Линклар

Шошилинч хабар
17 ноябр 2024, Тошкент вақти: 17:29

Қўйлиқ бозори “реконструкция”га ёпилди. Мақсад савдогарларни Food City га кўчиришми?


Тошкентнинг Қўйлиқ бозори 5 январдан ёпилган.
Тошкентнинг Қўйлиқ бозори 5 январдан ёпилган.

Тошкент шаҳар ҳокимияти ўтган ҳафта шаҳардаги энг йирик қишлоқ хўжалик маҳсулотлари улгуржи бозори ҳисобланган Қўйлиқ бозори реконструкция учун ёпилишини эълон қилди.

Ҳокимлик расмий билдирувида бозорга олиб келинаётган маҳсулотлар бозор ҳудудига сиғмай қолгани ортидан Чирчиқ канали бўйида тартибсиз савдо ўринлари пайдо бўлгани айтилади.

“Бозор ҳудудига кунига 600 дан ортиқ юк машиналари кириб-чиқиши автомобиль йўлларнинг тирбандлигига асосий сабаб бўлмоқда ва аҳолига жиддий ноқулайликлар яратмоқда”.

Лекин, реконструкциядан кейин бозор қайта очиладими?

Реконструкция қачон тугайди, пудратчиси ким?

Тадбиркорларнинг дўконлари, ижара ҳуқуқлари сақланиб қоладими?

Бу саволларга жавоб йўқ.

Бозор маъмурияти ва Тошкент ҳокимлиги расмийлари реконструкция даврида савдогарлар Қўйлиқдан 6,5 км нарида Ўртачирчиқ туманида қурилган Food City ва 30 километр узовликдаги Янгихаёт туманида қурилган Tashkent Index савдо марказларига кўчиб туришлари мумкинлигини айтишган.

Улар савдогарларнинг мулкларини бошқа бозорларга текинга кўчириб беришни ваъда қилишган.

Бундан ташқари, Food City га кўчган савдогарлар ижара тўловларидан 3 ойга озод қилиниши ҳам билдирилган.

2017 йилда Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида ташкил этилган Food City савдо маркази.
2017 йилда Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида ташкил этилган Food City савдо маркази.

Савдогарлар Food City га кўчишга шошмаётир

Йиллар давомида Қўйлиқ бозорида савдо қилиб, тирикчилик ўтказиб келган савдогарлар бозорнинг чеккароқ ҳудудга кўчирилгани ва у ерда қурилган янги дўконлар нархи қимматлигидан норози эканликларини айтишади.

“Food city да 20 квадрат метр жой 3 ярим миллион сўм ойига. Бундан ташқари 100 млн сўм гаров пули ҳам қўйиш керак. Ҳозир уч ой бепул деб туриб ҳаммани “илинтириб”, реконструкция баҳонасида ҳаммани шу ерга кўчирмоқчи. Ҳозир текин бўлгани билан уч ойдан кейин шу пулни тўлаш керак бўлади-да. Пулини тўладик ҳам дейлик, лекин ким боради Ўрта Чирчиққа? Савдо бўлмаса, тушум бўлмаса ижарани қандай тўлаш мумкин? Ойига 3 ярим миллион сўм оз пул эмас”, - дейди Озодлик суҳбатлашган савдогар.

Тошкент ҳокимлиги расмийлари эса “Қўйлиқ”дан Food City савдо марказигача йўлкира хақи олинмайдиган 10 та автобус йўналишга қўйилиши, шаҳарнинг барча йўналишларига боғланадиган жамоат транспорти ташкиллаштаришни ваъда берган.

Уларга кўра, 60 гектарлик майдонда қурилган Food city да музлаткичли ва қуруқ омборхоналар, меҳмонхона, автовокзал, очиқ павильонлар ҳам бор. Бу эса савдогарларга улгуржи нархларда катта ва кичик харидларни амалга ошириш имконини беради.

Лекин савдогарлар Food City га кўчишга шошмаётир.

"Одамлар “Қўйлиқ” бозорига ўрганиб қолишган эди. Бошқа жойда олтин ғиштдан дўкон қурсангиз ҳам харидор бормайди. Отнинг калласидай аренда пули қўйиб қўйганидан кейин нарх-наво ҳам шунга яраша баланд бўлади. Бормайди ҳеч ким у ерга. Савдогарлар кўчишни истамаганидан кейин мана шу реконструкция деган гапни ўйлаб топишди”, - дейди савдогарлардан бири.

Қўйлиқ бозори сўнгги ўн йилликлар давомида улгуржи харидорлар ва истеъмолчилар учун маҳсулотлар нархини белгилашда муҳим ориентир бўлиб келган.

Ўзбекистонлик иқтисодчи Отабек Бакиров Қўйлиқ бозори ихтиёрий мажбурий "реконструкция"га олингач, улгуржи харидорлар ва истеъмолчилар учун жуда муҳим ориентир йўқ бўлиб қолишидан хавотир билдиради:

“Ҳудудларлардан гўшт, мева-сабзавот келтирувчи ва Тошкентда улгуржи харид қилувчи тадбиркорларда доимий учрашув ва битим жойи бузилди, коммуникацияларга путур етди. Истеъмолчилар янгитдан нисбий афзал бозорларни қидиришни бошлади.

Масалан, пабликларда ўша мақталган Food city'даги нархлар ТТЗ бозордаги нархлар билан бир хил экани, шу кунларда энг арзон бозор Фарҳод бозори бўлиб қолганини ёзишмоқда.

Демак, бизнесгаям, истеъмолчиларгаям нарх ишоралари керак. Нима учун, Иқтисодиёт ва молия вазирлиги ўша Food Сity'даги нархларнинг минимал ва максимал кўрсаткичларини эълон қилиб боришни ташкил этиши мумкин эмас? Ё нархлар Қўйлиқдагидан анча мунча қиммат бўлиб кетгани учунми? Унда истеъмолчилар ўзи учун қайтадан кашф этаётган янги ориентир Фарҳод бозоридаги нархлар эълон қилиб борилсин. Қийин эмаску”, деб ёзди Отабек Бакиров Телеграм-каналида.

Food City га 2017 йилда Тошкент вилояти Ўртачирчиқ туманида ташкил этилган Food City Tashkent эгалик қилиши айтилади. Ширкатнинг асосий фаолият тури — нотурар жойлар бошқаруви ва ижара.

Парпиевларга алоқадор Food City

Food City Tashkent таъсисчилари “Procab” ва “Трастбанк” ширкатларидир. Очиқ манбалардаги ҳужжатларга кўра, уларнинг таъсисчиларидан бири Давлат солиқ қўмитаси собиқ раиси, айни пайтда Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазири ўринбосари Ботир Парпиевнинг ўғли Дилмуроджон Батирович Парпиевдир.

Food city Food City Tashkent таъсисчилари Дилмуроджон Парпиев эгалик қилувчи “Procab” ва “Трастбанк” ширкатларидир.
Food city Food City Tashkent таъсисчилари Дилмуроджон Парпиев эгалик қилувчи “Procab” ва “Трастбанк” ширкатларидир.

“Қўйлиқ” бозори бузилиши ёки кўчиши ҳақида ҳақида расмий ва норасмий хабарлар 2021 йилнинг декабр ойидан бери айланади.

Ўшанда Тошкент шаҳар ҳокимлиги «Қўйлиқ» деҳқон бозори йўл кенгайтирилиши сабаб бошқа жойга кўчирилишини маълум қилганди.

Бозорда савдо қилувчи тадбиркорлар бу қарорга норозилик билдирган.

Қўйлиқ ташқари Тошкентдаги бошқа бозорлар ҳам “таъмир”га ёпилмоқда.

Сергелидаги Машина бозори ҳам таъмирланиб, бошқа ҳудудга кўчирилиши ҳақида савдогарлар огоҳлантирилган.

Аммо Тошкент шаҳар ҳокимлиги бу ҳақда расмий маълумот бергани йўқ..

Тармоқларда Сергели Автомобил бозорини реконструкция қилиш бошлангани, бозор параллел равишда ўз фаолиятини ҳам олиб бораётгани айтилади.

Шаҳарда қанча эски бозорлар борлиги, уларнинг нечтаси қайта таъмирланиши ҳақидаги маълумотлар очиқланмади.

Ҳукумат 515 та бозорни "тартиб"га солмоқчи

Айни пайтда Ўзбекистонда ҳукумат мамлакатда 515 та бозорни «тартибга келтириш» режаларини эълон қилди.

9 январь куни президент Мирзиёев тарихий шаҳарлардаги бозорларни туристлар учун жозибадор масканга айлантириш бўйича дастлабки лойиҳалар билан таништирилган.

Аввалроқ, президент 18 декабр куни бўлиб ўтган йиғилишда бозорларни Ўзбекистоннинг «ташриф қоғози»га айлантириш зарурлигини айтганди.

Тақдимотда Тошкент, Самарқанд, Бухоро ва Хива каби туризм марказларида қурилиши режалаштирилаётган бозорлар ҳақида ҳам ахборот берилгани айтилди.

Жаҳонгир Ортиқхўжаев “Қўйлиқ” бозорини кўчирмоқда. Бозорчилар норози
Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:20:30 0:00

Бозорларни “Food city” ёки “Тashkent Index”га кўчириш ҳаракатлари биринчи марта бўлаётгани йўқ. 2021 йил декабрида Қўйлиқ деҳқон бозоридаги савдогарлар бозорни кўчириш ҳаракатларига норозилик сифатида йўл тўсишганди.

Форум

XS
SM
MD
LG