Линклар

Шошилинч хабар
22 декабр 2024, Тошкент вақти: 11:25

Совет давридан қолган панел уйларни қандай таъмирлаш керак? - Литва тажрибаси


Вилнюсдаги совет даврида қурилган кўп қаватли уйлар.
Вилнюсдаги совет даврида қурилган кўп қаватли уйлар.

Ўтган қишда Болтиқбўйи давлатларида уйларни иситиш харажатлари одамларни роса қўрқитиб юборганди. Айниқса, СССР даврида қурилган уйларда яшовчиларни. Советлар уй қураркан, энергосамарадорлик ҳақида ўйламаган, боз устига улар анча эскирди ҳам. Бунақа уйлар иссиқликни яхши сақламайди, бинобарин уларнинг эгалари қишда иситишга бир неча юз евро кўп маблағ сарфлайдилар.

Масаланинг экологик жиҳати ҳам бор: Европа Иттифоқида 40 фоиз энергияни бинолар “истеъмол қилади”. Барча иссиқхона газларининг 36 фоизини ҳам улар атмосферага чиқаради. Шу боис, Литвада нафақат коммунал хизматлар ҳақини камайтириш ва фуқаролар турмуш сифатини яхшилаш учун, балки иқлим ўзгариши оқибатларини юмшатиш учун ҳам кенг кўламли реновация дастури йўлга қўйилган.

Одамларнинг қўрқувлари

Вилнюснинг Минтес кўчасидаги тўққиз қаватли уй 1968 йилда қурилган бўлиб, бир марта ҳам таъмирланмаган. Ширкат раиси Йонас Юодка 2023 йил мартда ўзи ташаббус кўрсатиб, реновацияни бошлаган. Уйда 144 хонадон бор, бутун лойиҳа 3 млн еврога тушган.

Йонас ишни истиқомат қилувчилар ўртасида сўров ўтказишдан бошлаганини айтади. Камида 50 фоиз ва битта овоз керак бўлгани ҳолда 90 фоиздан ортиқ овоз йиғилибди. “Ҳамиша тайёр ва доим қарши бўлганлардан кўра аросатдагилар кўп эди, айнан ўшалар билан қаттиқ ишладик, ҳар бири билан 2-3 қайталаб суҳбатлашдик, саволларига жавоб бердик”, дейди у.

Энг катта шубҳа масаланинг молиявий томони эди: одамлар жамоавий кредит олаяпмиз, деб хавотирга тушишганди.

“Ростдан ҳам қўрқув кўп. Энг аввало қатъий қарорга келиш, кредит олиш керак. Одамлар “хўп, кредит олдим дейлик, лекин уни тўлай олмай қолиб, уйимдан айрилсам-чи?” деб сўрашарди. Ҳозир бунақа таъмирланган уйлар кўпайиб қолди, аҳоли қўшнилари ўз кўзлари билан кўришяпти. Реновация қилинган уйларда иситиш харжи анча кам, турмуш сифати ва комфорт бутунлай бошқача”, дейди Литва Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлиги таркибидаги реновация масалалари билан шуғулланувчи давлат агентлиги бош мутахассиси Лина Балчюнене.

Мазкур агентликнинг бинолар энергосамарадорлиги департаменти директори Гинтаре Бурбиене реновация чоғида ким ва нима учун пул тўлашини қуйидагича тушунтиради:

“Кўпхонадонли уйда реновация бошлар экансиз, иш тугамагунча бир чақа ҳам сарфламайсиз. Ҳукумат лойиҳа маъмурчилигини, бутун техник тайёргарлик ва назорат ҳақини юз фоиз тўлайди. Имтиёзли кредит олинади, ишлар бошланади ва реновация якунига қадар пудратчига молия муассасаси пул тўлайди”.

Истиқомат қилувчилар реновацияга розилик берсалар, уларга икки лойиҳадан бирини танлаш таклиф қилинади. Лойиҳа қиймати 500 минг евродан ошган тақдирда давлат уй энергосамарадорлигини ошириш бўйича ишларнинг 35 фоиз қийматини субсидиялайди. Коммуникацияларни янгилаш ва бошқа таъмир учун хонадон эгалари ўзлари пул тўлайдилар. Бироқ одатда улар қимматроқ бўлса ҳам комплекс лойиҳани танлашмоқда. Бунда имтиёзли кредит уй соҳибига эмас, квартирага расмийлаштирилмоқда. Яъни, хонадон сотилганида янги соҳиби кредитни тўлашда давом этади.

Ширкат раиси Йонас Юодка айтишича, кредит 20 йил муддатга берилмоқда. “Агар хонадонингиз 40 кв.метр бўлса, шуни тахминан 1,02 ёки 1,05 га кўпайтирасиз – кредит бўйича ойлик тўлов миқдори келиб чиқади”, тушунтиради у.

Барча ишлар тугаб, уйнинг энергосамарадорлиги ошгач одамлар хонадонни иситишга камроқ маблағ сарфлай бошлайдилар ва бу реновация харажатлари ўрнини қоплайди. Йонас Юодка аввалбошда қариялар пенсиямиз реновацияга етмайди, деб хавотирга тушганини эслайди. “Уларга айтдим, қўрқманглар, дедим. Нега? Чунки давлат кам даромадли фуқаролар ва пенсионерларга имтиёз беради, яъни реновация учун тўловни улар номидан ўзи тўлайди”, дейди у.

Энергосамарадор уйлар

Минтес кўчасидаги 42-уй реновацияга қадар F энергетика тоифасига кирар эди, ҳозирда унинг энергосамарадорлиги В даражага кўтарилган.

“Уйимизда барча тармоқлар – сув йўллари, канализация, электр тизими бутунлай янгиланяпти. Том таъмирланмоқда. Ҳамма ишлар тугагач, одамлар тамоман бошқа турмуш даражасига эришади, – дейди Йонас Юодка. – Реновацияда “яшил” энергия манбалари қўллансин, деган талаб бор. Томда 12 киловолтли кичик қуёш электр станцияси аллақачон ишлаб турибди. Унинг қуввати йўлакларни ёритиш ва лифтларни ишлатишга бемалол етади”.

Деворлар, пойдевор ва том билан бирга балконлар ҳам иситилиб, уйда моғор пайдо бўлмаслиги учун иситиш ва ҳаво алмаштириш тизимлари ҳам алмаштирилмоқда. Энергияни тежайдиган деразалар ўрнатиляпти. Табиийки, бу кўп вақтни олади. Аммо реновация жараёнини бир неча баравар тезлаштириш мумкин. Атроф-муҳитни муҳофаза қилиш вазирлигининг Экологияга оид лойиҳаларни бошқариш агентлиги ишларга кетадиган вақтни беш карра қисқартирадиган модулли реновация лойиҳасини ишлаб чиққан. Модулли реновация 6 ойдан 12 ойгача давом этади.

"Тошкент Сити қурилиши сабабли одамлар ўз уйларидан чиқариб юборилмоқда"
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:00:21 0:00

Ишчи кучи танқислиги ва турли услубдаги лойиҳалар

Урбанистлар ва меъморлар назарида дастурнинг энг катта нуқсонларидан бири – ҳар бир уй аҳли реновация лойиҳасини танлар экан, унинг теварак-атрофга уйғунлигини ҳисобга олмаслигидир. Натижада Вилнюсда ва бошқа шаҳарларда турли даврларда ва турлича услубда реставрация қилинган ёнма-ён уйлар пайдо бўлаётир, дейди Литва архитекторлари уюшмаси бошқаруви аъзоси, архитектор Рута Лейтанайте.

“Ҳеч ким бошқалар нима қилаётганига қарамайди, ҳамма фақат ўз уйини ўйлайди. Давлат микротуман режасини, унинг визуализацияни тайёрлашга ҳам маблағ ажратса бўларди. Атрофнинг жамоат жойлари, инфратузилмалар, янги йўллар ва ҳоказоларни ўз ичига олган умумий тасвири пайдо бўлгач, уйлар аҳли якунда ҳудуд қандай кўринишга келишини олдиндан билган ҳолда реновацияни бошлайверарди. Бу қайтага одамларнинг реновацияга қизиқишини оширган бўларди, деб ўйлайман. Иситиш ва электр харажатлари камайиши жуда соз, аммо бунинг ёнига ижтимоий инфратузилмалар, болалар ўйин майдончалари ҳам қўшилса янада ажойиб бўлади-ку”, дейди у.

Рута Лейтанайте Литвада яхши реновация қилинган бутун бир даҳа ёки микротуманларни фақат Клайпеда шаҳрида учратиш мумкинлигини айтади. “Айниқса Румпишкес туманига борсангиз, реновация жамоат масканларини ҳам қамраб олганини кўрасиз”, дейди архитектор.

Румпишкесдаги комплекс лойиҳанинг аҳамияти шундаки, у ерда турар-жой биноларини реновация қилиш билан бирга атрофдаги 10 гектардан зиёд ҳудуд ободонлаштирилган. Бу ишларга 6 млн евродан ортиқ маблағ сарфланиб, харажатларнинг катта қисмини ЕИ фондлари тўлаб берган. Ҳовлиларда янги машина қантариш жойлари, майсалар, боғкурсилар, пиёдалар йўлаклари, чироқлар, болалар ва спорт майдончалари, велосипед сақлаш жойлари пайдо бўлибди.

Реновация агентлиги бош мутахассиси Рита Балчюненега кўра, эски уйларни янгилаш билан боғлиқ яна бир жиддий муаммо – қурилиш ресурслари етишмовчилигидир. “Масалан, бирданига 400 та лойиҳа тасдиқланади, уларнинг барчасига қурувчилар керак, ишчи кучи эса чексиз эмас. Натижада кўп лойиҳаларни амалга ошириш чўзилиб кетяпти”, дея нолийди мулозима.

Литва тажрибаси бошқаларга ҳам асқотади

Литвада кўп хонадонли уйларни реновация қилиш кенг кўламли дастури Европа инвестиция банки, Европа комиссияси ҳамда Европа Кенгашининг Тараққиёт банки кўмагида ишга туширилган эди. Улар барча сарф-харажатларни қоплаб беришмайди, лекин амалда хусусий маблағларни жалб этувчи катализатор вазифасини бажаришмоқда. Ўн йил ичида Литвада 4000 та уй реновация қилинди. ЕИ маъмурчилик ишлари, лойиҳалар ва техник назоратни молиялашга ёрдам беради, бундан ташқари, 700 та янги лойиҳа учун 239 млн евро субсидия ажратган.

2020 йилда “янги Бауҳауз” номли умумевропа дастури пайдо бўлган эди. Ундан кўзланган экологик мақсад – 2050 йилга бориб дунёда биринчи иқлимий нейтрал қитъа бўлиш. Архитектор Рута Лейтанайте дастурнинг эстетик вазифалари ҳам жуда муҳимлигини айтади.

“Мен доим Туринни мисол қилиб келтираман. Шаҳар бош архитектори жуда ҳам истеъдодли киши бўлиб, у реновация учун турли технологиялардан фойдаланиш, материаллар билан ишлаш, балконлар, лифтлар қўшиш ва бошқа ишларни тизимлаштирган. Яъни бу ўзича лойиҳа эмас, балки методология бўлиб, амалда бир хилда татбиқ этилмоқда. Ёки Франциянинг Бордо шаҳрини олинг: улар реновация жараёнида уйларга террасалар қўшишган, квартиралар майдонини кенгайтиришган. Демоқчиманки, уйларни мана шу тарзда, янада муваффақиятли реновация қилиш ҳам мумкин”, дейди у.

Эски шаҳар & Tashkent city одамлар тақдирида (6-қисм)
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:01:32 0:00

ЕИ молиялаш самарадорлиги ва реновация суръатлари нуқтаи назаридан Литва тажрибасини ижобий баҳоламоқда. Бу тажриба Болтиқдаги бошқа давлатлар ва Шарқий Европа учун фойдали бўлиши мумкин. Литва архитекторлари уюшмаси Украина маданий меросини сақлаш ва тиклаш лойиҳасига бошчилик қилмоқда. Лойиҳада Европанинг турли мамлакатларидан 11 ташкилот иштирок этаётир.

“Ташаббуслардан бири советлардан қолган уйларни тубдан янгилашга қаратилган, зеро бу мавзу Украина учун жуда долзарб, – дейди Рута Лейтанайте. – Уларга сифатли уй-жой керак, мамлакатда Иккинчи жаҳон урушидан кейин қурилган уйлар ниҳоятда кўп. Литвада ва Европадаги бошқа мамлакатларда реновация жараёнида орттирган тажрибамиз Украинада бизга асқотади, деб умид қиламан. Украиналик мутахассислар билан бирга, совет даврида қурилган уйлар реновациясида қўллаш учун қўлланма ишлаб чиқишни режалаяпмиз”.

Форум

XS
SM
MD
LG