Линклар

Шошилинч хабар
18 ноябр 2024, Тошкент вақти: 03:22

Ортиқхўжаев билан ярашгани учун Kun.uzдан икки журналисти кетди


Баҳодир Аҳмедов (чапда) ва Зафар Солижонов
Баҳодир Аҳмедов (чапда) ва Зафар Солижонов

Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан можаро ортидан Kun.uz сайтининг икки журналисти ишдан бўшаганини эълон қилди.

Баҳодир Аҳмедов ва Зафарбек Солижоновлар ижтимоий тармоқда қолдирган ўз постларида Ортиқхўжаевга мурожаат қиларкан: "Мен итнинг боласи эмасман ва последняя тварь ҳам эмасман" деб ёзди.

18 ноябрь куни Kun.uz таҳририяти Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан муросага келгани ва тармоқларга чиқарилган аудиоёзув бўйича можаро ёпилганини хабар қилди.

"Кун қаҳрамонлари"

Kun.uz таҳририятида ишлаб келган икки журналист - Баҳодир Аҳмедов ва Зафарбек Солижоновлар 18 ноябрь куни ўз ихтиёри билан ишдан кетганини маълум қилди.

Ҳар икки журналист, ишдан бўшашига Тошкент ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан можаро сабаб бўлгани, можаро ортидан таҳририят оғир аҳволга тушганини таъкидлади.

"Бугун биз ютқазмадик. Бугун энди уйғонаётган сўз эркинлиги, матбуот ютқазди. Жаҳонгир ака, сизга айтаман, ўшанда ҳам қарши борганман - мен итнинг боласимасман, последний тварь хам эмасман. Сиз ютганингизни эмас, давлат имижига путур етказганингизни ўйланг. Мен ризқимни топишимга ишонаман! Сизлардан илтимос - журналистларнинг ҳуқуқлари ҳимояланмаган, кучсиз матбуот даврида Kun.uz ни айбламанг!" деб ёзди Баҳодир Аҳмедов, жумладан.

Зафарбек Солижонов, ҳамкасблари ва жамоатчиликдан, Kun.uz таҳририяти аҳволини тушуниш, уни айбламасликка чақирди:

"Жаҳонгир ака, Ортиқхўжаевга эса ўша гапни яна қайтараман. Мен итнинг боласи эмасман ва последняя тварь ҳам эмасман. Мен журналистлик билан шуғулланган юристман. Шунчаки, бу давлатда қонун ишлашини хоҳлагандим холос. Ғурурим эса отамдан мерос. У ҳаммасидан устун. Уни топташга ҳаққингиз йўқ. Лекин бир нарсани тушунинг. Бу жангда ҳеч ким ютмади. Айниқса сиз", деб ёзди Зафарбек Солижонов.

Kun.uz сайти таҳририяти ўз журналистларининг ишдан кетиши ҳақида ҳозирча бирор изоҳ бермади.

Ошкора таҳдид

16 ноябрь куни тармоққа чиқарилган ва Жаҳонгир Ортиқхўжаев овози, деб иддао қилинаётган аудиоёзувда, овоз эгаси кўча тилида журналистларни гейга чиқариш ва сазойи қилиши билан таҳдид қилади:

"Они кто вообще? (Ўзи улар ким?) Они твари последние! (Улар энг паст маҳлуқлар!) Онанинг боласими булар ё итнинг боласими?! Принцип йўқ, ифлос, бедолага! (қашшоқ)".

"Я за шесть секунд вас посажу в одно такси с геем, и всё! (Мен олти секундда сизларни гей билан битта таксига ўтқазаман ва тамом!) Фотографируют и вас объявляют геем (Сизни фото олиб, гей деб эълон қилишади)".

"Ёқадими раҳбаримизга, ёқмайдими мени ўзимнинг ҳам характерим бор. Я могу это делать. Шесть секунд могу сделать. Организовать могу. Или сомневаешься? Тушунтиролдимми?" - дейди овоз эгаси.

Сўнгра овоз эгаси журналистларни жисмонан йўқ қилишини айтади ва бундай тақдирга учрамаслик учун, журналистларни ҳокимият билан ҳамкорлик қилишга ундайди.

Бу аудиоёзув тарқатилганидан бир кун ўтиб, Kun.uz нашри, бу таҳдидлар ​шу йилнинг августида уч мухбири "ҳоким қабулида бўлган чоғда янграган"ини маълум қилди.

Айтилишича, "таҳририят ҳоким билан учрашув вақтидаги (ўз) аудиоёзувини Ваҳобов ва Kun.uz ўртасидаги низоли вазият қасд олишга айланиб кетмаслиги ҳамда шаҳар ҳокимининг обрў-эътиборига путур етказмаслик учун оммага ошкор қилиш фикридан воз кечган".

"16 ноябрь куни ижтимоий тармоқларда шу воқеага оид аудиоёзув тарқалишига эса таҳририятнинг алоқаси йўқ".

"Яраш оши"

Аммо, орадан яна бир кун ўтиб - 18 ноябрь куни - таҳририят ўз жамоаси шаҳар ҳокими билан учрашгани, тушунмовчиликка барҳам берилганини хабар қилди.

"Сайт таҳририяти ҳокимнинг ушбу вазият юзасидан билдирган мулоҳазаларини қониқарли деб топади. Ҳамкасблар, бошқа нашрларнинг журналистлари ва блогерларга шундай паллада фаол қўллаб-қувватлаганликлари учун миннатдорчилик билдирамиз. Шу билан биргаликда, улардан бу масалани ортиқ муҳокама қилмасликни сўраймиз, зеро фақат икки тарафгагина тегишли бу низо турли сиёсий кучлар ва шахслар томонидан тор манфаатлар йўлида қурол сифатида фойдаланилишини хоҳламаймиз", дейилади таҳририят номидан эълон қилинган мақолада.

Масала ечилдими?

18 ноябрь куни Ўзбекистон президенти ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги ҳам Тошкент шаҳар ҳокими Ж.Ортиқхўжаев билан боғлиқ "вазият ўз ечимини топди", деб баёнот берди.

Агентлик баёнотида бу низонинг пайдо бўлиши мамлакатда "жамоатчилик назоратининг кучи тобора ортаётгани, жамиятда демокартик ўсишнинг шаклланаётгани, ОАВнинг босқичма-босқич “тўртинчи ҳокимият”га айланаётгани, республикамизнинг очиқлик сари дадил одимлаётганидан далолат", деб баҳоланди.

АОКАнинг бу баёнотидан икки кун олдин, 17 ноябрда Бош прокуратура тарқалган аудиоёзув юзасидан суриштирув бошланганини маълум қилган.​

"Ж.Ортиқхўжаевга мансублиги таъкидланиб тарқатилган аудиоёзувларнинг ҳаққонийлиги, қачон, қаерда ва қандай ҳолатларда юз берганлиги ҳамда бошқа ҳолатлар ўрганилмоқда. Ўрганиш натижалари ҳар томонлама қонун доирасида кўриб чиқилиб, улар юзасидан қўшимча баёнот берилади", дейилди 17 ноябрь куни эълон қилинган баёнотда.

Норозилик

Kun.uz нашри журналистлари ва Тошкент шаҳар ҳокими ўртасида учрашувга оид аудиоёзувнинг тармоқларга чиқарилиши ортидан ижтимоий тармоқларда жиддий баҳсу мунозара кўтарилди.

Айниқса, Kun.uz нашрининг, 17-18 ноябрь кунлари мазмунан бир-бирига зид бўлган мақолаларни чоп этиши ортидан таҳририятга нисбатан кескин танқидий чиқишлар бошланди.

Айниқса, Facebook, Twitter ва Telegram тармоғидаги фаол фойдаланувчилар журналистларни ўта оғир сўзлар билан ҳақорат қилган, уларнинг ҳаётига таҳдид қилган ҳоким билан муросага борилишини кескин қораламоқда.

Ҳозирча Kun.uz нашри таҳририяти Тошкент ҳокими билан можаро ортидан туғилган саволларга жавоб сўраган Озодлик мурожаатларига жавоб бергани йўқ.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG