Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 02:15

Марказий Осиё мамлакатларида конституция нега беқарор?


Марказий Осиё раҳбарлари (чапдан ўнгга): Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркманистоннинг эндиликда собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон.
Марказий Осиё раҳбарлари (чапдан ўнгга): Қирғизистон президенти Садир Жапаров, Қозоғистон президенти Қасим-Жомарт Тоқаев, Туркманистоннинг эндиликда собиқ президенти Гурбангули Бердимуҳамедов ва Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон.

Асосий қонуннинг ўзгариши – Марказий Осиё мамлакатларида тез-тез кузатиладиган ҳодиса. Раҳбарлар кексайганида ёки алмашганида Конституцияга албатта ўзгартиш киритилади, аммо бу расман “жамият талаби” дея изоҳланади. Озодлик қозоқ хизмати минтақада миллий конституциялар қачон ва қай тарзда сиёсий вазиятга мослаштирилганига назар ташлаган.

Жорий йилнинг 5 июнида Қозоғистонда Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича референдум ўтказилади. Тегишли фармон 5 майда президент Қасим-Жомарт Тоқаев томонидан имзоланди. Ўша куни Тоқаев халққа мурожаатида конституциявий ислоҳотдан мақсад “суперпрезидентлик” бошқарув шаклидан – кучли парламент ва ҳисобдор ҳукуматга эга президентлик республикасига ўтиш эканини айтди.

Иккинчи президентнинг иккинчи тузатиши

Қозоғистон Конституциясига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш бўйича ишчи гуруҳ даставвал Конституциянинг 91-моддасида тилга олинган “мустақил Қозоғистон асосчиси” мақоми ўзгаришсиз қолишини, яъни биринчи президент Нурсултон Назарбоевнинг “тарихий роли” инобатга олинишини айтган эди. Аммо кейинроқ гуруҳнинг айрим аъзолари “собиқ президентнинг тарихий роли барчага маълум ва уни Конституцияда мустаҳкамлаш шарт эмас”, деб таклиф киритишди.

Конституцияга ўзгартишлар киритиш ташаббуси Қозоғистонда 230 дан ортиқ кишининг умрига зомин бўлган январь воқеаларидан сўнг бошланган. Бош прокуратуранинг 3 майдаги маълумотига кўра 731 киши тартибсизликлардан кейин очилган жиноят ишлари бўйича гумонланувчи деб топилган, 281 киши ҳибсда. Ҳануз сиёсий баҳо берилмаган январь воқеалари чоғида президент Тоқаев намойишчиларга қарата огоҳлантиришсиз ўқ узишга буйруқ берган эди. Кучишлатар идоралар тергов жараёни давом этаётганини рўкач қилиб, огоҳлантиришсиз ўқ узиш буйруғи ва бу буйруқдан сўнг тинч фуқароларнинг ўқотар қуроллардан ҳалок бўлиши фактларига доир саволларга тайинли жавоб бермаяпти. Турли органларнинг изоҳлари бир-бирига тўғри келмайди. Боз устига, Қозоғистон ҳукумати “ўзимиз эплаймиз” дея январь воқеалари бўйича халқаро суриштирув ўтказилишига розилик бермаган эди.

Қозоғистонда январь тўполонлари чоғида рўй берган ўлим ҳолатлари юзасидан суриштирув шаффоф олиб борилмаяпти, маҳбусларга нисбатан қийноқлар қўлланганига доир ишларни тергов қилиш чўзилиб кетмоқда, материаллар бир идорадан бошқасига ошириляпти, дейилади Human Rights Watch’нинг 5 май куни эълон қилинганбаёнотида. Халқаро ташкилот ҳукуматни тергов учун махсус орган тузишга ва халқаро экспертларни жалб қилишга чақирди.

Қозоғистон Конституциясининг 33 моддасига 56 тузатиш киритиш режаланмоқда. Янги нормалар асосида 20 та қонунга ўзгартишлар киритилади. Ишчи гуруҳ тайёрлаган ўзгартиш ва қўшимчалар 1995 йилда тугатилган Конституциявий судни қайта тиклаш, президентга сиёсий партия аъзоси бўлишни, унинг қариндошларига эса юқори сиёсий лавозимларга ва квазидавлат секторидаги лавозимларга ўтиришни тақиқлаш, парламент таркиби ва фаолиятига ҳамда сайлов тизимига доир ўзгаришлар, сиёсий партияларни рўйхатдан ўтказиш масалалари, ўлим жазосини ман этиш ва ерга эгалик ҳуқуқини ўз ичига олади.

Бу Қасим-Жомарт Тоқаев президентлигида Қозоғистон Конституциясига киритилган иккинчи тузатишлар бўлади. Нурсултон Назарбоев ваколат муддати тугамасдан президент лавозимидан кетган 2019 йилнинг мартида Тоқаевнинг таклифига кўра мамлакат пойтахти Нур-Султон деб номланган ва Конституцияга тегишли ўзгартишлар киритилган эди.

Қозоғистон ўз Конституциясини мустақилликка эришганидан сўнг, 1993 йил 28 январда қабул қилган. Экспертлар фикрича, у энг демократик конституция эди. Бироқ 1995 йилда иккинчи Конституция қабул қилинди ва ўшандан бери асосий қонунга беш марта – 1998, 2007, 2011, 2017 ва 2019 йилларда ўзгартишлар киритилди.

Мамлакатда конституциявий ислоҳотлар бўйича референдум охирги референдум санасидан 27 йил сўнгра ўтказилади.

Давлат бошқаруви тизимини ўзгартирган конституция

Марказий Осиёда конституциявий ислоҳот бўйича сўнгги референдум бир йил аввал Қирғизистонда бўлиб ўтди. Ва ушбу референдумнинг расмий натижаларига кўра Қирғизистон парламент республикасидан президентлик республикасига айланди.

Бунга қадар 2016 йилнинг майида Тожикистон Конституцияга ўзгартишлар киритиш бўйича референдум ўтказган эди.

Тожикистондаги референдумда президентликка номзодлар учун ёш цензи 30 ёшга туширилди, шунингдек амалдаги президент Эмомали Раҳмоннинг президентликка номзодини қўйишидаги чеклов бекор қилинди. Кейинроқ Душанба шаҳри мэри ва сенат раиси бўлган ўғли Рустам Эмомали 2017 йилда 30 ёшга тўлди. Ўшанда экспертлар Тожикистондаги конституциявий ислоҳотни Эмомали Раҳмон ўз оиласидан ворис тайёрлаётгани белгиси ўлароқ талқин қилган эдилар.

Ўзбекистонда ҳам Шавкат Мирзиёев иқтидорга келганидан сўнг конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. 2017 йилда Конституцияга суд тизимини модернизация қилишга йўналтирилган, 2019 йилда эса “ҳукумат ва унинг ҳисобдорлигини демократлаштириш”га тузатишлар киритилди.

2021 йилда президентликка қайта сайланганидан сўнг Шавкат Мирзиёев мамлакатга конституциявий ислоҳотлар зарурлигини айтди. Минтақанинг аҳоли энг тиғиз яшайдиган республикасида амалдаги конституция президентга лавозимда ўн йилдан ортиқ (икки марта беш йилдан) қолиш ҳуқуқини бермайди.

Дарвоқе, Шавкат Мирзиёев ҳокимият тепасига келганидан сўнг Конституция матни Ўзбекистон президентининг расмий сайтидан ўчириб ташланган эди.

5 майда Қирғизистон Конституция кунини нишонлади. 1993 йил айни шу санада мустақил Қирғизистон Республикасининг биринчи Конституцияси қабул қилинган эди. Янги Конституция қабул қилинишидан бир йил ўтиб, ўтган йилнинг 12 апрелида Садир Жапаров Конституциявий судга мурожаат қилди.

Президент ваколатларини кенгайтиришга қаратилган янги Конституция лойиҳаси жамиятда қизғин муҳокама қилишди ва баҳс-мунозараларга сабаб бўлди; халқ унга “хонституция” деб ном қўйиб олди. Экспертлар Асосий қонунда президент ҳокимиятининг кучайтирилиши ҳокимият унинг қўлида жамланишига олиб келишидан хавотир билдиришди.

Хабарларга қараганда, Қирғизистонда янги Конституция қабул қилинганидан сўнг сиёсий жараён барибир мантиқий якунига етмаган, сўз эркинлиги ва мухолифатга босимлар эса тобора зўраймоқда.

“Шарафли Арқадағ” оиласининг конституцияси

Туркманистон Конституция кунини 18 майда нишонлайди. Конституцияга 2020 йилда киритилган тузатишлар амалдаги эмас, балки собиқ президентнинг ролини белгилаб берди. Тузатишларга кўра 2021 йилдан Туркманистон парламенти икки палатали бўлди. Собиқ “олий вакиллик органи” – Халқ маслаҳати эндиликда парламентнинг юқори палатаси ҳисобланади. Туркманистонда собиқ президентлар умрбод маслаҳат депутати бўлиб қолишлари мумкин.

Конституцияга ўзгартиш ва қўшимчалар киритилишидан икки йил ўтиб, жорий йилдаги президент сайловида Гурбангули Бердимуҳамедовнинг ўғли Сардор Бердимуҳамедов иқтидорга келди. Собиқ президент Гурбангули Бердимуҳамедов эса Халқ маслаҳатига раис бўлди.

Собиқ президент “арқадағ” (валинеъмат) мақомига эга. Мамлакатда уни “шарафли арқадағ” дея улуғлаш одатга айланган.

“Президент сайловига ҳозирлик”

Қозоғистонда парламентаризмни ривожлантириш фонди раҳбари, Сенатнинг собиқ аъзоси ва жамоат арбоби Зауреш Батталовага кўра, Конституцияга тузатишлар киритилиши амалдаги Конституциянинг обрўйи йўқлигини англатади, жамиятда кенг муҳокама қилинмасдан ўзгартишлар киритишни эса у “шошқалоқлик” деб атайди.

“2007 йилда атиги 17 дақиқа ичида Конституцияни ўзгартиришган эди. Кейинроқ, ўша ўзгаришларга биноан парламент сайлови ўтказилди. Парламентда битта партия қолди. Қолганлар эса сайлов тўсиғидан ўта олмади. Ана шу шошқалоқлик билан киритилган ўзгартишлар Конституцияга навбатдаги тузатишлар киритилишига сабаб бўлди. Мен билган парламентда бешта партия бор эди. Эндиликда партия рўйхатлари билан бир қаторда яна бир мандатли округларда сайлов ўтказишни жорий этишмоқчи. Яна пала-партиш иш қилишяпти. Ислоҳот ҳақида март ойида эълон қилинди, июнда эса референдум бўлиши керак. Бу одамларнинг ҳокимиятга ишончини бадтар заифлаштиради”, деди Батталова Озодликнинг қозоқ хизмати билан суҳбатда.

Унинг айтишича, биргина кишининг – президентнинг таклифларини ўз ичига олган Конституцияни қабул қилиш жамият учун оғир бўлади.

“Тилка-пора кўйлакни ямаб бутлай олмайсиз. Шу боис тизимли ислоҳотлар ўтказиш учун янги Конституция зарур эди. Ҳозирда шошилиш учун биргина сабаб бор. Икки йилдан президент сайлови ўтказилади – шунга ҳозирлик кўришяпти”, деди Зауреш Батталова.

Қозоғистоннинг амалдаги Конституциясига кўра биринчи президентдан бошқа ҳеч ким икки мартадан (ҳар бир муддат – 5 йил) ортиқ президент бўлиб сайланиши мумкин эмас.

“Бир кишининг ҳокимиятда қолиш даврини узайтириш”

Қозоғистон инсон ҳуқуқлари ва қонунийликка риоя қилиш бюроси раҳбари Евгений Жовтис шундай дейди: “Депутатлар битта қонун лойиҳасини бир соатдан зиёд муҳокама қилишганини эслолмайман. Бизда қонунга ўзгартишлар жуда тез қабул қилинади, биронда лойиҳа умумхалқ муҳокамасига қўйилганини ҳали кўрганим йўқ”.

Эксперт фикрича, Қозоғистонда Конституция сиёсий конъюнктурага қараб ўзгариб туради.

Зауреш Батталова Қозоғистондаги вазият Марказий Осиёнинг бошқа мамлакатларидаги вазиятга ўхшаш, деб ҳисоблайди.

“Президент алмашдими – Конституция ҳам ўзгаради. Марказий Осиёда конституциявий ислоҳотлар бир кишининг ҳокимиятда қолиш даврини узайтиришга хизмат қилади. Ҳолбуки парламент ваколатларини кенгайтириб, уни сайловчиларнинг орзу-умидларини инобатга олувчи органга айлантириш зарур эди. Амалда эса баъзилар монархия йўлидан кетди. Масалан, Туркманистон. Ҳатто минтақадаги ягона демократик давлат саналадиган Қирғизистон ҳам ўтган ягона одам мақсадларига мослаштирилган конституцияни қабул қилди”, дейди Қозоғистонда парламентаризмни ривожлантириш фонди раҳбари.

Чала қолган сиёсий институтлар

Россиялик сиёсатшунос ва Марказий Осиё бўйича эксперт Аркадий Дубнов Қозоғистон Конституциясига киритилаётган ерга эгалик ҳуқуқига доир ўзгартишларни “муҳим” деб ҳисоблайди.

“Энди ер халқ мулки бўлади. Амалдаги Конституцияда ер давлат мулки деб эътироф қилинган. Қозоғистонда эса давлат ҳамиша ҳукуматга, президент ва унинг оиласига тегишли бўлган. Айни чоғда ҳокимият бир гуруҳ одамларнинг қўлида жамланди, халқ ундан четлатилди. Шу маънода айни ўзгартишни мазкур шарт-шароит учун прогрессив деб аташ мумкин. Бу ҳозирда Қозоғистонда рўй бераётган жараённинг қайд этилиши сифатида жуда ҳам муҳим”, дейди у Озодликка изоҳ бераркан.

Дубновга кўра, “Марказий Осиёда Конституцияга киритилган ўзгартишлар ҳукмрон режимнинг конъюнктур хусусиятларига, режимни сақлаб қолишга ёки унинг ўрнини эгалловчи режимни қонунийлаштиришга хизмат қилади”.

“Ҳар гал, иқтидорга келган гуруҳ у ёки бу шаклда ўзига мослаб янги қонунлар қабул қилишга уринади. Бу гуруҳлар Конституция уларнинг ўша мамлакатда ҳокимиятни бошқариш ҳуқуқини умрбод қилиб расмийлаштиради, деб ҳисоблашади. Баъзан ҳукуматлар демократик кўринишга тиришиб, ўз истакларини халқ фикри дея хаспўшлайдилар ва референдумлар ортига яширинадилар. Агар инсоф қилишса. Инсоф қилмагани эса ишни парламент орқали битириб қўяқолади”, дейди Аркадий Дубнов.

Сиёсатшуносга кўра, Марказий Осиёда парламентлар демократик йўл билан сайланмайди ва жиддий, обрўли институтлар саналмайди.

“Демократик мамлакатларда одил судлов, сиёсий партиялар, тийиб туриш ва мувозанатда тутиш институтлари мавжуд. Улар электорат билан ҳукумат, парламент ва ижро ҳокимиятининг муносабатларини тартиблайди. Афсуски, Марказий Осиёнинг ҳеч бир мамлакатида ушбу институтлар охиригача шаклланмаган. Айрим мамлакатларда мазкур конституциявий жараён демократик мезонларга бир оз яқинлаштирилган, Туркманистон каби давлатларда эса жараён “феодал-электорал” тизим институтига айланди”, дейди Дубнов.

Мустақил Марказий Осиё мамлакатлари орасида илк референдум 1994 йил январда Туркманистонда ўтказилган. Ўшанда сайловчилар Сапармурат Ниязовнинг президентлик муддатини 2002 йилгача узайтириб беришганди.

Ўшандан бери Марказий Осиёда 17 та референдум ўтказилди.

XS
SM
MD
LG