"Поп туманидаги Боғишамол МФЙ , Ултарма МФЙ, Водий МФЙ, Бирлашган МФЙ, Юқори Чодакбоши МФЙ, Истиқлол МФЙ, Гулистон МФЙларда халқ томонидан лозим топилган номзодлар, туман ҳокими тамонидан салбий хулоса берилгани боис, сайловда қатнашишдан маҳрум қилиндилар".
Озодликка Наманган вилоят, Поп туманидан 21 май куни келган хат шундай бошланади.
Туман ҳокимлиги ҳуқуқшуноси маҳалла фуқаролар йиғини раислари сайлови қонун доирасида ўтаётганини билдирди.
Бош прокуратура матбуот хизматига кўра эса, “Поп туманида ўтказилган сайлов натижаларидан норозилик ҳақида туман прокуратурасига 4 та мурожаат келиб тушган”.
Ултармадаги сайлов
Попдан келган хатда мана бу гап ҳам бор:
“Ҳокимнинг қабулига кирганимизда, биз каби, кўпгина маҳаллалардан сайловдан норози бўлганларни кўрдик. Шулардан бири, Ултарма МФЙ аҳолиси томонидан келган вакилларнинг айтишича, ҳозирда яхши ишлаб, халқ хизматини қилаётган, МФЙ раиси сифатида фаолият олиб бораётган ёш кадр Нодиржон Каримов аҳоли номидан яна тавсия этилганилигига қарамасдан, ҳоким томонидан “ёш кадр,тажрибаси йўқ”, деб салбий хулоса берган экан”.
Озодлик Ултарма МФ йиғинига куни кеча бўлиб ўтган сайловгача раислик қилиб келган 41 яшар Нодиржон Каримов билан боғланди.
Гапни Озодликка келган хатдан мутлақо бехабарлигини таъкидлашдан бошлаган собиқ раис, бу лавозимда сўнгги 1 йилу 8 ойдан буён ишлаб келаётганини айтаркан, ўзи ҳақда бундай деди:
“Ҳоким билан ҳам, ҳокимликдаги бошқа ходимлар билан ҳам муносабатим яхши эди. Халқнинг дуосини олдим. Шавкат Миромонович президент бўлганидан кейин давлат учун ишлаб бераман, деб ўзимга ўзим сўз берганман. Олдин тадбиркор эдим”.
Нодиржон Каримовнинг айтишича, маҳалла аҳли номзодингни раисликка кўрсатамиз, деганидан сўнг рози бўлган, лекин унинг номзоди ҳоким тасдиғидан ўтмагани сайловга икки кун қолганида маълум бўлган:
“Мактаб директорининг ўринбосари сайловга икки кун қолганида ҳокимликдан қоғоз кўтариб келди. Унда менинг исмим йўқ. Ахир сайлов душанба куни бўлади, бугун шанба бўлса, деб сўрасам, "ҳоким сизнинг номзодингизни олиб ташлабди", деди. Менга бу жуда эриш туюлди”.
Нодиржон Каримовнинг айтишича, "ҳоким номзодлар рўйхатига аввалдан суҳбатдан ўтмаган, Ултарма МФ йиғинига маслаҳатчи сифатида ишга олинган аёлни киритиб қўйган”.
“Фуқаролар йиғини раиси тўғрисида”ги қонуннинг 16- моддасига (Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар кўрсатиш) биноан номзодлар рўйхати овоз бериш кунидан камида 5 кун кун олдин тайёр ва жамоатчиликка ошкор бўлиши лозим.
“Ишчи гуруҳ туман ёки шаҳар ҳокимининг хулосасини олганидан кейин фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига келишилган номзодлар ҳақидаги ахборотни сайловдан камида беш кун олдин фуқаролар йиғини биносига ва гузарларга осиб қўяди”, дейилган қонунда.
(Сурхондарё вилоят, Жарқўрғон туманидаги маҳаллалардан бирида ўтказилган сайловолди йиғилиши - Озодлик бу видео билан боғлиқ воқеани қўшимча ўрганмади)
Боғишамолдаги сайлов
Озодлик Попдан келган хатда тилга олинган маҳаллалардан яна бири – Боғишамол аҳли вакиллари билан ҳам гаплашди. Шу маҳалладаги Кал Қурбон кўчасида яшовчи, исми айтилмаслигини сўраган сайловчи бундай деди:
“Туман ҳокими Боғишамол МФЙга 7 йилдан буён раислик қилиб келган 44 яшар Раҳматилла Роҳаталиевнинг номзодини рўйхатдан ўчириб ташлаб, ўрта маълумотли, ҳайдовчилар курсидагина ўқиган йигитнинг номзодини сайловга қўйди ва 18 май кунги йиғинда ўша йигит ўтди”.
Сайланган раиснинг маълумоти ўрта эканлигини номзодлар рўйхатига киритилмаганлардан бири ҳам айтди.
Озодликка Боғишамол МФЙ раиси этиб сайланган номзоднинг исм-фамилияси маълум, лекин унинг ўзи билан боғлана олмадик.
“Фуқаролар йиғини раиси тўғрисида”ги қонуннинг 17- моддасида (Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодларга қўйиладиган талаблар) номзод олий маълумотли бўлиши лозимлиги белгилаб қўйилган:
“Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар Ўзбекистон Республикаси фуқаролари бўлиши, қоида тариқасида, олий маълумотга эга бўлиши, бевосита сайловга қадар камида беш йил тегишли ҳудудда доимий яшаётган бўлиши, ташкилотчилик қобилиятига, давлат органларида ёки нодавлат нотижорат ташкилотларида ёхуд тадбиркорлик ва бошқа хўжалик фаолияти соҳасида иш тажрибасига, шунингдек ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлиши керак”.
Ҳокимлик юристи жавоби
Ултарма ва Боғишамолдан олинган маълумотларга қараганда, қонуннинг камида икки моддаси бузилган бўлиб чиқмоқда.
Бироқ Поп туман ҳокимлиги юристи (Элмурод) 21 май куни Озодлик саволларига жавобан “маҳалла фуқаролар йиғини раислари сайловларини ўтказишда қонунга оғишмай амал қилинаётгани, шу кунгача фуқаролардан ҳеч қандай шикоят келиб тушмаганини” билдирди.
Айни пайтда боғишамолликларнинг айтишича, сайловни ўтказишга қонун бузилгани тўғрисида улар “Тошкентгача арз қилган”. Худди шундай гап Попдан келган хатда ҳам айтилган:
“Кексалар, пенсионерлар ва бошқалар сайловдан норози бўлиб бир неча бор прокуратурага, “Маҳалла” фонди раҳбариятига оғзаки ва ёзма равишда мурожаат этган бўлишимизга қарамасдан ҳеч қандай чора кўрилмаяпти”.
Бош прокуратура матбуот хизмати Озодлик сўровига жавобан “Поп туманида ўтказилган сайлов натижаларидан норозилик ҳақида Поп туман прокуратурасига 4 та мурожаат келиб тушган”ини билдирди. (Прокуратура жавобининг тўлиқ матнини ушбу мақола тагида тўлиқ ўқишингиз мумкин)
Попликлар назарида эскириб қолган яп-янги қонун
“Фуқаролар йиғини раиси тўғрисида”ги қонунни Ўзбекистон президенти 2018 йилнинг 16 октябрида имзолаган ва ўша куни матбуот эълон қилиниб, кучга кирган.
Озодликка Попдан келган хат муаллифи мазкур қонуннинг демократик принципларга тўла мос эмаслигига ишора қилиб, бундай ёзган:
“Сайлов халқники, маҳалланики эмасми?! Ҳокимларнинг номзодларга хулоса беришига қонун бўйича чек қўйиш вақти етиб келди”.
Маҳалла раислигига номзодлар маҳаллий ҳокимларнинг чиғириғидан ўтказилишидан фуқаролар норози эканлиги Озодликка келаётган видеолардан, масалан, Қашқадарё вилоятидан келган қуйидаги видеодан кўриниб турибди.
Видеога илова қилинган матндан унда акс этган мажлис Қарши шаҳридаги Комилон маҳалласида ўтгани англашилади. (Озодлик бу видео билан боғлиқ воқеани қўшимча ўрганмади) Видеода ҳокимлик вакили ўтказган йиғилишда норозилик юзага келгани акс этган:
***
Бош прокуратура матбуот хизматининг Наманган вилоят, Поп туманида ўтказилган сайловлар юзасидан Озодликка жавоби
"Поп туманида 77 та фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари – маҳалла фуқаролар йиғинлари мавжуд бўлиб, уларда жорий йилнинг 1 майидан 20 майига қадар сайлов ўтказиш белгиланган.
Ҳар бир маҳалла фуқаролар йиғинларида тузилган ишчи гуруҳлари томонидан фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ва ўтказишга кўмаклашувчи туман комиссиясига ишчи гуруҳлари тавсия хати билан кўрсатилган номзодлар Ўзбекистон Республикасининг 15.10.2018 йилдаги “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Қонуннинг 16 ва 17-моддалари талаблари асосида сайловни ўтказишга кўмаклашувчи Республика минтақавий ишчи гуруҳи томонидан 2019 йил 1-3 ва 13 апрель кунлари суҳбатдан ўтказилган.
Туманда овоз бериш ҳуқуқига эга бўлган фуқаролар 132.645 нафарни ташкил этиб, улардан сайланган 15.927 нафар вакиллардан 12.583 нафари ёки 79 фоизи сайловларда қатнашган.
Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш ошкоралик, муқобиллик ҳамда тенг сайлов ҳуқуқи принциплари асосида амалга оширилган.
Бугунги кунга қадар 76 та ўзини ўзи бошқариш органлари раислигига сайловлар ўтказилган бўлиб, сайловларда 169 та номзодлар иштирок этган.
Сайланган 76 та раислардан 57 таси биринчи марта, 19 таси амалдаги раислар ҳисобланади. Шунингдек, раислардан 12 нафарини аёллар ташкил этган.
Шунингдек, сайланган раислардан 35 нафари олий, 41 нафари ўрта-махсус маълумотга эга бўлиб, 7 нафари 45 ёшгача, 30 нафари 55 ёшгача, 35 нафари 65 ёшгача, 4 нафари 75 ёшгача бўлган фуқароларни ташкил этган.
Сайловларда 65 нафар ўзбек ва 11 нафар тожик миллати мансуб фуқаролар раисликка сайланган.
Поп туманида ўтказилган сайлов натижаларидан норозилик ҳақида Поп туман прокуратурасига 4 та мурожаат келиб тушган.
Хусусан, туманнинг “Юқори Чодакбоши” МФЙда яшовчи фуқаро 18.05.2019 йилда Бош прокуратура “Ишонч телефони”га мурожаат қилиб, унда “Юқори Чодакбоши” МФЙ раислигига номзод Ж.Х. Жиноят кодексининг 169-моддаси билан судлангани учун номзодлар қаторидан чиқаришни сўраган.
Аниқланишича, “Юқори Чодакбоши” МФЙда 18.05.2019 йилда сайлов ўтказилиб, сайловда 243 нафар вакиллар қатнашиб, якунига кўра фуқаро Ж.Х. 67 та ёки 28 фоиз, фуқаро А.А. 176 та ёки 72 фоиз овоз йиғиб, А.А. “Юқори Чодакбоши” МФЙ раиси этиб сайланган.
Шунингдек, “Пиллакаш” МФЙда яшовчи фуқаро 10.05.2019 йилда Бош прокуратура “Ишонч телефони”га мурожаат қилиб, “Пиллакаш” МФЙ раислиги учун сайлов ноқонуний ўтгани, Т.М. қайта сайланганидан норозилигини билдирган.
“Пиллакаш” МФЙда 10.05.2019 йилда ўтказилган сайловда 117 нафар вакиллар қатнашиб, сайлов якунига кўра фуқаро И.Х. 51 та овоз ёки 44 фоиз, фуқаро Т.М. 66 та ёки 56 фоиз овоз билан “Пиллакаш” МФЙ раиси этиб сайланган.
Бундан ташқари, “Истиқлол” МФЙда яшовчи фуқаролар Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Халқ қабулхонаси”га 13.05.2019 йилда ҳамда вилоят прокурори номига 16.05.2019 йилда ариза билан мурожаат этиб, унда “Истиқлол” МФЙ раислигига ўтказилган сайловда И.А. номзодини олиб ташланганидан норози эканлигини билдирган.
Сайловдан беш кун олдин “Истиқлол” МФЙ ишчи гуруҳига туман ҳокимининг асослантирилган хулосаси берилган бўлиб, унда фуқаро И.А.нинг номзоди “Истиқлол” МФЙ раиси сайловида иштирок этиш учун тавсия этилмаган.
“Истиқлол” МФЙда 10.05.2019 йилда сайлов ўтказилиб, сайловда 201 нафар вакиллар қатнашиб, сайлов якунига кўра фуқаро М.М. 89 та овоз ёки 45 фоиз, фуқаро И.С. 112 та ёки 55 фоиз овоз билан “Истиқлол” МФЙ раиси этиб сайланган.
Ҳозирда мазкур аризалар бўйича Поп туман прокуратураси томонидан текшириш олиб борилмоқда.
Туман прокуратурасига бошқа маҳалларда ўтказилган сайловлар юзасидан мурожаатлар келиб тушмаган".