City давлат-хусусий сектор шериклигидаги лойиҳа бўлиб, у бевосита Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ваколати ҳудудидадир. Ҳоким бўлишидан олдин Ортиқхўжаев бу лойиҳа директори эди.

Wynex Innovation LLP Tashkent Cityда High Land City LLCдаги 8,19 фоиз улушни сотиб олди. High Land City LLC 1-лотдаги 1180 хонадондан иборат мажмуа лойиҳасининг ягона инвестори ҳисобланади.

Wynex Innovation компаниясининг 2018 йилги ҳисоботида унинг даромад олмагани ва камомадининг 1500 фунт стерлинг бўлгани айтилади. МЧШ иддаосича¸ ҳисобидаги нақд пули миқдори 300 фунт стерлинг.

Ўзбекистоннинг бизнес реестри маълумотига кўра, High Land Cityнинг энг йирик акциядори (81,24 фоиз) Исмоил Исроиловдир. У рўйхатда Akfa Engineering and Management компанияси менежери сифатида қайд этилган. 2019 йили ўтказилган суриштирув натижасига кўра, Жаҳонгир Ортиқхўжаев компаниянинг 100 фоиз эгасидир.

Британия масъулияти чекланган ширкатлари (UK Limited Liability Partnerships) жамиятнинг сергак аъзолари қонунбузарликлар ҳақида хабар бериши ва уларни аниқлаши учун ўз молиявий маълумотларини очиқлаши шарт. Лекин Британия чекланган ширкатлари (UK Limited Partnerships) олдига бундай талаблар қўйилмайди.

Сўнгги йилларда Шотландиянинг масъулияти чекланган ширкатларига (SLP) алоҳида эътибор қаратила бошлади. Бунга рўйхатга олинаётган юридик шахслар ( “Transparency International” ташкилотига кўра, рўйхатга олинган юридик шахслар сони 2007 йилдан 2016 йилгача 430 фоиз ортган) ва уларнинг шаффоф бўлмаган амалиётларга яқинлиги ва пул ювиш билан боғлиқ жанжаллар сабаб бўлган.

‒ Ушбу юзаки компаниялар Британиядаги легитим тизим сифатида дунë бўйлаб ўғирлик, порахўрлик ва уюшган жиноятчиликнинг гуллаб-яшнашига сабаб бўлди, ‒ дейилади Transparency International ташкилотининг Британия идораси ҳозирлаган ҳисоботда.

SLPлар нафақат бизнес партнëрлар олдидаги масъулиятни чеклайди¸ балки унинг ҳақиқий эгаси номининг очиқ ҳужжатларда кўринмаслиги учун ниқоб ҳам таклиф этади. Улар яна шерикларидан алоҳида юридик шахслар ҳам ҳисобланади. Натижада SLP шартномалар тузиши ва банк ҳисоб рақамлари очиши мумкин. Айни ҳол уларни шаффоф бўлмаган бизнес фаолияти учун жозибали этади.

Мисол учун Шотландиянинг иккита чекланган ширкати: MacMerry Management LP билан Grandes Investment Group LPни олиб қарайлик.

MacMerry Management LP компанияси Ўзбекистонда салмоқли − Artelга қарашли Technic Globe МЧЖда 78,73 фоиз, Quality Electronics, Factory of Technologies, Asia Electron ва Next Generation Products МЧЖларда 50 фоиз – акциялар портфелига эга. Kомпания мазкур тўрт фирма орқали Ўзбекистон пойтахти марказидаги қурилаётган тураржой бинолари, тижорат ҳудудлари ва меҳмонхона мажмуалари туркумидан иборат Tashkent Cityнинг 1 ва 7-лотларига инвесторлик қилмоқда

2017 йил январида рўйхатга олинган Grandes Investment Group LPнинг қандолат маҳсулотлари чакана савдоси билан шуғулланувчи Craffers компаниясида 38,95 фоизлик улуши бор. Бу SLP Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан бирга Craffersга эгалик қилади, унинг бизнес шериклари қаторида Аброр Ғаниев ҳам бор.

Ўзбекистонга инвестиция киритаётган ушбу SLPлар ҳақида молиявий ахборот жуда кам. Билганимиз, MacMerry Management LPнинг бошланғич капитали 50 фунт стерлинг бўлиб, уни Сейшел оролларида жойлашган шериги Longford Solutions Ltd киритган. Grandes Investment Group LPнинг бошланғич капитали 100 фунт стерлинг ва уни Сейшел оролларида жойлашган шериги Tormex Alliance Ltd киритган.

Гарчи бу SLPлар Британия ҳудудида фаолият юритса ҳам, Британия жамоатчилиги улар ҳақидаги молиявий ахборотни ола билмайди.

Grandes Investment Group LPнинг ортида турган шахслар хусусида гап кетганда, вазият янада чигаллашади.

Компания аввалига -2017 йил 24 октябрида асл эгаси ëки "муҳим назоратга эга шахс"ни эълон қилган. Британиядаги шаффофликка оид янги қонунга кўра¸ компанияни назорат қилувчи ёки унда 25 фоиздан кўпроқ акцияга эга бўлган юридик ёки жисмоний шахслар номини очиқлаши шарт.

Аммо кўп ўтмай¸ "муҳим назоратга эга шахс" (“Grandes Investment Growth LP”) ўзини LP(Limited Partnership) деб эълон қилди. Англия LPлари эса 2017 йили қабул қилинган янги тартибга кўра¸ рўйхатга олинадиган юридик шахс эмас. Бу тоифа ширкатларнинг ўз асл эгалари ëки ширкат устидан муҳим назоратга эга бўлган шахслар номини ошкор қилиши мажбурий эмас.

Буюк Британиядаги ислоҳотлар мақсади ҳалол тадқиқотчининг у ëки бу компания устидан муҳим назоратга эга шахслар занжири бўйлаб ҳаракатланиб, эҳромнинг чўққисига етиб бориши ва пирамида тепасида унинг ҳақиқий эгаси бўлган бир-икки шахсни топишига имкон яратишдир.

Аммо бу ислоҳотлардаги кемтиклар қидирилаëтган маълумотларни очиқламасликка ҳам жой қолдиради.

Grandes Investment Group LP 2018 йил 5 ноябрда “муҳим назоратга эга шахс” ўзгарганини билдирган. Бу эса 2018 йил 25 октябрда рўйхатга олинган Investment Holding Group LPдир.

Компания, “чекланган ширкатга боғлиқ... муҳим назоратга эга шахс ўлароқ танилган бирор шахс йўқ”, деб баёнот берди. У Буюк Британиядаги ислоҳотлар доирасида шундай қилиш ҳуқуқига эга. Биз эса Grandes Investment Group компанияси бошқарувининг фирмада 25 фоиз ёки кўпроқ акцияга эга бўлган бирор одам йўқ, деган гапига ишонишга мажбурмиз.

Ғилдираклар айланмоқда

Буюк Британиянинг 2017 йилда кучга кирган қонунчилигида ушбу мамлакатда рўйхатдан ўтган юридик шахс “муҳим назоратга эга шахс” ҳақида Рўйхатга олиш палатаси (Company House) га хабар бермаса, унинг жарима, ҳатто жиноий жавобгарликка тортилиши назарда тутилади.

Жорий йил апрелида Рўйхатга олиш палатасига хат ёзганимизда, “муҳим назоратга эга шахс” га оид талабни бажармаган бирор SLPнинг жаримага тортилмагани" ҳақида жавоб олдик.

“Рўйхатга олиш палатасининг асосий мақсади SLPларни жиноий жавобгарликка тортиш эмас¸ балки уларнинг "муҳим назоратга эга шахс"лар ҳақидаги талабни бажаришини таъминлашдир. Шундай бўлса-да¸ палата Тўловга лаëқатсизлик хизмати¸ Қаллобликларга қарши кураш ва молиявий прокуратура билан бундай талабга бўйсунмаган компанияларга қарши жиноий иш очиш борасида яқин ҳамкорлик қилмоқда”¸ дейилади Company House матбуот хизмати томонидан openDemocracy нашрига юборилган электрон мактубда.

Британиядаги жорий амалиëт¸ ҳеч қандай текширув ва аудит тизимисиз¸ юридик шахслар ва уларни ташкил қилиш билан шуғулланадиган агентларнинг ҳалол ишлашига ишонч билдирган.

Юридик шахсларни ташкил қилиш билан шуғулланадиган агентлар ушбу жараённинг муҳим таркибий қисмидир. Улар Akfa-Artel компаниялар гуруҳи сингари чет эллик мижозларга барча хизмат турларини таклиф этмоқда. Юридик шахсларни ташкил қилиш билан шуғулланадиган агентлар мижозларга компаниялар ташкил қилиш, банк ҳисоб рақамлари очиш ва зарур ҳолларда юридик шахсни назорат қилиб туриш учун номинал директорлар ёки шерикларни топиб беришда ёрдамлашади.

Биз Рўйхатга олиш палатасига Британия компанияларида номинал директорлардан фойдаланилаётганига оид хавотирларимизни билдирдик. Рўйхатга олиш палатаси бизга “Компаниялар тўғрисида”ги қонунда номинал директорни ишдан четлатиш тўғрисида ҳеч қандай банд йўқлигини айтди.

Аммо Рўйхатга олиш палатасидан билдиришларича, Британия ҳукумати масъулияти чекланган шериклардан ва бош шериклардан талаб қилинадиган маълумотларни кўпайтиришни таклиф қилган. Бу таклифлар орасида компанияни пул ювишга қарши кураш бошқармаси орқали рўйхатга олиш¸ ҳамда Британияда рўйхатга ўтган ширкатнинг бу мамлакатга чиндан алоқаси борлигини кўрсатувчи йиллик ҳисобот талаби ҳам бор.

Масъулияти чекланган ширкатлар учун компания ҳисоб рақамлари очиш ҳақида гап кетганда, Рўйхатга олиш палатаси қуйидагиларни маълум қилди: “Агар қўлимизда очиқ ҳисоботларда кўрсатилгани билан амалдаги ҳолат ўртасидаги тавофутни кўрсатадиган маълумот бўлса¸ биз LLP билан боғланиб, тегишли сўровлар юборамиз”.

Молиявий жиноятлар бўйича консультант Грэҳем Барроуга кўра, Рўйхатга олиш палатаси компанияларни рўйхатга олиш жараёни ва бу ишни қилаëтган агентлар ролини ислоҳ қилиш истагини билдирган. Палатадагиларнинг "пул ювиш билан шуғулланадиган жиноят олами шоввозларнинг вазиятга қараб иш тутадиган устомон ва ақлли экани”дан хабари бор.

“Жиноятларни фош қилиш билан шуғулланадиган биз каби мутахассисларни айни исмлар, манзиллар ва иш усулларига қайта-қайта тўқнаш келиш¸ аммо уларнинг бу фаолиятини тўхтатиш нари турсин¸ уни сустлаштиришга ҳам қурбимиз етмаслиги тушкунликка солади ”¸ дейди Грэҳем Барроу.

Ўзбекистон жамоатчилиги давлатдан анча-мунча субсидия оладиган бизнеснинг Британия оффшор компанияларига айланаётганини ижирғаниб бўлса-да кузатиб ўтиришга мажбур. Бу ширкатлар бевосита Тошкент шаҳри ҳокимига тегишли компаниялар гуруҳига киради.Оффшор схемалар орқали Ўзбекистон компанияларини назорат қилиб келганини яширган юксак лавозимли давлат арбоблари билан боғлиқ коррупция жанжалидан ҳали ҳам ўзига келмаган Ўзбекистон жамоатчилиги ва ҳуқуқ ҳимоячилари бугун шаффофлик кўпроқ бўлишини истамоқда.

Ҳоким билан Akfa-Artel openDemocracy нашрининг оффшор компаниялардан фойдаланишга оид саволларига изоҳ беришдан бош тортди. Ушбу мақолада тилга олинган компаниялар вакиллари ҳам саволларимизга жавоб бермади.

Фақат Ўзбекистон ҳукуматига қарашли Tashkent City маъмурияти нега бу лойиҳдаги инвесторларга оид маълумотнинг шаффоф эмаслигига оид саволимизга қуйидагича жавоб берди:

“Инвесторларнинг ортида турган фойда олувчилар ва муҳим назоратга эга шахслар хусусида шуни айтмоқчимизки, республиканинг “Чет эл инвестициялари тўғрисида”ги, “Чет эллик инвесторлар ҳуқуқини ҳимоя қилиш кафолатлари ва чоралари тўғрисида”ги ва “Тадбиркорлик фаолияти кафолатлари ва эркинлиги тўғрисида”ги қонунларида ушбу маълумотлартни ошкор қилиш кўзда тутилмаган”.

XS
SM
MD
LG