Линклар

Шошилинч хабар
23 декабр 2024, Тошкент вақти: 07:41

Суд МИБ ходимини бошлиғини ўлдирганликда айблаб 16 йилга қамади


Шавкат Ибратов
Шавкат Ибратов

Қашқадарё вилоят, Яккабоғ туман Мажбурий ижро бюроси бошлиғи Баҳром Жўраевни пичоқлаб ўлдирганликда айбланган МИБ собиқ ходими Шавкат Ибратовни суд 3 октябрь куни 16 йилга озодликдан маҳрум қилди.

Шавкат Ибратовнинг яқинлари маҳкама адолатсиз ўтганини, айбланувчи фойдасига гувоҳлик берганлар кўрсатмасини суд инобатга олмаганини иддао қилмоқда.

Қашқадарё вилоят Жиноят ишлари суди 3 октябрь куни Яккабоғ туман Мажбурий ижро бюроси собиқ ходими 23 яшар Шавкат Ибратовни 16 йилга озодликдан маҳрум этиш ҳақида ҳукм чиқарди. У жазо муддатини умумий тартибдаги колонияда ўтайди.

Шавкат Ибратов Ўзбекистон Жиноят Кодексининг 97-моддаси, иккинчи қисми (жавобгарликни оғирлаштирадиган ҳолатларда қасддан одам ўлдириш), “г” банди(ўз хизмат ёки фуқаролик бурчини бажариши муносабати билан шахсни ёки унинг яқин қариндошларини) билан айбланди.

Шавкат Ибратов Яккабоғ тумани МИБ бошлиғи Баҳром Жўраевни жорий йилнинг 3 майида ўз иш кабинетида пичоқлаган эди.

Баҳром Жўраев олган жароҳатлари туфайли касалхонага ётқизилган ва орадан уч ой ўтиб, касалхонада жон берган.

Баҳром Жўраев қўл остидаги ходим - Шавкат Ибратовни ишдан бўшатганлиги бу жанжалнинг келиб чиқишига сабаб бўлган эди.

Яккабоғ тумани МИБнинг исми сир қолишини сўраган ходимига кўра, ўша куни Шавкат маст ҳолда ишхонага келган эди:

“Ўша куни Шавкат Ибратов маст ҳолатда келиб, бюрога кирган. Уни ҳамма танигани учун ҳеч ким йўлини тўсмаган. Бошлиқнинг хонасида жанжал бўлган ва оқибатда Шавкат бошлиқни пичоқлаган. Бошлиқ билан унинг ўртасида конфликт бор эди. Бундан бир ойларча олдин аттестациядан ўтказилмаган эди, деди МИБ ходимларидан бири.

Шавкат Ибратовнинг маҳкамада иштирок этган опаси Гулсанам Ибратованинг иддао қилишича, унинг укасига ҳаддан ташқари катта жазо берилган:

- Биринчидан, судда укамнинг МИБ бошлиғи қандай одам бўлганлиги, уни доим “каламуш” деб, ҳақорат қилиб таҳқирлагани ҳақидаги гапларини инобатга олмади. Бошлиқ укамни кабинетига чақириб, уни ҳақоратлаб калтаклаганида, укам ўзини ҳимоя қилиш учун стол устида турган ошхона пичоғини жон аччиғида қўлига олган. Бу ҳақда сўзга чиққан бошқа гувоҳлар ҳам укамнинг қўлига пичоқ олишига МИБ бошлиғининг ноқонуний хатти-ҳаракатлари сабаб бўлгани ҳақида кўрсатма беришди. Иккинчидан, МИБ бошлиғи пичоқлангандан кейин тузалиб, икки ҳафта ишлаган. Кейин яна касал бўлиб, шифохонага ётган. Бошлиқнинг ўлими аниқ пичоқ зарбасиданми ёки бошқа ўзининг касаллиги бормиди, бу ҳам судда исботлаб берилмади. Суд эса энг оғир жазони тайинлади, деди Гулсанам Ибратова.

У суд ҳукмидан норози бўлиб апелляция беришини қўшимча қилди.

Озодлик Қашқадарё вилояти Жиноят ишлари суди билан боғланиб, Гулсанам Ибратованинг иддаоси бўйича изоҳ сўради. Аммо, ўзини таништирмаган мулозим телефон орқали маълумот берилмаслигини айтди.

Якаабоғдагига ўхшаш бошлиқ-ходим жанжали шу йил ёзда Андижон вилоятида ҳам қайд этилган эди. 13 июль куни Андижон шаҳридаги Янги шаҳар электр тармоқлари корхонаси бошлиғининг ўринбосари қилиб тайинланган Бахтиёр Аҳмедов шу куннинг ўзида ходимини иш жойида пичоқлаб ўлдирганликда гумонланиб, ҳибсга олинган эди.

XS
SM
MD
LG