Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 18:27

Марказий банк қарори кредит олганларни банкрот қилиши мумкин


Ўзбекистон Марказий банки бошқаруви 28 июндан бошлаб қайта молиялаш ставкасини йиллик 14 фоизгача кўтариш тўғрисида қарор қабул қилди. Озодлик суҳбатлашган молиячилар¸ бу ҳаракатни ҳам Ўзбекистонда валюта эркин конвертациясини жорий қилиш йўналишидаги навбатдаги қадам сифатида баҳоладилар.

Марказий банк тижорат банкларига берадиган маблағ учун тўланадиган устама фоиз даражасини 24 июнь куни аввалги 9 фоиздан 14 фоизга чиқарди.

Бу эса¸ Озодлик суҳбатлашган молия тизими мулозимларига кўра¸ кейинги 15 йил ичида Ўзбекистон Марказий банкининг қайта молиялаш ставкасини биринчи марта кўтаришидир. Айтилишича¸ аввалги раис Файзулла Муллажонов даврида инфляция даражасини сунъий равишда пасайтириш сиëсатини тутган Марказий банк¸ кейинги йиллар давомида бу ставкаларни фақат камайтириб келган.

Марказий банк ўз расмий сайтида эълон қилган баëнотда “мазкур қарорнинг қабул қилиниши жорий йилнинг ўтган даврида инфляция суръатларининг тезлашиши ҳамда инфляцион хатарларнинг ортишини чеклаш бўйича чораларни кучайтириш заруриятининг юзага келганлиги билан изоҳланди".

Озодлик билан суҳбатда Молия вазирлигининг собиқ мулозими Сапарбой Жубаев¸ бугунги реал вазият ставкаларни ошириш заруратини туғдирганини айтади:

- Ҳозир Ўзбекистонда нарх-наво ўсиб кетаяпти¸ яъни инфляция кучайиб бормоқда. Нархларнинг ўсиш сабаби эса¸ иқтисодда пулнинг кўпайиб кетиши билан боғлиқ. Иқтисоддаги пулни камайтириш учун ставка оширилаяпти. Масалан¸ ўтган ойларда одамлар 15 фоизга югуриб бориб кредит олган бўлса¸ энди 20-25 фоизга олишдан олдин ўйлаб кўради. Корхона ëки тижоратчиларнинг кўпи¸ буни қандай тўлайман¸ деб олмай қўя қолади. Бундай вазиятда¸ назарияга кўра¸ иқтисоддаги пул миқдори камайиб¸ инфляция даражаси пасая бошлайди¸ - дейди ўзбекистонлик молиячи¸ Остонадаги Евроосиë иқтисодиëт университети доценти Сапарбой Жубаев.

Илтимос кутинг

Айни дамда медиа-манба мавжуд эмас

0:00 0:09:35 0:00
Бевосита линк

Озодлик суҳбатлашган айрим мутахассислар¸ Марказий банкнинг бу ҳаракатини инфляция баробарида хорижий валюталар расмий курси ҳам муттасил ўсиб бораëтган ҳозирги шароитда қабул қилмасликнинг иложи бўлмаган қарор сифатида баҳоладилар.

Исми келтирилишини истамаган ўзбекистонлик банк ходимларидан бирига кўра¸ “бундай шароитда ставканинг оширилмаслиги девальвациянинг қатор эффектларини йўққа чиқариши¸ асосийси¸ хўжалик субъектларининг спекулятив мақсадларда кредит талабини каррасига ошириб, истеъмол товарлари бозорида юқори инфляция босимини яратган бўлар эди”.

Ижтимоий тармоқларда фикр билдирган айрим мутахассисларга кўра¸ Ўзбекистон Марказий банкининг 27 июнь куни сўмнинг хориж валюталарига нисбатан расмий курсини 20-25 фоизгача ошириши кутилмоқда. Экспертлар¸ бу эҳтимолий ҳаракатни ҳам мамлакатда валюта эркин конвертацияси жорий этиш олдидан мавжуд бир неча курсни бирлаштириш йўлидаги навбатдаги қадам бўлишини тахмин этмоқда.

Аҳоли ва тадбиркор шу пайтгача олган кредитига қўйилган фоиз ошадими-қоладими?

Марказий банк қайта молиялаш ставкасини ошириши ортидан¸ экспертлар изоҳича¸ аҳоли¸ тадбиркор ва корхоналарнинг тижорат банкларидан оладиган қарзи ставкаси ҳам¸ камида 6-10 фоизга ошади ва ҳозиргача 9-16 фоизлик ставкада берилган кредитлар¸ 28 июндан 20-25 фоизга кўтарилади.

Марказий банк қароридан кейин очиқ қолаëтган савол¸ ставкаларнинг ошиши 28 июндан кейин расмийлаштириладиган кредитларгагина тегишли бўладими¸ ëки банк бошқаруви ҳозиргача тузилган барча шартномани қайта кўриб чиқиш ҳақида буйруқ берадими¸ деган саволдир.

Озодлик суҳбатлашган айрим мутахассислар¸ бу борада “шоковая терапея” йўлидан бориб, Марказий банк шартномаларни ëппасига қайта кўриб чиқишга қарор қилиши мумкинлигини билдирди.

Айни пайтда¸ Ўзбекистон банк тизими расмийларидан бири¸ Марказий банкнинг ҳозиргача тузилган кредит келишувидаги шартларга риоя қилишини билдирди.

“Агар кредит шартномасида фоиз ставкаси фиксидланган (аниқ белгиланган) кўринишда қайд этилган бўлса¸ ўша фоиз ставкаси белгиланган муддат ичида ўзгаришсиз қолади. Лекин¸ агар кредит шартномасида фоиз ставкасини белгилаб¸ унга қўшимча равишда ëнига қайта молиялаштириш ставкаси ўзгарган ҳолатда фоиз ставкаси ҳам ўзгаради¸ деб ëзилган бўлса¸ яна фоиз қайта молиялаштириш ставкасига боғланган бўлса¸ унда ўзгаради¸ яъни бугунги шароитда¸ фоиз ошади. Ҳаммаси кредит шартномасидаги шартларга боғлиқ”¸ деди ўзбекистонлик банкирлардан бири.

Озодлик суҳбатлашган банк ходимларига кўра¸ Ўзбекистонда иккала шарт билан тузилган кредит келишувлари мавжуд ва шу боис¸ кредит олган аҳоли ва корхоналарнинг қарийб ярми¸ бундан кейин қарзи учун қимматлашган ставка тўлашга мажбур бўлади.

“Бу ошиш¸ ëш оилаларга берилган ҳар хил кредитлар¸ хусусан¸ ипотека қарзларига тегишли. Шу пайтгача улар¸ очиғи¸ мазза қилиб келган. Чунки қарийб 13 йилдан бери қайта молиялаш ставкаси фақат пасайтириб келинди. Шунинг учун ваҳима қилишга ҳожат йўқ¸ зотан¸ 14 фоизлик ставка ҳам¸ ҳозирги шароитда жуда катта эмас. Марказий банк бошқаруви ҳар уч ойда бу ставкаларни муҳокама қилади ва мабодо вазият ўзгарса¸ бу ставкалар пасйтирилиши ҳам мумкин"¸ дейди Озодлик суҳбатлашган банк ходимларидан бири.

Шавкат Мирзиëев президентликка келганидан сўнг чиқарган қарорларидан бири аҳолини тадбиркорликка рағбатлантириш ва тадбиркорлар ҳақлари¸ хусусий мулкни ҳимоя қилиш мақсадида уларга кредит бериш шартларини соддалаштириш ҳақида бўлди. Бунинг ортидан жорий йил бошида банк ходимлари уйма-уй юриб¸ одамларни паррандачилик¸ лимончилик ва чорвачилик учун 9 фоизлик имтиëзли кредит олишга даъват қилган эди.

Аммо, бу жараëн бошланганидан кўп ўтмай¸ тижорат банклари ўз ресурсларининг тугаб қолгани сабаби билан кредит беришни тўхтатишга мажбур бўлди.

XS
SM
MD
LG