Линклар

Шошилинч хабар
22 ноябр 2024, Тошкент вақти: 08:16

Kristian Lasslett: Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес империяси халқаро пул ювишда айбланган шахсларга алоқадор!


Президент Шавкат Мирзиëев 28 июнь куни шаҳар ҳокими¸ Марказий Осиëдаги энг йирик бизнес империяларидан бири эгаси деб кўрилаëтган Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнг томон орқада)билан пойтахтни айланди.
Президент Шавкат Мирзиëев 28 июнь куни шаҳар ҳокими¸ Марказий Осиëдаги энг йирик бизнес империяларидан бири эгаси деб кўрилаëтган Жаҳонгир Ортиқхўжаев (ўнг томон орқада)билан пойтахтни айланди.

Криминология бўйича британиялик профессор Кристиан Ласслетнинг Озодлик билан суҳбатда айтишича¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес салтанатига кирувчи ўнлаб ширкатларни бошқарган¸ улар акцияларига эгалик қилган шахслар рўйхатида халқаро майдонда жиддий жиноятларда гумонланилган шахслар бор.

Бу суҳбат Ласслетнинг 27 июнь куни Оpendemocracy.net интернет нашрида эълон қилинган “Марказий Осиëдаги бизнес империяси Британиядаги махфийликдан қандай фойдаланмоқда” сарлавҳали янги мақоласи ортидан ўтказилди.

Ўзбекистон тарихидаги энг қиммат Tashkent City лойиҳасида қатнашаëтган ширкатлар тўқимасини махсус ўрганаëтган Ласслет камида 1.3 миллиард долларлик бу лойиҳадаги аксар ширкатлар изи Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга олиб бораëтганини айтиб келади.

Янги мақоласида Ласслет¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли Акфа-Артел гуруҳи бизнес кўламини Samsung ва Unilever корпорацияларига қиëслайди.

Озодлик билан суҳбатда Ласслет Ортиқхўжаев бизнес империясининг халқаро майдонда ëйилиб кетган тармоғига кирган оффшор ширкатлари бошқарувига алоқадор камида уч шахснинг халқаро майдонда пул ювиш ва фирибгарлик учун қора рўйхатдаги шахслар эканини таъкидлади.

Ўзбекистондаги жорий бизнес иқлими ҳақида халқаро майдонда жиддий хавотир уйғотаëтган бу факт ва далилларнинг Мирзиëев ҳукумати томонидан эътиборсиз қолаëтганига тўхталган Ласслет¸ бундай жимликнинг ўзи асосий хавотир манбаига айланаëтганини билдирди.

Давомли тадқиқотнинг янги топилмалари

27 июнь куни Ласслет “британиялик инвестор” сифатида Ўзбекистонга ниҳоятда катта имтиëзлар билан “кирган” ширкатларнинг аслида Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес империясининг таркибий қисми эканини фош қилувчи навбатдаги мақоласини эълон қилди.

“Марказий Осиëдаги бизнес империяси Британиядаги махфийликдан қандай фойдаланмоқда” деб номланган янги мақоласига ҳам профессор Ласслетнинг Tashkent City ва Акфа-Артел гуруҳи таркибидаги Британияда рўйхатдан ўтган ширкатларнинг асл эгаларини топишга қаратилган суриштируви асос бўлган.

Озодлик билан суҳбатда Кристиан Ласслет очиқ маълумотлар базасидан топган маълумотлари умумиятла Ўзбекистондаги жорий бизнес иқлими¸ хусусан эса¸ Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес империясига оид янги хавотирли маълумотларни фош қилганини айтади.

Kristian Lasslett: Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес империяси халқаро пул ювишда айбланган шахсларга алоқадор!
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:13:30 0:00
Бевосита линк

- Сўнгги тадқиқотим ¸ менимча¸ тўрт нарсани яққол кўрсатади. Биринчиси¸ Ортиқхўжаевнинг Акфа-Артел гуруҳи Ўзбекистондаги ширкатлари акцияларига эгалик қилиш учун оффшордаги ношаффоф тузилмалардан фойдаланиб келмоқда. Иккинчиси¸ бундай тузилмаларнинг аксарияти Буюк Британияда рўйхатдан ўтган ва қонуний методлардан фойдаланган ҳолда ширкатларнинг асл эгаларини бекитмоқда. Учинчиси¸ бу ширкатлар бошқарувида пул ювиш билан боғлиқ жанжалга алоқадор шахслар бор. Тўртинчиси¸ бу ширкатларнинг Британия регистрация идорасига тақдим этган молиявий ҳисоботлари нотўғри бўлиб чиқди.

Озодлик: Сиз аниқлаган янги тафсилотлар Акфа-Артел гуруҳи ва унинг таркибига кирувчи оффшор ширкатлар ноқонуний фаолият билан шуғулланаëтганини кўрсатадими?

Кристиан Ласслет: Бу ширкатларнинг қанчалик легал ишлаëтгани борасида қизил байроқ кўтариш мумкин (хавотир билдириш – таҳр.). Улар Буюк Британиянинг компаниялар фаолиятини тартибга солувчи қонунларини бузаяпти. Мисол келтираман¸ Британиянинг компаниялар ҳақидаги қонунларида кимни ширкатда “муҳим манфаати бўлган шахс” деб белгилаш мумкинлигига оид талаблар бор. Уларга кўра¸ ширкатда муҳим манфаати бўлган шахс¸ содда қилиб айтганда¸ унинг эгаси шаффоф бўлиши керак. Суриштирувларим давомида¸ Акфа-Артел гуруҳига алоқадор камида иккита ширкатнинг бу қонунга амал қилмаганини аниқладим.

Иккинчидан¸ ширкат фаолияти ҳақида сохта молиявий ҳисобот бериш қонунни бузиш ва бу иш учун жиноий жавобгарлик белгиланган. Ортиқхўжаевга алоқадор ширкатлар Британияда жиноят содир қилди¸ деб айта олмайман¸ зотан бу менинг мақсад ëки ваколатимга кирмайди ҳам. Аммо Ўзбекистонга кўп миллион долларлик инвестиция киритгани айтилаëтган “Британия ширкати”нинг ўз ҳисобида бор-йўғи 300 фунт маблағи борлиги ҳақида молиявий ҳисобот бериши¸ бу маълумотнинг тўғри эмаслигини айтишга имкон беради.

Масалан¸ Британияда рўйхатга олинган Wynex Innovation LLPнинг 2015 йили Ортиқхўжаевга қарашли Артел бренди учун мобил телефон ишлаб чиқариш мақсадида Ўзбекистонда қўшма корхона очгани ва унга 2 миллион долларлик инвестиция киритгани хабар қилинган. Ўша йилги молиявий ҳисоботида бу ширкат ўзининг 419 фунтлик зарарда эканини билдирган.

Айни шу компания¸ яқинда Ўзбекистон тарихидаги энг катта қурилиш лойиҳаси Tashkent City инвесторига айланган ва у назорат қиладиган High Land City LLC 1-лотнинг ягона инвестори сифатида 1180 та квартира қуриши айтилган.

Қизиғи¸ Ўзбекистонда юзлаб миллион долларлик қурилиш инвестори деб тақдим этилаëтган бу ширкат 2018 йили Британияда берган даромади ҳақидаги молиявий ҳисоботда¸ 1500 фунт камомади борлиги ва бор-йўқ нақд маблағи 300 фунтдан иборат эканини маълум қилган.

Бу вазиятда икки маълумотдан қай бири тўғри - Wynex Innovationнинг Ўзбекистондаги йирик инвестор эканими¸ ëки унинг бор-йўқ капитали 300 фунтни ташкил қилиши ҳақидаги маълумотми?

Озодлик: Сиз суҳбатимиз бошида Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг Акфа-Артел гуруҳи таркибига кирган “ширкатлар бошқарувида пул ювиш билан боғлиқ жанжалга алоқадор шахслар ҳам бор”¸ дедингиз. Бу шахслар кимлигини очиқлай оласизми?

Кристиан Ласслет: Албатта. Буюк Британиядаги компаниялар регистрация қилинадиган Company House сайтида Dartlex Impex LLP ҳақида берилган маълумотда Юрий Витман ва Стан Гориннинг ширкат маъмуриятига бевосита алоқадор эканини кўрсатади. Матбуот хабарларига кўра¸ Dartlex Impex LLP ширкати Жаҳонгир Ортиқхўжаевга қарашли йирик ҳолдинглардан бири - J-United Groupнинг британиялик партнëри. J-United Group Dartlex Impex LLP билан Навоий эркин иқтисодий зонасида алюминий маҳсулотлари ишлаб чиқарадиган умумий капитали 35.2 миллион долларлик қўшма корхона тузган. Навоий зонаси инвесторларга жуда катта солиқ ва бож имтиëзлари беради.

Dartlex Impex LLP ва Тошкент шаҳар ҳокимининг асосий ширкатларидан бири ўртасида тузилгани иддао қилинган қўшма корхона ҳақиадги хабар.
Dartlex Impex LLP ва Тошкент шаҳар ҳокимининг асосий ширкатларидан бири ўртасида тузилгани иддао қилинган қўшма корхона ҳақиадги хабар.

Dartlex Impex LLP ширкатининг Жаҳонгир Ортиқхўжаев таъсис қилган компаниялар гуруҳи билан муносабатлари шунчаки хорижий партнердан кўра мураккаброқдир. Масалан¸ Dartlex Impex LLP ширкати White Machine Technology ширкати акцияларининг 95.7 фоизига эгалик қилган. White Machine Technology эса Артелнинг чангютгич ва микротўлқинли печлар ишлаб чиқарувчи бренди. Бу эса¸ Dartlex Impex LLP нинг Ортиқхўжаевнинг Акфа-Артел корпорацияси структурасига тўғридан-тўғри қўшилиб кетганини кўрсатади.

Жаҳонгир Ортиқхўжаевнинг “британиялик партнери” деб қайд этилган Dartlex Impex LLP ҳисоботларига қўл қўйиб келган Юрий Витман ва Стан Горин номини ўзбекистонликлар билмаслиги мумкин. Аммо улар халқаро суриштирув журналистларига анча таниш номлар.

Бу иккала шахс Украина собиқ президенти Виктор Янукович давридаги коррупциялашган шартномалар¸ қурол-яроғ контрабандаси ва пул ювиш амалиëтларида гумонланаëтган “Латвия мафияси” деб аталган гуруҳга алоқадор деб кўрилади. Уюшган жиноятчилик ва коррупцияни ёритиш лойиҳаси ва Украина суриштирув журналистлари бу шахсларни International Overseas Services (IOS) деб номланган оффшор компанияларининг трансмиллий тармоғининг етакчи менежерлари деб эълон қилган.

Ортиқхўжаев бизнес империяси таркибидаги яна бир ширкат акцияларининг яна бир “танилган эгаси” халқаро майдонда пул ювиш амалиëтларига гумонланиб¸ олди-берди қилиш тақиқланган шахсдир.

Worldpoint Sales Limited ширкати яқинларгача Eko Elеktron ширкати акцияларининг 100 фоиз эгаси бўлган. Ортиқхўжаев бизнес империяси халқаро тадқиқот марказига айланганидан сўнг бу акциялар Акфа-Артел менежерларидан бири Исмоил Исроилов номига ўтказилди. Eko Elеktron эса Ортиқхўжаевнинг Артел бренди томонидан электротехника маҳсулотлари учун ишлатилаëтган маҳаллий ширкатдир.

Worldpoint Sales Limited ширкатининг директори Danny Banger бўлган. Бу одам кимлигини биласизми? Danny Banger – БМТ Тараққиëт дастури томонидан Ўзбекистонда ўта оғир ҳолатларда фирибгарлик содир этган шахс деб топилган ва 2023 йилга қадар БМТ қора рўйхатига киритилган. Коррупция ва пул ювиш каби амалиëтларда гумонланган бу одам Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес империяси таркибига кирувчи ширкатга раҳбарлик қилиб келган.

Озодлик: Сиз Tashkent City лойиҳаси¸ хусусан¸ Ўзбекистондаги энг йирик бизнес империясига айланган Акфа-Артел гуруҳи эгаси Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев фаолиятининг давлат ва шахсий манфаатлар тўқнашуви намунаси эканини кўрсатувчи бир неча тадқиқот хулосасини эълон қилдингиз. Мана энди Ортиқхўжаев бизнесининг манфаатлар тўқнашувидан ташқари халқаро майдонда коррупция ва пул ювишда гумонланаëтган шахслар билан бевосита ҳамкорликда ишлаб келганини далиллар билан гапираяпсиз. Аммо бизнес иқлимини шаффоф ва ҳалол қилиш ҳақида катта гапирган Мирзиëев ҳукумати бу фактларга пинагини ҳам бузмаëтир. Сиз бонг ураëтган можароли¸ муаммоли бизнес амалиëтларига ҳукуматнинг бундай беписандлигидан ҳафсалангиз пир бўлмаяптими?

Кристиан Ласслет: Ҳафсаламни пир қилаëтган нарсалар кўп. Биринчиси¸ мен президент администрациясидан то ҳукуматнинг бундай бизнес амалиëтларини назорат қилишга масъул идораларига хавотир билдирилган мактублар жўнатдим. Бирортасига жавоб келмади. Бу саволлар эса¸ халқаро ëки Британия жамоатчилиги эмас¸ балки биринчи навбатда ўзбекистонликларни қизиқтираëтган ва улар изоҳ кутаëтган саволлардир.

Иккинчиси¸ менинг мақолаларимда келтирилган фактлар социал медиа¸ ижтимоий тармоқларда ëздаги ëнғин каби гувиллаб-ғувиллаб тарқаганига қарамай¸ Ўзбекистон ичкарисидаги бир дона ҳам матбуот нашри бу мақолалар¸ улар хулосаси ҳақида бир сатр ҳам ëзгани йўқ. Ваҳоланки Жаҳонгир Ортиқхўжаев Тошкент шаҳар ҳокими¸ сўз бораëтган Tashkent City эса Ўзбекистон тарихидаги энг қиммат миллий лойиҳа ва ҳар иккаласи иши ҳам жамоатчилик учун шаффоф ва очиқ бўлиши шарт!

Бу иккала фронтда ҳам ниҳоятда жиддий ташвиш уйғотаëтган жараëнларга оид суриштирув ҳақида лом-мим дейилмаëтгани Ўзбекистонда бу мавзуда ëзишга қодир журналист йўқ¸ дегани эмас. Улар бор¸ фақат Ўзбекистон ичкариси ва ҳукумат билан ҳамкорлик қилаëтган ташқаридаги нашрлар бу суриштирув ҳақида ëзмасликдан огоҳлантирилган. Ҳеч ким битта мақола деб қамоққа тушишни истамайди¸ албатта!

Озодлик: Бу адашмасам¸ Жаҳонгир Ортиқхўжаев бизнес империяси ҳақида ëзган тўртинчи жиддий тадқиқотингиз. Ҳар гал мақолаларингиз ҳақида ëзганда Ортиқхўжаев тарафдорлари сизга ташланиб¸ сизни "кимларнингдир пулига Тошкент ҳокимини ëмонотлиқ қилаëтганлик"да айблайди. Бундай "мухлисларингизга" қандай жавоб берган бўлардингиз. Улар таъбири билан айтганда¸ "нега ҳадеб Ортиқхўжаевга ëпишиб олдингиз"?

Кристиан Ласслет: Бу троллардан хабарим бор. Уларга жавобим оддий - агар сиз ҳам йиллар давомида мен қилаëтган каби тадқиқотларни қилсангиз¸ бу ишингиз ўзига хос суд-экспертизаси даражасига кўтарилади. Бу жараëнда қидирадиган ягона нарсангиз - ҳақиқат бўлади. Ҳукумат қарорлари шаффоф ва коррупциядан холими¸ бизнес амалиëтлари қонунийми¸ деган саволлар тадқиқотнинг марказий саволига айланади. Бу саволлар жавоби "ҳа"дан кўра "йўқ"қа яқинроқ бўлса¸ у жуда кўп одамларни асабийлаштира бошлайди. Улар сўнгра муаммо илдизига оид саволларга жавоб бериш ўрнига¸ уларни кўрсатган журналист ëки тадқиқотчини ëмонотлиқ қилишга зўр беради. Мен ва мақолаларим билан вазиятда ҳам худди шундай бўлмоқда. Тармоқларда менинг мотивларим ҳақида ҳар хил фитна ва миш-мишлар тарқатишаяпти. Мен сизга ягона даромад манбаим университетдан олаëтган ойлик экани¸ бошқа бирор гуруҳ ëки шахс билан тижорий характердаги олди-бердим йўқлигини очиқ айта оламан. Менинг илмий фаолиятим¸ олиб бораëтган тадқиқотларим ниҳоятда шаффоф бўлган университет кенгаши томонидан бошқарилади. Бу мақолаларни ëзишимдан мақсад корпорациялар ва бизнес ширкатлари ва ҳукумат муносабатларида очиқлик¸ шаффофлик бўлишини таъминлашни истовчи ўзбекистонликларга ëрдам беришдир. Бу қандайдир хайрия акцияси эмас - бугунги дунëда бизнес глобал тармоққа айланиб кетган. Сўнгги мақоламда ëзганимдек¸ Британиядаги бизнес қонун-қоидаларининг ниҳоятда заифлигидан қолган дунë каби¸ Ўзбекистондаги уддабуронлар ҳам мазза қилишаяпти. Бу каби тадқиқотлардан мақсадим ҳаммамиз учун умумий бўлган бу мауммоларга биргаликда ечим излашдир.

Таҳририят: (Kristian Lasslett) Британиядаги Ulster университетининг криминология бўйича профессори¸ Марказий Осиë ва Европадаги коррупция ва клептократия (юнончадан таржимаси ўғрилар ҳукмронлиги -таҳр.) бўйича китоблар муаллифи.

Халқаро майдондаги давлат ва хусусий бизнес манфаатлари тўқнашувини тадқиқ қилиб келаëтган профессор Ласслет Шавкат Мирзиëев ҳокимиятга келганидан бери Ўзбекистон бизнес иқлимидаги ўзгаришларни яқиндан кузатиб келмоқда.

Ҳозиргача у мазкур тадқиқотлари асосида бир нечта мақола эълон қилди. Уларни Озодлик сайтидан топиб ўқишингиз мумкин.

Алоқадор

XS
SM
MD
LG